Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

“Нексия”сини сотган профессор

“Нексия”сини  сотган профессор

            Самарқандлик машҳур профессор Пирназар Давронов ўзи ўқиган Нуробод туманига қарашли Жом қишлоғидаги 21-умумий ўрта таълим мактабининг иқтидорли ўқувчиларини 2009 йилдан бери моддий-маънавий қўллаб-қувватлаб келмоқда.

        Яхшиликнинг қаноти кенг, деганларидек, бу хайрли ташаббус 26 мингдан ортиқ аҳоли яшайдиган “Жом” ҚФЙга қарашли 6 та маҳалла ҳудудидаги 14 та умумий ўрта таълим мактаби доирасига кенгайтирилди. 2015 йили қишлоқ фуқаролар йиғини қошида иқтидорли ўқувчиларни аниқлаш ва уларга кўмак­лашиш ташаббуси билан чиққан эди. Ҳар йили апрель ойининг охирги якшанба куни фан олимпиадаси ўтказилиб, биринчи ўринни олган иқтидорли ўқувчилар моддий рағбатлантирилмоқда. Биринчи йили билимлар беллашувида 155 нафар иқтидорли ўқувчи иштирок этди, улардан 39 нафари ғолиб бўлди (21 нафари 1-ўрин). 2016 йилги мусобақаларда қатнашган 289 нафар иқтидорли ўқувчидан 71 нафари соврин олди, 27 нафари 1-ўрин соҳиби сифатида тақдирланди. Ўтган йили 477 нафар йигит-қиздан 1-ўринни 103 нафар, 2-ўринни 51 нафар, 3-ўринни 66 нафар ўқувчи эгаллади. Мутлақ ғолиблар профессор Пирназар Давроновнинг шахсий жамғармаси ҳисобидан моддий рағбатлантирилди, уларга туҳфа ва сертификатлар тақдим этилди.

        Кўрик-танловлар “Қомусимиз билимдони”, “Ватанимиз ва қишлоғимиз тарихи билимдони”, “Экология билимдони”, “Компьютер билимдони”, “Энг моҳир мусаввир”, “Энг моҳир ҳунарманд”, “Энг яхши созанда”, “Энг яхши хонанда”, “Энг яхши иншо муаллифи” йўналишларида, шунингдек, энг кўп китоб ўқиган, энг чиройли ёзадиган, энг кўп шеър ёдлаган, инглиз тилини энг яхши ўзлаштирган, математика, физика, кимёдан энг кўп формула биладиган ўқувчи, энг кучли спортчи номинациялари ва 13 та умумтаълим фанлари бўйича ўтказилади. Бу эса қишлоқ ёшлари ўз иқтидорини намоён қилишларига имкон бермоқда. Масалан, 7-синф ўқувчиси Шоҳсанам Айназарова 10 минг мисрадан иборат 630 та шеър ёд олган бўлса, яна бир 7-синф ўқувчиси Бобуржон Ўктамов 190 та, 3-синф ўқувчиси Севинч Убайдуллаева эса 160 та китоб ўқигани учун танлов ғолибига айланди. Бундай мисолларни ҳар бир иқтидорли ўқувчи мисолида айтиш мумкин.

       Бу ҳали ҳаммаси эмас. Профессор Давронов мактаблар орасида кучайиб бораётган соғлом рақобатни, фидойи ўқитувчи ва ўқувчилардаги интилиш ва иштиёқни кўриб, “Нексия” русумли автомашинасини сотди-ю, пулини тўлиғича ёшларнинг порлоқ келажаги учун инвестиция сифатида “Миллий банк”нинг Самарқанд филиалига омонат қўйди.

         – Мақсадим, – дейди фидойи домла, – эзгуликнинг кетини узмаслик! Биласиз, маблағ баъзида топилади, баъзида эса йўқ. Аммо ўқувчиларнинг порлаб турган кўзлари, илмга ташна қалбларини бир дам бўлса-да эътибордан четда қолдириб бўлмайди. Омонатнинг йиллик фоизини ўзим ташаббус кўрсатиб, фан беллашувларида ғолиб бўлган иқтидорли ўқувчиларга доимий равишда (мен дунёдан ўтгандан кейин ҳам) бериб борилишини йўлга қўймоқчиман. Ташаббусимнинг бардавомлигини таъминлаш учун “Профессор Давронов издошлари” номи билан махсус ассоциацияни рўйхатдан ўтказиш ташвиши билан югуриб юрибман. Негаки, шу пайтгача бу савобли ҳаракатни расмийлаштириш осон кечмаяпти. Бир неча идораларга мурожаат этдим, лекин ҳалигача амалий натижа йўқ. Мабодо, ана шу савобли ташаббус қўллаб-қувватлангудек бўлса, фидойи ўқитувчиларни ҳам рағбатлантиришни йўлга қўяр эдик-да. Мана, масалан, 21-мактабнинг она тили ва адабиёт ўқитувчиси Алишер Боймирзаев, физика фани ўқитувчиси Холмурод Очилов, география фани ўқитувчиси Турсунали Усмонов, 45-мактабнинг бошланғич синф ўқитувчиси Солиҳа Раҳимова иқтидорли ўқувчилар билан ишлашда катта муваффақиятларга эришиб келаётир.

        Айтиш керакки, қадим Жом қишлоғимизда ёшларнинг таълим-тарбиясига қайғурадиган, эл орасида обрў қозонган, камчиликни кўрганда юзинг-кўзинг демасдан гапира оладиган инсонлар кўп. Улар мактаб билан доимий яқин алоқада. Масалан, Мамат  Абдуллаев “Омондара” маҳалла фуқаролар йиғини раиси билан бирга 21-мактаб кутубхонасини ўрганиб, кўплаб адабиётларнинг етишмаётганини аниқлади. Туман ҳокимлиги ва тегишли идоралар билан кенгашиб, маърифат масканини зарур китоблар билан бойитишга ҳисса қўшди. Бундай кишиларнинг дарсларга кириб, ёш педагогларга беминнат маслаҳат бериб келаётгани ҳам таҳсинга сазовор. Айниқса, “Эл сизга азиз фарзандларини ишониб топширган” мазмунидаги панд-насиҳатлари ҳар қандай муаллимни ҳушёр торттиради, елкасидаги масъулиятини янада кучайтиради.

        Бугун жомликлар фидойи фарзандлари билан ҳақли равишда фахрланади. Ҳатто ўз тасарруфидаги шахсий машинасини сотиб, халқимиз келажагини ўйлаб сармояга қўяётган зиёли инсонлар ҳар куни ҳам, ҳар қаерда ҳам топилавермайди. Бир “Нексия”нинг пули эртага минг чандон бўлиб яна ўзимизга, элимизга қайтиши бегумон.

Умрқул НОРМАТОВ,

Нуробод туманидаги 21-мактаб директори

ўринбосари, география фани ўқитувчиси