Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

МУСТАҚИЛЛИК ВА ҲАРАКАТЛАР СТРАТЕГИЯСИ

МУСТАҚИЛЛИК ВА ҲАРАКАТЛАР СТРАТЕГИЯСИ
Буюк ва бебаҳо неъмат – мус­тақилликнинг миллий тараққиё­тимиз, бугунги ва келгуси авлодлар тақдири, келажаги учун беқиёс аҳамияти йиллар ўтиши билан тобора ортиб бормоқда. Ўзбекистоннинг давлат мустақиллиги халқимизнинг миллий манфаатларини, тинч ва осуда ҳаётини таъминлаш, мамлакатимизнинг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини юксалтиришнинг мустаҳкам пойдевори бўлиб келмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
“Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма олти йиллик байрамига
тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қароридан.
 

МУСТАҲКАМ ПОЙДЕВОР

Тарих тарих бўлиб, ҳали-ҳануз бирон-бир мамлакат мустақилликка эришмай туриб, унинг халқи рўшнолик кўрган эмас. Чунки бир давлатнинг иккинчи бир давлатни мустамлака қилиши, халқини эса барча ҳуқуқ ва эркинликлардан маҳрум этиши ҳамма вақт таназзулга сабаб бўлган.
 
1991 йилнинг 31 август куни мус­тақиллигимиз эълон қилинди.
Шу тариқа асрий қарамлик исканжасидан халос бўлдик. Ўтган 26 йил мобайнида эса дунё харитасида Ўзбекистон Республикаси деган янги мус­тақил давлат муносиб ўрин эгаллади.
Шу даврда бозор иқтисодиётига асосланган демократик жамият барпо қилишга киришилди. Бунинг учун сиё­сий, иқтисодий ва маънавий жиҳатдан туб ислоҳотлар амалга оширилди. Мамлакат ва аҳоли олдига ривожланган давлатлар қаторидан жой олиш вазифаси қўйилди. Ана шу тарихан қисқа бир вақтда жуда катта ҳамда мураккаб, шу билан бирга, шарафли йўл босиб ўтилди. Истиқлол Ватанимиз тарихида мутлақо янги саҳифа очди.
Ҳаёт ҳеч қачон тўхтаб турмайди. Одамзоднинг истагидан қатъи назар, у олдинлаб кетаверади. Аммо шу жараёнда бир тўхтаб, нафасни ростлаб оладиган, фикр-мулоҳаза қилиб кўрадиган, бошқача айтганда, янгиланадиган пайтлар ҳам бўлади. Мамлакатимиз ҳозир шундай жараённи бошдан кечиряпти. 
Шу йилнинг 27 июнида Ўзбекис­тон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма олти йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Бу йилги байрам “Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!” деган бош ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маънавий-маърифий тадбирлар ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари дастури асосида амалга оширилади. Қарорда мазкур дастурни 2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳамда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” давлат дастурининг маъно-мазмунидан келиб чиққан ҳолда тайёрлаш белгиланган.
Мустақиллик тарихини айнан мазкур йўналишларда қандай ишлар қилинганини ўрганиш бўйича ёритиш ҳам мумкин. Ана шунда масала янада ойдинлашади. Яъни, бу борада қўлга киритилган ютуқларни аниқлаш амалда бундан буён бажариш зарур бўлган ишларни белгилаб беришга ҳам хизмат қилади.
Хўш, мустақилликнинг 26 йиллигига бағишланган дастурни “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” давлат дастури маъно-мазмунидан келиб чиққан ҳолда тайёрлаш деганда нима тушунилади? Бу саволга жавоб бериш учун мулоҳазани сал узоқроқдан бошлашга тўғри келади.  
Маълумки, 2016 йилнинг 25 сентябрида  Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг электрон қабулхонаси ташкил этилди.
Халқ билан мулоқот сиёсати амалда шу кундан бошланди!
Ўтган йилнинг 4 декабрь куни демократик тамойиллар асосида халқ Ўзбекистон Республикаси Президентини сайлади. Ўз-ўзидан, мамлакатимиз тарихида янги бир босқич бош­ланди.
Сайловолди тарғиботи маҳали туман ва шаҳарларимиз, жумладан, Тошкент кўчаларида Ўзбекистон Рес­публикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёевнинг сурати остига: “Истиқболни бирга қурамиз”, – деган сўзлар ёзиб қўйилди.
Ўтган йилнинг 7 декабрь куни Ўзбекистон Республикасининг сайланган Президенти Шавкат Мирзиёевнинг
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги “Қонун устуворлиги ва инсон манфаатларини таъминлаш – юрт тараққиёти ва халқ фаровонлигининг гарови” деб номланган маърузасида 2017 йил мамлакатимизда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб номланди.
Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис палаталарининг Ўзбекистон Рес­публикаси Президенти лавозимига киришиш тантанали маросимига бағиш­ланган қўшма мажлисидаги нутқи матбуотда “Эркин ва фаровон, демократик Ўзбекистон давлатини мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз” деган сарлавҳа билан босилди.
Келтирилган ана шу ҳаракатлар ўртасида изчил мантиқий боғлиқлик бор. Улар замирида халқ ва давлат бирлиги кўзда тутилган.
Ҳозирги кунда Ўзбекистон Респуб­ликаси Президенти Халқ қабулхонаси ва виртуал қабулхонаси ҳам фаолият юритяпти. Барча идора ва ташкилотлар, маҳаллий ҳокимиятларнинг шундай қабулхоналари ташкил этилди.
Халқ билан мулоқот ҳаётдаги муаммоларни ойдинлаштиради. Одамлар инсофсиз эмаски, ҳамма масала ечимини давлатдан кутаверса. Аммо шундай нарсалар борки, уни фақат ва фақат давлат идоралари амалга оширади ёхуд аҳоли бундай муаммони яккаш давлат билан биргаликдагина ечади.
Оммавий ахборот воситалари халқ билан мулоқотнинг синалган, жуда катта кучга эга, тап-тайёр механизми ҳисобланади. Аммо энди оммавий ахборот воситаларини зиёлилар учун чинакам минбарга айлантириш вақти етди. Ахир, зиёлилар халқнинг локомотивлари ҳисобланади-ку! Бир локомотив бутун бошли эшелонни тортади. Бунинг ёрқин мисолини демократик тараққиётда олдинлаб кетган давлатлар мисолида кўриб-билиб турибмиз. Жамиятда оммавий ахборот воситалари эркин бўлиши, яъни давлат назоратидан холи, эмин-эркин фаолият олиб бориши лозим.  Матбуот ва радио-телевидениенинг давлат таркибига кириши якка мафкура ҳукмрон бўлган тузумларга хос ва бу тараққиётга зид эканини тарих тасдиқлаб турибди. Шунинг учун образли қилиб, яъни рамзий маънода “тўртинчи ҳокимият” дейилади. Бу шу маънода қўлланиладики, оммавий ахборот воситалари, гарчи давлат назоратидан холи, эркин фаолият олиб борса ҳам, бошқарув ишларига худди бир давлат органи даражасида кўмак бериши керак. Оммавий ахборот воситалари чинакамига халқ ўз фикри ва нуқтаи назарини эркин баён қиладиган, керак бўлса, давлат органлари фаолияти тўғрисидаги, хоҳ ижобий, хоҳ танқидий бўлсин, фик­ри – баҳосини очиқ-ошкор айтадиган минбар бўлиши зарур. Модомики, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 7-моддасида: “Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаидир”, – деб ёзиб қўйилган экан, давлат – халқнинг фикрини эшитиш, қатъий инобатга олиш, яъни ўз фаолиятини фуқароларнинг талаби асосида йўлга қўйишга мажбур.
Яна бир тамойил юқоридаги билан чамбарчас боғланиб кетади. Бу – “Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган тамойил.
Ўтган 26 йил мобайнида халқимиз ўз миллий давлатини қурди. Давлат қуриш эса халқ ва мамлакат тарихида жуда мураккаб ва ўта муҳим босқич ҳисобланади.
Хусусан, қарийб бир ярим аср мобайнида мустамлака исканжасида яшашга мажбур этилган халқ учун бу қанчалар оғир кечишини бир кўз олдимизга келтирайлик.
Биринчидан, халқ сиёсий жиҳатдан ҳуқуқларидан тамоман маҳрум қилиб ташланди. У ҳамма масалада собиқ марказдан сўраш, унинг қошу қовоғига қараб иш кўришга мажбур этилди.
Иккинчидан, иқтисодий жиҳатдан республикамиз бир ёқлама ривожланган, асосан, пахта хомашёси етказиб беришга мослаштирилган, пахта яккаҳокимлиги ҳалокатли тус олган бир ўлкага айланиб қолган эди. Чунки иқтисодиётнинг “олтин” қоидаси шуки, ҳеч қачон хомашё сотган бой бўлмайди. Ўзбекистонимизда ўша йиллари етиштирилган 5 миллион тоннадан ортиқ пахтанинг атиги 8 – 10 фоизигина ўзимизда қайта ишланган, қолган қисми олиб кетилган ва асосий фойда тайёр хомашёни қайта ишлаган бегона ҳудудларга келиб тушган.
Вазиятни тўла-тўкис кўз олдимизга келтириш учун Ислом Каримов томонидан 1990 йил 4 июнида қайд этиб ўтилган мана бу маълумотларга диққат қилайлик:
“...Республика барча асосий иқтисодий ва ижтимоий кўрсаткичлар бўйича Иттифоқдаги ўртача даражадан ҳам анча орқада бўлиб, мамлакатда охирги ўринлардан бирида турибди. ...Ҳар киши бошига ялпи ижтимоий маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича мамлакатда 12-ўринда турибди, аҳоли жон бошига миллий даромад ишлаб чиқариш бўйича кўрсаткич эса – Иттифоқдаги ўртача даражадан икки ҳисса паст.
Саноатдаги меҳнат унумдорлиги жиҳатидан республика мамлакатдан 40 фоиз, қишлоқ хўжалигидаги меҳнат унумдорлиги жиҳатидан эса икки баробар орқада қолмоқда. Рес­публикада аҳоли жон бошига халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқариш ўртача Иттифоқ даражасининг атиги 40 фоизини ташкил этади. Биз даромад даражаси, асосий турдаги маҳсулотларни истеъмол қилиш жиҳатидан иттифоқдош республикалар орасида энг охирги ўринлардан бирида турибмиз.
Ўзбекистон аҳолиси ўрта ҳисобда гўшт маҳсулотларини, сут ва сут маҳсулотларини, тухумни, умуман, мамлакат аҳолисига нисбатан икки баробар кам истеъмол қилмоқда. Ойи­га ўрта ҳисобда 75 сўмдан камроқ ялпи даромад оладиган аҳолининг улуши мамлакатда 12 фоиздан сал кўпроқ бўлса, бизнинг республикамизда 45 фоизга боради. Бир миллионга яқин киши ижтимоий ишлаб чиқаришда ўзининг қўлидан келадиган ишни топа олмаяпти”.
Учинчидан, халқнинг миллий маънавиятига болта урилди. Респуб­ликада аҳолининг тўртдан уч қисмини ўзбеклар ташкил этиши, қардош миллатлар вакилларидан иборат яна 15 фоиз аҳоли ўзбек тилини яхши билишига қарамай, ўзбек тили
Ўзбекистонда давлат тили эмас эди. Ҳатто, ўзбек тили ва адабиёти ҳақидаги диссертациялар ҳам рус тилида ёзилиб, ёқланар эди. Шўро даврида миллат аввал арабий, кейин лотин, ундан сўнг эса кирилл ёзуви асосидаги алифболарда савод чиқаришга мажбур қилинди. Мақсад – халқни ўз ўзанларидан маҳрум этиш, меросидан айириб қўйиш, шу тариқа унга тарихини унуттириш эди. Муқаддас динимиз бадном қилинди, у билан боғлиқ барча қадриятларимиз, зиёратгоҳ ва қадамжоларимиз топталди. Муқаддас масжиду мадрасаю хонақоҳлар, ҳаттоки,  маъданли ўғитлар сақланадиган омборларга айлантирилди.
Ҳолбуки, ҳар бир халқ ўз тарихий илдизларига суянган ҳолда равнақ топади. Мустақиллик йилларида бу тўла-тўкис тасдиғини топди.
Ҳақиқат қиёсда аёнлашади, деган гап бор. Мустақилликдан олдинги 1990 йили юртимиз аҳолисининг асосий озиқ-овқат товарлари, аввало дон, картошка, гўшт, сут ва қандолат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжи импорт ҳисобидан қопланган. Ҳозирги вақтда эса бундай товарларнинг қарийб ҳаммаси мамлакатимизнинг ўзида ишлаб чиқариляпти. Ёки эндиликда фермер хўжаликлари қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 90 – 92 фоизини етказиб бериш билан бирга, қишлоқ тараққиётида ҳал қилувчи ижтимоий-сиёсий ҳаракатга ва етакчи кучга айланиб бораётир. Мустақилликка қадар юртимизда умуман мавжуд бўлмаган, бугунги кунда эса жамиятимизнинг қудратли таянчига айланиб бораётган ўрта синф – мулкдорлар синфи жадал ривожланяпти. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши йил сайин ортиб боряпти.
Бу ишларнинг бари аҳоли фаровонлигини таъминлашга қаратилган. Шу тариқа мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг мустаҳкам пойдевори яратилди.
Бизда бу ютуқлар билан чекланиб қолинаётгани йўқ. Ҳали-бери давом этаётган жаҳон молиявий-иқтисодий инқирозининг салбий таъсирларига қарамасдан, мамлакатимизнинг иқтисодий жиҳатдан қатъият билан илгарилаб боришига асос бўлаётган аниқ мезон ва омиллар мавжуд.
Бундай ютуқларнинг адоғи йўқ.
Хўш, бу муваффақиятларга нималар эвазига эришдик?
Аввало, оқилона олиб борилган сиёсат туфайли Ўзбекистонимиз саноати тез суръатлар билан ўсиб, иқтисодий қудрати ва салоҳияти юксалиб бораётган замонавий давлатга айланди.
Қисқа фурсат мобайнида мамлакатимизда давлат ва нодавлат ташкилотлари томонидан халқ билан очиқ ва самарали мулоқот олиб бориш тизими йўлга қўйилди. Бунинг натижасида фуқароларнинг кўплаб мурожаат ва муаммолари қонуний ҳал этила бош­лади.
Давлатнинг халққа бундай қайи­шиши натижасида одамларнинг руҳиятида катта ўзгариш юз берди. Фуқароларнинг ижтимоий фаоллиги ортди, сиёсий хабардорлик даражаси кўтарилди. Очиғини айтганда, мамлакатимизда “Ўзбекистон 24” телеканалининг “Ахборот” ва “Таҳлилнома” кўрсатувларини ўтказиб юбориш мумкин бўлмаган бир ижтимоий-ахборий фаол бир давр бошланди. Чунки мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида юз бераётган энг муҳим янгиликлардан ўз вақтида хабар топиш керак. Акс ҳолда, киши ҳаётдан орқада қолгандай сезади ўзини.
Энг муҳими, жамиятда тадбиркорлик муҳити жонлантириб юборилди. Ишбилармонларга давлат томонидан қулай имкониятлар яратиб бериляпти. Бир пайтлар тадбиркор кредит сўраб банкларга ялиниб борган бўлса, энди банкларнинг ўзи тадбиркорларга кредитлар таклиф қиляпти. Буларнинг бари мамлакатда ишлаб чиқариш ва хизматларнинг мисли кўрилмаган турлари, кўплаб янги иш жойлари юзага келишига асос бўляпти.
Башарият тарихи шундан гувоҳлик берадики, ҳеч бир мамлакат ўзи ёлғиз ҳолда тараққий этган эмас. Чунки мураккаб дунёнинг кўпдан-кўп муаммолари айнан ҳамкорликда, оғзибирликда, дўстона тарзда ҳал этилади. Шу жиҳатдан қараганда, Ўзбекистонимиз  хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсат юритиш орқали давлатимиз мустақиллиги ва суверенитетини мустаҳкамлаш, қўшниларимиз билан рақобат қилиш эмас, балки ҳамкорлик қилиш, минтақамиздаги   муаммоларни биргаликда ҳал этиш тамойилига қатъий амал қилади.
Ўзбекистонимиз Марказий Осиёда аҳолиси жиҳатидан энг катта мамлакат. Чунки минтақада жами 65 миллион атрофида аҳоли яшаса, унинг тенг ярми мамлакатимизда истиқомат қилади. Бундан ташқари, халқимиз жаҳон тамаддуни тараққиётига улкан ҳисса қўшган бой маънавий меросга эга. Мамлакатимизнинг бугунги иқтисодий, илмий, маънавий-маърифий потенциали ҳам – жуда катта.
Жаҳон майдонида эришган ютуқларимиз бизни яна ҳам танитди. Амалда халқимиз кимларнинг авлоди эканини, нималарга қодирлигини намоён этди. Хорижликлар бизга ҳурмат кўрсатишга, биз билан яқиндан ҳамкорлик қилишга киришди. Очиғини айтганда, Марказий  Осиё минтақаси масалалари бўйича  бугун дунё – аввало, Ўзбекистон билан ҳисоблашишга мажбур. Қўшниларимиз билан яқин дўстона муносабатлар эса, биринчидан, бизнинг миллий манфаатларимизга тўла мос келади, иккинчидан, буни халқаро майдондаги обрў-эътиборимиз ҳам талаб қилади.
Истиқлол йилларида Ўзбекистонда учта ўта муҳим аҳамиятга эга йўл қурилди. Биринчиси – Фарғона водийсини Тошкент вилояти ва шу орқали мамлакатнинг бошқа минтақалари билан боғлайдиган Қамчиқ довони. 1998 йили бошланиб, қисқа бир муддатларда, яъни 2000 йили фойдаланишга топширилган бу улкан қурилиш беқиёс стратегик аҳамиятга эга. Шу тариқа мамлакатимиз орқали автомобиль йўли билан Хитойгача бориш учун зўр имконият очилди.
Фарғона водийси – соф жўғрофий тушунча. Чор атрофи тоғ билан ўралган бу ҳудудда Ўзбекистонимизнинг уч (Андижон, Наманган, Фарғона), Қирғизистоннинг уч (Боткент, Жалолобод, Ўш) ва Тожикистоннинг бир (Сўғд) вилояти жойлашган. Водийни тоғлар ҳар тарафдан ўраб олган. Фақат бир жойдан – Бекобод тарафдан табиий “дарвоза” бор. Сирдарё дарёси ҳам шу ердан биз сари оқиб келади. Темир йўл ва автомобиль магистраль йўли ҳам шу очиқликдан ўтган.
Айнан ана шу табиий шароитини ҳисобга олиб, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўша XV – XVI асрлардаёқ бу водийни қиш маҳаллари ёғий (душман) босолмаслигини ёзиб кетган. Чунки тоғларга қор тушгандан кейин у ёққа ўтиб бўлмай қолади­да.
Фарғона водийсидаги уч вилоятимизда мамлакатимизнинг қарийб 10 миллион кишидан иборат аҳолиси яшайди. Эскидан мавжуд Қамчиқ довонининг илон изи йўлларидан қиш пайтида юришнинг мутлақо иложи йўқ эди. Ёз пайтлари ҳам бу тор йўлдан транспортнинг бугунги талаблар даражасидаги катта оқими учун ҳеч қандай шароит йўқ эди. Тожикистон орқали ўтган катта магистраль йўл билан юришга эса, биринчидан, узоқ масофани айланишга тўғри келса, иккинчидан, бу қўшни мамлакат яқин­яқинларгача тинч эмас, учинчидан, бир мамлакат ичида қўшни минтақага иккинчи бир ҳамсоя давлат ҳудуди орқали юриш ҳар тарафлама қимматга тушар эди.
Шу маънода, давлат ҳудудий яхлитлигини таъминлаш борасида Ўзбекистон мустақиллик йилларида бунёд этган энг буюк қурилиш – Қамчиқ довони бўлди, деб баралла айта оламиз. Бу узоқни кўзлаб амалга оширилган, муҳим стратегик аҳамиятга эга буюк иншоот ҳисобланади. Қоялар кесилиб, йўл кенгайтирилди, баланд тоғлар устида жойлашган магистраль пастроқдан ўтказилди, бири 1.100 ва иккинчиси 500 метр бўлган туннель қазилди.
Ёш, энди қаддини ростлаб олаётган бир миллий давлат учун бу нақадар катта ютуқ эканини бугун барча тушуниб етмоқда.
Ўтган йилнинг июнь ойида Қамчиқ довони бўйлаб замонавий темир йўл ҳам ишга туширилди.
Шу тариқа мамлакатнинг шарқи коммуникатив жиҳатдан мустаҳкамланди.
Юртимизнинг шимолида жойлашган икки минтақамиз – Қорақалпоғистон Республикаси билан Хоразм вилояти ҳам маълум даражада узилиб қолган эди. Чунки у ёққа борадиган темир йўл Туркманистон ҳудудидан ўтар, Бухоро вилоятидан чиққанидан кейин қўшни давлат чўллари узра нақ бир кун юрилар эди. Аввало, вақтдан ютқазилар, қолаверса, ҳар бир вагон учун қўшни давлатга  каттагина бож тўланар эди.
2001 йилнинг охирига келиб умумий узунлиги 633 километрни ташкил қиладиган Навоий – Учқудуқ – Султонувайстоғ – Нукус темир йўли ишга туширилди. Аввало, масофадан ютдик, йўлга кетадиган вақт 6 соатга қисқарди. Бундан ташқари, шу янги йўл ёқалаб ҳаёт жонланди.
Қашқадарё билан Сурхондарё вилоятлари – ўзаро қўшни. Бироқ Қаршидан Термизга бориш учун поезд аввал Қашқадарё вилоятидан Туркманистон ҳудудига ўтиб, у ерда  соатлаб юриши ва кейин Сурхондарё вилоятига кириб келиши керак эди. 2007 йилнинг августида жами 223 километрни ташкил этган Тошгузар – Бойсун – Қумқўрғон йўли ишга туширилди.
Шу тариқа жануб ҳам мамлакатнинг бошқа ҳудудлари билан маҳкам уланди.

(давоми келгуси сонларда)

Султонмурод ОЛИМ

 

<!-- [if gte mso 9]> <w