Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Нафсига қози бўлмаган судьялар

Нафсига қози бўлмаган судьялар

«Ўрганиб қолсанг, бировнинг ошига, кунда борарсан анинг қошига», деганларидек, пул, мол-дунё орттиришга ружу қўйган одам борган сари инсоф-иймонини йўқотиб, ўз фойдаси йўлида ҳар қандай тубанликдан ҳам тоймайди. Дарҳақиқат, порахўрлик, тамагирлик ва коррупция жамият тараққиётига ғов бўлувчи, давлат манфаатларига мутлақо зид иллат экани борасида ортиқча изоҳга ҳожат бўлмаса-да, ён-атрофимизда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар бу ҳақда яна бир бор фикр юритишга мажбур қилмоқда.

Пул берсанг, ажраштираман

Ўтмишда порахўрлик, яъни коррупция бўлмаган десак, янглишамиз. Албатта, бу иллат инсоният танасига асосан «нафс» қиёфасида зулукдек ёпишиб, давлат асосларини емириб, жамият тараққиётига тўсқинлик қилиб келмоқда.

Сўнгги пайтларда айрим амалдорларнинг порахўрлиги билан боғлиқ ҳолатлар ҳали олдимизда турган ишлар юкини белгилаб бермоқда. Зеро, жамиятда бир нафар бўлса-да, порахўр ёхуд коррупция қулига айланган амалдорнинг чиқиши халқнинг давлат ва раҳбарларга бўлган ишончига жиддий путур етказади. Боз устига, ўша бебурд амалдор Ўзбекистон Республикаси номидан қарор қабул қиладиган судья бўлса-чи?! Бундан мудҳиш манзара бўлмаса керак. Ахир айтишади-ю, «Қози муттаҳам бўлса, додингни кимга айтасан», деб... Қолаверса, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимининг тамагирлик қилиши, ҳузурига адолат истаб келган инсоннинг «қўлига қараши» нафақат ўша адолат посбонининг номига, балки бутун бошли идора обрўсига, ҳамкасбларининг нуфузига ҳам путур етказади.

Жорий йил январь ойида жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилоят судида ана шундай қинғирликка қўл урган судья ва унинг ёрдамчисига нисбатан қўзғатилган жиноят иши кўриб чиқилди.

Фуқаролик ишлари бўйича Қарши туманлараро суди судья­си А.М. даъвогар А.З.нинг жавобгар Б.Р.га нисбатан никоҳни бекор қилиш ҳақидаги фуқаролик иши бўйича уларга ўзаро ярашишлари учун 3 ой муддат бериш тўғрисида ажрим чиқаради. Ке­йин эса ёрдамчиси Д.Ж. орқали А.З.га шарт қўяди. Яъни агар 500 АҚШ доллари бермаса, 3 ойлик муддат ўтгандан сўнг даъво аризасини рад қилишини айтиб, даъвогарни пора беришга мажбур қилади.

Орадан бир ҳафтача вақт ўтгач, А.З. судья ёрдамчиси Д.Ж. билан боғланиб, учрашув белгилайди. Д.Ж. айтилган жойга келгач, «Судья айтган 500 АҚШ доллари», дея унга пулни узатади. Судья ёрдамчиси пулни олиб, машинадан тушган вақтда қўлга олинади. Шундан сўнг у топширган ариза юзасидан тадбир давом эттирилади ва А.М. хизмат хонасида ёрдамчисидан 500 АҚШ долларини олган вақтда ашёвий далиллар билан ушланади.

Суд томонидан А.М.га 3 йил мансабдорлик лавозимларида, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда ишлаш ҳуқу­қидан маҳрум қилинган ҳолда 9 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Д.Ж.га эса 2 йил мансабдорлик лавозимларида, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Судьянинг ўйини

Фуқаролик ишлари бўйича Урганч туманлар­аро суди судьяси З.И. ҳар ишда моҳир, уддабурон чиқиб қолди. Йўқса, ўзининг иш юритувидаги фуқаро М.А.нинг Урганч туман ҳокимлиги зиммасига ерга эгалик ҳуқуқини белгилаш мажбуриятини юклаш ҳақидаги даъвосини рад қилиш ҳақида ҳал қилув қарори қабул қилиб, ушбу қарор апелляция судлов ҳайъати томонидан ҳам ўзгаришсиз қолдирилганлигини билгани ҳолда, бу ҳолатдан унумли фойдаланиб қолишни режалаштирармиди?! Яъни М.А.нинг ишончли вакили А.Э.га ушбу низоли масалани пойтахтдаги раҳбарлари билан гаплашиб, унинг фойдасига ҳал қилиб беришини ваъда қилади. А.Э.нинг ишончига киргач эса, мазкур хизмат учун 12 минг АҚШ доллари бериш лозимлигини таъкидлаб, уни кўндиради.

Адолат пешвоси З.И. 2018 йилнинг декабрь ойида даъвогарнинг ишончли вакили А.Э.дан талаб қилинган пулларни олган вақт­да ашёвий далиллар билан ушланди.

Суд икки нафар фуқарони алдаб, мансабини суиистеъмол қилган тамагир судьяни 2 йил муддатга мансабдорлик лавозимларида, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда ишлаш ҳуқу­қидан маҳрум қилиб, унга 10 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси та­йинлади.

Фирдавс Яшнарбеков,
Бош прокуратура бошқарма прокурори
Манба: "Kun.uz" нашри.