Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Мева-сабзавот экспортида қандай тўсиқлар бор?

Мева-сабзавот экспортида  қандай тўсиқлар бор?

Иқтисодиётимизнинг муҳим бўғини бўлган мева-сабзавотчилик юртимизда хусусий сектор ривож­ланишининг тўрт асосий йўналишидан бирини ташкил этади.  Йилига 20 миллион тоннадан зиёд мева-сабзавот маҳсулотлари етиштирилмоқда. Бироқ шунча маҳсулотнинг қарийб 70-80 фоиздан ортиғи қайта ишланмасдан қолмоқда. Бу эса мева-сабзавотчиликда қўшимча қиймат занжирини яратиш вазифасига жиддий эътибор қаратиш лозимлигини кўрсатади. Мазкур масала аграр соҳа ҳамда озиқ-овқат саноатини ривожлантириш борасидаги асосий вазифалардан саналади.

Соҳада қўшилган қиймат занжирини яратишни рағбатлантириш, сифатли мева-саб­завот маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва экспорт барқарорлигини таъминлаш, ишлаб чиқарувчиларнинг молиявий имкониятини кенгайтириш, шунингдек, ишлаб чиқариш рақобатбардошлигини ошириш, ноанъанавий, импорт ўрнини босувчи ва ташқи бозорда рақобатбардош маҳсулотлар етиштиришни кўпайтириш алоҳида аҳамиятга эга. Бунинг учун ҳукуматимиз қишлоқ хўжалик соҳаси, шу жумладан, мева-сабзавотлар экспортини янада ривож­лантириш, божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш, солиқ имтиёзларини яратиш  борасида изчил чора-тадбирлар кўрмоқда. 

Аграр соҳада энг катта муаммо – фермерларнинг қишлоқ хўжалиги соҳасида етарли билимга эга эмаслигидир. Биргина хоҳишнинг ўзи билан биз юқори ҳосилдорликка ва пировард натижага эриша олмаймиз. Замонавий фермер қишлоқ хўжалиги технологияларини бошқаришни мукаммал эгаллаган, замонавий ишлаб чиқариш ва инновация усулларидан  хабардор  бўлмоғи зарур. Шу боис Президентимизнинг 2017 йил 2 мартдаги “Осиё тараққиёт банки иштирокида “Мева-сабзавотчилик тармоғида қўшилган қийматни яратиш занжирини ривожлантириш” лойиҳасини амалга ошириш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш,  фермер хўжаликлари ҳамда қишлоқ хўжалик корхоналарининг молиявий барқарорлигини ўстиришга кўмаклашиш мақсадида  2018 йилнинг ноябридан 2019 йилнинг  февралига қадар Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларда  фермер, деҳқон хўжаликлари раҳбарлари ва томорқа ер эгалари, тадбиркорлар учун ўқув-амалий семинарлар ўтказилди.

Ўзбекистон Тадбиркорлар ва фермерларни қўллаб-қувватлаш маркази Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат таъминоти соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш агентлиги билан ҳамкорликда ўтказилган семинарларда Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларда белгиланган махсус режа асосида 5 мингдан зиёд фермер ва деҳқон хўжаликлари, томорқа ер эгалари иштирок этди. Тренингларда иштирокчиларнинг хўжалик юритиш малакаси, меҳнат кўникмаси ва билимлари оширилди, мева ва сабзавотларни ишлаб чиқариш ҳамда етиштириш, сақлаш ва қайта ишлаш ҳамда логистикаси ва экспортини ташкил қилиш бўйича назарий ва амалий билимлари оширилди. Мева-сабзавот ва полиз маҳсулотлари етиштириш учун ҳосилдорлиги юқори бўлган интенсив кўчат ва уруғлар сотиб олиш, томчилатиб суғоришни йўлга қўйиш, бунинг учун зарур ускуналар харид қилиш, эски токзорларни янгилаш ва янги токзорлар яратиш, мева-сабзавот маҳсулотларини сақлаш учун музлаткичлар, қайта ишлаш, саралаш ва қадоқлаш технологиялари келтириш, сабзавот маҳсулотлари етиштириш учун иссиқхоналар ва  боғлар ташкил этиш, кўчатхоналар барпо қилиш ва бошқа шу каби мақсадлар учун Осиё тараққиёт банкининг молиявий кўмаги асосида тижорат банкларининг имтиёзли кредитларидан самарали фойдаланиш имкониятлари тушунтирилди. Машғулотлар давомида кўпчилик фермер ва деҳқон хўжаликлари раҳбарлари, томорқа ер эгаларида логистика, логистик марказларнинг экспортни жадаллаштиришдаги аҳамияти тўғрисида етарли билим йўқлиги аён бўлди.

Таъкидлаш лозим, мазкур тренинг-семинарлар ҳар бир вилоятда қишлоқ хўжалигини ривожлантиришда илғор тажриба ва инновациялар, замонавий агротехник тадбирларни қўллаш, мева-сабзавотни қайта ишлаш ва экспортини ташкил қилиш, халқаро молия институтларининг маблағларини самарали ўзлаштириш масалалари қайд этилган “Йўл харитаси” ишлаб чиқилиши билан аҳамиятлидир. Давлатимиз томонидан мева-сабзавотчилик экспортини янада ривожлантиришга оид кўрилаётган чора-тадбирлар, шубҳасиз, соҳада катта бурилиш ясалишига хизмат қилади.

Айни пайтда, мазкур масалага таҳлилий ёндашадиган бўлсак, экспортни ривожлантиришга билвосита ёки бевосита тўсиқ бўлиб турган бир қатор муаммоларни ҳал этиш лозимлиги аён бўлади.

1. Мева-сабзавот экспортини рағбатлантириш. Бунинг учун, аввало, мавжуд муаммоларни бартараф этиш керак. Ҳозирги вақтда деҳқон, фермерларнинг қўлида  кўп миқдордаги маҳсулот қолиб кетмоқда, уни хорижий истеъмолчига етказиб бериш (сотиш) тизими тўлиқ шаклланмаган. Чет давлатлар билан ўзаро товар айрибошлашга оид келишувларга эришиш, уларнинг талабига жавоб берадиган мева-сабзавот экспортини рағбатлантириш, божхона идораларида “яшил йўлак”лар ташкил этиш, имтиёзли  кредит ва преференциялар берилиши лозим.  Пишиқчиликда нархи жуда арзон бўлиб кетадиган ва  сақлаш имконияти катта сарф-харажат талаб қиладиган маҳсулотларни қайта ишлаш корхоналарини кўпайтириш, замонавий қайта жиҳозлаш, қайта ишланган маҳсулотни чет эллардаги савдо уйлари, консалтинг компаниялари орқали  экспорт шартномалари тузилиши ва етказиб берилишига кўмаклашиш ҳам айни муддао. Бунинг учун  мутасадди вазирлик ва идоралар томонидан Хитой, Россия, Қозоғистон, Туркия каби давлатларда давлат-хусусий шерикчилик асосида савдо уйларини очиш талаб этилади. Шунингдек, қайта ишлаш корхоналари ва фермерлар ўртасида шартномалар тузиш ва уларнинг ижросини таъминлаш масаласини назоратга олиш лозим. 

2. Чет эллик харидорнинг талабига жавоб берадиган  сабзавот уруғи, дарахт кўчати етиштириш ва унинг сифатини кафолатловчи тизим яратиш. Токи фермернинг сермашаққат меҳнати ҳавога учиб кетмасин. Экспортбоп мева-сабзавотларни экиш ва парваришлаш бўйича ҳудудларга мос  ҳолда олимлар ва агрономлар томонидан технологик карталарнинг ишлаб чиқилиши, сифатли  уруғ билан таъминланишни йўлга қўйилиши мақсадга мувофиқ. Бу ўринда экспортбоп кўчат навлари ва уруғлар етказиб берувчи хўжаликларни кўпайтириш ва уларни давлат томонидан молиявий қўллаб-қувватлаш даркор. Мева-сабзавот маҳсулотлари етиштирувчилар ва экспорт қилувчилар тўғрисидаги маълумот акс этувчи веб-сайт яратилиши масаласи ҳанузгача тўлиқ ҳал этилмаганини қандай тушуниш мумкин?

3.  Сертификатлаш тизимини такомиллаштириш. Тадбиркор, фермерларимиз хорижга маҳсулотларини сотишда, импортёр давлатлар томонидан маҳсулотга қўйилаётган сифат, сертификатлаш, фитосанитария, қадоқлашга оид ва бошқа талабларни  ўрганиш­лари ва амалиётга жорий этишлари  лозим.  Бу масалада мутасадди идоралар элчихона, экспортни ривожлантириш ташкилотлари, божхона идоралари аниқ  маълумот берилишини таъминлаши, тегишли ахборот кўмаги кўрсатиши лозим. Мева-сабзавот маҳсулотларини халқаро сифат стандартлари бўйича сертификатлаш лабораториялари тармоғини туманлар даражасида ташкил этиш соҳа ривожига туртки бўлади.

4. Мева-сабзавот маҳсулотини экспортга етказишда замонавий инфратузилмани ривожлантириш, йўл харажатини қисқартириш. Ўзбекистон тўғридан-тўғри денгизга чиқиш имкониятига эга эмас, шунинг учун тез айнийдиган мева-сабзавотларни хорижий истеъмолчига етказиб бериш ҳамон долзарб масала бўлиб қолмокда. Буни ҳал этиш транспорт-логистика тизимини такомиллаштириш, хусусан, автомобиль, темир йўл, ҳаво-юк транспорти тармоғини ривожлантиришга бориб тақалади. Бугун ушбу тизимлардан фойдаланиш экспортчиларимизга жуда қимматга тушмоқда. Мутасадди давлат идоралари экспорт юкларини қўшни давлатлардан темир йўл, автомобиль йўллари  орқали имтиёзли нархларда ўтказиш бўйича музокараларга эҳтиёж сезади. “Uzbekistan Airways” ва “Ўзбекистон темир йўллари” компаниялари товарларимизни экспорт қилиш бўйича замонавий логистика йўналишларини яратишлари зарур. Айни пайтда автомобиль халқаро юк ташувлари тизимини жаҳон бозорида рақобатбардошлигига эришиш, мева-сабзавот ташувчи автоуловлар паркини кенгайтириш, “Евро 5” стандартига жавоб берадиган замонавий совутгичли, изотермик фуралар сони ва сифатини кескин кўпайтириш чора-тадбирларини кўриш лозим.

5. Мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қ????????? ??????? ????????? ????? ???? ???????.илувчилар ахборот порталини тўлиқ ишга тушириш. Экспортга йўналтирилган мева-сабзавот маҳсулотларининг турлари,  ҳажмлари, суммаси ва етиштириш ҳудудлари кесими тўғрисидаги маълумотларни, шунингдек, экспорт жараёнининг барча босқичларини реал вақт режимида кузатиш имконини берувчи бундай порталнинг ишга туширилиши ҳам экспортчилар учун бирмунча қулайлик яратган бўлар эди. Ташқи бозорларни ўрганиш бўйича маркетинг тадқиқотларини олиб борувчи консальтинг хизматлари ташкил этиш ва уларнинг материалларини интернет-сайтларда эълон қилиш ҳам бу масалани ҳал этишга қисман бўлса-да ҳисса қўшади.

6. Маҳсулот тайёрлаш ва экспортни молиялаш соҳасидаги масалаларни ҳал этиш. Хорижий ҳамкорлар одатда маҳсулотни йирик миқдорда улгуржи сотиб олиш учун буюртма қилишади. Ўртамиёна фермер ёки тадбиркор 200-300 тонналик маҳсулотни бир ўзи етиштириши қийин. Шу туфайли экспорт контракти бўйича буюртмани бажариш учун кўплаб деҳқонлар, томорқа эгалари  ва деҳқон бозорларидан маҳсулотни йиғишга ҳаракат қилади. Бу эса товар кондиция –  сифати, нави ва ҳоказоларнинг турли хиллигига олиб келади ва тегишли тарзда ҳар доим ҳам харидор хоҳлаган сифат, ўлчамдаги товар тайёрлашга имкон бермайди. Ушбу масалани ижобий ҳал этиш учун биринчи ўринда хорижий ҳамкорлар талабига мувофиқ экспортбоп тарзда каллиб­ровкага келтирилган кўп миқдорда мева-сабзавот йиғиш ва уни қайта ишлаш имкониятига эга махсус жиҳозланган мева-сабзавот терминаллари сонини кўпайтириш юзасидан чора-тадбирлар кўриш талаб этилади. Мева-сабзавот терминалларини жиҳозлаш учун четдан техника ва технологиялар олиб келаётган тадбиркорларга божхона имтиёзлари янада кенг­роқ қўлланиши ва молиявий кўмак берилиши айни муддао. Ушбу терминаллар экспорт юки ортиш учун мўлжалланган транспорт партиялари (контейнерлар, юк ташишга мўлжалланган (совутгичли) автомобил фуралари, вагонлар туркуми)га эга логистик марказлар билан бирга фаолият юритиши мақсадга мувофиқ. Масалан, мош харид қилмоқчи бўлган хитойлик ҳамкорлар биринчи навбатда ўзбекистонлик сотувчидан мева-сабзавот, шу жумладан, мошни йиғиш ва қайта ишлаш (каллибровка қилиш, қопларга қадоқлаш) имкониятига эга терминал бор-йўқлиги билан қизиқиши табиий. Чунки у ҳам харидор сифатида буюртмаси ўз вақтида ва сифатли бажарилишидан манфаатдор.

Хорижий ҳамкорнинг йирик миқдордаги буюртмасини бажариш ёки келгусида экспорт қилиш мақсадида маҳсулот йиғиш учун тадбиркор ёки фермер аксарият ҳолларда деҳқон бозорларида аҳолидан мева-сабзавотни нақд пулга сотиб олишга мажбур бўлади. Барча тадбиркор ва фермер ҳам бунча йирик миқдордаги (500 миллион сўмдан 1 миллардгача ва ундан юқори) нақд пулга эга эмас. Шу ўринда экспорт шартномасини бажаришда экспортчи учун улгуржи савдони молиялаштириш масаласи кун тартибига чиқади. Бу ҳам ечилиши лозим бўлган жиддий масала.  Шунингдек, мева-саб­завот маҳсулотлари экспорти хавф-хатарини суғурта қилишнинг замонавий механизмларини жорий этиш, кўчат, сертификатланган уруғ ҳамда мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш ускуналарини харид қилиш учун тижорат банкларининг кредитлари бўйича фоиз харажатларини ҳам мақбуллаштириш жоиз.

7. Маҳсулот имижини яратиш. Юртимиздан чет элга сифатсиз маҳсулот жўнатган  ва рекламация олган ташкилот, фермерлар рўйхати (реестри) яратилиши жоиз, токи бош­қа чет эллик харидорлар алданиб қолиши ёки сифатсиз маҳсулот харид қилишига йўл қўйилмасин.

8. Асосий савдо шерикларимиз бўлган давлатларнинг карантин, фитосанитария, сертификатлаштириш хизматлари  билан ҳамкорлик тўғрисида келишувга эришиш. Бу  ушбу давлатларга маҳсулот етказиб берилгач, божхона ва сертификатлаш идораларида вужудга келиши мумкин бўлган муаммоларнинг олдини олиш, тегишли ҳужжатларни ўз вақтида расмийлаштириш имконини беради.

9. Мева-сабзавот маҳсулотини импорт қилувчи давлатларнинг агроном олимлари, маркетологлари, фермерларини юртимизга ёки бизникиларни хорижга  юбориб, ўқув машғулотлари, тренинглар ташкил қилиш. Бундай тажриба алмашиш чет элнинг илғор интенсив технологияларини юртимизда жорий этиш ва уларнинг бозори талабларига мос келадиган маҳсулот ишлаб чиқаришга  хизмат килади.  Масалан, Хитой  йилига камида  20 миллион тонна мош импорт қилади. Бу борада Ўзбекистоннинг улуши  жуда кам. 

10. Мева-сабзавот етиштириш бўйича кластер тизимини ривожлантириш. Бу борадаги қишлоқ хўжалик бирлашмаларини шакл­лантириш маҳсулотларнинг улгуржи бозорини яратишга хизмат қилиб, мева-сабзавотни етиштириш, қайта ишлаш ва экспортга чиқаришгача бўлган масалаларнинг  ечилишига хизмат қилади.

Ушбу таклифларимизнинг жорий этилиши соҳани янада такомиллаштириш ва иқтисодиётимизнинг юксалишига катта замин яратади.

Султонмурод МЕҲРИДДИНОВ,
Республика тадбиркорлар
ва фермерларни
қўллаб-қувватлаш маркази
бўлим бош менежери