Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

МИЛЛИЙ АНЪАНАЛАР ЖИЛОСИ

МИЛЛИЙ   АНЪАНАЛАР   ЖИЛОСИ
Пурвиқор тоғлар бағрида жойлашган сўлим Бойсун тумани азал - азалдан  таниқли ижодкорлари, санъаткор, уста-ҳунармандлари ва ишбилармон  тадбиркорлари  билан  танилган. Сўнгги  йилларда барча соҳалар қаторида  унутилиб кетаёзган миллий анъаналаримизга, халқ ҳунармандчилигига  ҳам    янгитдан  жило  бағишланяпти. Бойсунлик қўли гул ҳунармандларнинг меҳнатлари, иқтидорлари   янада   эътироф  этиляпти. Мафтуна Азизова  –  тумандаги   “Ҳунармандлар”  маҳалласидан. Гиламдўз қиз эндигина 24 ёшни қаршилади. Ёш бўлишига қарамай, у нафақат Бойсуннинг, балки вилоятимиз, республикамиздаги кўплаб таниқли устоз ҳунармандларнинг эътиборини қозониб улгурди.

Кўплаб танловларда ғолибликни ҳам қўлга киритди. Жумладан, 2013 йилда “Юрт келажаги” республика танловида 1-ўринни, 2014 йилда қўшни Тожикистонда  ўтказилган “Диёри ҳусн” фестивалида 1-ўрин, 2016 йилда    Қирғизистонда ўтказилган “ОYMO” фестивалида эса совриндор бўлди. Унинг хизматлари  янада эътироф  этилиб, жорий йил Президентимиз фармони билан “Шуҳрат” медали  билан  тақдирланди.

– Қишлоғимиз — қўли гул ҳунармандлар маҳалласи. Болалигимда онам маҳалладаги хотин - қизлар билан жам бўлиб, турли рангларда бежирим гиламлар тайёрлашарди, – дейди Мафтуна Азизова гиламдўзлик  ҳунарига  бўлган қизиқиши ҳақида жўшиб сўзларкан. – Ўша  пайтларда 5 - 6 ёшларимда мени фақат онамнинг иш жойида учратиш мумкин эди. Дастлаб матоларни табий бўёқлар билан бўяш билан катталарга ёрдам берган бўлсам, кейинчалик иплардан турфа манзаралар, ҳайвончалар ясардим ва сўнгра  тўққиз ёшимдан  бошлаб  мустақил тарзда гилам тўқишни бошладим.

Гиламдўзлик санъати жуда қадимий. Балки инсоният билан тенгдошдир, ёки тарих илми мутахассислари таъкидлаганидек  неолит даврида юзага келгандир. Аммо бир нарса ҳақиқатки, азалдан  ҳалқимизда  турфа  хил  гиламлар  тўқиб  келинган.  Номлари ҳам ўзига хос ифода этилади...“Ғажари”, “Қолин”, “Қурбақа пишти”, “Чумчиқи”, “Ой”, “Қўчқоршоҳи”, “Оқин”, “Тўдагул”, ...
Эътиборлиси, ёш ҳунарманднинг саъй – ҳаракатлари туфайли гиламдўзликнинг  унутилаёзган  анъаналари, номлари  қайта юз очаётир. У томонидан тўқилаётган  гиламларни кузата туриб, уларни қўли гул, кўп йиллик тажрибага  эга  ҳунарманд  яратган дея хаёлга боришингиз тайин.

 Мафтуна Азизова Бойсун туманидаги Агросаноат касб-ҳунар коллежини тамомлагандан сўнг, 2012 йилда якка тартибдаги ҳунарманд сифатида иш бошлади. Ҳозирда 20 нафарга яқин қишлоқ ёшларини иш билан банд қилган.

У ўзининг мўъжазгина иш жойида нафақат гиламдўзлик билан шуғулланади, балки шогирдлари билан турли либослар, турфа миллий буюмлар яратади. Ёш иқтидор эгаси  гиламдўзлик ҳунари билан асрлар оша қадим Бойсун элида обрў - эътибор қозонган, шуҳрат  топган сулоланинг бешинчи авлоди.  Айтилаверса, ҳунарманд элининг ҳаққига айтиладиган достон ҳадеганда  тугамайди. Айтган, битган  гапимизга гап улаш учун энг мақбул йўл — Мафтунанинг ижод намуналарини кўриб, топиб  томоша қилиш ва ҳайрат туйиш.                                                                                                                                                  
                                                                                                                                                           
Сарвар  ТЎРАЕВ, 
“XXI asr”   мухбири