Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Мулоқотлар, муаммолар, ечимлар

Мулоқотлар, муаммолар, ечимлар Шиддаткор замон ҳар бир мутасаддидан халқ ташвиши билан яшаш, аҳоли қатламларининг мавжуд муаммоларига оқилона ечим топиш, оддий одамларга яқин бўлишни талаб қилмоқда. Модомики, бугун қаерга қараманг, турли даражадаги мансабдорлар ҳам, электорат мандатини олган ноиблар ҳам жойларда учрашувлар ўтказаётганининг боиси шунда. Қатъий талабга муносиб фаолият кўрсатиш, билдирилган ишончни оқлаш осон эмас-да.

Парламент депутатларининг сайловчилар билан анъанавий учрашувлари ҳам сифат, ҳам сон жиҳатдан яхшиланаётгани, суҳбатлар мавзуси ранг-баранглиги эътиборга молик. Вакиллик органларига сайловлар йилидаги галдаги мулоқотлар, аввало, сайлов тизимидаги ўзгаришларни одамларга етказиш, аҳолини қийнаётган муаммоларни чуқур таҳлил қилишдан иборат бўлди.

Хоразм, Жиззах, Фарғона ва Андижон вилоятлари мисолидаги фикрларимиз, келтирган далилларимиз орқали депутатлар фаолиятининг нақадар самарадорлигига у ёки бу тарзда баҳо бериш ўқувчининг ҳукмига ҳавола.

“Дардимизни Клара опага айтамиз-да”

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси аъзоси Клара Жумамуратова сайловчилар билан очиқ мулоқот қилиш, аҳоли мурожаатларини тинглаш ва уларни имкон қадар жойида ҳал этиш чораларини кўриш мақсадида Урганч туманидаги мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим мактаблари, шунингдек, “Ёшлик”, “Гулзор”, “Шоликорлар”, “Мустақиллик”, “Қоравулқишлоқ” маҳаллаларида ўрганишлар олиб борди.

Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Хоразм вилоят Кенгаши мутасаддилари билан биргаликда ташкил этилган тадбирлар амалий натижаларга бойлиги билан ёдда қолди. Халқ орасидаги фаол депутат дастлаб 9-сон мактабгача таълим муассасаси фаолияти билан яқиндан танишиш асносида бу ерда фаолият кўрсатаётган ходимларнинг фикр-мулоҳазаларига қулоқ тутди. Мисол учун, Зилола Собирова ҳамшира хонасида бирламчи жиҳозлар етишмаслиги хусусида гап очган бўлса, бошқалар тарбиячиларнинг ҳар олти ойда тиббий кўрикдан ўтиш тартибини йиллик қилиб ўзгартириш юзасидан ўз таклифларини баён этишди. Зеро, бу жараёнга ходимларнинг қимматли вақтидан ташқари муайян маблағ сарфланаётир.

“Шоликорлар” маҳалласида яшовчи Феруза Бўронова оиланинг боқувчиси йўқлигини маълум қилиб, 5 нафар вояга етмаган фарзанди борлигини, кўп йиллардан бери уйининг томини шифер билан ёпишга маблағ топишга қийналаётганлигини айтди. Ушбу муаммога жонкуяр вакиламизнинг астойдил саъй-ҳаракатлари ва партиямизга аъзо тадбиркор
Ж. Матниязовнинг ҳомийлигида ечим топилди.

Икром Матсабуров эса депутатдан деҳқончилик билан шуғулланиши учун 1000 метр квадрат  томорқа ер ажратилишида кўмаклашишни сўради. Унинг мурожаати ҳам жойида ҳал қилинди. “Шоликорлар” МФЙ раиси Мақсуд Дўсчанов ҳудудда фойдаланилмай турган ерни И. Матсабуровга тез кунларда расмийлаштириб берадиган бўлди.

Мустақиллик кўчасида истиқомат қилувчи Илҳом Абдураҳмонов икки нафар қизи борлиги, уларни қизиқишларига кўра иш билан таъминлаш мақсадида уйининг ёнидаги ташландиқ ерда новвойхона ва тикувчилик цехи қуриш орқали тадбиркорликни бошлаш ниятида эканини таъкидлади. Мазкур масала юзасидан Урганч туман уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бўлими бошлиғи Зафарбек Ҳакимовга ер ажратиш ишларини жадаллаштириш юзасидан депутатлик сўрови юборилди.

Урганч шаҳрининг 6-даҳасидаги 9 қаватли 18-уйда яшовчи Рўза Машарипова анчадан бери лифт ишламаётганлиги сабабли жуда қийналаётганидан шикоят қилди. Муаммони жойида ўрганган депутат уни қисқа муддатда бартараф этиш чораларини кўришга ваъда берди. 

– Вилоят болалар шифохонасида биохимия лабораториясига қон таҳлили топшириш учун шифокорлар томонидан 35 минг сўм тўлов талаб қилинмоқда, – деди Урганч шаҳрида яшовчи Мавлуда Атажанова. – Даволаниш учун бундан ташқари яна кўплаб таҳлиллар сўралади. Дори-дармоннинг нархлари ҳаммага маълум. Ҳеч бўлмаганда вилоят шифохонасида ёш болалар учун таҳлилларни бепул қилишнинг иложи йўқми?

Бу борада ҳам фракциямиз аъзоси амалий кўмак беришини билдирди.

O‘zLiDeP Урганч туман Кенгаши аппарат раҳбари Гулистон Адамбаеванинг хабар қилишича, учрашувлар давомида депутат томонидан муаммоларни ўрганиш ва уларни ҳал қилиш чораларини кўриш баробарида фуқароларга мамлакатимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, хусусан, Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш борасида ҳаётга татбиқ этилаётган ишлар, янги қабул қилинаётган қонунлар мазмун-моҳияти бўйича кенг маълумот берилган.

Мурожаатлар ортида ташвишлар бор

Раваллиқ, Тоқчилик, Яккақайрағоч – Шароф Рашидов туманидаги маҳаллаларнинг айримлари холос. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Эркин Холбўтаев ана шундай аҳоли масканларида сайловчилар билан очиқ мулоқотлар ўтказди.

Тоқчилик маҳалласида яшовчи 152 нафар сайловчи иштирокида кечган юзма-юз мулоқотда дастлаб Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида кўтарилган долзарб вазифаларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти хусусида сўз борди. Шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвес­тициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида ҳамда давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 30-31 январь кунлари Жиззах вилоятига ташрифи доирасида белгилаб берилган вазифалар бўйича амалда бажарилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот бериб ўтилди.

Депутат нафақат жойларда учраётган камчиликларни аниқлаш, айни пайтда уларнинг сабабларини таҳлил этиш ва ечимини топиш мақсадида Шароф Рашидов туманидаги 30 дан зиёд оила аъзолари билан учрашиб, ўндан ортиқ муаммони кўриб чиқди. Уларнинг аксарияти уй-жой ва коммунал хизмат, бандлик, соғлиқни сақлаш, савдо ва маиший хизмат, банк-кредит, ичимлик суви таъминоти, транспорт хизмати ва йўл қурилиши билан боғлиқ масалалардир. Муаммоларнинг айримлари жойида, баъзилари “йўл хариталари”га киритилиши билан ечим топди. Қолганлари тегиш­ли вазирлик ва идораларга белгиланган тартибда ҳавола қилинди

Сайловчилар Раваллиқ, Тоқчилик, Яккақайрағоч маҳаллаларидаги ички йўллар таъмирталаблиги, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш даражаси пастлиги ва замонавий поликлиника йўқлиги, мактабларда ўқувчилар кўплиги учун хоналар етишмаслиги, электр ҳисоблаш ускуналарини янгисига алмаштиришда сансалорликлар юзага келаётганлигини айтишди.

Яккақайрағоч маҳалласи раиси Қудрат Фозилов “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури орқали имтиёзли кредитлар ажратишда ҳалигача банкларда кўплаб сунъий тўсиқлар мавжудлиги, кредит олиш тизимини янада соддалаштириш, ихчамлаштириш, чет эллардаги каби суғурта компанияларини кафиллиги, гаров таъминотини жорий этиш кераклигини, Тоқчилик маҳалласи раиси Қурбон Худойбердиев эса Саноат коллежи кўчаси дастурга тушган ва унга 90 млн. сўм маблағ ажратилган бўлса-да, лекин амалда ҳеч қандай иш бош­ланмаганлигидан арз қилишди.

Саноат касб-ҳунар коллежи директорининг маънавият ва маърифат ишлари бўйича ўринбосари Бахтиёр Тўраев телеканаллардаги ажабтовур сериаллар ва кўнгилочар кўрсатувлар, турфа рекламаларни миллий маданиятга мос тарзда тайёрлаш, тарбиявий аҳамиятга эга ижтимоий роликларни кўпроқ эфирга узатиш зарурлигини айтди.  23-мактабга 2009 йилда берилган компьютерлар ziyonet тармоғига уланмагани, 11-мактаб биносининг ярми иситилмаслиги бўйича ҳам мурожаатлар инобатга олинди.

Шунингдек, Эркин Холбўтаев “Жиззах пластмасса заводи” ишчи-ходимлари билан ҳам очиқ мулоқот ўтказди. Унда сайловчилар томонидан вилоят марказидаги шифохонанинг реанимация бўлими шароитларини яхшилаш, халқ таълими тизимини такомиллаштириш учун нафақадаги фахрийлардан иборат комиссия тузиш зарурлигига эътибор қаратиш кераклиги айтилди.

Самимий, ошкора руҳда ўтган учрашувларда мазкур ҳудудларда тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш, тижорат банклари томонидан кўрсатилаётган хизматларнинг сифати, имтиёзли кредитлар ажратилишининг ҳолати ўрганилди. Шунингдек, халқ ноиби янги иш ўринларининг яратилиши, бандлик муносабатлари, меҳнат бозоридаги аҳвол, пенсия таъминоти, ижтимоий нафақалар тўланиши каби масалалар билан  ҳам яқиндан танишди.

Сайловчи – холис баҳоловчи

Парламент қуйи палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси аъзоси Мавлуда Хўжаева Фурқат туманидаги сайловчилар билан учрашиб, янги қонунлар лойиҳалари, хусусан, айни кунларда қизғин муҳокама қилинаётган Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси ҳақида атрофлича тушунтиришлар берди.

Вилоят прокурори С. Турдиев билан биргаликда 100 га яқин фуқарони қабул қилиш жараёнида 24 нафар киши ишга жойлашиш, 7 нафари даволаниш, 23 нафари эса моддий ёрдам ажратиш юзасидан мурожаат қилди. Юзма-юз суҳбатларда аксарият сўровлар  мутасадди раҳбарлар иштирокида жойида ижобий ҳал этилди.

Ўрганишлар чоғида туманда олий маълумотли айрим мутахассислар ҳам ишсиз юргани маълум бўлди. Ушбу масала депутат иштирокида ҳар томонлама таҳлил қилинди. Жумладан, Гуласал Мадаминова 7-умумий ўрта таълим мактабида инглиз тилидан, Муҳайёхон Раҳмонова 16-умумий ўрта таълим мактабида информатика фанидан дарс берадиган бўлди.

Тўрғай, Мустақиллик, Чиркай, Болтакўл ҳамда Капа қишлоқларидан газ баллон масаласида мурожаат қилган жами 8 нафар фуқарога шу кунинг ўзида тегишли тартибда ёрдам кўрсатилди. Ишга жойлашишда кўмак сўраган 13 нафар киши эса ҳақ тўланадиган жамоат ишига йўналтирилди.

Депутатнинг учрашувлари хайрли ишларга уланиб кетди. Масалан, Султон қишлоғида яшовчи Турғуной Усмонова ногиронлик аравачаси билан таъминланди. Чиркай қишлоғилик Наргиза Бегматовага ҳомийлар ёрдамида тикув машинаси совға қилинди. Зиёдахон Жуманова Қўқон шаҳар тери-таносил касалликлари шифохонасида имтиёзли даволаниши учун ордер олди. Биринчи гуруҳ ногирони Бахтиёржон Раҳмонов туман марказий шифохонасига даволаниш учун ётқизилди.

– Менга ишониб овоз берган инсонлар ҳузурига келаётганимда кўнглимнинг бир четида хавотир туради. Нега десангиз, ўтган галги учрашувда кўтарилган масалалар назоратга олиниб, амалий ишлар бошланган бўлса-да, баъзида айрим мутасаддиларнинг лоқайдлиги сабабли яна ўз ҳолига ташлаб қўйилган ҳолатлар ҳам кўп учраган эди. Шунинг учун ҳар бир сайловчи мен учун қадрдон, ўзимнинг жондай жигаримга айланган, уларни қийнаётган ташвишлар менинг ҳам ташвишим эканлигини ҳар лаҳза ҳис қилиб яшайман. Бу борада давлатимиз раҳбарининг ҳудудларда, яқиндагина Наманган вилоятига ташрифлари чоғида аҳоли билан ўтказаётган самимий, жонли мулоқотлари бизлар учун ўзига хос ибрат мактаби бўляпти, десам, янглишмайман, – дейди фракциямиз аъзоси, парламент қўмитаси раиси, O`zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси ўринбосари Мавлуда Хўжаева.

Банклар қачонгача алдайди?

“Раҳим агро ривож” масъулияти чекланган жамияти томонидан 2018 йилда “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури бўйича Булоқбоши тумани аҳолисига 1 миллиард 200 миллион сўмдан ортиқ қийматга эга чорва моллари тарқатилган. Бироқ мазкур ҳайвонларни олган фуқароларга белгиланган тўловни амалга ошириш учун имтиёзли кредитлар масъул банклар томонидан айни кунга қадар ажратилмаяпти. Турли баҳоналар айтилади, холос. Олий Мажлис Қонунчилик палатасига 14-Марҳамат сайлов округидан сайланган Абдуллажон Ҳамрақуловнинг булоқбошиликлар билан учрашувида айни муаммо куюниб айтилди. Депутатнинг фидойилиги билан ушбу масала ечими томон дадил қадам ташланди. Банклар ҳаракатга келганидан ҳамма хурсанд.

Тумандаги 11-умумтаълим мактабида рус тили фанидан давлат стандартлари асосидаги қўлланмалар етишмайди. Бошланғич синфларнинг инглиз тили фани хоналари учун жиҳозлар мавжуд эмас. Мазкур муассасада хорижий тилларга эътибор сустми ёки масъуллар яхши ишламайдиларми? Шу каби саволлар ўртага ташланганида ҳар ким ўзини оқлашга ҳаракат қилди. Депутат мурожаатни ўргангач, ечимни Халқ таълими вазирлигига юборилган депутатлик сўрови жавобига қолдирди.

Яна бир муаммо тиббиёт соҳаси билан боғлиқ. Тумандаги 23-қишлоқ оилавий поликлиникасида биохимик таҳлил бўйича лаборант-ҳамшира йўқ экан. Бу масала билан илгари ҳам туман тиббиёт бирлашмасига мурожаат қилинганди. Бироқ шу кунгача жавобсиз қолаверган мурожаат Олий Мажлис депутатини “кутиб” турган экан.

– Депутатимиз кўмаги билан мазкур йўналишда қайта тайёрлов курсида ўқияпман, –дейди ҳудуддаги олий тоифали ҳамшира Ф. Арипова. – Ўқишни тамомлаб, шу оилавий поликлиникада таҳлил бўйича лаборант-ҳамшира вазифасида иш бошлайман.

O‘zLiDeP Булоқбоши туман Кенгаши аппарати раҳбари Мирзоҳид Парпиевнинг таъкидлашича, учрашувлар давомида депутатга тадбиркор ва фермерлар ҳам бир қатор саволлар билан мурожаат этишди. “Эко агроплюс” чорвачилик йўналишидаги фермер хўжалиги томонидан 2018 йил охирида Қозоғистондан 1 миллион долларга 300 бош наслдор қорамол олиб келиш бўйича шартнома имзоланган. Халқ банкига кредит олиш учун ҳужжатлар топширилган. Гаров таъминотига ҳам нотурар бинолар кўрсатилган. Кредит 22 фоизга чет эл валютасида берилишига келишилган. Бироқ банк томонидан фермерга ҳалигача белгиланган кредит ажратилмаган. Депутат бу масалага аниқ ечим топиш мақсадида депутатлик сўрови тайёрлади.

 Ваъдалар яхши, натижалар эса...

Олий  Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий  Кенгашлардаги O’zLiDeP депутатларининг Бухоро вилоятидаги сайловчилар билан юзма-юз учрашувлари очиқ мулоқот тарзида давом этмоқда. Хусусан, парламент вакиллигига 28-Ғиждувон сайлов округидан сайланган Шуҳрат  Бафоев иштирокида ўтказилган тадбир Бухоро  давлат  тиббиёт институтига  қарашли  академик   лицейда  ана шундай форматда ташкил этилди.

Унда дастлаб “Ёшлар - келажагимиз”  Давлат  дастурининг ҳудуддаги ижроси, айниқса, ёш  авлодни тадбиркорликка кенг жалб этиш давлат сиёсати  даражасидаги  муҳим вазифа  эканлиги қайд этилди. Таъкидлаш жоизки, ушбу лицейдаги 50  нафар педагог 500 нафарга  яқин ўқувчига фан асосларидан пухта билим бермоқда. Академик лицей ўқувчиларидан бири, Ғиждувон туман марказидаги  Бобур МФЙда  истиқомат қилувчи Жасур Бахшуллаев ўқишни битиргач, иссиқхона ташкил этиш ниятида. Бундай ёшлар мазкур билим масканида оз эмас, албатта.

Адлия,  солиқ  идоралари,  бандликка  кўмаклашиш  маркази,  Ёшлар  иттифоқи,  Савдо-саноат палатаси, “Ҳунарманд” уюшмаси, “Маҳалла” хайрия  жамоат фонди  туман  бўлимлари ва бошқа мутасадди ташкилотларнинг  раҳбарлари иштирокида ўтказилган  суҳбатда бошловчи тадбиркорлар, жумладан, аёллар ва ёшларни қизиқтирган саволларга  атрофлича  жавоб  қайтарилди.

Синтипон матосидан фойдаланган ҳолда кўрпа ишлаб чиқарувчи мўъжаз корхона   фаолиятини ривожлантириш Ғиждувон саноат коллежи битирувчиси Б.Ҳикматовнинг асосий мақсадига айланган. У мулоқот давомида тижорат банкидан  3  млрд. сўм кредит ажратишда  ёрдам сўради. Бугунги кунда “Гулистон” МФЙда фаолият кўрсатиб келаётган мазкур тикув цехида  18 кишининг бандлиги таъминланган бўлиб, ёш тадбиркорнинг орзуси амалга ошадиган  бўлса, бу кўрсаткич сезиларли равишда кўпаяди.

– 320 миллион сўмлик  бизнес-режани тузиб қўйганман, – дейди маҳаллий тадбиркорлардан бири Ф.Мардонов. – Ўз ихтиёримдаги таъмирталаб  бинолардан  бирини  талаб даражасига келтириб,  тренажёр  зали ташкил  этмоқчиман.

Парламентдаги фракциямиз аъзоси
Ш. Бафоев, O‘zLiDeP вилоят ҳамда  Ғиждувон туман  кенгашлари  масъул ходимлари,  бизнес соҳасининг  етук  мутахассислари  билан юзма-юз мулоқотда бўлган бошқа бир қатор ёш тадбиркорлар, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари ҳам ўз мурожаатлари  юзасидан тегишли йўл-йўриқ,  аниқ маслаҳат ва жўяли тавсияларни олдилар.

Шунингдек, Ғиждувон тиббиёт бирлашмаси,  хусусий   клиникалар, туман марказий поликлиникаси, қишлоқ оилавий поликлиникалари, “Ғиждувон  пахта тозалаш   корхонаси” АЖ,  Ўзбекистон ёшлар  иттифоқининг туман бўлими, умумтаълим мактаблари ва   мактабгача таълим муассасаларида ўтказилган учрашувлар  ҳам қизиқарли, савол-жавобларга бой бўлди.

O‘zLiDeP вилоятлар
Кенгашлари ва газетамизнинг
ҳудудий мухбирлари маълумотлари
асосида Озод РАЖАБОВ тайёрлади.