Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Мурод Муҳаммад Дўст: Моддий ғаразни енгиш жуда қийин

Мурод Муҳаммад Дўст: Моддий ғаразни енгиш жуда қийин Мурод Муҳаммад Дўстнинг ижоди ҳақида гап кетганда жаҳондан келамиз, ҳали у, ҳали бу ёзувчини, адабий услубларни тилга оламиз. “Дашту далаларда”, “Бир тойчоқнинг хуни”, “Дарвоза ёнидаги ит” ҳикоялари, “Истеъфо”, “Мустафо”, “Галатепага қайтиш” қиссалари, “Лолазор” романини мазмунан тўлдириб турган материал миллий, ўта миллий эканини эътибордан қочирамиз. Яна, адиб жаҳон адабиётидан қанчалик ўқиб-ўрганган бўлмасин, асарларида Эргаш Жуманбулбул, Ислом шоир каби достончилар муҳитида униб-ўсганлиги сезилишини унутамиз. Мурод Муҳаммад Дўст деб аталмиш адабий ҳодисага мана шу ракурсдан ҳам қараш керак, назаримизда.

Ёзувчининг арбоб сифатидаги фаолиятига келадиган бўлсак, бу борадаги қарашларнинг кескин қарама-қарши бўёқларда эмаслигини эътироф этмоқ жоиз. Мурод Муҳаммад Дўст бир суҳбатида сиёсатга аралашган одамнинг тозалигини ўзининг мисолида шубҳа остига қўйган бўлса-да, жамиятимизга очиқ фикрли раҳбар кадрлар қанчалик зарурлигига ҳам унинг мисолида яна бир карра ишонч ҳосил қиламиз. Халқининг кўзига тик боқиб, пок виждон билан сўзламоқ, ҳар қандай вазиятда Инсонлигини сақлаб қолмоқ фақат ижодкору амалдорга эмас, балки ҳар бир киши учун чинакам бахтдир. Мурод Муҳаммад Дўстнинг ҳали нашр этилажак асарларида ушбу мавзуга албатта қўл урилган бўлса, ажаб эмас. Ҳозирча эса турли йилларда эълон қилинган суҳбатларидан айрим иқтибосларни ўқиб турамиз.

***

Мендан кўпинча сўрашади: «Цензура, бошқа, шунақа нарсалар бўлдими?» деб. Йўқ, «Ўзбеккино»да ишлаган пайтимда бирор марта цензура, тазйиқ бўлганини эслай олмайман. Чунки кўпинча мен масъул гапни бўйнимга олардим ва жавоб берардим. Бирорта одам мендан «Нимага бунақа бўлди?» деб сўрагани йўқ. Менимча, кўп одам кўрди (“Дев билан пакана” фильми ҳақида гап кетмоқда – таҳр.), ўзим буни кутмагандим. Пакананинг образи одамларга ёққан бўлиши мумкин, омадсизроқ бир одам-ку! Омадсизроқ одам ҳақида ёзсангиз ютасиз, чунки одамларнинг 99 фоизи омадсиз-ку! Ўзини кўради-да, кейин балки асарни ҳам яхши кўриши мумкин. Бугунги миллий кинода миллий характерлар бўлиши керак. Ҳалқнинг, миллатнинг ҳаёти бўлиши керак. Кўпроқ ўйлаб топилган нарсалар ҳозир. Қолаверса, шахсий студиялардан олинадиган жуда бемаза асарлар кўпайиб кетган. Бирорта бир расм бўлган эстрада ашулачисини қаҳрамон қилиб олишади-да, кейин ўшанинг атрофига тасвир йиғишга ҳаракат қилишади. Коммерция руҳи жуда устун. Фақат коммерцияни ўйламасдан, пул йиғиш мумкин бўлган яхши фильмлар ҳам қилиш мумкин. Лекин бунинг учун ҳам озгина ирода керак, бунинг учун хоҳиш керак. Барибир жиддий фильмлар бор. Қолаверса, биз томошабинни бузиб қўйганмиз. У енгил-елпи нарсаларга кўпроқ боради. Жиддийроқ ўйлантирадиган нарсага одамлар бормайди ҳисоб. Нафақат ўзбек фильмлари, чет фильмларининг ҳам бирор бир жиддий муштлашувлар бўлмаган фильмларни олиб келиб қўйинг, одам деярли тушмайди ҳисоб. Одамлар кинотеатрга ўйлаш учун, мушоҳада қилиш учун, қаҳрамонга қўшилиб йиғлаш учун кирадиган бўлиши учун ҳам вақт керак.

***

Балки ишонмассиз, лекин энг каззоб одам ҳам Худо ёрлақаб амалга, ҳукумат тепасига келса, яхши ният билан келади. Лекин келгандан кейин унинг мавқеи, кучи орқали яхши-ёмон ниятларини амалга оширишга интиладиган гуруҳлар пайдо бўлади. Тушунганим шуки, мавқега олижаноб орзулар билан келган одам, эзгу ниятларини амалга ошириш ўрнига, ҳокимиятини ҳимоя қилиш ҳақида ўйлай бошлайди. Ҳамма ёққа шубҳа билан қарай бошлайди. Унинг умри хароб қишлоқни лолазор қилиш эмас, ўзини ҳимоя қилиш билан ўтади. Ўзи билан ўзи овора бўлиб қолади. Атрофдагиларни биласиз, сиз зўрсиз, сиздан яхшиси бўлиши мумкин эмас, деб мадҳия ўқийди. Хуллас, ҳокимиятнинг моҳияти ҳеч қачон ўзгармайди.

Бир кун Ислом ака раҳматли “Мурод, мен баъзида қўрқиб кетаман, ҳеч ким менга эътироз билдирмайди. Ахир, мен Худо эмасман-ку” деб қолди. “Чекингизга тушгани шу, сизга ҳеч ким рост гапирмайди”, дедим. Балким одам ўзини ўзи кўпроқ тергаши керакдир. Дастлабки пайтларда у одамларни эшита оларди. Тўқсонинчи йилларда “федерацияга ўтамизми ёки конфедерациягами” деган савол туғилди. У киши гўё федерация тарафдори бўлди. Биз конфедерация деб туриб олдик. Тўрт киши эътироз билдиравердик. Ниҳоят, “Сизлар енгдиларинг, конфедерация бўлгани маъқул экан”, деганди. Бир-икки марта мени мақтаманглар, хушомад қилманглар, танқид қилинглар, деб ҳам айтганди. “Йўқ, эътироз билдирамиз! Сиз қилаётган тарихий ишларга муносиб баҳо бериш керак”, деб тескариси қилинди. Туппа-тузук одамни ҳам йўлдан урамиз.

***

Ҳукумат тепасига ҳалол-тоза одамлар келса халқ ютади. Ҳалолликдан ҳам кўпроқ юксак дид керак. Дунё сиёсатини, дунё маданиятини, дунё цивилизациясини тушунадиган, кенг фикрлайдиган, юксак даражада фикрлайдиган шахслар… Ўшандаям ҳаммаёқ “лолазор” бўлиб кетмайди. Ҳам маданиятни, ҳам адабиёт ва санъатни, камида дипломатияни тушуниш жуда қийин иш-да…

***

Амал, унвон – булар ҳеч нарса эмас. Одамзотнинг кўзи бир ҳовуч тупроққа туяди-ку. Қаноат қилган одам ютади. Бир замонлар Қашқадарёда 108 ёшли чол билан учрашган эдим. Қандай қилиб шунча ёшга кирдингиз деб сўраганимда, “Болам, мен ўзимни ҳаммадан паст олдим”, деганди. Одамзот озига шукур қилиш керак. Ҳамма нарсага эришишнинг иложи йўқ. Битта яхши ҳикоя ёзсанг ёки ўқисанг, бир шеърдан таъсирлансанг, шунга хурсанд бўл. Фақат бадбин бўлмасанг, ҳасадгўй бўлмасанг – бировнинг боғи сеникидан яхшироқ, яшилроқ туюлмаса бўлди. 

***

Ҳар бир одамнинг кўнглида орият бўлса, ўзини ҳурмат қилса ялоқхўрлик қилолмайди. Хушомад қилаётган одамда мен шахс кўрмайман, ҳурмат қилмайман! Билиниб турибди-ку, таг-тагда илинж ётибди. Замонавий яхшибоевлар ўзидан, ўтаётган умридан мамнун. Улар ўзининг аҳмоқлигини билмайди! …Ва шуниси билан бахтиёр. Бир замонлар биттаси “Қўшиқ ёзсанг Акмал акадай ёзсанг-да”, деганди. Акмал Пўлатни менга мезон қилиб кўрсатганди. Ҳозир Акмал акаларнинг замони келди. Кинода ҳам, журналисткада ҳам, адабиётда ҳам. Баъзида уларга ҳавасинг ҳам келади. Ўзидан мамнун, дунёдан мамнун, у ёзмаса ким ёзади?! Доим ҳозиржавоб туради. Мен яхши гапни айтишга ҳам истиҳола қиламан. Улар яхши бўлсаям мақтайди, ёмон бўлсаям. 

***

Аввал дидни тарбиялаш керак. Шунинг учун ҳам жамиятнинг – адабий муҳитнинг, кинематографик муҳитнинг, мусиқий муҳитнинг шаклланиши-юксалиши учун биринчи ўринда дид керак. Мен бекорга додлаётганим йўқ, ўртамиёна нарсаларни мезон қилиб олаётганимиз бизнинг дидимиз тушиб кетаётганини кўрсатиб турибди. Бўлажак актёрлар, ёш театршунослар билан гаплашганим сайин қайғуга чўмиб боряпман. Кўп нарса билмайди, кўп нарса ўқимаган. Афсус, мажбур қилолмайсан.

Яхши асарнинг миллати бўлмайди. Чукча ўқиса, ўзининг чукчачасига тушунади, ўзбек ўқиса ўзбекона тушунади. Ўтиш даврида яшаган одамларнинг шўри қурсин, деган гап бор. Сизларнинг авлодларингизнинг чекига шундай давр тушди. Парокандалик бошланди, қалайи-қалбаки даҳолар пайдо бўлди. Ватанпарварликка ортиқча урғу бериб, ҳеч кераксиз фанларни киритиб ташладик. Ура-патриотизм авж олди. “Мустақиллик” сўзини хор қилиб ташламаслик керак. “Мустақиллигимиз” деб гап бошлаши билан, демак, сен ҳали тўлиқ мустақил эмассан, деб ўйлайман. Нима кераги бор? Сўзнинг қадри йўқолиб кетди. Қанчалик кам ишлатсак, бу тушунчанинг қадри ўшанча баланд бўлади. Дидсизлик расмий даражага кўтарилган, шиорларга айлантирилган. Наҳотки, фаросатли одамлар йўқ? Бор. Лекин айтгани қўрқади. 

***

Бугунги ёзувчи ва шоирларда журъат етишмайди. Воқеаларга, аниқроғи, Сиз айтмиш воқеликка берадиган баҳоларимиз расмий баҳо ёки талқинга зид келиб қолишидан чўчиймиз, шекилли. Билмаймизки, воқеликка баҳо бериш учун бақириб-чақириш, айюҳаннос солиш шарт эмас. Бунинг учун алоҳида тоифа – ҳуқуқ ҳимоячилари (негадир уларни “ҳуқуқхўр” деб атагим келади) мавжуд. Бизнинг вазифамиз – воқеликни бадиий идрок этиш, холисона, босиқлик билан бадиий идрок этиш. Шўролар замонида ёзилган ва бугун яшаб келаётган кўпчилик яхши асарлар шу йўсинда битилган.

 

***

Табиийки, бозор муносабатлари ўзига мос нарсаларни юзага чиқарди: бозор адабиёти, бозор санъати… киноси, куй-ашуласи, рақси… Бу суррогат шакллар катта даромад келтиради. Албатта, уларнинг ўз мухлислари бор. Боргина эмас, жуда кўп – минглаб, милёнлаб. Бир сўз билан айтадиган бўлсак – масскульт, яъниким оммавий маданият.

Адашмасам, “Мустафо” деган қиссада қадим файласуфи Зуннун Мисрийнинг сўзларидан иқтибос келтирган эдим. Маъноси шуки, илм одамлардан тортиб олинмайди, аммо билгувчилар йўқолади. Билгувчилар йўқолгач, нодонлар тепага чиқиб оладилар. Улар ўзлари адашгани етмагандай, ортларидан бошқаларни ҳам етаклаб кетади…

Ўзбек оммавий маданияти кимларнинг етовида эканини аниқ билмайман. Албатта, етакда кетаётган одамларга ҳавас қилиб бўлмайди. Лекин бу жараённи тўхтатиш мумкин эмас – ўртага пул, катта сармоя тикилган. Эстрада савиясини кўтариш борасида қанча қарор қабул қилинди, лекин савия сабил ҳали-ҳануз тош асри даражасида собит турибди. Фақат бир нарса – Россияда ҳам, Туркияда ҳам, Қозоғистону Тожикистону Қирғизистонда ҳам аҳвол шу экани таскинга зор кўнглимизни озгина юпатади. Бошқа тилларни тушунмайман, лекин ўзимча тусмол қиламанки, биз ҳавас билан қарайдиган Мағриб мамлакатларида ҳам аҳвол бундан ортиқ эмас. Яъники, кўпга теккан касал. Недир янги ва кўпроқ даромадли ўйин ёки томоша турлари ўйлаб топилса, бугунги нағма ва муқомлар тез орада ўтиб кетиши ҳам мумкин.

 

***

Инсон кўнглидаги гўзаллик туйғуси муқим қолади, албатта. Мезонлар ҳар кун ўзгариши мумкин. Айниқса, аёл чиройи борасида. Аслида, Рубенс чизган семиз хонимлар билан бугун саҳналарда муқом қилиб юрадиган қилтириқ моделлар ҳам бирдай гўзал. Умуман, хунук аёлнинг ўзи бўлмайди. Менинг бир ажойиб синфдошим маҳбубасига шундай баҳо бергани ёдимда: “Роса чиройли, оғзи тўла тилла тиш, ҳар бармоғида иккитадан тилла узуги бор!” Мен ўша пайт ичимда кулган эдим. Лекин бугун ўйлаб кўрсам, у ҳам ўзича ҳақ экан. Яъниким, ҳар кимники ўзига, ой кўринар кўзига… 

***

Дунёда тўкис одамнинг ўзи йўқ. Бировда эзгу фикр, эзгу сўз бўлиши мумкин, лекин амалга келганда оқсаб қолади. Бугунги оташин ислоҳотчиларнинг ҳаммаси шундай. Фикр ва сўзни тузатиш мумкиндир (балки сўзни тузатиш шарт ҳам эмасдир, негаки ҳамма – ўғри ҳам, тўғри ҳам – жуда эзгу сўзларни гапиради), лекин моддий ғаразни енгиш жуда қийин. Эзгу амалнинг асосий кушандаси – нафс. Жамият мукаммал бўлишини, ҳалол меҳнат кунлик эзгу амалга айланишини кутамиз энди.