Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

МИБ Тошкент вилоят бошқармаси танлов ўтказмоқда

МИБ Тошкент вилоят бошқармаси танлов ўтказмоқда

Жорий йил 14 июнда Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий Ижро бюроси ташкил топганига бир йил тўлиши муносабати билан Бюронинг Тошкент вилояти бошқармаси, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Тошкент вилояти ҳудудий кенгаши бошқаруви, Истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш федерацияси Тошкент вилоят ҳудудий бирлашмаси, Савдо саноат палатасининг вилоят ҳудудий бошқармаси билан ҳамкорликда тадбир ўтказилди.

Анжуманда Мажбурий ижро бюросини халқ билан янада яқинроқ қилиш мақсадида аҳоли орасида тўлов интизоми ва маданиятини ошириш, ҳуқуқий билимларини бойитиш, уларни қийнаётган муаммоларни ўрганиш ва биргаликда ечим топиш механизмлари ҳақида атрофлича фикр алмашилди.

Тадбир мобайнида, шунингдек, Тошкент вилояти миқёсида 2018 йилнинг июлидан то ноябрь ойига қадар ўтказилиши режалаштирилаётган – “Қарздорлиги бўлмаган энг намунали маҳалла”, “Қарздорлиги бўлмаган энг намунали кўча”, “Коммунал тўловлардан қарздор бўлмаган энг намунали хонадон” танлови ҳам эълон қилинди.

– Танловдан мақсад аҳоли онгида истеъмол маданиятини шакллантириш, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар билан ишлашда ўзига хосликларни ҳисобга олиш, табий газ, энергия ресурсларидан оқилона  ва тежамкорлик билан фойдаланиш,  қолаверса,  бу ресурсларнинг ҳамма истеъмолчи учун бирдек етказилишига эришиш ва албатта коммунал тўловларни ўз вақтида тўлаб бораётган истеъмолчиларимизни намуна тариқасида маънавий ва моддий рағбатлантиришдир, – дейди Мажбурий ижро Бюроси Тошкент вилояти бошқармаси ўринборсари Жуманазар Жуманиязов.

Бундан ташқари, йиғинда МИБ фаолияти билан боғлиқ ҳолатда истеъмолчилардан тушган аризалар, шикоятлар, таклифлар ўрганилди ва аниқлик киритилди. МИБ-Маҳалла-истеъмолчи учлигидан иборат ҳамкорлик механизмини жойларда тўғри қўллаш, Президент фармонлари ва Вазирлар Маҳкамаси қарорлари, қонунлар ижросини таъминлаш йўлида бир ёқадан бош чиқариб ишлаш катта самара бериши ҳақида айтиб ўтилди.

Якунда иштирокчилар, шунингдек журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олишди.