Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Муаммо 3 КУНДА ҳал бўлди

Муаммо 3 КУНДА ҳал бўлди
Пойтахтимизда жойлашган “Кўкча Оқтепа” бозоридаги сут ва сут маҳсулотлари растаси фақат эрталаб  одамлар билан гавжум бўларди. Бозор тонг саҳар соат 5 дан бошланар, бир неча соатдан кейин эса бу ерда ҳеч ким қолмасди. Негаки, бозорда сут маҳсулотларини сақлаш учун совутгичлар ўрнатилмаган эди. Бир гуруҳ сотувчилар ана шу масалада ёрдам сўраб, Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси Дилшод Шоумаровга  мурожаат қилишди.  
Партиямиз вакили бозорга бориб, мавжуд ҳолат билан бевосита танишди. Сут ва сут маҳсулотлари савдоси белгиланган баъзи талабларга жавоб бермаслигига ишонч ҳосил қилди. Сўнгра “Тошбозорсавдо” уюшмаси раиси С. Неъматуллаевга зарур шарт-шароитларни яратиш талаби баён қилинган депутатлик сўрови юборди. Эътиборлиси, мазкур сўров жуда тез қаноатлантирилди. Уч кун ичида бозор ҳудудига 2 та совутгич ўрнатилди.
– 230 савдо растасига эга “Кўкча Оқтепа” бозори 2010 йилдан буён аҳолига хизмат қиляпти, – дейди бозор мудири Норхўжа Баҳромов. – Аммо шу пайтгача сут ва сут маҳсулотлари растасида совутгичлар йўқ эди. Ҳозирча 2 та совутгич ўрнатилди. Кейинчалик яна 2 та ана шундай қурилма ўрнатишни режалаштиряпмиз.
Депутатлик сўрови натижаси юзасидан O‘zLiDeP Учтепа туман Кенгашида ишчи гуруҳ тузилиб, “Кўкча Оқтепа” бозорида назорат ишлари олиб борилди. Бозорга айни туш пайтида кириб келган ишчи гуруҳ сут маҳсулотлари совутгичларда тургани, “Қаймоқ бозори”да савдо давом этаётганига гувоҳ бўлишди.
– Совутгичлар ўрнатилгандан буён кечгача савдо қиляпмиз, – дей­ди сотувчи Гулноза Маҳаматова. – Даромадимиз сезиларли даражада ошди. Илгари сотилмай қолган маҳсулотларни сақлашга жой излаб, сарсон бўлардик. Ҳар куни оғир юк кўтариб юришдан ҳам қутулдик. Мушкулимизни осон этишда ёрдам берган O‘zLiDeP депутатидан миннатдормиз.
O‘zLiDeP Матбуот хизмати