Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

МУТОЛААДАН УЗОҚЛАШИШ ҲАЛОКАТГА ЕТАКЛАЙДИ

МУТОЛААДАН УЗОҚЛАШИШ ҲАЛОКАТГА ЕТАКЛАЙДИ

Яширишга не ҳожат – интернет нашрларининг ривожланиши ва ижтимоий тармоқларнинг оммалашуви ортидан босма нашрларнинг, хусусан, газеталарнинг “ўлими”ни башорат қилувчилар кўпайиб қолди. Бу ҳолат, айниқса, жорий обуна мавсумида янада авж олди. “Мажбурий” обунага барҳам бериш борасида бошланган баҳс-мунозаралар газеталар фаолиятига қарши кампанияга айланиб кетди. Вазият шу даражага етдики, бирор ташкилотга бориб, обуна ҳақида гап очсангиз, унинг этагига “мажбурий” деган қўшимча ҳам осилмоқда.

Беш қўл баробар эмас. Мамлакатда чоп этилаётган барча газеталарни бир хил қолипда – салбий мезон асосида баҳолаш, уларнинг барчасини “мажбурий” обунага қарамликда айблаш ножоиздир.

Бироқ газеталарнинг бугунгидек мавҳум тақдири моддий таъминотга боғлиқлиги сир эмас. Тўғри, бугун ўз ўқувчисига эга газеталар талайгина. “Оила даврасида“, “Жамият“, “Ишонч“, “XXI asr” газеталарида камида икки-учта таҳлилий, танқидий, мулоҳазали мақолалар бериб борилади. Агар обуна сони мақолаларнинг сифатига боғлиқ бўлганда, юқоридаги газеталарнинг тиражи кўтарилиб кетиши керак эди. Аслида-чи?

Аслида қайси ташкилот муассислигида, қандай савияда, қай йўналишда чоп этилишидан қатъи назар, барча газеталар бугун мураккаб даврни бошдан кечирмоқда. Бу фақат моддий таъминот билан боғлиқ жараён эмас, балки рақобат кучайган ахборий майдонда ўз ўрнини сақлаб қолиш, ўз ўқувчисига эга бўлишдек ҳаёт-мамот масаласидир.

Бу жараёнда газеталар, хусусан, ижтимоий-сиёсий нашрлар, давлат томонидан моддий қўллаб-қувватлаш ва таҳририятларга бир қатор имтиёзлар тақдим этиш эвазига бўлса-да, сақлаб қолиниши керак. Буни қандай амалга ошириш мумкин?

Биринчидан, бевосита газета таннархининг асосий қисмини ташкил қилувчи қоғоз нархини нисбатан арзонлаштириш, уни барча таҳририятларга давлат томонидан имтиёзли асосда етказиб беришни йўлга қўйиш лозим.

Иккинчидан, обуна ташкил қилиш ва тарқатиш тизимини ўзгартириш фурсати етди. Почта хизматларининг нархи жуда қиммат ва кўрсатилаётган хизмат сифати ҳам талабга яраша эмас. Газета обуначининг қўлига ўз вақтида етиб бормайди. Бу ёқда йил охирлаб қолса-да, почта хизматлари обуна пулини таҳририят ҳисоб рақамига ўтказиб беришни пайсалга солади.

Масалан, биз газетага обуна ташкил қилиш ва уни тарқатишда воситачилар хизматидан воз кечдик. Обуна уюштирувчи ва газета тарқатувчи ходимларни ишга олдик. Уларни автомашина билан таъминладик. Жуда қисқа фурсатда иқтисодий жиҳатдан оёққа туриб олдик. Барча вилоятларда мавжуд бўлган бу тажрибани оммалаштириш мумкин эмасми?

Учинчидан, расмий нашрлар, жумладан, вилоят ва туман ҳокимликлари муассислигидаги газеталарга тижорий маҳсулот сифатида эмас, балки давлат сиёсатини тарғиб қилувчи восита ўлароқ баҳо бериш керак. Бу тарғибот воситасининг кўпроқ тарқалишидан ва ўқилишидан, табиийки, давлат ва унинг идоралари манфаатдор. Агар обуна орқали бу нашрлар қамровини кенгайтириш имконсиз бўлса, ечим учун бошқа самарали усуллардан фойдаланиш зарур.

Тўртинчидан, босма нашрлар сонига эмас, уларнинг сифатига урғу бериш керак. Масалан, бир қатор вазирлик ва бошқармалар тасарруфида ҳуқуқ, таълим соҳасига оид ўнлаб нашрлар мавжуд. Хусусийлари эса ундан-да кўп. Ўқувчи қайси бирини танлаши лозим? Битта соҳага шунча газета-журналнинг нима кераги бор? Газета-журналлар сонини камайтириш ва ўқувчига танлаш имконини бериш керак.

Интернет сайтлари ва ижтимой тармоқлардан фойдаланиш имконияти пойтахт ва чекка ҳудудлар аҳолисида бир хил эмас. Марказдан узоқ туманларда фаол интернет фойдаланувчилари 2-3 фоиздан ошмайди. Демакки, бу ҳудудларда босма нашрларга эҳтиёж мавжуд. Қолаверса, ҳеч қайси марказий ОАВ жойларда бўлаётган воқеа-ҳодисаларни, маҳаллий янгиликларни буткул қамраб ололмайди. Буни фақат ҳудудий нашрлар уддалайди. Чунки ҳар бир ҳудудий нашр муайян туман, шаҳар аҳолисининг ўй-фикрлари, мақсад ва интилишларини ифода этувчи ҳақиқий минбардир.

Мухтасар айтганда, энг муҳими, китоб мутолаасига меҳр газета ўқишдан бошланади. Мутолаадан узоқлашиш муқаррар ҳалокатдир. Муаллиф таъкидлаганидек, “Газетанинг келажаги ҳақида хулоса шуки, инсон табиатининг табиий инстинкти бўлмиш ўқиш – айнан қоғоздан ўқишга мойиллик мавжуд бўлар экан, босма нашрлар ҳеч қачон ўлмайди.”

Азизжон ЭРМАТОВ,
“Янги Фарғона” газетаси бош муҳаррири