Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

МУРОДИНГИЗ УШАЛАВЕРСИН, МУРАТ!

МУРОДИНГИЗ УШАЛАВЕРСИН, МУРАТ! “Шуҳрат” медали соҳиби, O‘zLiDeP фаоли, тадбиркор, спортчи ва яна...бир дунё фазилатларга эга бўлмиш замондошимиз тақдир битикларидан айрим лавҳалар:

...У тўртинчи синфда ўқиётганида спортнинг яккакураш турларига қизиқиб қолди. Айни шу даврдан бошлаб кураш ва дзюдо тўгаракларига қатнаш доимий машғулотига айланди. Мушаклари тез қотди. Тош кўтариш ва югуришда тенгдошларидан ўзадиган бўлди. Мураббийлар ҳам чайир болани эрта пайқашди. Асосий урғу маҳоратни оширишга берилгани боис ўсмирликнинг турли йилларида ёшига яраша вазнларда Нукус шаҳри ва Қорақалпоғистон Республикаси биринчиликларида муваффақият қозонди. Мамлакат чемпиони деган шарафли ном насиб этмаган бўлса-да, бир-икки марта ғолиб­лик шоҳсупасининг совринли поғоналарига кўтарилганини мароқ билан эслайди.

У болалигида ҳам, ўсмирлигида ҳам кўча чангитиб, вақтни беҳуда сарфлагани йўқ. Велосипед йиғди. Баъзи бировлар темир-терсакка ташлаган эски “транспорт”ларнинг яроқли қисмларини таъмирлади. Янги бўлмаса-да, бир кишининг узоғини яқин қиладиган, энг муҳими, ақл ва қўл кучи ёрдамида ясалган, харажатсиз улов тайёрлашнинг уддасидан чиқди. Қўни-қўшни ва танишлардан қўлда йиғилган велосипедларга буюртмалар олди. Бу келажакдаги тадбиркорликнинг дебочаси эканини унинг ўзи ҳам билмаганди ўшанда.

Нукус шаҳридаги 21-мактабда ўқиб юрган йилларидаёқ жисмоний тарбия ва тарих фанларига астойдил қизиқарди. Кундалигидаги “беш”ларнинг аксарияти шу дарслар ҳиссасига тўғри келган. Олий ўқув юртида ҳам жисмоний тарбия ўқитувчиси мутахассислиги бўйича таҳсил олди.

Аввал қурилиш соҳасида меҳнат қилган, кейинчалик коллежда бўлажак бунёдкорларга махсус фандан сабоқ берган отаси Адилбой аканинг қаттиққўллиги, вокзалда чиптачи бўлиб ишлаган онаси Дарметкен опанинг меҳрибонлиги туфайли оиладаги олти фарзанд қаторида одоб ва шижоатни жамулжам қилган  инсон бўлиб вояга етди. “Армияга борсам, албатта десант бўламан”, дея кичкиналигида дилига жойлаган орзуси ҳам амалга ошди. Ҳарбий ҳаво кучлари аскарлари сафида бир неча маротаба параш­ютда сакради. Ўзига ишончи янада ортди. Қатъий интилиш мақсадга эришишнинг энг самарали воситаси эканини танасида ҳис қилди.

Институтни тугатгач, Қорақалпоғистон Республикаси давлат солиқ бошқармасига спорт инструктори бўлиб ишга кирди. Айни шу йиллари унинг солиқ ходимлари ва тадбиркорлар билан мулоқотлари натижаси ўлароқ болаликдаги ишбилармонлик қобилияти булоқ каби қайта кўз очди. Дастлаб хусусий фотосалон фаолиятини йўлга қўйди ва икки кишини иш билан таъминлади. Устози ва яқин ҳамкори Шермуҳаммад Саидовнинг маслаҳатларига таянган ҳолда ёғоч маҳсулотлари савдоси билан шуғулланиш баробарида ойна-эшик ромларини тайёрлашга ихтисослашган цех очди. Беш маҳалладоши доимий даромад манбаига эга бўлди. 2009 йили “Лесстройторг” масъулияти чекланган жамияти ташкил этилиши билан яна 30 та янги иш ўрни яратилди. 

“Кардар”дан
“Илмга салом!”

Тадбиркор нима учун тадбиркор? Ишбилармоннинг бошқалардан фарқли хусусияти қайси жиҳатларда намоён бўлади? Бундай саволларнинг жавоби оддий: эртага нимага қанча эҳтиёж бўлишини олдиндан кўра билиш ва ана шу эҳтиёжни қондиришда ҳаммадан аввал отни қамчилаш. Бу каби хусусиятлар М.Шимбергеновнинг устун томонлари сирасига киради.  XXI асрнинг ўнинчи йилларига келиб мамлакатимизда ўзига хос шакл ва безаклар билан ясалган темир дарвозалар, эшиклар, панжара ва тутқичларга эҳтиёж ортишини рақобатчилардан илгари илғаган Мурат мазкур маҳсулотларни маҳаллий шароитда ишлаб чиқариш мақсадида “Кардар” хусусий корхонасига асос солди. Ҳамкорларнинг бизнес каталоги билан чекланмасдан ўзи ҳам замонавий дизайндаги янги маҳсулот турларини яратди. Натижада нафақат Қорақалпоғистон Респуб­ликаси, балки қўшни вилоятлардан ҳам буюртмалар туша бошлади. Рақамлар тили билан айтганда, бугунги кунда “Кардар” савдо белгиси остида 200 га яқин номдаги 100 дан зиёд турдаги темир-буюм маҳсулотлари харидорларга пешма-пеш етказиб берилмоқда.

Ёши улуғлар айтмоқчи, тадбиркорлик – таваккалчилик дегани. Инқироз хавфи ишбилармоннинг яқин йўлдошларидан бири. Лекин ойдин ҳақиқат шуки, бозор иқтисодиёти қонун-қоидаларини яхши биладиган, кузатувчан ва ҳисоб-китобнинг ҳадисини олган тадбиркор унча-мунчага касодга учрамайди. Аксинча, сармоя тарзида сарфлаган миллионлари икки баробар бўлиб қайтаверади.

Мурат “Adilmetalproduction” корхонасини таъсис этганида айни шу тамойилларга таянди. Аслида Қорақалпоғистонда локаль қозонхоналарга эҳтиёж кучайгани навбатдаги йўналишга пойдевор қўйди. Сифати четдан келтирилаётганидан асло қолишмайдиган, нархи эса анчагина арзон маҳсулотларнинг маҳаллий бозорни тез эгаллагани ҳам фик­римиз далилидир. Шунингдек, “Искер” масъу­лияти чекланган жамияти, “Гулноз мед диагностика” хусусий клиникаси, “Study Hi” (Илмга салом) ўқув маркази ҳам “Кардар”нинг таъсисчилигида ташкил этилди ва жами иш ўринлари сони 400 дан ошди.

Табиийки, қатор бизнес субъектларини М.Шимбергеновнинг бир ўзи бошқариши имконсиз. Шунинг учун ҳам яқин қариндош­лари билан бирга курсдоши Дармен Жуманиёзов, синфдоши Махсет Сайтназаровни ёнига чорлаб, уларни бизнес оламига олиб кирди. “Кардар про бизнес”, “Кардар агро фрукт” дея номланган галдаги лойиҳалар эса янада истиқболли. Улардан бирида 15 мингдан ошиқ оқ теракдан саноат маҳсулоти тайёрланадиган бўлса, иккинчисида 30 гектарда етиштирилаётган кунгабоқар ва ловиядан ёғ олинади.

Китобсиз энди
келажак йўқ!

Бу халқона шиор тиниб-тинчимас тадбиркор Мурат Шимбергенов оиласининг ҳам кундалик одатига айланган десак муболаға бўлмайди. Турмуш ўртоғи Нуржамол билан уч қиз, бир ўғилни камолга етказаётган  замондошимиз билан чин дилдан гурунглашсангиз, унинг бизнесдаги фойда-зарардан кўра кўпроқ маънавият, маърифат ва китобхонликдан сўз очиши кўнгилни чоғ қилади. Шу ўринда таълим-тарбия самарадорлиги пасайиб кетганига ҳаммамиз айбдормиз, дея куюнади. Айрим муаллимларнинг ғарибона ўқитиш усулларидан кўнгли тўлмаётганлигини очиқ айтади. Ва Президент ташаббуси билан бутун мамлакатда китобхонлик маданиятини ошириш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар уни ҳам ғоят руҳлантириб юборганлигини, қолаверса, каттаю кичикнинг, жумладан, тадбиркору ишбилармонлар қатламининг ҳам китобга, мутолаага бўлган меҳр-муҳаббати, қизиқишини рағбатлантириш лозимлигини алоҳида таъкидлайди.

“Афсуски, орамизда ҳамкор ёки мижоз-харидорни алдашдан қўрқмайдиган, фирибгарлик билан шерикларини чув туширадиганлар ҳам учраб туради. Ана шунинг ўзи илмсизликни кўрсатиб қўяди,  тадбиркор маънавиятли, хушмуомала, зиёли бўлсагина обрў топади”, – дейди Мурат.

Айримлар қўлида ота-онасининг тайёр  сармояси, мол-мулки ортидан йўлга қўйилган бизнесни юргизишни зўрға эплаётган бир замонда Муратнинг ўғли тайёр корхоналарга меросхўр бўлиб ёки Тошкентдаги учта дўкондан биттасига эгалик қилсам ҳам рўзғорни таъминлайман, деб ўтирмасдан шифокорликни танлаб, Лондонда таҳсил олишни ният қилгани оиладаги соғлом муҳит таъсиридир, албатта. Балки у келажакда Қорақалпоғистонда хусусий тиббиётнинг жадал ривожига муносиб ҳисса қўшадиган таниқли тадбиркор-шифокор бўлиб етишар. Орзуга эса айб йўқ.

Гап тадбиркор маънавияти ҳақида кетар экан, Мурат билан мулоқотимиз пайтида туғилган бир таклифни ўртага ташламоқчимиз.

Йил бошида “Президент ғоялари билан келажак сари” шиори остида  O‘zLiDeP томонидан Тошкентда ўтказилган “Ўзбекистон фаол тадбиркорлар анжумани”да тилга олинган масалалар ижросини яқинда давлат раҳбари фармони билан тасдиқланган “Yoshlar – kelajagimiz” давлат дастури билан жуда қисқа фурсатда уйғунлаштириш зарур. Бу жараён қанчалик тез амалга оширилса, шунчалик кўпроқ наф келтиради, самара беради. Демак, “Ёшлар қаноти” фаоллари ҳозирги кунда асосий эътиборларини мана шу йўналишга қаратишлари мақсадга мувофиқдир.

Дарвоқе, “Yoshlar – kelajagimiz” давлат дастурининг муқаддимасида таъкидланган ёшлар тадбиркорлигини комплекс ривожлантириш ва ёшларни тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга фаол жалб қилиш масалалари ҳам аввало илмга таянади. Билимсиз тадбиркор майда савдогарликдан нарига ўтолмайди. Шунинг учун ҳам маҳаллий партия кенгашлари давлат ва жамоат ташкилотлари билан яқин ҳамкорликда ёшларнинг тадбиркорлик саводхонлигини оширишга, уларга бизнесни ташкил этиш ва юритиш кўникмаларини сингдиришга астойдил киришмоғи керак.

Кутилмаган игна азоби
ёки букилмас ирода

Сурункали хасталик. Тиббиётда кўп қўлланиладиган ана шу атама этимни жимирлатади. Бунинг боиси ўзимга ҳам номаълум. Соғлиқ яхши эмаслигини анг­латишидандир, балки?! Кимнингдир жони оғриётганини сезишимдир, эҳтимол?!

Муратнинг оёғига 6-синфда ўқиётганида нина киргани, кейинчалик сурункали хасталикка айлангани натижасида иккинчи гуруҳ ногиронлиги қайд этилганини эшитганимда яна шу ҳолат такрорланди. Касаллик тобора кучайиб, оёқни кесиш ё кесмаслик масаласи кун тартибига қўйилганини кўз олдингизга келтиришнинг ўзи азоб. Миттигина игна кириб чиққанига шунчаликми, деган ўйларнинг охири йўқдай. Ҳаётда бўлган воқеа эмас, рўёдай гўё.

Ишонч, ирода, сабр, шукрона... Мурат болалигида орттирилган хасталикнинг давоси топилишига қатъий ишонди. Иродасини шунга яраша тоблади. Сабрнинг таги сариқ олтинлигини эътироф этишдан асло чекинмади. Яратгандан шифо сўрарди. Яқинлари, оғир-босиқ дўхтир ва табибларнинг тавсиялари, жаҳон тиббиётининг илғор ютуқлари унинг руҳиятини кўтарарди. Полвон номини олгунча йиллар давомидаги машғулотларда қийинчиликларга бардош бериш кўникмаси шакллангани касалликни енгишда яна бир устунлик эди. Астойдил ҳаракатнинг ёруғ натижаси шу бўлдики, нафақат “сурункали” тамғаси, балки ногиронлик ҳам олиб ташланди.

Мана, бугун Мурат ўз оёқларида элнинг хизматида юрибди. Ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил этиб, янги-янги иш ўринлари яратяпти. Оролбўйи ҳудудида кичик бизнесни ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшяпти. Спортчидан чиққан тадбиркорнинг эришган ютуқлари давлатимизнинг юксак мукофоти – “Шуҳрат” медали билан тақдирланди. Мурат буни навбатдаги лойиҳалар амалиёти учун берилган бўнак, янги марраларга чорловчи ишонч, деб қабул қилди. Ҳозирги кунда ана шу ишончни оқлаш учун қаттиқ меҳнат қилмоқда.

– Оёғим кесилмаганига шукр, – дейди М.Шимбергенов. – Дардига шифосини қўшиб берганидан миннатдорман. Биласизми, бундай синовлар одамни беихтиёр эзгулик­лар сари бошлар экан. Атрофдагиларга имкон етганича яхшилик қилишга ундаркан. Энг муҳими, “Мен фалончига ўтказиб қўйганман ё моддий ёрдам берганман” деб айтмаслик кераклигини тушуниб етишингга табиий шароит яратаркан. “Ўнг қўлинг берганни чап қўлинг билмасан” каби ҳикматларнинг мазмун-моҳиятини нафақат юрак, балки ақл орқали англашингга кўмаклашаркан. Улуғ ва қутлуғ китоблардаги дўстнинг ҳақи билан боғлиқ масъулиятни теран ҳис қилишингга туртки бераркан...

Суҳбатдошим инсонийлик фазилатлари, маънавият ва маърифатнинг ҳалоскорлик кучи, фарзандларимизни билимли, бўлажак тадбиркорларни илмли қилишнинг аҳамияти ҳақида яна кўп фикрларни билдирди. Лекин уларни газетага ёзишимни истамади. Бошқаларга ақл ўргатгандай бўлиб қолишини хоҳламади.

Эътибор берган бўлсангиз, ушбу мақолада “Кардар” ишлаб чиқариш корхонаси ва унга ёндош ўнлаб МЧЖлар билан боғлиқ рақамларни деярли келтирмадик. Кўпроқ Муратнинг ички кечинмаларини баҳоли қудрат очишга ҳаракат қилдик. Шу тамойилга амал қилган ҳолда мазкур мақоламизни
М. Шимбергеновнинг бизнес ва фойда хусусидаги ушбу мулоҳазалари билан якунлашга қарор қилдик:

“Устунсиз тўсин, ғоясиз тадбиркорлик бўлмайди. Ғоя илмдан сув ичиб куртак ёзади. Аммо ғоя билан ақлни чалкаштирмаслик даркор. Ақлсиздан ҳам яхши ғоя чиқиши мумкин. Йилт этган ғояни амалга оширишни эплаганни аҳмоқ санашнинг ўзи аҳмоқликдир. Хўш, мен бизнес ғояларини қандай танлайман? Дастлаб ҳар қандай ишбилармон сингари унинг қачон ва қандай иқтисодий (моддий) фойда келтиришини ҳисоб-китоб қиламан. Иккинчидан, шу бизнеснинг нечоғлик хайрли экани (маънавий жиҳатлари)ни ўқиб-ўрганаман. Учинчидан, амалга оширилиши кутилаётган шу лойиҳа жамиятга не наф келтиришини мулоҳаза қилиб кўраман. Учала мезон бўйича ҳам ижобий жавоб олинган бизнесни албатта рўёбга чиқараман. Ана шу тамойилга қатъий амал қилганим кичик бизнесдаги кичик муваффақиятимнинг олтин калити  бўлса керак...”

Озод РАЖАБОВ,
“XXI asr” махсус мухбири