Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Навоийнинг инновациялари

Навоийнинг инновациялари

Янгиликка интилиш қонимизда бор. Халқ эртакларидаги учар гиламу ойнаи жаҳон асрлар ўтиб, ҳаётда самолёту телевизор кўринишида пайдо бўлганини ҳаммамиз биламиз, давраларда гапириб юрамиз. Аслида, булар уммондан бир қатра, холос. Улуғ аждодларимизнинг илмий-адабий меросига чуқур шўнғиганимиз сари янгидан-янги кашфиёту ихтироларга, бугунги тил билан айтганда, инновацияларга дуч келаверамиз. Нуктадон ижодкор Иномжон Абдиев бир неча йил илгари Навоийнинг ақл машъали ёритган, кейинчалик реалликка айланган ана шундай фаразларни тўплаб, мақола тарзида эълон қилган эди. Қаламкашнинг бу изланишлари, яхши топилманинг эгаси кўп бўлади деганларидек, деярли ҳар йили февраль ойида турли нашрларда ҳар хил шаклда турли имзолар билан чоп этиб келинди. Биз бугун газетамизда ўша машҳур мақоладан иқтибослар берар эканмиз, Иномжон Абдиевнинг муаллифлик ҳақларини яна бир бор эслатиб қўйишни журналистлик бурчимиз деб билдик.

           Алишер Навоий барча фанлар билан шуғулланди – илми нужум, мусиқа, табобат, луғатшунослик, ўқ отиш санъати, адабиёт назарияси, қушлар ҳаёти – зоология. Хусусан, унинг тасвирий санъатда ҳам машқлар қилиб тургани, ҳатто Ҳусайн Бойқаронинг суратини чизгани ҳақида манбалар гувоҳлик беради. Навоийнинг ўз қўли билан чизган занжирбанд шер сурати, мана беш асрдирки, такрор-такрор мунозаралар манбаига айланиб келади. Бу буюк зот мусиқа илмида ҳам ноёб истеъдод соҳиби бўлиб, бир қанча куйлар ижод қилган. Бош меъмор сифатида ўз маблағи ҳисобидан кўприк, тегирмон, ҳаммом, боғ, мақбара, масжид, шифохоналар барпо этди, ариқлар қаздирди. Бунёд этган иншоотларининг аксарияти тархини ўзи чизди, тузатди.

“Лисон-ут-тайр”да ўқиймиз(насрий баёни): “Инсон кўнглини турли билимлар хазинаси қилди ва бу тилсим ичида Аллоҳ ўзини яширди”. Не ажабки, Алишер Навоий­нинг ёзганлари ҳам шунчаки шеърий ҳавас ёки биргина маъно англатувчи сўзлар кетма-кетлигидан иборат эмас, рамзий-мажозий мазмуни кўп қатламлидир. Ҳар бир байти мўъжизага менгзагулик сатрларидан илоҳий донишмандлик уфуриб туради. Шеърият султони тахайюл отида шунчалар узоқларга парвоз этолганки, унинг олдида нафақат тезлик, балки вақт – асрлар ҳам чикора. Масалан, манзумаларида даври учун бутунлай бегона бўлган турли тимсоллар (образ) учрайдики, гўё Навоий тафаккур ғаладонида бунёд бўлган илмий кашфиётларини, башоратлари ва фаразларини сатрлари қатига сингдириб юборгандек.

 

Телевизор

            Барчага яхши маълум, 1928 йили Тошкентда ихтирочилар Б.Грабовский ва И.Белявскийлар электр-нур ёрдамида ҳаракат қилаётган тасвирни бир жойдан узатадиган ва қабул қиладиган аппарат яратиб, муваффақиятли синовдан ўтказдилар. Пойтахтимиз телевидение ватанига айланиши бежиз эмасди. Чунки Алишер Навоий бир неча асрлар илгари “Фарҳод ва Ширин” достонида шундай ёзган, бу мисралар оғиздан-оғизга, авлоддан-авлодга ўтиб келаётган эди:

 

Ғаройиб кўп ҳувайдо бўлғусидир,

Бас, анда шакл пайдо бўлғусидир...

 

Кўруниб ҳар замоне – кўзга бир шакл,

Кўз олғоч – бўлғусидир ... ўзга бир шакл!..

 

Чу бўлди жилвагар ошкор юз навъ,

Анга ҳам бўлғуси – тимсол юз навъ!..

 

            Экранда кадрлар бир секундда 24 маротаба алмашади ва жонли тасвир кўринади. Шакл бу кадрлар десак, уларнинг алмашинувидан турли-туман ғаройиботлар, жонли суратлар, рангин қиёфалар силсиласи намоён бўлади. Энг ажабланарлиси, Навоий бу қурилмани ҳам ўз ҳолича “ойнаи жаҳон” деб номлайди. Фарҳод узоқ Арман ўлкасининг маликаси Шириннинг ҳусну жамолини айнан шу восита орқали кўриб, унга маҳлиё бўлиб қолади.

 

Робот

          “Фарҳод ва Ширин” достонини мутолаа қилишда давом этсак, бугун тилимиз анча келишиб қолган ХХ аср яратиқларидан бири – роботлар ҳақидаги сатрларга ҳам кўзимиз тушади:

 

Бўлур дарвоза ичра ошкоро,

Темур жисмики қилмиш пайкар оро.

 

Эрур одамға монанду мушобиҳ,

Илгида темурдан ёй қилиб зиҳ.

 

Ва лекин ушбу пайкар рой то фарқ,

Бўлиб ўтдек темур ўрчин аро ғарқ.

 

            Маъноси шундай: “У одамга жуда ҳам ўхшар, қўлида ўткир ўқ тортилган темир ёйни ушлаб турар эди. Бошидан оёқ совутга ўралган бу темир одам ич-ичидан ёниб турарди”.

Эскалатор

           “Хамса”нинг тўртинчи достони “Сабъаи сайёра”да эскалатор ва лифт ҳақидаги фаразларни ўқиган машҳур шарқшунос олим Бертельс ҳам ҳайрат оғушида қолганини яширмаган экан.

Поялар мақдамида бўлғай паст,

Айлагай бир-бири юзига нишаст.

 

Чун секиз поя қатъ бўлди тамом,

Айлагач шоҳ ўз ерида мақом.

 

Яна ул поялар баланд ўлғай,

Тахтидин шоҳ баҳраманд ўлғай.

 

Ким, қаён шаҳ бўлур нишотангез,

Оз ишорат била югургай тез.

 

           Маъноси шундай: “Шоҳ бу тахтга чиқадиган бўлса, пиллапоялар унинг қадам қўйиши учун пасайиб, бир-бирининг устига ётади. Шоҳ шу 8 поянинг ҳаммасини босиб ўтиб, ўз тахтига ўтиргач, у зиналар яна баланд кўтарилади. Шоҳ қай тарафга қараб ўтиришни хоҳласа, озгина ишорат кифоя. Тахт ўша тарафга қараб айланади”. Бу ерда кейинги асрларнинг, янаям аниқроғи – 1892 йили америкалик кашфиётчи Жесси Рено томонидан ясалган эскалатор ҳақида гап кетаётганига шубҳа йўқ.

 

Батискаф

“Хамса”нинг бешинчи достони бўлмиш “Садди Искандарий” ҳам бундай тимсол ва мажозлар билан тўла. Масалан, Искандарнинг сув тубига тушиш учун шишадан махсус ноёб аппарат ясатгани ҳикоя қилинади:

 

Қилиб сув тубин кўрмак андишае,

Ҳамул ҳикмат аҳли ясаб шишае.

 

Кириб шишаға ранжу ташвир ила,

Анинг оғзин беркитиб қийр ила,

 

Танобеки, бўлғай неча минг қари,

Эшилган, келур чоғда дарё сари

 

Бир учин қилиб шиша давриға руст,

Яна бир учун туттуриб элга чуст.

 

Бу янглиғ қилиб чўкти дарё қуйи,

Ани қаъриға чекти дарё суйи.

 

Ғаройибики, дарёда бўлғай ниҳон,

Анга зоҳир ўлди жаҳон дар жаҳон.

 

         Маъноси қуйидагича: “Сув тубин кўриш орзуси (Искандарда) туғилди. Олимлар тез орада шишадан бир идиш ясадилар. Искандар хавф-хатар билан шиша ичига кирди. Унинг оғзини мум ва пўкак билан мус­таҳкамладилар. Денгиз суви уни ўз қаърига тортиб кетди. Шундай қилиб, сув тубида номаълум бўлмиш бутун ғаройиботлар бошдан оёқ намоён бўлди”. Тасаввур қудратини қарангки, Навоий – батискафни ихтиро қилган (1948 йил) швейцарялик олим Огюст Пикардан роппа-роса 463 йил олдин сув тубига тушувчи қурилма, унинг шакли, қисмлари ҳақида ёзиб қолдиряпти.

 

Двигатель

            Алишер Навоий асарларида бугунги замонавий автомобилларнинг мотори-двигателига ўхшаш нарса ҳақида ҳам сўз кетади:

Ичинда намудор андоқ тилсим,

Ки ул ҳуфра кунжида бир рўй жисм.

 

Киши ҳайъати бирла жунбушнамой,

Ул оташгоҳ ичра ҳароратфизой.

 

Ясаб олида дам била кўрае,

Ҳамул кўра жисмида мошурае.

 

Чу ул кўрау дамға айлаб ситез,

Бу мошура нафхи қилиб шула тез.

            Насрий баёни шундай: “Тилсим чуқурнинг бир бурчагига жойлаштирилган бўлиб, кўринишидан одамнинг гавдасига ўхшайди. Ўша кишининг ҳайбатига ўхшаган тилсимнинг қайнашидан ўтхонада ҳарорат ҳосил бўлади. Ўшанинг ёнида бир дам билан қўра бор, шу қўрага ҳаво берадиган бир най ўрнатилган. Шу дам билан қўранинг ҳалиги найи орқали пуфланиб, унинг ичидаги олов билан туташтирилади”.

 

Кондиционер

           Кейинги саҳифаларда бугун уйларимизга ҳам иссиқлик, ҳам муздек ҳарорат бахш этиб турувчи кондиционер (1915 йили француз олими Жанн Шабаннес биринчи кондиционерга патент олган) ҳақида гап кетади:

 

Ки ҳар сори лавҳе эрур таъбия,

Бирида елу бирда ўт таъмия.

 

           Маъноси шундай: “Чоҳнинг икки ёнига яхшилаб қараса, бирига ўт, иккинчисига ҳаво деб ёзиб қўйилган.” “Фарҳод ва Ширин”дан олинган мана бу байт ҳам унга ҳамоҳанг жаранглайди:

 

Кетурдилар ҳакими нуктадони,

Билик бирла жаҳон ичра жаҳоне!..

 

Қилиб тунни – ёруғ, кунни қоронғу,

Сувдин – ўт ёндуруб, ўтдин – сепиб сув.

 

            Албатта, юқорида  анаб ўтилган тимсоллар, рамзлар, ўз даври учун ғайриоддий бўлган қурилмалар, башоратлар Навоий ижодида беҳисоб. Баланд минора устига  ўрнатилган бугунги
параболик ва спутник антенналарига ўхшаш
 қурилмалар, дунёнинг  нариги чеккасидаги  инсон билан тўғридан-тўғри бир-бирини кўриб турган ҳолда  (вебкамера орқали) мулоқотда бўлиш,
компьютер, интернет,
 кишининг май ичган-ичмаганини аниқлаб берадиган восита, кибернетика ҳамда яна  бошқа турли  ғайриоддийликлар хусусидаги фаразлар шулар жумласидан. Яна, ҳатто ХХI аср одамлари тасаввур доирасидан ҳам ташқарида бўлган антиқа тимсоллар, фаразлар учрайдики, ҳайратланмай иложингиз йўқ.  Агар уларнинг муқобилини бугун ҳам учратмасак, буни замонавий фан ва  техниканинг ноқислигидан деб билиш лозим.