Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

МОМО ЎГИТ АЙТАДИ

МОМО ЎГИТ АЙТАДИ
Кексаларга ғамхўрлик – шарқона тарбия­мизнинг ажралмас бўлагидир. Бобоси ва бувиси бор оила фарзандларидан ўрнак олса арзигулик. Улар ақлли, доно, босиқ, ҳамма нарсанинг қадр-қимматига етадиган бўлишади. Ана шундай невара-чеваралар қуршовида юз билан юзлашаётган Паршаной ая Ўразқулова ҳар бир кунига шукрона айтади.
...Аянинг болалиги Бўка туманидаги Жамбул қишлоғида ўтди. Ёшлиги уруш йилларига тўғри келди. Юрт ўғлонлари фронтга кетишган. Барча юмушлар хотин-қизлар гарданига тушган. Урушдан омон қайтган ҳамқиш­лоғи Ҳусен Жаксикулов билан турмуш қурди. Тўрт фарзандни оқ ювиб, оқ тараб оёққа турғазишди. Урушда олган жароҳати туфайли Ҳусен ота 1969 йили вафот этгач, оила ташвиши аянинг ўзига қолади. Қийинчиликларга қарамай, фарзандларини тўғрисўз, меҳнаткаш этиб вояга етказди. Ҳозир 28 невара, 15 чевара, 2 эвара Паршаной аяга олам-олам қувонч бағишлайди.
– Бола тарбиясида ризқнинг ҳалол-пок бўлиши муҳим, – дейди у. – Пайғамбаримиз ҳам “Фарзандларимиз жаннат райҳонларидир”, деб бежиз айтмаган. Болаларим, келинларимдан, бугун ўзлари ҳам ота-она бўлган набираларимдан фарзанд тарбиясига катта эътибор беришни сўрайман.
Дарҳақиқат, кўнгил хотиржамликда умр кечириш, ҳалол меҳнат қилиб, эл корига яраш, фарзандлари камолини кўриб, қариганда роҳат-фароғатда яшаш бахти ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Бунинг сирини сўраганимизда Паршаной ая оддийгина қилиб жавоб бериб қўйди: “Арпа экиб, буғдой кутманг!”
Даврон ТЕМИРОВ,
Бўка туман Кенгаши БПТлар билан ишлаш 
бўйича бош консультанти