Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Biz tarmoqlarda:

Мингбулоқлик ёшлар учун коворкинг маркази иш бошлади

Мингбулоқлик ёшлар учун коворкинг маркази иш бошлади  Гуллар диёри, гўзал Наманганнинг Марказий Фарғона барханзорлари ўрнида ташкил топган, яқин-яқингача ҳам “чўлқуварлар маскани”, дея тилга олинадиган Мингбулоқ тумани маркази Жомашўй шаҳарчасининг бугунги ҳусни жамолини кўриб, беихтиёр атоқли шоиримиз Абдулла Ориповнинг:

Йиллар, ойлар ўтса, Ватан топса сайқал,

Боғларда очилса сўлмас лолалар.

Шу жойлар чўл эди десак бир маҳал,

Ишонармикансиз, болалар, ­–

деган шеърини эсладик. Кенг, равон йўллар, йўл ёқаларидаги бири-биридан муҳташам, ярқираган бинолар, ҳар қадамда учрайдиган сўлим хиёбонлар, гулу гулзорлар, савдо дўконлари, ошхона-чойхоналар, дам олиш масканлари... Ўз хаёллари, кундалик юмушлари билан кўчаларни тўлдириб бораётган одамлар... Буларнинг ҳаммаси, шоир айтмоқчи, йиллар, ойлар ўтиб Ватанимиз сайқал топганидан, Ўзбекистонимизнинг олис-олис гўшалари ҳам гўзаллашиб, истиқлолимизнинг 27 йиллигини ёруғ юз билан кутиб олганидан дарак эмасми?

Худди шундай ёрқин таассурот билан куни кеча ўз фаолиятини бошлаб, оз фурсатда мингбулоқлик тадбиркор ёшларнинг севимли мас­канига айланиб улгурган туман Ёшлар коворкинг марказига қадам қўямиз.

– Хуш келибсизлар! – дея қаршилайди бизни адл қоматли, қорамағиз юзларидан самимият балқиб турган йигит. Бу “Ёшлар ­– келажагимиз” туман жамғармаси раиси, коворкинг маркази ташкилотчиси, партиядошимиз Шуҳратжон Отахонов бўлади.

Байрамолди тадбирлар ҳам кўп. Вақт тиғиз. Суҳбатимиз шунга яраша лўнда бўлди:

– Муҳтарам Президентимизнинг ҳаётбахш ғоялари, “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастурида белгилаб берилган долзарб вазифалардан келиб чиққан ҳолда марказимизни қисқа вақт ичида қуриб, фойдаланишга топширдик, – дейди Шуҳратжон. – Мақсад-муддаомиз тумандаги ишсиз ёшларни тадбиркорлик фаолиятига йўналтириш, уларга кўмакдош бўлиш, амалий ёрдам беришдан иборат.

– Дастлабки натижалар...

– Туман ҳокимлиги, Ёшлар иттифоқи туман кенгаши, O‘zLiDeP фаоллари ва депутатлари, тумандаги молия муассасалари, маҳалла фуқаролар йиғинлари билан ҳамкорликда ишлаб... салкам бир ой ичида қишлоқ ва маҳаллаларимизда 16 ёшдан 30 ёшгача бўлган 1200 нафар ишсиз ёшлар борлигини аниқладик. Улар билан бирма-бир суҳбатлашиб, диллари қатидаги орзу-ниятлари билан қизиқдик. Қувончлиси, ёшларимиз орасида юраги уйғоқлари, ўзини катта ишга чоғлаганлари, тадбиркорлик ва ишбилармонликка иштиёқмандлари жуда кўп экан. Масала шундаки, улар шу кунгача қаерга боришни, кимга мурожаат қилишни, ишни нимадан бошлашни билишмаган. Йигит-қизлар билан учрашганимизда кўзларига тик боқиб, “Бундан буён биз сизларга елкадошмиз, қандай ёрдам керак бўлса берамиз, муаммоларни биргаликда ечамиз, орзу-мақсадларингга албатта етасизлар”, дедик. Уларнинг хурсандлигини кўрсангиз!

Бугун марказимизга ҳар куни ўнлаб қишлоқ ёшлари ўз бизнес режалари билан келишмоқда. Бундай ёшлар билан яккама-якка ишлаб, бизнес режаларини тўлдириб, йўл-йўриқ ва масалаҳатлар бериб, ер олиш, кредит масаласида яқиндан кўмаклашяпмиз. Кейинги ўн беш-йигирма кун ичида бир қанча ёш тадбиркорларимизга йўналиш бериб, ўз фаолиятларини йўлга қўйишлари учун “Халқ банк”идан 350 миллион сўм 7 фоизли имтиёзли кредит ажратилишига эришдик. Дилшод Аҳмедов деган йигитимиз туман марказида “Зарина фэшин” тикувчилик фирмасини очиб, 7 та иш ўрни яратишга эришди. Бобур Мамажонов 70 миллион сўм кредит эвазига мебел ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. Ўртақишлоқлик Абдумутал Ҳайдаралиев эса 80 миллион сўм кредит эвазига ҳунармандчилик йўналишида бизнесини бошлади. Бундай мисоллар оз эмас. Ҳозир қўлимизда яна 44 та лойиҳа турибди...

Телефон жиринглайди.

 – Лаббай! – дейди телефони тугмачасини босаркан Шуҳратжон. – Ёшлар коворкинг маркази эшитади... Э, ҳа... Элмурод?.. Шундоқми?.. Ҳозир мен банк билан боғланиб, кечи билан ярим соатда сизга натижасини айтаман... Кўнгилни тўқ қилинг. Бугундан қолмайди...

– Элмурод Каримов деган йигитимиз, – изоҳ беради хона соҳиби бизга юзланиб. – Кир ювиш кукуни ишлаб чиқарадиган кичик корхона очмоқчи. Шахди-шиддати баланд. Банкдан 200 миллион сўм кредит оляпти... Бундай эзгу мақсадли ёшларимиз кўп. Шўрсувлик Иброҳим Ҳусанов ўз қишлоғида автомобилларга техника хизмат кўрсатиш шохобчаси очиб, 9 нафар тенгдошини иш билан таъминлаш ниятида. Амир Темур маҳалласидан Ҳалима Наж­миддинова ўз хонадонида тикувчилик цехи очиб, қўшни хотин-қизларни ҳам ишли қилмоқчи. Гулбоғлик Дилдора Парпиева 30 миллион сўм кредит эвазига нон ишлаб чиқариш цехи қурмоқчи. Чорданалик Муножот Мамажанова 70 миллион сўм кредит сўраган. Ғишт ишлаб чиқарадиган цех очиб, қирқ йигитни иш билан таъминлайман, қишлоқ ободончилигига ҳисса қўшаман, дейди...

Марказ хоналарини кўздан кечирамиз. Қўш қаватли замонавий бинонинг биринчи қаватида банк филиали, савдо мажмуаси жойлашган бўлса, иккинчи қават тўла коворкинг маркази ихтиёрида. Компьютер ва бошқа зарур ашёлар билан жиҳозланган шинам хоналарнинг бири кутубхона бўлса, яна бир хона турли семинарлар, машғулотлар ўтказишга мўлжалланган. Ёш тадбиркорлар фикр алмашадиган, бизнес режалари тузадиган хоналар ҳам алоҳида-алоҳида. Бу ердаги шарт-шароит, саришталикка ҳар қандай одамнинг ҳам ҳаваси келади.

Ўқув залини кўздан кечираёт­ганимизда эшик очилиб, ўрта бўйли, истарали йигит кўриниш берди.

– Фарҳоджон Имомалиев бўламан, Гуртепаданман, – дейди у. – Яқинда Тошкент аграр университетини тамомладим. Қишлоқ хўжалиги экинлари зараркунандаларига қарши курашиш бўйича мутахассисман. Шу соҳа бўйича сертификатим ҳам бор. Туман марказида, аҳолига қулай жойда “Ўсимликлар клиникаси” очмоқчи эдим.

– Жуда яхни ният қилибсиз, – дей­ди Шуҳратжон. – Биздан нима хизмат?

– Ер-жой-ку бор. Шу... Банкдан кредит олишимга ёрдам берсангизлар дегандим.

– Албатта ёрдам берамиз. Қанча?

– 150 миллион сўм.

– Яхши. Меҳмонни кузатгандан кейин бизнес режангизни биргаликда тузиб, банкка керакли ҳужжатларни ҳам шу ернинг ўзида тайёрлаймиз. Келишдикми?

– Раҳмат! – дейди кўзлари порлаган кўйи Фарҳоджон.

Ҳар қандай ишнинг тепасида шу ишнинг ҳақиқий усталари, фидойи­лари турганига не етсин! Бошқача айтганда, бировга йўл кўрсатиш учун одам, аввало, шу йўлларни ўзи босиб ўтган бўлмоғи керак. Бу ёғини сўрасангиз, Шуҳратжон Отахоновнинг мингбулоқлик ёш тадбиркорлар муаммоларини ўз елкасига олиб, катта ташаббусларнинг бошида туриши-да тасодифий эмас. У довруғи аллақачон бутун водийни тутиб улгурган кўп тармоқли “Отахон ўғли Солихон” фермер хўжалиги раҳбари. 105 гектар ери бор. Ҳар йили пахта, ғалладан мўл ҳосил етиштиради. Бу йил ҳам ҳар гектар майдондан 65 центнердан буғдой олди. Ғўза ривожи ҳам кўнгилдагидек. Жамоа эллик центнерлик маррани кўзлаб турибди. Фермер хўжалигининг икки автобуси, 7 та турли русумдаги қишлоқ хўжалик техникаси бўлиб, қўшни фермерларга ҳам хизмат кўрсатади. Бундан ташқари, фермер хўжалиги паррандачилик фермасига эга бўлиб, 10 минг бош товуқ парваришланиб, савдо дўконларига кунига 9 минг дона тухум етказиб бермоқда. Энди эса қорамолчиликни йўлга қўйиш ҳаракатида.

– Билганларимизни бўлажак тадбиркорларга ўргатиш, тажрибаларимизни ёшлар билан баҳам кўриш асосий мақсадимиз, – дейди Шуҳратжон. – Коворкинг марказимиздаги штаб кечаю кундуз ишлаб турибди. Машғулотларимизга туман, вилоятдаги йирик тадбиркорларни, иқтисодчи, ҳуқуқшунослар, банк ходимлари, психологларни ҳам жалб қиляпмиз. Йил охиригача яна 200 та лойиҳани ишга туширишни кўзлаяпмиз. Бу режамизни амалга оширсак, мингбулоқлик ишсиз ёшлар бандлиги таъминланади.

Хайрлашаётганимизда ташаббус­кор замондошимизнинг қўл­ларини маҳкам сиқиб: “Барча ниятларингиз ушалсин, ёшларга суянчиқ бўлинг!” дедик...

Ортиқали НОМОЗОВ,

“ХХI asr” мухбири