Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Нега Трамп мурожаатига олий суд аъзолари қарсак чалмади?

Нега Трамп мурожаатига олий суд аъзолари қарсак чалмади?

АҚШ президентларининг Конгрессга қилган мурожаатлари тарихи хусусида.

Ҳар йили Оқ уй раҳбари сўнгги бир йил давомида амалга оширилган ишлар ва навбатдаги режалар юзасидан Конгресс олдида ҳисобот беради. 5 февраль куни АҚШнинг амалдаги президенти Дональд Трамп Конгресснинг ҳар икки палатаси аъзолари олдида “Мамлакатдаги вазият” юзасидан мурожаатнома билан чиқди.

 Президент Трамп ўз мурожаатида маъмурияти катта ютуқларни қўлга киритганини маълум қилди: “Сўнгги икки йилда менинг маъмуриятим, ҳар икки партия етакчилари ўнлаб йиллар давомида эътибор қаратмаган тарихий муаммоларни ҳал қилди. 24 ой давом этган жадал тараққиёт натижасида бизнинг иқтисодиёт жаҳонда ҳавас қиларли даражага чиқди, қуролли кучларимиз дунёда энг қудратли ва Америка кундан-кунга зафар қучмоқда“ , дея баёнот берди у. АҚШ давлат раҳбари, шунингдек, америкаликлар фаровонлиги йўлида партиялар билан биргаликда ишлаш кераклигини таъкидлаган.

Дональд Трамп Ўрта ва кичик масофадаги ракеталарни йўқ қилиш тўғрисидаги битимдан чиқишни мажбурий қадам, дея атади. У Афғонистондаги вазиятга тўхталиб ўтар экан, АҚШ “Толибон” ва бошқа гуруҳлар билан конс­труктив музокаралар олиб бораётгани, агар музокаралар муваффақиятли якунланса, Афғонистонда Америка қўшинларининг сони камайтирилишини ҳам қайд этди.

“Мамлакатдаги вазият тўғрисида“ (State of the Union Address,– “Иттифоқдаги вазият тўғрисида“)ги мурожаатнома Қўшма Штатларнинг қадимий сиёсий анъаналаридан бири ҳисобланади. Президентнинг худди Буюк Британия қироли каби парламентга мурожаат билан чиқиш зарурияти 1787 йилда АҚШ конституциясига бириктириб қўйилган.

Президентнинг илк бор Конгрессга мурожаат қилиши билан боғлиқ анъана 1790 йилда пайдо бўлди. Ўша йилнинг 8 январида АҚШнинг биринчи Президенти Жорж Вашингтон Нью-Йоркда қонун чиқарувчилар олдида мурожаат билан чиқди. Аммо 1801 йилда Президент Томас Жефферсон монархия анъаналари демократик давлатга мос эмаслигини айтиб, ўзининг Конгрессга мурожаатини ёзма шаклда юборди. Бироқ, Стэнфорд университетининг 1992-2000 йиллардаги президенти Герхард Каспер Конгресс олдида чиқиш қилмаслик учун Жефферсонда шахсий сабаблар борлиги ҳақида ёзган эди. Чунки президент яхши нотиқ эмасди, шу сабабли омма олдида нутқ идрок қилолмаган.

Ёзма мурожаат амалиёти 112 йил давом этган. Давлат раҳбарининг шахсан мурожаат қилиш анъанаси 1913 йилда Президент Вудро Вильсон томонидан қайта тикланган. У сиёсатшунос сифатида 1889 йилдаёқ ёзган мақоласида Ижроия ҳокимият ва Конгресс ўртасида фикрларни алмашиш учун масъулиятни ҳис қилган ҳолда Президент оғзаки нутқ билан чиқиши кераклиги ҳақида айтган эди. Аммо кейинчалик айрим президентлар бу анъанадан чекинди. Энг сўнгги бор ёзма мурожаат анъанасидан Жимми Картер 1981 йилда фойдаланган.

“Мамлакатдаги вазият тўғрисида“ деган номни 1935 йилда Франклин Рузвельт амалиётга киритди, унгача мурожаат “Президентнинг Конгрессга йиллик мурожаати” дея номланиб келган.

Мурожаат қилинадиган сана аниқ белгилаб қўйилмаган. 1934 йилга қадар Президент қонун чиқарувчиларга декабрь ойида мурожаатнома билан чиқарди. Бироқ, Конгресс ишини март ойидан январга кўчириш тўғрисида Конс­титуцияга киритилган 20-ўзгартишдан сўнг йиллик мурожаат йил бошида – одатда январь ойи сўнггида қилинадиган бўлди. Бунда янги сайланган президентнинг мансабга киришган йили истисно қилинади. Чунки инаугурация 20 январда бўлиб ўтиши сабабли, давлат раҳбари қонун чиқарувчилар олдида февраль ойида чиқиш қилишга мажбур эди. Бу ҳолда Президент мурожаати дастурий нутқ деб аталади.

Йиллик мурожаатда ички ва ташқи сиёсатнинг устувор масалалари белгилаб берилади. Нутқнинг асосий қисми иқтисодий вазиятга бағишланади. Мурожаат вақти камдан-кам ҳолда бир соатдан ошиб кетади. Энг қисқа мурожаат Жорж Вашингтон томонидан қилинган: у атиги 833 та сўз ишлатган. Энг узун нутқ 25 мингдан ортиқ сўз –1946 йилда Президент Гарри Трумэн томонидан сўзланган.

Анъанага кўра, нутқ ёзилишига спичрайтерлар гуруҳи жалб қилинади. Бу касб Оқ уйда Президент Уоррен Гардинг даврида пайдо бўлди. Ёзувчи Жадсон Уэлливер биринчи замонавий спичрайтер ҳисобланади.

Мурожаатга тайёргарлик Вакиллар палатаси спикернинг Президентга йўллаган расмий мактубидан бошланади.

Президент Конгресснинг ҳар икки палаталарининг қўшма мажлисида Олий суд судьялари, Штаб бошлиқлари Бирлашган қўмитаси аъзолари ва вазирлар маҳкамаси аъзолари иштирокида мурожаатномани йўллайди. Анъанага кўра ҳукумат аъзоларидан бири фавқулодда вазиятлар юзага келгудек бўлса, мамлакат бошқарувини қўлга олиш мақсадида мажлисда иштирок этмайди. 2001 йилнинг 11 сентябрида юз берган террор ҳодисасидан кейин парламентнинг бир неча аъзоси ҳам тадбирда иштирок этмаган.

Иштирокчилар ўтирадиган ўринлар ҳам қатьий белгилаб қўйилади. Президент ортида вице-президент (у сенат раиси ҳамдир) ва Вакиллар палатаси спикери ўтиради. Демок­ратлар давлат раҳбарининг чап томонида, республикачилар эса ўнг томонда ўтиришади, конгрессменлар марказда, сенаторлар эса ён томонда ўтиришади.

Номи эълон қилиниши билан президент қарсаклар остида Конгресс аъзолари ўтирган залга кириб келади. Иштирокчиларнинг табрикларидан сўнг Президент мурожаат нусхасини Сенат раиси вазифасини бажарувчи вице-президент ва Вакиллар палатаси раисига беради. Шундан сўнг Президент мурожаатини бошлайди.

Президент нутқи қарсаклар билан бўлиниб турилади, қарсаклар сонига қараб Оқ уй раҳбарининг машҳурлигини аниқлаш мумкин бўлади.

Шуни алоҳида айтиш керакки, Олий суд аъзолари ҳеч қачон қарсак чалишмайди, улар шу тариқа ўзларининг қонун чиқарувчилар ва ижроия ҳокимиятдан мустақил эканликларини ифодалашади.

Ҳарбийлар нутқ фақат ташқи сиёсат ва мудофаа масаласига қаратилган бўлсагина қарсак чалади.

Президент Жон Кулижнинг мурожаати илк бор 1923 йилда радио орқали, Гарри Трумэн мурожаати илк бор 1947 йилда телевидение орқали тўғридан-тўғри эфирга узатилган. 1997 йилда Президент Билл Клинтоннинг мурожаати интернетга жойлаштирилди, 2002 йилда кичик Жорж Бушнинг нутқи тўғридан-тўғри интернет орқали янгради.

1941 йилда Франклин Рузвельт АҚШнинг жаҳон бўйлаб ҳимоя қиладиган “тўртта эркинлиги”ни: сўз, дин, “эҳтиёжлардан озодлик“ ва “қўрқувдан озодлик“ ҳимоя қилишини маълум қилди.

2002 йилда кичик Жорж Буш терроризмга ҳомийлик қилувчи ёки оммавий қирғин қуролларини ишлаб чиқарувчи ва уни террорчиларга берувчи режимларга нисбатан илк бор “ёвуз­лик ўчоғи” иборасини ишлатган.

Шарофиддин ТЎЛАГАНОВ,

Шарҳловчи