Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

«Mening fikrim» жамоавий мурожаатлар портали ишга туширилди

«Mening fikrim» жамоавий мурожаатлар портали ишга туширилди

Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти томонидан «Mening fikrim» портали ишга туширилди. Энди фуқаролар ўзларини ўйлантираётган мавзулар бўйича ўз фикрларини билдиришлари мумкин.  
Кўриб чиқилиши Олий Мажлис палаталари ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ваколатига кирадиган мурожаатлар портал орқали қабул қилинади. Электрон ҳукуматнинг Ягона идентификация тизимида (id.gov.uz) авторизациядан ўтган фойдаланувчилар петицияни жойлаштиришлари мумкин. Мурожаат авторизациядан ўтиши лозим бўлган камида беш нафар фойдаланувчи томонидан қўллаб-қувватланиши керак. Мурожаат 18 ёшга тўлган Ўзбекистон фуқаролари томонидан яратилиши ва имзоланиши мумкин.

Қабул қилинган мурожаат Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти томонидан белгиланган талабларга мувофиқлиги юзасидан экспертизадан ўтказилади.

Модераторнинг ижобий хулосасидан кейин мурожаат умумий овоз бериш учун порталда эълон қилинади. Олий Мажлис палаталари петицияни кўриб чиқишга қабул қилиши учун мурожаат камида 10 минг овоз, Қорақалпоғистон  Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари кўриб чиқиши учун — камида 5000 овоз, туман (шаҳар) кенгашлари кўриб чиқиши учун — камида 1000 овоз тўплаш керак бўлади.

Умумий овоз бериш петиция эълон қилинган кундан эътиборан 90 кун ичида ўтказилади. Мурожаат зарур миқдорда овоз тўплаган тақдирда овоз бериш муддатидан олдин тўхтатилиши ҳам мумкин. Барча хоҳловчилар id.gov.uz ёки Google, Яндекс, ВКонтакте, Mail.ru ва Одноклассники сервислари орқали авторизациядан ўтган ҳолда овоз беришлари мумкин.

Петицияни кўриб чиқиш якунларига кўра ваколатли орган томонидан қарор қабул қилиниб, Meningfikrim сайтига жойлаштирилади. Мурожаатларни кўриб чиқиш ва қарор қабул қилиш муддати 60 кундан ошмаслиги керак. 

Манба: "Ҳуқуқ ва бурч" ижтимоий-ҳуқуқий журнал.