Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Нега ёшлар қишлоқни тарк этади?

Нега ёшлар қишлоқни тарк этади?

          Қиш кечаси қишлоқда машаққат дегани. Қиш кечаси қишлоқда мақсадсиз равишда тонгни кутиб, уёқдан буёққа ағдарилиш дегани…

           Мен ҳам ўша кечани мижжа қоқмай ўтказдим. Журналистика факультетига ҳужжат топширган кунимга лаънат ўқидим. Ўзимни журъатсизликда, омадсизликда айбладим. Яна бир-икки қоғоз кўтара олмайдиган дилхираликлар бўлди…

           Отам совуқ олдирган оёғини узата олмай қийналади, онам ўчоқда аччиқ тутундан бўғриққан юзини рўмол билан беркитиб, печкага ўтин қалайди. Уларга кўрингим келмайди. Ўзимни кимсасиз, совуқ уйга ураман.  Талабалик давримдан эсдалик — бир токча китоб ҳам менга эш бўлолмай қолган. Ана кулимсираб турадиган Кобо Абэ ҳам хўмрайиб олгандек, Франц Кафка бўлса янада тумшайиб, кайфиятсизлик қаърига кириб кетибди. Достоевскийнинг «Ойдин кечалар»и, Сомерсет Моэмнинг «Ой ва сариқ чақа»си ҳам танамни қиздирмади. Мен Остап Бендердек йўқни йўндирадиган шоввозмас, Расколников каби тунд, чалкаш, иложсиз бир кимса эдим гўё…

           Мен ишсиз эдим, ишсиз бўлганда ҳам дипломли ишсиз, беш йил ота-онам умид билан ўқитган, соғинч билан кутиб олиб, ишонч билан жўнатган ишсиз эдим…

           Иш излаб, «Халқ қабулхонаси», туман бандликка кўмаклашиш марказига бордим. Мени меҳнат инспектори вазифасида ишловчи опа ҳурмат билан кутиб олди. Дипломимдан нусха кўчираётганда бошини чайқаб қўйди (дипломга ачинди чамамда). Туманда журналистга умуман эҳтиёж йўқ экан (аниқроғи иш ўрни йўқ). Бахтимга бир неча мактаб инглиз тили ўқитувчисига зор экан. Инглиз тилида равон сўзлаша олишимни эслаб, кўнглимда умид учқунлари милтиллади. Аммо чучварани хом санабман. Мактаб директорлари журналист эканлигимни эшитиб, рад этаверди. Қонунан улар ҳақ: мактабга педагогика факультетлари битирувчиси керак. Инглиз тилида равон гапиришда, нотиқликда Девид Кэмеронни ортда қолдирсанг ҳам, Майкл Жексондан ўтказиб куйласанг ҳам директорлар бундан кўра дипломингдаги «фалон факультетнинг инглиз тили йўналишини битирди» жумласини ҳурмат қилишади.

          Совуқ ўрнимга чўзилар эканман, дипломим бошқасига алмашиб қолишини орзу қилдим. Аммо дилдираб уйғонганимда мўъжиза содир бўлмаганди. Диплом икки кун олдин токчага қандай ирғитилган бўлса, ўшандай турганди.

           Ташқарида эса юлдузли, аёзли кеча. Қишлоқи содданинг устидан шаҳар нечоғлиқ кулса, қишлоқ ҳам «ўқимишли» бекорчини аёвсиз эзади: қишлоққа бундайлар эмас, ерни трактордек ағдарадиган, бедани қизнинг белидек ингичка боғлайдиган азаматлар керак.

              Эртаси куни туман халқ таълими бўлимига ошиқдим. Бутун ўқитувчиларга иш тақсимлайдиган амалдорга ниятимни айтди. Яна дипломим «уялтирди».

              — Ўқишга пул билан кириб, пул билан амаллаб битириб, бизнинг сифатли таълимни бузмоқчимисиз, йигитча?

              Бу мен эшитган якуний жавоб эди. Гарчи кун совуқ бўлса-да пешонамдан тер чиқиб кетди. Дарвоқе, тўрт йил ўқишга тайёрланиб, машаққат билан талаба бўлганим бир четда тура турсин. Жуда-жуда «сифатли» бўлган, Финландияда ҳам муқобили йўқ таълим тизимини «бузиб қўймаслик» учун ҳам, туман таълим тизими тепасида турган амалдор ҳузуридан сўзсиз, садосиз чиқдим…

             Талабалик пайтимда пойтахтда «вилоятларни, чекка ҳудудларни ривожлантириш керак» деб уқтиришарди. Худди ёшлар қайтса бўлди, ҳамма жой гуллаб-яшнаб кетадигандек. Бизга шу насиҳатни ўзи ёшлигида қишлоққа қайтиб кетмасдан шаҳарда каталакдек квартирада бўлса-да, яшаб қолган устозларимиз айтарди. Қизиқ парадокс, нима дедингиз?

              Хуллас, мен учун қишлоқда якка-ю ягона маош олса бўладиган даргоҳ — мактаб эшиклари ёпилгач, яна юкларимни ҳозирлаб, сафарга тайёрлана бошладим. Отам оёғини совуққа олдирганидан кузатишга чиқа олмади, онам нарсаларимни тахт қилиб берди. Дипломимни сумкамга маҳкам ўрнаштирдим-да, фалон профессор телевизорда «ёшлар енгил ҳаётга берилиб нуқул шаҳарда изғиши, қишлоққа эса янги кадрлар, янги қон жуда зарурлиги» ҳақидаги маъруза қилаётган пайтда қишлоқни тарк этдим.

Улуғбек Орипов
Манба: Xabar.uz