Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

МИБ Тошкент вилоят бошқармаси “Очиқ эшиклар куни” ўтказди

МИБ Тошкент вилоят бошқармаси “Очиқ эшиклар куни” ўтказди

Бугун Мажбурий ижро бюроси Тошкент вилоят бошқармаси ташаббуси билан 2-Тошкент юридик коллежи битирувчилари иштирокида “Очиқ эшиклар куни” негизида давра суҳбати ўтказилди. Унда бошқарманинг кадрлар бўлими ходимлари томонидан битирувчиларга Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузурида Мажбурий ижро бюроси фаолият тарзи ҳақида батафсил маълумотлар берилди. Жумладан, бюро органларининг асосий вазифалари – суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларининг ижросини таъминлаш, энергия ресурслари ва сув узатиш тармоқларига ноқонуний уланиш, талон-тарож ҳолатларини аниқлаш, бартараф этиш ҳамда олдини олиш, энергия ресурслари ва сув учун тўловларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ундирилишини таъминлаш каби вазифалар кириши тушунтириб ўтилди. Шунингдек, ёш юристлар энергия ресурслари ва сув истеъмолини назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг замонавий автоматлаштирилган тизими устидан мониторинг ўтказиш, энергия ресурслари ва сувни сотиш ва истеъмоли ҳисобини юритишда иштирок этиш, энергия ресурслари ва сув истеъмолчиларининг масъулияти ва ҳуқуқий маданиятини ошириш чораларини кўриш, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни юритиш, суриштирув ва тезкор-қидирув фаолиятини амалга ошириш сингари йўналишларда кўплаб фойдали маълумотларга эга бўлишди.

Бундан ташқари, давра суҳбати давомида ёшларга Бюро органларига иш(хизмат)га қабул қилинган ходимларнинг хизматни ўташ даврида “касб одобномаси”га риоя қилишлари шартлиги, белгиланган талабларни бузиш эса  тегишли тартибда жавобгарликни келтириб чиқариши ҳақида тушунчалар берилди. Шунинг баробарида Бюро органлари ходимларининг хизмат поғоналарида юқорилаб бориши, уларнинг ишчанлик, профессионал ва шахсий сифатлари, топширилган соҳада эришган натижаларига мувофиқ равишда амалга оширилиши ҳақида маълум қилинди.

Тадбир мобайнида битирувчиларга Бюро органлари фаолиятига бағишланган қисқа метражли видеолавҳа ҳам намойиш этилди.

–       Бугунги тадбир ҳар томонлама қизиқарли ўтди, – дейди 2-Тошкент юридик коллежи битирувчиси Жавоҳир Тиллабоев. МИБ инспекторлари фаолияти ҳақида кўплаб керакли маълумотларга эга бўлдик. Аксарият тенгдошларим шу жойда ишлаш истагини билдиришди. Шундан сўнг иншо ёзиш орқали ўз билимимизни кўрсатишга ҳаракат қилдик. Ўйлайманки, натижаларимиз ижобий чиқиб, муносиблар иш фаолиятини МИБ Тошкент вилоят бошқармасида бошлайди.    

Тадбир сўнгида қатнашчиларни қизиқтирган бошқа саволларга бюро ходимлари томонидан батафсил жавоб берилди.

 

МИБ Тошкент вилоят бошқармаси

Кадрлар бўлими бошлиғи,

 Сарвар Тўраев