Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

МИНГТЕПА туризм масканига айланадими?

МИНГТЕПА туризм масканига айланадими?
Биз сайловчилар ишончини оқлашимиз учун иш ўринларига талаб юқори бўлган Марҳамат туманида ўнлаб тадбиркорлик субъектлари ва минглаб иш ўринлари яратиш имконияти мавжуд, жаҳон туризмининг қайноқ нуқтасига айланиши мумкин бўлган объект – Мингтепа ёдгорлигини музейлаштириш ташаббуси билан чиқмоқдамиз.
Бунинг учун биринчидан, Мингтепа тарихий-меъморий археологик ёдгорлиги, ундаги қимматли топилмалар ҳақида юртдошларимизга кўпроқ маълумот бериш, халқимизга келтирадиган моддий ва маънавий фойдаси, иқтисодий ва ижтимоий самараси, маънавий ва маърифий роли тўғрисида доимий тарғибот ишларини олиб боришимиз зарур. Иккинчидан, ёдгорликнинг археологлар томонидан очилган қисмларини тозалаб, ёғин-сочин таъсиридан сақлашимиз, келажак авлодга бус-бутун етказишимиз ва музей ташкил этиш мақсадида устини босқичма-босқич ёпиб боришимиз керак. Натижада, буюк ўтмишимиздан дарак берувчи, буюк ишларни амалга ошираётган Ўзбекистоннинг ҳозирги даврини тарихга муҳрловчи музей-шаҳар яратилади. Ҳунармандчилигимиз янада ривожланади. Учинчидан, ушбу обидага сайёҳларни жалб этишимиз, экскурсиялар ташкил этишимиз, туризмни ривожлантириш орқали ҳудудда тадбиркорликни ривожлантиришимиз лозим.
Бу йўлда биз ҳам қараб турганимиз йўқ, бир қанча ишларни амалга оширдик: Марҳамат туманида жойлашган, ўзимиз ташкил этган ва фаолият олиб бораётган “Турон” ўқув марказида мўъжазгина очиқ ва ёпиқ махсус “Мингтепа” музейи қуриб ишга туширилди, ички қалъанинг илмий хулосаларга асосланган уникал макетлари яратилди ва бу жой ўқувчилар, талабалар ҳамда аҳолининг билим олиш масканига айланиб улгурди. Бу ерда ҳар йили апрель ойида Мингтепа тарихи бўйича анънавий танлов ва музейлар кўргазмаси ўтказилади. Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг вилоят Кенгаши томонидан ўтказилган “Андижонда туризмни ривожлантириш” мавзусидаги семинарда бўлгани каби “Мингтепа тарихий меъморий ёдгорлиги базасида туризмни ташкил этиш ва тадбиркорликни ривожлантириш истиқболлари” мавзусида маърузалар ўқилди. Ёдгорлик ҳақида махсус видео кўрсатувлар, мақолалар, буклетлар, паннолар тайёрланди. Мингтепа ҳақида хитойлик олимлар 2 та китоб яратган бўлса, биз эътиборга молик альбом яратдик. Бундан ташқари фуқароларимиз ёдгорлик ҳақида тўлароқ маълумот олишлари учун ўқув марказимизнинг маънавият боғида ОАВ да чоп этилган материалларни ва фотосуратларни ўзида акс этган 22 метрлик панно ўрнатдик.  Натижада фуқароларимиз орасида бу нодир ёдгорликнинг тарихимиз учун, бугунимиз ва келажагимиз учун аҳамиятини тушуниб борувчилар кўпаймоқда.
Мингтепада туризмни ривожлантириш учун 2016-2017 йилларда учта халқаро туристик ярмаркаларда ўз кўргазмаларимиз билан иштирок этдик.
Энг қувонарлиси, Президентимиз Шавкат ­Мирзиёевнинг яқинда вилоятимизга ташрифи чоғида Хонобод, Булоқбоши ва Марҳамат туманларида туризмни ривожлантиш тўғрисида билдирган фикрлари бизни янада руҳлантирди.
Бу борада қуйидаги таклифларимизни баён этмоғимиз жоиз:
– Мингтепа археология объекти муҳофаза ҳудудини аниқлаш, атрофини панжара билан ўраш, муҳофаза белгиларини ўрнатиш, объектдаги ноқонуний қурилмаларни бузиб ташлаш учун рес­публика бюджетидан маблағ ажратиш;
– Ёдгорликка зарар келтирувчи ҳар қандай ҳаракатни зудлик билан бартараф этиш;
– Мингтепа тарихий-меъморий археологик ёдгорлигини яхши сақланиб қолинишига – музей-шаҳар барпо этилишига, Андижонда туризм­ни ривожлантиришга, ҳудудда инфратузилмани шакл­лантиришга, янги иш ўринлари яратишга, ушбу мақсадда ҳунармандчиликни ривожлантиришга ҳисса қўшиш учун инвестиция олиб кирмоқчи бўлган сармоядорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш;
– Марҳамат туманидаги барча маданий мерос объектларининг чегара ҳудудини аниқлаш ва кадастр ҳужжатларини тайёрлаш;
– Ёдгорликдан топилаётган осори атиқаларни сақлаш ва халқимизга ҳамда сайёҳларга намо­йиш этиш учун шу жойнинг ўзида барча қулайлик­лар, кўргазма залига эга бўлган замонавий музей қуриш;
– Лозим топилса, Марҳамат туманида саноатни ривожлантириш имкониятлари чекланганлигини, аграр соҳа ишга яроқли аҳолининг оз қисмини қамраб олганлигини, ҳудудда туризмни ривожлантириш учун объектларнинг кўплигини, бу ҳудуд экологик энг тоза туманлардан бири эканлигини, бу ердан шифобахш ҳаво оқими ўтишини, ер ости маъданларига тўйиниб чиқаётган зилол булоқларнинг кўплигини, тоғ ва адирлар билан ўралган ажойиб табиий иқлимга, манзарага эга эканлигини ҳисобга олиб, туризмни ва соғломлаштириш тизимини яратиш учун махсус давлат дастурини ишлаб чиқиш.
Ортиқали ҲУСАНОВ,
Халқ депутатлари Андижон вилояти
Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик
гуруҳи аъзоси