Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Мўйноқда “Қўқон боғи” яратилди

Мўйноқда “Қўқон боғи” яратилди

Орол денгизи муаммоси... Бу ибора ўтган асрнинг охирги чорагидан бери то ҳозиргача нафақат Ўзбекис­тон, балки дунё жамоатчилигини бирдай ташвишга солиб келяпти.

Қачонлардир Мўйноқ соҳилларида ўйноқлаган тўлқинлар ортга чекина-чекина қум барханларига фожиа чизгиларини йиллар ора тушириб келгандек гўё. Жайхун ва Сайхунни эмиб қудратга энган бу улкан, поёнсиз уммон ҳақидаги соғинчли ҳикоялар бугунги кун ёшлари учун эртакдек туюлади. Аммо тарихий ҳақиқат шуки, бунинг барчаси инсоният кўз ўнгида кечди. Нечоғлик аламли бўлмасин, ер юзида “харитага кирмаган саҳро” пайдо бўлди. Шу ўринда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқидаги мана бу таъкид бот-бот ёдга тушаверади: “Мана, менинг қўлимда – Орол фожиаси акс эттирилган харита. Ўйлайманки, бунга ортиқча изоҳга ҳожат йўқ...”

Давлатимиз раҳбари 2018 йилнинг декабрида Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасида Оролни қутқариш, унинг қуриган ҳудудида дарахтзорлар барпо этиш, жумладан, шу йилнинг ўзида 500 минг гектарлик ўрмон яратиш зарурати борлигига алоҳида эътибор қаратган эди. Шундан сўнг Оролбўйи минтақаси чинакам фидойилар маконига айланди, десак муболаға эмас. Айниқса, моҳир муҳандислар саъй-ҳаракати ўлароқ чўл қаъридан сув чиқарилгани, шўх-шодон булоқмисол отилаётган обиҳаёт тасвирларини кўрган ҳар бир кишининг кўзларига беихтиёр қувонч ёшлари келгани рост. Қушлар, борингки, наботот дунёси қайтаётгани рост...

 Ҳозирда Орол денгизининг қуриган ҳудудини саксовулзорга айлантириш, иссиқлик ва сувсизликка чидамли дарахт ниҳолларини экиш ишлари авжида. Табиий иқлим шароитининг бузилишидан азият чекаётган Мўйноқ шаҳарчасида ҳам катта ишлар амалга оширилмоқда. Бунинг учун аввало бир неча юз километр узоқликдан тоза ичимлик суви қувурлари тортилди. Кўплаб янги тиббиёт муассасалари қуриб, фойдаланишга топширилди.

Бундай хайрли ишларга нафақат қорақалпоғистонликлар, балки республикамизнинг турли ҳудудларидан келган минглаб кўнгиллилар бош қўшмоқда. Қувонарли томони, чекилган риёзат мева бера бошлади. Куни кеча минтақада кечаётган жараёнларни бевосита жонли ёритишни мақсад қилган Халқаро пресс-клуб аъзолари умидбахш муждани улашди. У ҳам бўлса, сал бурун қадалган саксовул уруғларининг нишона берган сурати эди. Тикиласиз, томоша қилиб тўймайсиз, назарингизда ниш урган саксовул эмас, бамисоли бойчечакка ўхшаб-ўхшаб кетади. Фарқи, қор ўрнига қумни ёриб чиққан ниҳолча. Демак, Орол уйғоняпти, мовий тўнини яшилга алмашлаяпти. Инсон кўмагини бугун ҳар қачонгидан-да кўпроқ ҳис қилаяпти.

Ният ила суқсанг таёқ...

Бошда айтганимиздек, Оролни қутқариш кампаниясида минглаб жонкуярлар қатнашмоқда. Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти Фарғона минтақавий филиали ўқитувчиси Рашидхон Шукуров ҳам ана шундай кўнгилли жонкуярлардан бири. Асли мутахассислиги тилшунослик бўлган қаҳрамонимиз Орол чекиниб, қум бўҳрони хавотирга соладиган Мўйноқ шаҳарчаси, тоза ичимлик суви муаммосидан азият чекаётган мўйноқликлар тўғрисида кўплар қатори ўйлаб юрарди. Ҳаттоки бир неча бор Қорақалпоғистонга бориб, Орол денгизининг сувсиз қолган ҳудудида дарахт экиб, боғ барпо этиш хусусида ҳам бош қотирди. Аммо қандай қилиб? Кун сайин нами қочиб, қақшаб бораётган тупроққа қай бир ниҳолни, уруғни эксаки, униб чиқса. Бунга уриниб ҳам кўрди. Самара бермагач, Фарғонага қайтиб, бу йўналишдаги тажрибаларини такомиллаштиришга аҳд қилди.

Жараён осон кечмади. Аввалбошда ёру биродар, хеш-ақрабо у қилаётган иш фойдасизлиги, вақтини ҳавога совураётганини кўп бора уқтиришга тиришдилар. Аммо олим мақсадидан қайтмади. Шўр ва унумсиз тупроққа чидамли ниҳолларни тоблаш йўлларини қидиришдан чарчамади.

– Излаган имкон топар деган ҳикматни халқимиз зап топиб айтган-да, – дейди педагог. – Ўрганишни теракнинг “Калифорния” навидан бошладим. Бу орада Калифорния ҳамда Хитой тераги, қоратол қаламчалари, бодом, Кан гули ва топинамбур картошкаси туганаклари яна бир нечта маҳаллий мевали ва манзарали дарахт кўчатларини синовдан ўтказгач, Мўйноққа йўл олдим. Тажрибам ўзини оқлади: қаламчалар бўй чўза бошлади.

Чамалаб кўринг, Фарғона водийси қайда-ю, Мўйноқ қайда. Йўл олис, ниҳоллар эса ҳали нозик. Бунисига ҳам майлику-я, Қорақарпоғистонга борсанг, “Келинг, кекса одам экансиз, мана сизга фалон гектар ер, ниҳолни қадаб боғингизни барпо этаверинг, раҳмат сизга”, дегувчи мард топилармикан?.. Рашидхон Шукуровда ана шундай ҳадик ҳам йўқ эмасди.

Ахийри, ўйлаб-ўйлаб Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти ректори, филология фанлари доктори, профессор Иброҳим Йўлдошевдан маслаҳат олишга қарор қилди. Институт раҳбари бу таклифни эшитгани ҳамоно хайрли ташаббусни қўллаб-қувватлашини, қандай ёрдам керак бўлса, барчасини инс­титут жамоаси ўз зиммасига олишини айтди. Бу ёғига ишлар тезлашди. 100 минг туп мевали ҳамда манзарали дарахт кўчатлари махсус юк машинада Мўйноққа жўнатилди...

Водийлик ҳашарчилар

У ёқда эса “Мўйноқда боғ яратамиз”, дея Фарғонадан келаётган ҳашарчилар дарагини эшитган Мўйноқ туман ҳокими Сайловбой Данияров қулочини кенг ёзди: Мўйноқнинг Оролга қўшилиб кетган еридан нақ 4 гектар жойни боғбонларга ажратиб берди.

– Бу ташаббусдан бошимиз кўкка етди, – дейди ҳоким. – Зеро, давлатимиз раҳбари ҳам ана шундай тадбирларни қўллаб-қувватлаш кераклигини таъкидлаб, Мўйноққа қилган ташрифи чоғида Орол ҳудудида кўплаб кўчатлар экиш лозимлигини, бу денгиз бўйи табиатини қайта тиклашга ҳамда атрофдаги аҳоли саломатлигини муҳофаза этишда муҳим аҳамиятга эга эканини уқтирган эди. Туман аҳли номидан бу ишга бош қўшганларга ўз миннатдорлигимни билдираман.

Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти ҳамда унинг Фарғона ва Нукус минтақавий филиаллари ходимлари, талабаларнинг бир неча кунлик саъй-ҳаракатлари натижасида Мўйноқда каттагина боғ барпо этилди. Дарахтзор туман ҳокимининг таклифи билан “Қўқон боғи” номи билан юритиладиган бўлди.

– Шу тажриба асосида икки-уч йилда Орол минтақасида миллионлаб кўчатлар етиштириш мумкин, – дейди лойиҳа муаллифи. – Кўчатлар беш-олти йилда катта дарахт бўлади. Кейин кесиб, қурилиш материаллари олиш, гугурт ишлаб чиқариш фабрикаси қуриш мумкин, бу билан юзлаб иш ўринлари яратилади, чиқиндисидан ўтин сифатида фойдаланилади. Кесилган тўнгаклардан ўсиб чиқадиган сурх новдалар тўрт-беш йилда яна азим дарахтга айланади. Буни ҳам савоб, ҳам тадбиркорлик деса бўлади.

Мингники миллионга уланади

Хайрли ташаббус бошқаларга юқмай қолмади. Энди мамлакатимиздаги қатор олий таълим муассасалари ҳам худди шундай боғ барпо қилмоққа бел боғлаган. Агар Мўйноққа борсангиз, “Қўқон боғи” биқинида Ўзбекистон Миллий университети ҳамда Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети жамоаси яратган боғни ҳам кўрасиз.

– Бу қанотли ташаббуснинг нақадар долзарблигини ва бугун мамлакат миқёсида қўллаб-қувватланаётганидан бошим осмонга етяпти, – дейди Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти ректори Иброҳим Йўлдошев. – Тасаввур қилайлик, республикамизда фаолият юритаётган ҳар бир олий таълим муассасаси ёки ташкилот турли майдонларга 100 минг тупдан кўчат ўтқазса, жами 100 миллион, балки ундан ҳам кўпроқ ниҳол экилиши мумкин экан. Агарда бу ниҳолларнинг 60-65 фоизи тутиб кетса ҳам, ҳудудда каттагина дарахтзор, боғ-роғ ва ўрмон ҳосил бўлади. Шу эмасми, халққа, Ватанга хизмат қилмоқнинг исботи.

Оролбўйи меҳмонларга тўлажак!

Айни пайтда Мўйноқ туманида кўплаб ишлаб чиқариш ҳамда ижтимоий объектлар барпо этилмоқда. Масалан, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 16 январдаги “Қорақалпоғис­тон Республикасининг Мўйноқ туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида маданий дам олиш паркини бунёд этиш учун l0 гектар ер ажратилди. 2 минг томошабинга мўлжалланган амфитеатр, Ёшлар маркази бинолари қад кўтариши режалаштирилмоқда.

Туризм соҳасидаги ишларни жадаллаштириш йўлида ҳам бир қатор амалий ишлар қилиняпти. Туман марказида “Ҳунармандлар аллеяси” ҳамда “Балиқчилар қишлоғи”ни ташкил этиш лойиҳаси, туман аэропортини реконструкция қилиш каби вазифалар шулар жумласидандир. Келгуси йилдан Нукус-Мўйноқ-Орол денгизи маршрути бўйича самолёт ва вертолётлар қатнови йўлга қўйилиши эса мезбонлар ва меҳмонлар учун ажойиб туҳфа бўлади. Эски кемалар йиғилган жойни эса Кемалар музейи замонавий мажмуасига айлантириш ва мукаммал таъмирлаш учун 3 миллиард 800 миллион сўм йўналтирилади.

Бугун нафақат Мўйноқ, балки бутун Орол атрофи ривожланиш, қайта тикланиш бўсағасида. Насиб қилса, яқин йилларда Оролбўйи гўзал ва дунё аҳли эътиборига тушадиган манзилга айланади.

Сардор ТУРОБОВ,
“XXI asr” мухбири