Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Муаммосиз макон ҳам, инсон ҳам йўқ

Муаммосиз макон ҳам, инсон ҳам йўқ

Аввал хабар берганимиздек, O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси аппарати ҳамда партиянинг барча ҳудудий кенгашлари ва депутатлик корпуси вакилларидан иборат ишчи гуруҳлар жойларда “Обод қишлоқ” дастурига киритилган ҳудудлар аҳолиси билан юзма-юз мулоқот ўтказиб келмоқда.

Муҳими – натижа

Уйма-уй юриб, одамлар билан юзма-юз гаплашиш, уларни ўйлантираётган муаммоларни аниқлаш аслида ишнинг ибтидоси. Таъкидлаш жоиз, бунда партия  ўз олдига жуда катта, масъулиятли вазифаларни қўйган: мазкур дас­турга киритилган барча маҳалла фуқаролар йиғинларини қамраб олиш, хонадонларга тўғридан-тўғри кириб бориб, муаммоларни ўрганиш ва уларга ечим топиш, тадбиркор ва фермерларга кўмаклашиш, инвестиция жалб этишдаги тўсқинликларни бартараф этиш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш... Шунингдек, шижоатли партия лидерларини саралаб, ўқитиш ҳамда сиёсий кучнинг ғоя ва мақсадларини аҳоли орасига кенгроқ тарғиб қилиш ҳам асосий диққат марказида бўлди.

Ана шу мақсадлар билан август ойида отланган ишчи гуруҳ оз эмас, кўп эмас, 20 мингдан зиёд аҳоли ҳузурида бўлди. Табиийки, бу учрашувларда кўплаб масалаларда ёрдам сўралди. Айни пайтда ишчи гуруҳ уларга ижобий ечим топишга интилмоқда, бунинг учун ташкилотларга депутатлик сўровлари юборилиб, қатъий назоратга олинган. Туман, шаҳар, вилоят даражасида ҳал этилиши пайсалга солинаётган масалалар қайтадан ўрганилиб, тегишли вазирлик­ларга жўнатиляпти. Ишнинг қандай якун топганини билиш учун дам-бадам мурожаатчилар билан  боғланиб, шунга қараб иш тутилмоқда.

Хўш, ана шу тизимли саъй-ҳаракатлар бугун ўз самарасини беряптими, муаммолар қай даражада ечим топяпти? Шу ўринда масалани вилоятлар кесимида таҳлил этсак.

Қаерда қандай?

Самарқанд вилоятининг 14 та тумани ва 2 та шаҳридаги “Обод қишлоқ” (“Обод маҳалла”) Давлат дастурига киритилган маҳаллалардаги 1 689 та хонадонда  8 456 нафар аҳоли  истиқомат қилмоқда ва уларда 2 312 та муаммо аниқланди. Томорқалар учун оқар сув, истеъмол учун ичимлик суви етишмайди, ишсизлик, газ, электр энергияси таъминоти, кредит олиш билан боғлиқ камчиликлар, коммунал соҳадаги нореал қарздорлик, йўлларнинг талабга жавоб бермаслиги ва ҳуқуқий масалалар шулар жумласидандир.

Сўрамоқчи бўлиб турибсиз: хўш, муаммо-ку бор, аммо уларнинг ечими нима бўлаяпти, деб. Ҳамма гап ана шунда! Унда эшитинг: ҳозиргача 20 киши ишсизлик балосидан қутулди  (Булунғур, Иштихон, Оқдарё, Пахтачи туманлари ҳамда Самарқанд шаҳри бўйича. Бошқа туманларда эса ҳозирча амалий натижа йўқ). Ичимлик суви ва газ таъминоти етишмовчилигини ҳам бартараф этишга эришиляпти.

Аммо гуруч курмаксиз бўлмаганидек, баъзи масалаларни ҳал этиш бўйича ўзгариш йўқ. Масалан, кредит олиш истагини билдирган аҳоли таклифларининг қаноатлантирилиши кечикмоқда.  Бу борада умуман иш қилинмаяпти, деган хулосага бормаслик керак. Негаки, ушбу жараённинг оқсашида мурожаатчининг ҳужжатларни расмийлаштиришдаги ҳаракатлари ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Ҳар ерда бор тош-тарози

Наманган вилоятида ҳам салкам минг хонадон билан танишилди. Қизиғи, бу ерда ҳам юқоридагига ўхшаш норозиликлар билдирилди: газ, электр, кредит... Улар  бўйича халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари 78 та депутатлик сўрови чиқаришган эди, 70 тасига асослантирувчи жавоб  келди. Гапнинг индаллосини айтсак, банкдан сармоя олиш билан боғлиқ 260 муаммодан 123 таси ҳозиргача ечим топди! 

– Қандай қилиб даромадни кўпайтирсам, деб ўйлардим, – дейди Чортоқ тумани “Обод диёр” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи фуқаро Турғунпўлат Ҳамрабоев.   –Шундай пайтда партия фаоллари “Қандай кўмак керак?” деб келишганида ичимдагини айтдим. Улар “Ҳар бир оила – тадбиркор” ва “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастурлари доирасида тадбиркорлик билан шуғулланиб даромадни кўпайтириш мумкинлиги, бунинг учун банкдан кредит олиш таклифини беришди. Уларнинг амалий кўмаги ва маслаҳати билан мана шундоққина ҳовлимизда, кўз ўнгимизда 3,5 сотихли иссиқхона ташкил этдик. Ҳовлида бўлгани яхши-да, саҳар туриб ҳам, кечки салқиндами, қачон истасанг, ишлайверасан.

– Ишсизликдан қийналаётган эдим, – дейди Тўрақўрғон тумани Оқтош маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Нодира Бозорова. – Партиянинг бевосита кўрсатган ёрдами билан “Pure fruit trade” хусусий корхонасига ишга жойлашдим. Энди мен ҳам фойдали меҳнат билан бандман, бундан хурсандман.

Мудроқлар уйғоняпти

Андижон вилоятидаги учрашувлар давомида аҳолининг оғриқлари қалқиб чиқдики, бу чекка ҳудудларда халқимиз давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак тамойилига амал қилинмаётганини кўрсатди (ишчи гуруҳ 41 та маҳалла фуқаролар йиғинидаги  12 019 нафар аҳоли билан юзма-юз мулоқот қилди).

Дастурга киритилган маҳаллалардаги 27 681 та хонадонда 148 953 нафар аҳоли истиқомат қилади. Муаммолар ҳам рақамнинг ярмича! Демак, енгни маҳкам шимармаса бўлмас. Партия фаоллари бунга тайёрмикан?

Зафархўжа Раҳимов партия фаолларидан. Асака туманида у раҳбарлик қилаётган “Ширин газ сервис” масъулияти чекланган жамияти германиялик мутахассислар билан ҳамкорликда аҳолига маҳаллий хомашёдан хавфсиз ва инновацион хусусиятга эга маиший композит баллонларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйган. Ишчи гуруҳнинг ташрифидан сўнг жамиятда бошланғич партия ташкилоти фаолият бошлади.

– Андижон туманидаги Чем, Гумбаз, Чўнгбоғиш ҳамда Қўқонлик маҳаллаларида ичимлик суви тармоғини тортиш ишларини амалга ошириш давлат дастурига киритилган эди, – дейди халқ депутатлари Андижон туман Кенгаши депутати, партиянинг Андижон туман Кенгаши раиси Жасурбек Режавалиев. – Мана, фуқароларнинг мурожаатидан сўнг ер кавлаш ишлари охирига етказилди, муаммолар бартараф этилди.

Сир эмас, қаерга борманг, бундай муаммоларга  “тақ” этиб бош тегади. Изланганга имкон ҳамроҳ, “жим” турган депутатлар, мутасаддилар ишчи гуруҳ таъсирида уйғонгани бор гап.

Сармоя бўлса, иш бошлаш осон

Шаҳрихонлик Муҳайё Исроилова ишчи гуруҳ билан мулоқотидан сўнг боши осмонга етганлардан. Нега дейсизми? Бир неча йилдан буён дилига тугиб юрган хайрли нияти улар кўмаги билан ҳал бўлгани қувончнинг ўзи эмасми?!

– Ўзим чеварман, – дейди у. – Кичиккина бўлса-да, тикув цехи очиб, трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш орзуим эди. Мақсадимни рўёбга чиқариш учун туманимиздаги бир нечта идорага қилган мурожаатим жавобсиз қолиб, умидимни узгандим. Партия ходимлари эса менга кўмакдош бўлишди.  Ниҳоят,  ниятимга етдим.

Ҳа, Муҳайёнинг севинганича бор. Унинг хонадонида кичик трикотаж цехи иш бошлади. Ишчи гуруҳ кўмаги билан “Ҳамкорбанк”нинг Шаҳрихон туман филиалидан “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида ажратилган 9 миллион сўм миқдоридаги имтиёзли кредит эвазига тикув машиналари харид қилиниб, тадбиркорлик фаолияти йўлга қўйилди. Маҳсулотлари эса аллақачон бозор юзини кўра бошлади.

Олтинкўлликларнинг ҳам қувончини сизга улашгимиз келди.

– Мазкур туманда бўлганимизда асосий эътиборни давлат дастурлари доирасида ажратилаётган кредитлар масаласига қаратдик, – дейди O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси бўлим мудири Барно Абдуллаева. – Юртдошларимизнинг аксарияти ҳам шу масалада мурожаат қилишди. Йиллик 7 фоизли имтиёзли кредит олиш бўйича билдирилган 45 та мурожаатнинг  40 таси ҳал этилди.  Бу шунча аҳоли сармояга эга бўлиб, севимли ишини бошлагани ёки қайсидир йўналишда фойдали меҳнат билан банд бўлганини билдиради.

Жаҳонгир Маҳаммадов ҳам ана шундайлардан бири. У ўзи ташкил қилган “Муслима болажон” нодавлат таълим муассасаси фаолиятини кенгайтириши учун сармоя зарурлигини ишчи гуруҳга айтиб адашмаганини бугун ҳис қилиб, амалда исботини ҳам кўриб турибди. “Халқ” банкининг туман филиалидан олинган 1 миллиард сўм миқдоридаги кредит эвазига муассасада янги йўналишлар очилди.

Депутат сўрови ерда қолмади

Жиззах вилоятида ҳам кўтарилган масалаларни тизимли ҳал этиш бўйича зарур чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, шу асосда иш олиб бориляпти.

Сўз исботи билан: Янгиобод туманининг Совот ва Ҳовотоғ маҳалла фуқаролар йиғини аҳолисидан тадбиркорлик билан шуғулланиш учун  кредит олиш мақсадида 10 нафар, томорқа учун кредит олиш мақсадида 7 нафар ва бошқа турдаги  кредитлар бўйича 23 нафар фуқародан мурожаат келиб тушган эди. Ушбу масалалар юзасидан туман Кенгаши депутатлик гуруҳи раҳбари Ш. Раҳимов фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари туман кенгаши, Ёшлар иттифоқи туман кенгаши ҳамда “Қишлоққурилишбанк” туман филиали раҳбарларига депутатлик сўрови юборган эди. Мана, ҳозиргача уларнинг деярли тенг ярмининг талаби қондирилди. Қолганларининг зарур ҳужжатларини йиғиш, бизнес режа тузиш каби ишларига кўмаклашилмоқда.

Фориш туманининг Хонбанди ва Осмонсой маҳалла фуқаролар йиғинидаги ҳудудларда сув тармоғини тортиш давлат дастурига киритилган ва бу борада ишлар амалга оширилмоқда. Ҳозиргача ер кавланиб, полиэтилен трубалар монтаж қилинди. Ишнинг давомини доимий назорат қилиш  туман ва вилоят кенгашлари депутатлари Бозоргул Тўраева, Адиба Жабборова, Олимжон Эргашев, Мирзоҳид Аралов, Фарҳод Ўришевлар  зиммасига юклатилди.

Мирзачўл туманининг Ўзбекистон маҳалла фуқаролар йиғини Зулфия кўчасида яшовчи Азиза Абдуалимованинг тикув машинаси олиш учун кредит зарурлиги юзасидан мурожаати ўрганилди.  Партия туман Кенгаши депутати С. Азимова тижорат банкларига депутатлик сўрови юборган эди, иш осон ҳал бўлди. Ғалаба маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Шерзод Жабборовга эса қандолатчилик цехи очиш учун 27 миллион сўм имтиёзли кредит олишга кўмаклашилди. Зоминлик Анвар Ибодуллаев уй-жойини кадастрдан ўтказиш учун  маблағ тополмай қийналаётган экан, маҳалладаги тадбиркорлар уни қўллаб-қувватлашди...

 Мавзу давом этади

Биз бугун партия томонидан ўтказилган ўрганишлар ҳақида баъзи вилоятлар мисолида қисқача маълумот беришга ҳаракат қилдик. Лекин шу ўринда яна бир ҳақли савол туғилади. Хўш, бу учрашувлардан, ўрганишлардан дастлабки хулосалар қандай? Аввало, одамларда  тадбиркорлик ва бунёдкорлик иштиёқи янада кучаймоқда. Улар ўз фикр-мулоҳазалари, дард-ташвишлари, орзу-армонлари ҳукуматимиз эътиборида, муҳим ва аҳамиятли эканини англаб етишмоқда.

Ҳаёт бор экан, инсон бор экан, муаммолар ҳам бўлиши табиий, албатта. Шу маънода партиянинг аҳоли орасига кириб, одамларнинг дарду ташвишларини ўрганиши, мурожаатлари билан ишлаши ҳеч қачон кун тартибидан тушмайди. Газетамизнинг келгуси сонларида ҳам бу ишларнинг давоми ва натижалари ҳақида хабардор этиб борамиз. 

Нурхон ЭЛМИРЗАЕВА,

“XXI asr” мухбири