Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Мурожаатингизни виртуал тарзда йўлланг

Мурожаатингизни виртуал тарзда йўлланг
Маълумки, “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” давлат дастури доирасида Олий Мажлис сенаторлари ва Қонунчилик палатаси депутатлари ҳар ойнинг биринчи ўн кунлигида жойларга бориб, аҳоли мурожаатлари, муаммоларнинг мақбул ечими юзасидан амалий ишлар олиб боришмоқда. Айтиш жоизки, мулоқотнинг бундай ёндашуви ўз самарасини бериб, айнан халқ вакиллари аралашуви билан ҳудудларда кўпгина камчиликлар бартараф этилди.
Аммо ютуқлар чегара билмаслиги лозим. Яъни, бу хайрли сайъ-ҳаракатларни янги даражага кўтариш учун замонавий лойиҳаларни босқичма-босқич жамият ҳаётига сингдириб бориш талаб этилади. Бу эса фуқароларга ҳар томонлама қулайлик яратиб, депутатларнинг имконият доираси кенгайишига хизмат қилади. Шу ўринда партия фаоллиги талаб этилади. Чунки, депутатнинг обрўси  партиянинг обрўсидир. Бу оддий ҳаёт ҳақиқатини фаолият тарзига айлантирган Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзоларига “масофавий онлайн мулоқот” имкониятини туҳфа этишди.
“Facebook” ижтимоий тармоғида иш бошлаган “O‘zLiDeP муҳокамага чорлайди” гуруҳи ташкил этилганига ярим ой тўлмаёқ қизғин муҳокама майдонига айланиб улгургани эндиликда кўпчиликка яхши маълум. Ўз аудиториясини халқ дардини эшитиш асосига қурган мазкур гуруҳ ўтган ҳафтада яна бир катта янгиликка қўл урди.
Дейлик, хонадонингиз, ёхуд офисингизда персонал компьютерингиз бор, интернетга улангансиз. Камига планшет, ёки сўнгги русумдаги замонавий қўл телефонингиз ҳам бор. Унда ҳар куни соат 10:00 дан 11:00 гача “Facebook”га киринг-да, маълумотлар излаш бўлмасига “O‘zLiDeP муҳокамага чорлайди” деб ёзинг. Қарабсизки, депутатингиз онлайн тарзда сиз билан мулоқотга шай бўлиб турибди. Хоҳланг матн, истанг аудио, эринмасангиз видео тарзида мурожаатингизни бемалол йўлланг. Ва, қониқарли жавоб олинг.
Хурсандмисиз? Биз ҳам тасанно дедик. Қувонарлиси, мулоқотнинг бу механизми ўз ижобий томонларини кўрсата бошлади.
Келинг, яхшиси, исботга ўтиб қўя қолайлик.
Мана, биринчиси – Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси Ойбек Эгамовга келиб тушган мурожаат:
“Мен – Мирфаёз Жалилов, Юнусобод туманида истиқомат қиламан. Биз яшаётган туманнинг 7-8-9- мавзеларини бир-бирига боғлайдиган “Қулоқтепа” ва “Уч қаҳрамон” йўллари 1996 йилдан буён капитал таъмирга муҳтож. Йўл қопламаси жуда аянчли аҳволда. Яқинда давлатимиз раҳбарининг ушбу мавзега келишлари муносабати билан йўл қурилиши бошланган эди. Афсуски, Президентимиз ташрифидан сўнг, таъмирлаш ишлари охирига етмай қолди. Биз маҳалла фаоллари билан биргаликда “Ўзбекистон Республикаси автомобиль йўллари давлат қўмитаси”га ёзма мурожаат қилган эдик. Аммо, улардан ҳам тайин­ли жавоб ололмадик. Аҳвол шу тариқа давом этаверса, болаларимиз ҳаёти хавф остида қолаверади. Сабаби, бундай бетартиб йўлларда бир неча бор автоҳалокатлар рўй бермоқда. Илтимос, ушбу муаммони бартараф этишда ёрдам берсангиз”.
Гуруҳга йўлланган яна бир мурожаатда марҳаматлик Низомиддин Усмонов шундай ёзади: “Бизнинг Қорабоғиш қишлоғида мактабгача таълим муассасаси билан боғлиқ муаммо бор. Қишлоғимиздаги МТМ 2010 йилда янгитдан қуриб бериш шарти билан ёпиб қўйилган эди. 2012 йилдан буён “бу йил”, “келаси йил”, деб қуруқ ваъда бериб келишяпти. Бундан ташқари, яна бир жиддий муаммо – қишлоғимизда 2010 йилда газ қувурлари янгитдан тортилган эди. Бироқ, барча аҳоли тармоққа уланиб бўлмасдан, “Марҳаматтумангаз” газ босими камайиб кетганини баҳона қилиб, газ тармоғидан узиб ташлади. Ваҳоланки, газ билан  таъминлаш бўйича газ идорасининг кафолат хати ҳам мавжуд эди. Бу масала бўйича бир неча марта туман ва вилоят газ идоралари мутасаддиларига мурожаат қилдик, аммо натижа йўқ. Туман ҳокими билан 2016 йилнинг октябрь ойида Роҳат МФЙ ҳудудида бўлиб ўтган йиғилишда ҳам бу масалани ўртага ташлаганмиз. Ҳоким “Маҳаллангизда газдан бўлган қарздорлик тугатилган куни сизларни тармоққа қайта улатиб бераман”, деб ваъда берганди. Ҳоким айтганидек, қарздорликни “ноль”га туширдик. Аммо ҳали ҳам муаммомизга ечим топилгани йўқ”.
Хўш, вакилимизнинг жавоби қандай?
Бу муаммолар бўйича депутатлик ўргануви олиб борилади. Мурожаатлардаги мулоҳазалар бўйича сўровлар юборилади...
Демак, яқин орада хушхабар эшитиб қоламиз деган умиддамиз. 
Шунингдек, умумий ва шахсий ҳарактердаги мурожаатлар ҳам йўқ эмас. Масалан, номутахассисларнинг иш билан таъминланиши, ёш оилаларга арзон уй-жой, ер участкаларининг ажратилиши, депутатлар билан сайёр учрашувлар, олий ўқув юртларида сиртқи бўлимларнинг очилиши кабилар шулар жумласидан.
Ҳа, ўрни келганда айтиб ўтайлик:  гуруҳга мурожаат йўллаган Илҳомжон Аминжонов севинчини яширмаяпти. Чуст туманидаги “Чуст-Орзу” хусусий корхонаси раҳбари сифатида фаолият юритаётган тадбиркоримиз парламент Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси аъзоси Иброҳим Ҳожиевдан миннатдор. Ўз биносининг йўқлиги сабабли ижарадан чарчаган тадбиркор депутатдан аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш, қолаверса, мулкдор бўлиш мақсадида ер майдони ажратиш масаласида ёрдам беришни сўраган. Вакилимиз эса тадбиркорни қийнаб келаётган муаммони кўриб чиқиб, туман ҳокимига депутатлик сўровини юборган. Натижа эса кутилганидек: тадбиркорга бино қуриш учун ер ажратилди! Бу ҳақда депутат “O‘zLiDeP муҳокамага чорлайди” гуруҳи орқали маълум қилди.
Хулоса ўрнида бир фикрни таъкид­ламоқчимиз. O‘zLiDePнинг ижтимоий тармоқдаги гуруҳи электоратимизни ўйлантираётган муаммоларни имкон қадар бартараф этишда фаоллик кўрсатмоқда. Гуруҳдаги савол-жавоблар, қолдирилаётган изоҳларни кўрсангиз, бунга ўзингиз ҳам амин бўласиз.   
Севара АЗИМОВА,
“XXI asr” мухбири