Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Неча ёшда турмуш қурган мақул?

Неча ёшда турмуш қурган мақул?

Оилалар қанчалик мустаҳкам бўлса, жамият шу қадар фаровон ва барқарор бўлади. Жамият, оила ва шахс бир-бирисиз мукаммал, бахтиёр бўла олмаслиги ҳаётий ҳақиқат. Шу маънода оиланинг жамиятдаги ўрни ва ролини ошириш, мустаҳкамлигини таъминлаш муҳим аҳамият касб этади.

O‘zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши ташаббуси билан Сирдарё туманида “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази, туман ФҲДЁ бўлими билан ҳамкорликда “Эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг салбий оқибатлари” мавзусида ташкил этилган очиқ мулоқотда шу ҳақда сўз юритилди.

Тадбирда мамлакатимизда оилаларни ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, турмуш қураётган ёшларнинг фарзандлар тарбияси борасидаги кўникмаларини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Шунингдек, эрта никоҳ оқибатида ажримларнинг сони кўпаяётгани ёшларнинг руҳий ҳолатига салбий таъсир кўрсатаётгани хусусида фикр-мулоҳаза билдирилди.

Йигит-қизларнинг турмуш қуриш ёши оила мустаҳкамлигига таъсир кўрсатувчи асосий омиллардан биридир. Афсуски, айрим ота-оналар кўпинча фарзандининг келажак тақдири, бахт-саодати ҳақида ўйламай, ҳали балоғат ёшига етмаган қизини узатиш ёки қариндошимнинг қизи бегона бўлмасин деб ўғил уйлантириш тараддудига тушади. Аммо бу кўп ҳолларда бўлғуси онанинг руҳиятига, қолаверса, туғилажак фарзанднинг соғломлигига ва ёш оиланинг мустаҳкамлигига салбий таъсир кўрсатади.

­– Маълумотларга кўра, 15-18 ёшда турмуш қурганларнинг оилавий ҳаёти бор-йўғи икки-уч йилгача давом этар экан, – деди O‘zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгашининг аёллар билан ишлаш бўлими мудири Сабоҳат Бобоева. – Бу эса нафақат ота-оналарни, балки кенг жамоатчиликни ҳушёрликка чорлайди. Олимларнинг фикрича, қизлар учун энг мақбул турмуш қуриш ёши 22-25 бўлиб, ўғил болалар учун эса 24-30 ёш саналади.

Мутахассислар томонидан қизларнинг 16-18 ёшларда она бўлиши жиддий муаммоларни келтириб чиқариши мумкинлиги аниқланган. Кўп ҳолларда бундай ёшдаги қизларнинг фарзандни дунёга келтиришида турли муаммолар келиб чиқади. Қизларнинг жисмонан ва руҳан оналикка тайёр бўлмасдан оила қуриши кўпинча туғруқ жараёнида ўлим хавфи ортишига сабаб бўлади. Бинобарин, эрта ҳомиладорлик ёш она ҳамда бўлажак фарзанд учун ҳар томонлама хавфлидир.

Соғлом фарзанд соғлом онадан дунёга келади. Ёшларда соғлом ва аҳил оила қуриш, соғлом турмуш тарзини қарор топтиришга интилишни рағбатлантиришдек эзгу ишлар замирида, аввало, баркамол авлодни вояга етказишдек эзгу мақсад мужассамдир.

Ҳусан ЖАББОРОВ,
O‘zLiDeP Сирдарё вилоят
Кенгашининг ёшлар билан ишлаш
бўлими мудири