Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Муқаддам судланганларга кафолат хати берилмайди

Муқаддам судланганларга кафолат хати берилмайди

Сўнгги пайтларда ёшлар содир этаётган ҳуқуқбузарликлар, жиноятлар ҳақида оммавий ахборот воситаларида, хусусан ижтимоий тармоқларда кўп ва хўп гапирилмоқда. Бундай ҳолатлар тасвирга олинган лавҳаларни кўриб беихтиёр ёқа ушлайсан киши. Албатта шаҳар бедарвоза эмас, бу каби хатти-ҳаракатларни содир этганлар қонун олдида жавоб беришга мустаҳиқдирлар.

Фақат бир тушуниксиз ҳолат, хусусан айрим ижтимоий тармоқларда чала-чулпа, баъзида шов-шувлар ортидан қувиб, аудиторияни кўпайтириш учун бирёқламаликка асосан ёритилган ахборотлар халқимизда жиноят иштирокчилари ва уларга қўлланилаётган жазоларга нисбатан қониқмаслик, норозиликни келтириб чиқармоқда.

Масалан, жиноят содир этган ёшга Ёшлар иттифоқи ва маҳалла фуқаролар йиғини томонидан берилган кафолат хатлари, жабр­ланувчининг даъвоси йўқлиги, айбланувчининг қилган ишидан пушаймонлиги инобатга олиниб, озодликни чеклаш жазоси тайинланаётгани ёки жазодан озод этилаётгани ва ҳоказо.

Ўз навбатида бу каби баҳс-мунозаралар, қуйидаги саволлар тарозининг бир палласини босиб турибди: “Ёшлар иттифоқи ҳимоясига олишига ишонган ёшлар янада талтайиб, такрор жиноят содир этмаслигига ким кафолат беради?  Умуман кафиллик хати асосан кимларга, қандай жиноят содир этганларга берилади? Қайта жиноят содир этганларга кафиллик хати бериладими?..”.

Юртдошларимиз қалбини ўртаган ҳақли саволларга батафсил жавоб олиш мақсадида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши аппаратининг ҳуқуқий бўлим бош ҳуқуқшуноси Гўзал ТУРСУНМЕТОВАга мурожаат этдик ва қуйидаги жавобларни олдик.

– Ёшлар иттифоқининг судга кафолат хати кимларга берилади?

– Аввало суд залидан озод қилиш имкониятини берувчи кафолат хати жуда катта имтиёз, ишонч эканини эслатиб ўтишим лозим.

Президентимиз раислигида 2017 йил 15 ноябрь куни мамлакатимизда  ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида ёшлар томонидан содир этиладиган ҳуқуқбу­зарлик ва жиноятларнинг олдини олиш, шунингдек, ёшларга суд томонидан жазо тайинлашда Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг кафолат хатига асосан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо турини тайин­лаш механизмини жорий этиш бўйича таклифларни тайёрлаш юзасидан топшириқ берилган эди.

Шу муносабат билан ўша йилнинг  5 декабрида Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши ўртасида “Ёшлар масалалари соҳасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида”ги меморандум имзоланди. Меморандумга кўра судлар томонидан Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳудудий кенгашларининг ёшлар кафиллигига асосан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо турини тайинлаш механизми жорий этилди. Ўз навбатида ушбу икки тараф ўртасида Жиноят иши судда кўрилаётган ёшларнинг шахсини, оилавий шароитини, маънавий муҳитини ўрганиб чиқиш ҳамда ушбу шахсга ёшлар кафиллигини тақдим этиш тартибини белгиловчи қоидалар ҳам  тасдиқланди.

Кафолат хати Ўзбекистон ёшлар иттифоқи муассислигидаги Ёш Ҳуқуқшунослар Кенгаши томонидан судланувчи (ўн тўрт ёшга тўлган ва ўттиз ёшдан ошган 31 ёшга тўлмаган)нинг турар жойи, маҳалласи, ўқиш ва иш жойидан ижобий тавсифланган, етказилган зарар қопланган бўлиб, жабрланувчининг даъвоси йўқлиги ҳақидаги ёзма тилхати мавжуд бўлсагина берилади. Ёш Ҳуқуқшунослар Кенгаши судланувчи ёш (ёшлар)нинг жиноят ишлари кўрилаётганда уларнинг шахси, оилавий шароити, маънавий муҳитини ўрганиб чиқиш орқали судда жамоат ҳимоячиси тариқасида иштирок этиб, кафиллик бериш орқали уларни жавобгарликдан ёки жазодан озод қилишда иштирок этишни, қолаверса ёшларга беғараз ҳуқуқий ёрдам кўрсатишни ўзининг асосий вазифаларидан бири этиб белгилаган.

Кафолат хати оғир жиноят қилганларга, тўғри йўлга қайтмаганларга ва турли диний экстремистик оқимларга кириб қолиб, соғлом турмуш тарзини йўқотганларга берилмайди, шунингдек, муқаддам судланганларга ҳам!

Номи қайд этилган қоидаларга мувофиқ Ёшлар иттифоқи ҳудудий Кенгаши томонидан жиноят иши кўрилаётган ёшларга нисбатан кафолат хати берилган тақдирда, судлар  мазкур ёшларнинг шахси, оилавий шароитини ўрганиб, жазони енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатларни инобатга олиб, жазони енгиллаштириши, жавобгарликдан ёки жазодан озод қилиши мумкин. Мазкур тоифадаги ишларга жазо тайинлашда судлар томонидан Ёшлар иттифоқи ҳудудий Кенгаши билан бирга фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига кафилликка олинувчи шахсни соғлом муҳитга қайтариш бўйича аниқ мажбуриятлар юклайди.

Бугунги кунга қадар ҳудудларда адашиб жиноят йўлига кирган, жиноий қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлган 502 нафар ёш Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳудудий кенгашларининг кафиллиги асосида суд залидан озод қилиниб, судлар томонидан уларга озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тури тайинланди.

Жумладан, Қорақалпоғистон Рес­публикасида 9 нафар, Андижон вилоятида 10 нафар, Бухоро вилоятида 6 нафар, Жиззахда 46 нафар, Қашқадарёда 13 нафар, Навоийда 37 нафар, Наманганда 108 нафар, Самарқандда 66 нафар, Сирдарёда
24 нафар, Сурхондарёда 11 нафар, Фарғонада 28 нафар, Хоразмда 35 нафар, Тошкент вилоятидан 43 нафар, Тошкент шаҳридан эса 51 нафар ёш кафолат хати асосида суд залидан олиб чиқилган.

– Жиноят содир этиб, озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазони ўтаётган  ёки жазодан озод қилинган ёшлар билан ишлаш алоҳида масъулият талаб этади. Уларнинг жиноят кўчасига қайта қадам босмасликлари учун таълим-тарбияни янада кучайтириш, бандлигини таъминлаш, умуман назорат жуда муҳим, шундай эмасми?

– Албатта,  мазкур тоифа вакиллари билан профилактик ишлар самарадорлигини ошириш, такрорий жиноятлар содир бўлишининг олдини олиш, вояга етмаганлар ўртасида ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш, ёшларни ўқиш ёки касбга йўналтириш борасида мақсадли бир йиллик индивидуал дастурлар ишлаб чиқилган ва у амалиётга тадбиқ этилмоқда. Дастурга асосан, ёшлар кафиллиги тақдим қилиниб, суд залидан озод этилган ёшларнинг 445 нафари доимий иш билан таъминланди. Бунда айниқса Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳузуридаги “Yoshlar – kelajagimiz” жамғармаси орқали йиллик 7 фоизлик кредитлар ажратилаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Ўқувчи ва талаба ёшлар  эса мактаб, коллеж ва олий таълим муассасаларида ўқишларини давом эттиришларига эришилди. Қолганларини ҳам доимий иш билан таъминлаш мақсадида меҳнат ва бандлик органларига мурожаат қилинган. 

Мана масалан, Жиноят кодексининг 140-моддаси (Ҳақорат қилиш) билан айбланган самарқандлик
Р. Тиркашев кафиллик орқали суд залидан олиб чиқилган эди. Бугунги кунда Ёшлар иттифоқининг ташаббуси билан у Пастдарғом Хизмат кўрсатиш ва сервис коллежида ёшлар етакчиси лавозимида ишламоқда.

Ёки андижонлик Санжарбек Нишонов фирибгарликка қўл ургани учун унга айблов эълон қилинган эди.  Кафиллик орқали унга озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тури тайинланди ва суд залидан олиб чиқилди. Ҳозирда Санжарбек “Андижон такси люкс” масъулияти чекланган жамиятида назоратчи лавозимида фаолият юритмоқда.

Бундай имконият 1999 йилда Тошкент шаҳрида туғилган Ж. Отаёровга нисбатан ҳам қўлланилди. Ўғирликка қўл урган бу йигитга ҳам кафиллик тақдим этилгач, унга нисбатан белгиланган жазо енгиллаштирилди ва у коллежнинг 3-босқичига таълим олиши қайта тикланди.

Албатта бундай ёшларимиз билан жойларда манзилли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Суд залидан озод қилинган ёшлар бир йил давомида Ёш ҳуқуқшунослар Кенгашининг назорати остида бўлади. Ундан сўнг турар жойдаги ИИБ, маҳалла жамоатчилиги ихтиёрига топширилади. Энг муҳими, олиб борилган тадбирлар самараси ўлароқ жиноят содир қилиб кафолат хати остида озодликка чиққан ёшлар орасида кайта жиноят содир этиш ҳоллари кузатилмади.

– Хорижий давлатлар судлари томонидан жавобгарликка тортилаётган ёшлар ҳам бундай имкониятдан фойдаланишяптими?

– Албатта, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи нафақат мамлакатимизда, қолаверса турли сабабларга кўра хорижда ишлаш ёки ўқиш жараёнида билиб-билмай хатоликка йўл қўйган ёшларимизни ҳам тўғри йўлга тушиб олишига кўмакчи бўлмоқда.  Шу кунга қадар чет элда тутқунликда турган, жиноят содир этгани учун қамалиб, Ўзбекистонга келолмасдан юрган 9 нафар ёшларимизни ота-­оналари бағрига қайтариб келишга эришдик. Бунда  иттифоқимиз қошида фаолият юритаётган  Умумжахон ёшлар ассоциацияси билан ҳамкорликдаги ишларимизнинг аҳамияти катта.

Умуман олганда давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари билан амалиётга жорий этилган мазкур ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад – билиб-билмай жиноят кўчасига кириб қолган ёшларни жамиятдан, оиласи бағридан, ўқишидан ажратмаган ҳолда соғлом ҳаётга қайтаришдир. Улар жамоатнинг орасида бўлгани ҳолда хатоларини англаш ва тушуниб етишлари ва ўз меҳнатлари билан жамиятга фойда келтиришларига имкон яратсак, биз ўз мақсадимизга тўла маънода эришган бўламиз.

“XXI asr” мухбири
Нурхон ЭЛМИРЗАЕВА
суҳбатлашди.