Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Муножот ЙЎЛЧИЕВА O‘zLiDeP аъзоси бўлди

Муножот ЙЎЛЧИЕВА O‘zLiDeP аъзоси бўлди

O‘zLiDeP Олмазор туман ҳамда “Ёшлик” талабалар шаҳарчаси Кенгашлари ва мазкур туман хотин-қизлар қўмитаси ҳамкорликда “Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, тадбиркор аёлларни қўллаб-қувватлаш – устувор вазифамиз” мавзусида давра суҳбати ўтказди.

Суҳбат қизғин, баҳс-мунозараларга бой бўлди, десак, янг­лишмаймиз. Негаки, мулоқотда қатнашган номдор тадбиркорлардан ташқари минг бир ҳадик билан эндигина бу соҳага кириб келаётган аёлларни ўйлантираётган саволлар кўп эди. Табиийки, бир тадбир доирасида ҳамма масалага ечим топилиши мушкул. Аммо сўзга чиққанларнинг оддий ҳаётий тажрибалари бошқаларга ижобий таъсир кўрсатишини инобатга оладиган бўлсак, бу учрашув анчагина фойдали бўлди.

Албатта, Олмазор туманининг истиқболи ниҳоятда баланд ва бу бизнинг партиямиз фаолларига ҳам катта масъулият юклайди. Бошқа ҳудудлардаги фидойи аёлларимизнинг обрў-эътибори, заҳматли меҳнати ва беминнат хизматларини асло камситмаган ҳолда ишонч билан айта оламанки, бизнинг Олмазор туманида ҳам олижаноб ва ҳақиқий ишбилармон аёллар сафи йил сайин кўнгайиб бормоқда, – дейди O‘zLiDeP Олмазор туман Кенгаши раиси, халқ депутатлари туман Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи раҳбари Раъно Ҳожимуҳамедова. – Бугунги давра суҳбатида, туманимиз ҳокимлиги, савдо-саноат палатаси тадбиркорларга кўмаклашиш маркази, Халқ банкининг туман филиали кредит бўлими вакиллари фаол иштирок этганини алоҳида таъкидлашни истардим. Нега десангиз, шу баҳонада тадбиркор аёлларимиз ўзларини қийнаётган қатор муаммоларга биргаликда ечим изланди. Бу эса қанча оворагарчилик ва расмиятчиликларнинг олдини олди. Аслида ҳамма йиғилиш, тадбирларимизда ана шундай амалий натижаларга эришишга ҳаракат қилишимиз керак. Энди қуруқ насиҳатбозлик, номига маъруза ўқиш, вақтни беҳуда кетказиш каби камчиликларга барҳам бермоғимиз лозим, деб ўйлайман.

Хуллас, биз давра суҳбатида кўтарилган долзарб масалалар, ечимсиз қолаётган айрим муаммолар, баъзи депутатларнинг фаолиятсизлиги, қўйингки, бугунги кунда барча маслакдош­ларимиз олдида турган масъулиятли вазифалар хусусида батафсил сўз юритмоққа шошилмадик. Боиси, пойтахтимиздаги энг нуфузли туманлардан бири ҳисобланган Олмазорда катта ишлар энди бошланяпти. Демак, партиямиз аъзолари, айниқса, тадбиркор хотин-қизларимиз бу борада ибрат бўлиш­ларига шубҳамиз йўқ.

Яна бир қувончли жиҳати, ушбу учрашув ниҳоясида халқимизнинг мумтоз   мақом санъатини дунёга таратишга муносиб ҳисса қўшиб келаётган Ўзбекистон халқ артисти Муножот Йўлчиевага O‘zLiDePнинг аъзолик гувоҳномаси тантанали равишда топширилгани кўпчиликни ҳаяжонга солди.

Авазжон БЕКМУРОТОВА,

“XXI asr”  мухбири