Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Музей ёки кутубхона нега реклама қилинмайди?

Музей ёки кутубхона  нега реклама қилинмайди?	Бекатда тургандим. Бир аёл: “Амир Темур музейига қайси автобус боради?”, деб сўраб қолди. Тўғриси, аввалига шошиб қолдим. Негаки, яқин орада бундай саволни эшитмагандим-да. Одатда кўпчиликни бозор ё супермаркет, кафе ё ресторан, истироҳат боғлари қизиқтиради. Кутубхона, китоб дўкони, театр... айниқса, музейни суриштириш рости билан камёб ҳодисага айланиб бораётгани ҳақиқат. Ҳалиги опахон билан ўша автобусга бирга чиқдик. “Ўқитувчимисиз?” деб сўрадим. “Нима, музейларга фақат муаллимлар кирадими, мен оддий ҳамшираман, болаларимни  Амир Темур музейига олиб бормоқчиман, шунга сўровдим”, деди.

– Баъзан ҳайрон қоламан. Кўчадаги катта-катта лавҳаларга санъаткору хонанда, дори-дармону турли хил шарбатлар рекламасини илмасдан, кутубхона ва музейлар жойлашган манзилларни ҳам ёзиб қўйсак бўлмасмикан-а?

– Улар катта реклама-да, бунинг учун қанча пул тўлашади, – тушунтирган бўлдим.

– Музейларни реклама қилиш керак эмасми?

Ҳақиқатан ҳам, нега маданиятимизнинг ёрқин ифодаси бўлган, ўтмишимизнинг бир бўлагидан шоҳидлик берувчи музейларни тарғибот қилмаслигимиз керак? Мамлакатимизда тарихий ёдгорликлар, музейлар кўплиги билан мақтанамиз-у, аммо фарзандларимиз билан бориб кўрмаймиз. Ёки бизга маънавий озуқа керак эмасми? Янги ишланган фильмлар афишаси ойлаб осилиб туради-ю, янги нашрдан чиққан асарлар ҳақида хабар ҳам топ­маймиз.

Болаларимизни ҳайвонот боғи, хиё­бону сайилгоҳларга олиб борамиз. Лекин нега музейга саёҳат уюштирмаймиз? Баъзида мактабдан боради-ку, дея бепарволик қиламиз. Аммо қий-чув кўтариб тўда-тўда бўлиб юрган болалар ноёб экспонатларга аҳамият берадими, кўраётган нарсасини қанчалик тушуниб етади? Минг афсуски, одатда таълим муассасаларида маънавият ва ахборот соатлари иш режасига киритилгани учунгина музейларга саёҳат уюштирилади. Ачинарлиси эса, ҳисобот учун бино ёнида суратга тушиб, ҳатто ичкарига кирмасдан қайтиб келадиганлар ҳам бор. Ҳаммаси қоғозда қолади. Ҳисоботлар билан маънавиятимизни бойитиб бўлсайди. Буни қачон англаб етамиз? Ҳатто сешанба ва жума кунлари болалари билан борганлар учун музейларга кириш бепул қилиб қўйилганидан ҳам кўпчилигимизнинг хабаримиз йўқ. Бундай зиё масканлари ёшларнинг дунёқарашини кенгайтириши, мактабда олган билимларини мустаҳкамлаши билан бирга, маънавиятини ҳам юксалтириши кундек равшан-ку!

Отабек ДЎСЯРОВ,

Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг

Мирзо Улуғбек туман кенгаши фаоли