Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

“Менинг кучим – дилимда...”

“Менинг кучим – дилимда...”

          Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон халқ ёзувчиси, Давлат мукофоти совриндори Тоғай Мурод таваллудининг 70 йиллиги мамлакатимиз зиё масканларида кенг нишонланмоқда. Жумладан, бугун,  2 февраль адиб таваллуд топган кун муносабати билан Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Тоғай Муроднинг 70 йиллигига бағишлаб “Юлдузлар мангу ёнади” деб номланган хотира кечаси бўлиб ўтмоқда.
         Ҳаётининг айни куч-қувватга, ижодий режаларга тўлган палласи – 55 ёшида оламдан ўтган адибдан ҳажман мўъжаз, мазмунан улкан адабий мерос қолди. Икки роман, тўрт қисса, тўрт ҳикояси сирасига уч суҳбатини ҳам қўшиш мумкин. Умр бўйи шон-шуҳрат шаробидан кўнглини асраган ёзувчи журналистларга интервью беришни ҳам суймаган. Саноқли ҳамкасбларимизгина Тоғай Мурод билан матбуот учун гурунг қилишга муяссар бўлган. Шундай бахтли журналистлардан бири Ҳулкар Тўйманова ташаббуси ила адиб вафотидан бир ой олдин “Маърифат” газетасининг 2003 йил 26 апрель сонида “Бадиий мутолаа инсон кўзини очади” суҳбати жузъий қисқартилган ҳолда олам юзини кўрган, “Ёшлик” журналининг 2003 йил 5-6-сонида эса тўлалигича эълон қилинган. Тоғай Муроднинг бугун ҳам аҳамиятини йўқотмаган, келгусида ҳам долзарб бўлиб қолаверадиган ўша суҳбатидаги сара фикрларидан айримларини сизга ҳам илиндик. 

***

...мактабимизда катта кутубхона бўлар эди. Унда Хадича опа деган татар аёл кутубхоначи эди. Хадича опа Қозон шаҳридан келиб қолган эди. Ана шу Хадича опа болаларни кутубхонага аъзо қилолмай сарсон эди. Хадича опа болаларни қўлидан етаклаб, кутубхонага олиб келади. Болалар китоб олмай қочади. Олса-да, китобни ташлаб қочади. Бир куни коридорда ўйнаб юриб эдим, Хадича опа мени қўлимдан етаклаб, кутубхонага олиб кирди. Қўлимга бир китоб берди.

“Эртак китоб, – деди. – Шуни бир ҳафта ичида ўқиб келиб, менга мазмунини гапириб берасан”.

Мен майдагина эртак китобни... бир ойча ўқидим. Ҳар куни беш-олти сатрдан ўқидим. Иккинчи ой деганда кутубхонага гердайиб кириб келдим. Хадича опа мени пешонасига ўтирғизиб қўйиб сўради:

“Қани, бир бошидан бошлаб айтиб бер-чи!”

Мен китоб мазмунини ўзимча айтиб бердим. Эсимдан чиққан жойларни Хадича опани ўзи айтиб турди. Мен такрорладим. Биримиз қўйиб, биримиз ҳикоя қилдик. Хадича опа ҳикоя қилса, мен бош ирғаб тасдиқлаб турдим, мен ҳикоя қилсам, Хадича опа бош ирғаб тасдиқлаб турди. Кейин мен учун алоҳида бир журнал очди. Китоб олинган-топширилган кунларни ёзди. Менга илк бор... баҳо қўйди. Тағин бир эртак китоб берди. Кейин болалар китобини берди, достон берди. Ундан кейин ҳикоялар китобини берди. Кўпларига тушунмасам-да, ўқиб чиқдим. Хадича опага келиб гапириб бердим. Опани журнали мен ўқиган китоблар номига тўлди, мен олган баҳоларга тўлди. Хадича опа янги журнал очди. Тўққизинчи синфга бориб, мактаб кутубхонасидаги китобларни... ўқиб бўлдим! Шунда Хадича опа қўлимга тўртта китоб рўйхатини берди. Янги чиққан китоблар, деди. Шаҳарга бориб олиб кел, деди. Мен шаҳардан ушбу китобларни кўтариб келдим. Бир бошидан ўқиб чиқдим. Хадича опага гапириб бердим. “Беш” баҳо олдим. Ўн биринчи синфни битиргунимча шаҳардан китоб олиб келиб ўқидим, Хадича опага ўқиганларимни ҳикоя қилиб бердим, қўша-қўша баҳолар олдим. Мен математикадан ё физикадан “икки” олишдан қўрқмас эдим. Мен кутубхоначи Хадича опадан “икки” олишдан қўрқар эдим.

 

***

...менда адабиётга ҳавас ҳам ихлос уйғотувчи кутубхоначи татар халқи вакили эди. Биз халқлар дўстлиги деганда икки халқ бир-бирларини нон-туз тутиб, кутиб олишини тушунамиз. Йўқ, халқлар дўстлиги пойдеворини мустаҳкамлашни турмушни ўзидан излаш керак. Турмушни чуқурроқ қатламидан излаш керак. Чор ҳукумати, кейин Қизил ҳукумат татарлардан воситачи – таржимон сифатида фойдаланиб, татарларни балога қолдиради. Татарлар ўрис ҳукумати билан ўзбек халқи ўртасида тилмочлик вазифасини бажарган, холос. Шу билан ўзбек халқи кўзига ёмон кўриниб қолган. Аслида, татарлар ўзбек халқи тараққиётида беқиёс роль ўйнаган. Шу боис мен “Отамдан қолган далалар” романимда татар халқи образини яратдим. Бу образ кино бўлиб экранга чиқди. Ушбу образ татар халқи олқишига сазовор бўлди. Халқлар дўстлиги, айниқса, туркий халқлар дўстлигини мустаҳкамлаш учун масалани ана шундай таг-заминидан кўтариш керак.

 

***

...ана энди адабий лавҳалар машқ қил, деди Хадича опа.

Мен адабий лавҳалар машқ қилдим. Район газетасига жўнатдим. Газета лавҳаларимни босмади. Мен конверт бетларига гуллар чизиб жўнатдим. Адабий лавҳа чеккаларига булбуллар расмини чизиб жўнатдим. Адабий лавҳа тепасига оғзида гул тишлаб турган каптар расмини чизиб жўнатдим. Барибир газета адабий лавҳаларимни босмади. Бир куни район газетасида илк бор мени исми-шарифим билан бир мақола пайдо бўлди. Ҳайрон бўлдим. Мен бунақа мақола жўнатмаган эдим. Ҳамма мени табриклади. Мен билдирмай, гердайиб юравердим. Биз шунақа ёзамиз, деб қўйдим. Адабиёт ўқитувчимиз Ҳамза Ҳамроев мени четроққа олиб борди.

“Газетани кўрдингми? – деди. – Ўшани сени номингдан мен қилдим. Газета ходимларига ҳам тайинлаб келдим. Ана энди ғайрат қил”.

Дарҳақиқат, Ҳамроев район, область газеталарини штатсиз мухбири эди. Ана шундан кейин газетада мунтазам чиқиб турдим. Яқинда уйимизга ориқ бир чол кириб келди. Оппоқ соқоллари кўксига тушади. Бу чол ўша адабиёт муаллимимиз Ҳамза Ҳамроев бўлди.

“Умрим педагоглик билан ўтди, – деди Ҳамроев. – Сизни ўқитганим учун педагоглик умримдан мингдан-минг розиман”.

 

***

Жуда кўплар ҳайрон бўлар эмиш. Бу ёзувчи уйида ишлайди, кўчага чиқмайди, кўча-кўйдаги гапларни қаердан билади, дер эмиш. Худо менга камдан-кам бандаси учун ато этажак қудрат ато этди. Худо мен учун... интуиция, дея аталмиш қудрат ато этди. Бадиий асарларим ана шу... интуиция маҳсули бўлди. Мен уйимда ўтириб... бор дунёни қалбимда ҳис этиб ўтираман. Дунёнинг юрак уришини эшитиб ўтираман. Масалан, кўнг­лим... қачон ёмғир, қачон қор ёғишини шивирлаб айтиб туради. Мен учун ким душман, ким дўст, кўнглим пичирлаб айтиб туради. Бирор одамни кўрсам, шу одамни дилида менга нисбатан нима гапи бор, миясида нима гапи бор, тилида нима гапи бор – барчасини кўнглим айтиб туради. Масалан, бирор воқеа бўлди, дейлик. Шу воқеани оқибати бир-икки йилдан кейин, ҳатто беш-олти йилдан кейин нима бўлади – барчасини кўнглим айтиб туради. Мен кўнглимни тилимга чиқармайман. Мен тилимга эрк бермайман. Мени кучим тилимда эмас, мени кучим дилимда. Мен фақат бир вазиятда кўнглимдагини юзага чиқараман. Мен кўнглимни... бадиий асарларимда кўз-кўз қиламан. Шу боис мен кўнглимни яхши-ёмон кўзлардан бекитиб юраман – ҳеч кимга қўшилмайман, ҳеч нарсага аралашмайман. Қафасдаги булбулни кўз олдингизга келтиринг. Ана шу булбулга эрк – демократия беринг. Мансаб-мартаба беринг, депутатлик мандати беринг, минбар беринг... Бўлди, булбул узоққа боролмайди. Бирор кориҳол бўлиб, ҳалок бўлади. Булбулга қафас ичида-да қийин. Яхши бор, ёмон бор. Биров қафас тешигидан чўп тиқиб ўйнайди. Биров бармоғини тиқиб ўйнайди. Биров булбулни майна қилиб сайрайди. Биров булбулга пуфлаб ўйнайди. Биров булбулга ишшайиб кулади. Бир сўз билан айтсак, булбулга тинчлик бермайди. Булбулни қафас ичида-да, авайламаса бўлмайди. Адиб қалби... ана шу қафасдаги булбулга ўхшайди! Адиб ўз қалбини ўзи қафасга солиб авайлаши керак. Мени қудратим-да интуициям, мени... фожиам-да интуициям.

…Шундай, интуициямни қудрати – мен ҳеч бир ёзувчи кўра олмовчи ҳаёт нозикликларини кўраман, ҳеч бир ёзувчи эшита олмовчи ҳаёт оҳангларини эшита оламан, ҳеч бир ёзувчини етти ухлаб тушига кирмовчи асарлар ярата оламан. Интуициямни фожиали томони – мен уйда ўтириб... ерни тагида илон қимирласа билиб ўтираман, ҳис этиб, кўнглимда кечириб ўтираман. Ана бу... ёмон, ёмон! Оқибат, руҳий азоб чекаман. Дунё нега бундай, деб асабийлашаман. Одамлар нега бунақа, дея ҳаяжонланаман. Дунёдан бош олиб кетгим келади. Шу боис мен тоифаларга яшаш қийин, қийин!

…Довдир-совдир одамлар яхши яшайди, телба-тескари одамлар яхши яшайди, эси кирар-чиқар одамлар, томи кўчиб кетган одамлар яхши яшайди. Боиси, бундай одамларни кўп нарсаларга ақли етмайди, фаҳм-фаросати етмайди. Дунё шунақа экан, дея узун-қисқа бўлиб юраверади.

 

***

Мактабларда адабиёт дарси ўқитишда суҳбатимиз бошида мен айтган кутубхоначи Хадича опа усулини қўллашларини таклиф этар эдим. Дунёга келмиш ҳар бир бола индивидуал шахсдир. Индивидуал шахс эса албатта бирор нарсага қизиқади, бирор соҳага мойиллик беради. Бола қайси соҳага қизиқади – болани ана шу соҳага йўналтириб юбориш керак. Бола учун ана шу соҳага кенг йўл очиб бериш керак. Ана шунда бола бирор-бир соҳани мукаммал билади, ана шу соҳа бўйича бирор нарса ярата олади. Аммо мактабларда ҳар бир боладан барча фанлар бўйича “беш” баҳо талаб қиладилар. Тўғри, бола барча фанлар бўйича “беш” олиб ўқийди. Вояга етгач эса, бирор-бир фанни мукаммал билмайди. Бирор соҳа бўйи­ча етук бўлиб етишолмайди. Оқибат, дунёга индивидуал шахс бўлиб келган бола вояга етиб... умумий одам бўлиб қолади, кўп қатори одам бўлиб қолади, эл қатори одам бўлиб қолади. Юқорида айтилган кутубхоначи Хадича опа усулида дарс ё машғулот ташкил этиш керак. Дарс номини бадиий мутолаа, деб аташ керак. Боиси, бадиий китоб бола кўзини очади, бола руҳиятини ўстиради, болалик ҳис-туйғуларини тарбиялайди. Оқибат, болалар хаёллар оғушида бўлади, орзулар оғушида бўлади. Бола романтик бўлиб ўсади. Романтизм эса ҳаётга чорлайди, келажакка чорлайди. Романтизм етилиб, реализмга ўсиб ўтади. Қарабсизки, бола тўлақонли, реал шахс бўлиб етилади. Ўғил-қизларимиз маънавий баркамол бўлсин, десангиз – бадиий китоб ўқитинг. Ўғил-қизларимиз қалбан бой бўлсин, десангиз – бадиий китоб ўқитинг.

Тоғай МУРОД,

Ўзбекистон халқ ёзувчиси