Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш учун катта имкониятлар яратилди

Мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш учун катта имкониятлар яратилди

Тадбиркорлик субъектлари энди улгуржи савдо қилиш лицензиясига эга бўлмасдан мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини амалга ошириши мумкин, дейилди O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси томонидан Президентимизнинг “Мева-сабзавот маҳсулотларини ташқи бозорларга чиқариш самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори мазмун-моҳиятини тушунтиришга бағишлаб ўтказилган давра суҳбатида.

Давлатимиз раҳбарининг қарори асосида юридик шахсларга мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини дастлабки тўловсиз, аккредитив очмасдан, банк кафолатини расмийлаштирмасдан ҳамда экспорт шартномасини сиёсий ва тижорат хавфларидан суғурта полисисиз амалга ошириш ҳуқуқи берилди. Энди экспорт қилинадиган мева-сабзавот маҳсулотлари божхона кўригидан ҳам ўтказилмайди.

Тадбиркорлик субъектлари ўзларига ажратилган ер участкаларида мева-сабзавот маҳсулотларини бевосита уларни етиштириш жойларида суғориш, тайёрлаш ва сақлаш бўйича инфратузилма объектлари қуриш учун енгил конструкцияларни қуриш юзасидан қурилиш-монтаж ишларини амалга оширишлари мумкинлиги белгиланди.

Қарорга мувофиқ Ўзбекистон мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилувчилар уюшмаси ташкил этилади. 2019 йил 1 мартга қадар интернет тармоғида “TradeUzbekistan.com” электрон савдо майдончаси ҳамда экспорт жараёнининг барча босқичларини реал вақт режимида кузатиш имконини берувчи Мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилувчилар ахборот портали яратилади. Шунингдек, “Global GAP”, “Halal” ва “Organic” стандартлари талабларига мувофиқ мева-саб­завот етиштирувчи маҳаллий корхоналарни сертификатлаш бўйича мутахассисларни тайёрлаш ташкил этилади.

Қарорда Қорақалпоғистон Респуб­ликаси Вазирлар Кенгаши Раиси ва вилоятлар ҳокимларига мева-сабзавот маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари ва экспорт қилувчилари билан самарали ҳамкорлик ўрнатиш, мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш, тайёрлаш, саралаш, калибрлаш, қадоқлаш ва экспортга жўнатиш кластер тизимини жорий этишга кўмаклашиш учун шахсий жавобгарлик юкланган.

Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси аъзолари, партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ходимлари, электорат вакиллари иштирок этиб, мазкур қарорнинг аҳамияти хусусида ўз фикр-­мулоҳазаларини билдирди.