Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Мустақил судлар адолатли қарор чиқармаса, тадбиркорлар ҳуқуқи кафолатланмайди

Мустақил судлар адолатли қарор чиқармаса, тадбиркорлар ҳуқуқи кафолатланмайди
O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасида ялпи талаб ва ялпи таклиф мутаносиблиги бузилаётгани алоҳида таъкидланган, баҳсталаб таклифлар ва очиқ мунозара руҳида ўтган ишчи гуруҳ йиғилишидан ихчам лавҳа
Вақт югурик. Дақиқа қадрини ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмайди. Кўз очиб юмгунча кунлар, ўнгу сўлимизга қарагунча эса йиллар ўтиб кетяпти. XXI асрнинг шиддатини қарангки, гўё кечагина ишониб овоз берганимиз вакиллик органлари депутатларининг ваколат муддати саноқли ойлардан кейин ниҳоясига етади. Ўзбекистонда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар натижалари навбатдаги сайловлар партиялараро кучли рақобат, юксак демократик тамойиллар асосида ўтишини англатади. Бунда, албатта, электоратга давлат ва жамиятни яқин ҳамда узоқ муддатларда ривожлантиришнинг энг мақбул йўлларини, дастурларини таклиф эта олган партиягина ғалаба қозона олади.
Бугун мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган ҳар бир сиёсий партия ана шу муҳим жараёнга жиддий ҳозирлик кўряпти, десак муболаға бўлмайди. Аввалги сайловларда парламент қуйи палатасида ҳам, маҳаллий кенгашларда ҳам кўпчилик ўринни эгаллаган Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг бу борадаги масъулият юки бошқаларга нисбатан оғирроқ тош босмоғи ойдин ҳақиқат. Зотан, етакчилик мақомини сақлаб қолиш унга эришишдан-да мураккабдир.
Куни кеча O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасида бўлиб ўтган партия дастури ва Сайловолди платформаси лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича ишчи гуруҳ йиғилишини кузатар эканмиз, бу галги сайловларда рақобат ўта кучли бўлишини ҳозирдан ҳис қилдик. Ўзига хос йўл харитаси вазифасини бажарадиган Сайловолди платформаси олдингилардан нимаси билан фарқ қилиши хусусидаги мулоҳазалар билан бошланган муҳокама том маънода мунозарага айланди. 
Нотариат ва адвокатура институтларининг ташкилий шаклларини қайта кўриб чиқиш, хусусийлаштириш ҳамда тадбиркорлик субъектлари тамойилларига устуворлик бериш, жиноят қонунчилиги ва суд-ҳуқуқ тизимини янада либераллаштириш, судьялар ҳисобдорлиги масаласини кун тартибига қўйиш, солиқ имтиёзларини бекор қилиш, очиқ бозорга ўтиш ҳаракатини жадаллаштириш, монополияга йўл қўймаслик механизмларини такомиллаштириш, хусусий таълим ва тиббиётни ривожлантиришга алоҳида аҳамият қаратиш, Тадбиркорлар кунини жорий этиш, Ишбилармонлар академиясини таъсис қилиш ва ҳоказо... Булар ўртага ташланган кўплаб таклифлардан ёзиб олишга улгурганларимиз, холос.
Журналист сифатида эътиборимизни тортгани шу бўлдики, янгилик сифатида тилга олинаётган йўналишларнинг айримлари партиянинг амалдаги Сайловолди платформасида ҳам ўз аксини топган эди. Масалан, жиноят қонунчилиги ва суд-ҳуқуқ тизимини янада либераллаштириш масаласини олинг. Хўш, унда нега яна шу йўналиш биринчи ўринга чиқариляпти? 
Айни савол билан O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси ўринбосари Дилшод Шоумаровга мурожаат қилдик.
– Шундай аксиома бор: тадбиркорликка кенг йўл очилмаган, ишбилармонлар олдидаги тўсиқлар бутунлай олиб ташланмаган мамлакатнинг иқтисодиёти бақувват бўлолмайди, – дейди Д. Шоумаров. – Иқтисодиёти мустаҳкам асосга таянмаган давлатнинг халқи эса фаровон турмуш кечириши қийин. Демак, тадбиркорлик яхши ҳаёт кафолати. Бизнес тузилмаларига қулай шароит яратиш учун эса ҳали суд-ҳуқуқ тизимида қилинадиган ишлар жуда кўп. Судлар адолатли қарор чиқармаса тадбиркорлар ҳуқуқини ҳимоялаб бўлмайди. Тўғри, олдинги сайловда ҳам биз бу масалани устувор вазифа қилиб қўйганмиз ва ўтган даврда ишбилармонларга анчагина енгилликлар яратилди. Лекин бу етарли эмас. Аслида буйруқбозлик пойдеворига қурилган мазкур тизимни бир-икки йилда ўзгартириш мушкул. Шунинг учун партиямиз бу борадаги саъй-ҳаракатларни изчил давом эттиришни мақсад қилган.
Солиқ имтиёзларини бекор қилиш, энг аввало, O‘zLiDeP электоратининг салмоқли қисмини ташкил этувчи тадбиркорлик субъектларига зиён келтирмасмикан? Баҳс-мунозаралар давомида мазкур саволга ҳам жавоб берилди. O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси котибият мудири, экспертлар гуруҳи раҳбари Нуриддин Муродовнинг фикрича, солиқ имтиёзлари кўринган ва кўринмаган, кутилган ва кутилмаган шаклда коррупция ҳолатларига йўл очади. Коррупция эса нафақат тадбиркорлик соҳасининг, балки бутун жамият тараққиётининг кушандасидир. Шунинг учун ҳам партия барчага бирдек имконият яратиш, соғлом рақобатни кучайтириш тарафдори. Биз дунёга очиқ, ташқи инвестициялар учун жозибадор бўлган мамлакатни қураётган эканмиз, ҳар қандай имтиёзнинг бу жараёнга тўсиқ бўлишини ёдда тутишимиз зарур.
Қизиғи шундаки, йиғилиш иштирокчилари орасида бу фикрга очиқдан-очиқ қарши чиққанлар, ҳар бир фаолият самарасига муайян ҳудуднинг шарт-шароитларига қараб баҳо бериш, табақаланган мезонлар негизида айрим имтиёзларни сақлаб қолишни таклиф қилганлар ҳам бўлди. Якунда шундай хулосага келиндики, қайсидир тоифа, тармоқ ёки соҳага имтиёз бериладиган бўлса, Олий Мажлис томонидан қабул қилиниб, Солиқ кодексида акс эттирилиши керак. 
Мунозарага қўшилган экспертлар ижтимоий-сиёсий ҳаётда, жумладан, таълим тизимида ялпи талаб ва ялпи таклиф мутаносиблиги бузилганини алоҳида таъкидладилар. Олий ўқув юртларининг қабул квоталари ва шартнома асосида ўқийдиган талабалар учун тўлов миқдорини мустақил белгилаши, нуфузли хорижий институтларнинг филиаллари ва хусусий университетлар очилишининг рағбатлантирилиши бу борадаги муаммоларга барҳам бериши мумкин.
Рақамли иқтисодиёт – истиқболдаги устувор йўналиш. Кейинги беш йиллик платформасини яратаётган партия эса бу жиҳатни эътибордан четда қолдириши мантиқсизликдир. Шунинг учун ҳам ишчи гуруҳ аъзолари O‘zLiDePнинг рақамли иқтисодиётга ўтиш жараёнидаги фаол иштирокини таъминлашга қаратилган йўл харитасини ишлаб чиқишга ва кун тартибидаги барча масалаларни партия Сиёсий Кенгашининг яқинда бўлиб ўтадиган йиғилишида яна бир бор чиғириқдан ўтказишга келишиб олдилар.
Биз эса кузатишда, ўқувчиларнинг, сайловчиларнинг нигоҳига тушадиган лавҳани кенгайтириш учун “хомашё” тўплашда давом этамиз.
Озод РАЖАБОВ
Шуҳрат РАҲИМОВ олган сурат