Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Мутолаа – эҳтиёж, маърифат – нажот

Мутолаа – эҳтиёж, маърифат – нажот

Президент Шавкат Мирзиёев давлат раҳбари вазифасини бажаришга киришган дастлабки кунлардан бошлаб китоб ўқиш ва билим олишнинг инсон ҳаётидаги долзарб аҳамияти, илмий салоҳиятнинг ижтимоий ривожланиш ва иқтисодий тараққиётда тутган ўрни, фаровон жамият қуришнинг муҳим омили эканини деярли ҳар бир чиқишида алоҳида таъкидлаб келади:

“...Биз фарзандларимизнинг онги, дунёқараши асрлар давомида синовдан ўтган, юксак маънавият хазинаси бўлган жаҳон ва миллий адабиётимиз эмас, балки қандайдир шубҳали, зарарли ахборотлар асосида шаклланишига бепарво қараб тура олмаймиз”.

“Дунё шиддат билан ўзгариб, барқарорлик ва халқларнинг мустаҳкам ривожланишига рахна соладиган турли янги таҳдид ва хавфлар пайдо бўлаётган бугунги кунда маънавият ва маърифатга, ахлоқий тарбия, ёшларнинг билим олиш, камолга етишга интилишига эътибор қаратиш ҳар қачонгидан ҳам муҳимдир”.

Зиёлиларга хос азму шижоат манбаига таянган ана шундай даъватлар, эзгу ташаббусларнинг амалий самараси сифатида болаларимизни мутолаага ўргатиш юзасидан қатор фармон ва қарорлар имзоланди. Натижада маънавият-маърифат масканлари, маданий муассасаларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, кутубхоналар фондини сезиларли равишда бойитиш ва шароитларини тубдан яхшилаш масалалари бирламчи вазифалар сирасига қўшилди. Кўп китоб ўқиган ёшларни рағбатлантириш, бош­қаларда ҳавас уйғотиш мақсадида қимматбаҳо совғалар, пул мукофотлари, ҳатто замонавий автомобиллар тақдим этиш тартиби жорий қилинди. Телетанлов форматидаги мазкур жараён тарихий-бадиий асарлар мутолаасидан бирмунча узоқлашган навқирон авлодни оз бўлса-да, анъанавий китобхонликка қайтаришда таъсирчан робита янглиғ майдонга чиқди.

Айни пайтда юртбошимизнинг яна бир таклифи – ҳокимиятнинг турли бўғинларидаги мансабдору мутасаддилар шахсий кутубхонасидаги энг сара китобларни ўзи ўқиган мактабларга тақдим этиши бўйича илгари сурган навбатдаги ташаббуси нафақат амалдорлар, балки аҳолининг барча қатламлари орасида кенг қулоч ёймоқда. Жумладан, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси аъзолари, партия фаоллари ҳам ана шу ҳаракатга астойдил қўшилишди.

Чуқур ўйланган стратегия ва аниқ тактикага асосланган ислоҳотларнинг маънавий устунларини янада мустаҳкамлашга қаратилган кўламдор ишларни кимдир ўзини кўз-кўз қилиш воситасига айлантириб олса, қаттиқ янглишади. Маълумки, давлатимиз раҳбари ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш бўйича 5 та муҳим ташаббусни илгари сурган эди. Шуларнинг тўртинчи йўналиши ёшлар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилишдан иборатдир. Президент ўртага ташлаётган ҳар бир ташаббус, таклифлар замирида улуғ мақсадлар, улкан ниятлар ётибди.

 Қўмита раисининг энг яқин дўсти

O‘zLiDeP Cамарқанд вилоят Кенгаши матбуот котиби Бахтигул Қаршиеванинг хабар беришича, парламент қуйи палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раиси, O‘zLiDeP фракцияси раҳбари вазифасини бажарувчи Адҳам Шодмонов Самарқанд шаҳридаги ўзи таҳсил олган 9-умумтаълим мактаби кутубхонасига 30 га яқин тарихий  ва бадиий адабиётлар туҳфа қилибди.

– Мактабимизнинг собиқ ўқувчилари турли ҳудудларда раҳбарлик лавозимларида ишлайди. Китоб топшириш баҳонасида уларнинг ёшларимиз билан учрашувлари ташкил қилинмоқда. Бундай мулоқотлар ўсмирлар қалбида ҳавас, келажакка умид, интилганга толе ёр бўлмоғига ишонч туйғуларини уйғотаётир, – дейди мактаб директори Дилбар Мавлонова.

Адҳам Шодмонов ўқувчилар билан мулоқот чоғида мамлакатимизда кейинги йилларда китобхонлик масалаларига берилаётган эътибор, китобхонларга кўрсатилаётган рағбат ҳақида гапирар экан, ўзининг “узоқ йиллик энг яқин дўсти” ким эканини ошкор қилиб, бу “қадрдон сирдоши”нинг бебаҳо хизматларини, ҳаётий сабоқларини жонли мисоллар билан таърифлаб берибди.

 Депутат ва синфдошлари интернатда

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Иброҳим Ҳожиев ва унинг Низомжон Аҳмедов, Акромжон Ортиқхўжаев каби синфдошлари Наманган шаҳридаги 1-сонли ихтисос­лаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернатининг собиқ битирувчилари ҳисобланади. Устозлар ўгити асосида таълим-тарбия олиб улғайган шу йигитлар бугун жамият тараққиётига ҳисса қўшаётган юртдошларимиздан саналади. Собиқ битирувчиларнинг мактаб ўқувчилари билан самимий мулоқоти айни шу масаладан бошланиб, юртимизда ёшларга яратилган имкониятларга уланди. Ўқувчиларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоблар берилди. Мактаб кутубхонасига 100 га яқин ижтимоий-сиёсий ва бадиий адабиётлар, серҳаракат болаларга спорт анжомлари совға қилинди.

 Ўқиб бўлгач, жойига қўясиз

O‘zLiDeP фракцияси аъзоси Расул Кушербаев партиямизнинг энг фаол депутатларидан. У сайловчилар билан учрашуви ва округдаги ишларини ўзи ўқиган мактабга боришдан бошлади. 
Тайёргарлик асносида кўнглига яқин асарларни жамлади: “Ўткан кунлар”, “Меҳробдан чаён”, “Кеча ва кундуз”, “Улуғбек хазинаси”, “Икки эшик ораси”, “Оқ кема”, “Биринчи муаллим”, “Жамила”, “Аламазон ва Гулмат”, “Ёлғизликнинг юз йили” ва... баракаси учади, дея китобларни охиригача санамади. Аксари лотин алифбосидаги асарларни Янгийўл туманидаги 48-умумтаълим мактабига ҳадя қилди.

– Океан ортига сафаримда одамлар гавжум ерларда кичик уйчали кутубхоналарни кўргандим, – дейди Расул Кушербаев. – Шундан бери хаёлимни ана шундай хайрли ишни ўзимизда қилсак бўлмасмикан, деган ўй банд қилиб юрганди. Ўзим туғилиб ўсган Янгийўл туманининг Қўшёғоч ҳудуди марказига кеча ёмғир бўлишига қарамай, мўъжаз уйчали кутубхонани дўстлар кўмаги билан ўрнатдик. Номини “мини”, “макро”, “сити” деб ўтирмай, ҳаммага тушунарли қилиб “Кичик кутубхона” деб атаб қўя қолдик. Ундан ҳар ким чекловсиз, бепул фойдаланиши мумкин. Фақат ўқиб бўлгач, китобни жойига қўйиш керак!

 Қутлимурат Бабашевнинг ваъдаси

– Аҳоли, айниқса, ёшлар орасида китобхонлик маданиятини кенг тарғиб қилиш энг асосий масалалардан бири, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракциясининг яна бир аъзоси Қутлимурат Бабашев.

Депутат Тахиатош туманидаги 16-мактабда таълим олган. Куни кеча қадрдон даргоҳига 15 дона китоб билан келди. Эрнест Сетон-Томпсоннинг машҳур адиб Тоғай Мурод таржима қилган “Ёввойи йўрға”, Лев Толстойнинг “Анна Каренина”, Марк Твеннинг “Янки ва Қирол Артур” сингари ижод намуналарини ўқувчилар шу ернинг ўзида варақлай бошлашди ва миннатдорлик сифатида ўзлари ёзган шеърлардан парчалар ўқиб беришди.

Илмга чанқоқ мактаб ўқувчилари мутолаага қизиқишларидан сўз очар экан, мумтоз адабиётнинг айрим намуналарини топишнинг имкони бўлмаётганини дангал айтишди. Депутат сўралган китобларни кейинги сафар олиб келишга ваъда берди.

Ижтимоий тармоқларда эса...

Интернет манбаларига жойлаштирилган янгиликлар орқали Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов Қўшработ туманидаги ўзи ўқиган таълим муассасалари – 64, 41 ва 19-умумий ўрта таълим мактабларининг ҳар бирига 200 тадан китоб туҳфа этгани, уларни “Самарқанд китоб олами” маж­муасида ўзи танлаб харид қилгани, Олий Мажлис Сенати аъзоси, Бухоро халқаро аэропорти директори Тоҳир Бахронов, парламент қуйи палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси аъзолари Қаҳрамон Эргашев ва Шуҳрат Шарофутдиновлар ҳам ўзлари таълим олган қадрдон мактабларига дурдона асарлардан тортиқ этганини билиб олдик.

Хулоса ўрнида

...Бир вақтлар ўқитувчимиз синфга кирганида албатта дарсдан ташқари китоб кўтариб келарди. Йўқламага ўтишдан аввал унинг энг қизиқарли жойидан ўқиб берарди. Кейин китобни ёпиб, стол устига қўярди. Номини ҳам, муаллифини ҳам айтмасди. Шу китобни ўқинглар ҳам демасди. Лекин синфнинг ярми уни ўқиб чиқарди...

Кейин билсам, бу қизиқтиришнинг оддий усулларидан экан. Ҳозир қадрдон мактабларига китоб совға қилаётганлар ҳам, қанийди, мисол учун Тоғай Муроднинг “Юлдузлар мангу ёнади” қиссасини тақдим этар экан, бош қаҳрамон Бўри полвон яқин дўсти Насим ёмонлигига дуч келгандаги, Момоқиз билан қайта учрашгандаги кечинмаларидан бир шингил айтиб берса. Қанийди, Заҳириддин Муҳаммад Бобурдек шоҳ ва шоир ўз зарарли одатларидан қандай мардонавор қутулганини “Бобурнома” асари аосида изоҳлаб берса...  

Конфуций ёзиб қолдирган аксиоманинг мағзига эътибор беринг: “Борлиқни маърифат ва эзгуликдан иборат буюк бир оқим тутиб туради. Шу оқимга қўшилиб суза билган инсонгина ўз моҳиятига муносиб бўла олади”.

Озод РАЖАБОВ,
“XXI asr” мухбири