Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

МУДДАТИДАН АВВАЛ... депутатлар нега чақириб олинди?

МУДДАТИДАН АВВАЛ... депутатлар нега чақириб олинди?
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 12 июль куни Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан учрашувида кўтарилган масалалар давлат ва халқ ўртасида кўприк ҳисобланган депутатлардан ўз фаолиятини танқидий-таҳлилий қайта кўриб чиқишни тақозо этмоқда.
Депутатлик гуруҳларининг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолини ўйлантириб келаётган долзарб масалаларни чуқур ўрганиш ва ҳал этишдаги ўрни алоҳида. Аммо айрим депутатларнинг ўз ваколатларидан умуман фойдаланмаётгани, сайловчилар, партия тузилмалари ва депутатлик гуруҳлари билан алоқани бутунлай узиб қўйгани сир эмас. Уларнинг депутат сифатида жамиятга, халққа қандай фойдаси тегиши мумкин?
O‘zLiDePдан Халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгашига 19 нафар, туман ва шаҳар кенгашларига эса 107 нафар депутат сайланган. Улар сафида бугунги давр талабларини чуқур англаган, сайловчилари ишончини оқлашга интилаётган ташаббускор, фидойи инсонлар жуда кўп. Аммо гуруч курмаксиз бўлмаганидек, депутатлар сафида бепарво, лоқайдлари ҳам, афсуски, бор. Далилларга ўтайлик. Масъулларнинг маълум қилишларича, вилоят Кенгашидаги депутатларимиздан 2 нафари, туман ва шаҳар кенгашларидаги партиямиз вакилларидан 11 нафари партия билан алоқани буткул узиб қўйган.
– Яқинда зиммасидаги бурч ва масъулиятга совуққонлик билан қараган икки депутат – Мирзаобод туман Кенгаши депутатлари Машраббой Абдуваҳобов ва Абдусалом Мирраҳимовни муддатидан аввал чақириб олиш ҳақида Халқ депутатлари туман Кенгашига ёзма равишда мурожаат этдик, – дейди O‘zLiDeP вилоят Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Фахриддин Абдусатторов. – Фаолияти қониқарсиз бўлган бошқа депутатларимизнинг ваколатларини ҳам муддатидан олдин тугатиш масаласи кўриб чиқиляпти.
Ютуқлар ўзимизники. Камчилик­ларимизга эса тик боқиб, ўз вақтида бартараф этиб борсак, ютуқларимиз силсиласи яна бардавом бўлаверади.
Анорбой НОРҚУЛОВ,
“XXI asr” мухбири