Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Номуси улуғ эл ёки бир тишлам нон ҳақида

Номуси улуғ эл ёки бир тишлам нон ҳақида

Эшитган чиқарсиз: “Урушнинг оти ўчсин!” дейди ота-боболар. Унинг ҳам оти бор эканми? Нега халқ уруш, деса мунғаяди, ўксинади, ўкинади, кўзию кўнгли йиғлайди, қалби уввос тортади? Чунки уруш халқнинг бахтини ейди — келинчакни тул, болани етим, элни эрсиз, кексани оч қолдиради. Лекин ҳали-ҳануз инсоният ўз бошига минг кулфат солаётган урушлар интиҳоси ва мангу тинчлик ҳақида ўйлаб кўрмайди... Ватан озодлиги, эрки, мустақиллиги учун курашган жонфидо инсонлар эса сира ўлмайди. Кўча-кўйни айланганда беихтиёр улар кўз ўнгимизда гавдаланаверади.

...Азал-азалдан халқимиз онгу шуурида унган ҳамият, ор-номус, ғурур, меҳр-муҳаббат, ўтганларни хотирлаш, қадр туйғулари танти элнинг фарзандиман деган ҳар бир инсон қалбидан ҳаракатига кўчган. Широқ, Тўмарис, Нажмиддин Кубро, Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур, Намоз ботир сингари қаҳрамонларни улғайтирган тупроқ Ватан озодлиги йўлида курашган Қодирий, Чўлпон, Беҳбудий, Мунаввар қори, Фитрат каби миллатпарварларни тарбиялади.

Маълумотлар иккинчи жаҳон урушида 1,5 миллион юртдошимиз бевосита иштирок этганини кўрсатади. Бугун ўзбек шаъни учун жонини берган 500 мингга яқин йигит номи аниқланиб, бедарак кетганлар ҳақида маълумотлар йиғилди, исми лавҳларга битилди.

Илгари бу ерда қад ростлаган “Номаълум солдат” ҳайкалида кўпчилик ўз яқинини кўриб, изсиз кетганларни эсларди. Ҳозир абадий фироқни мангу висол деб билган — Мотамсаро она тимсолида фарзандининг юртига эсон-омон қайтишига интиқ оналар тақдири, изтиробу ғам-андуҳлари мужассам.

Тошкент механика заводи бўёқчилик цехи ходимлари Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг номларини дуралюмин лавҳларга битиш чоғи алланечук туйғу кўнглини чулғаб олишини айтиб ўтаркан, қалбимда чексиз изтироб уйғонди.

Ҳақиқатан, уларнинг ҳар бири шарафлашга арзийдиган йигитлар. Одамлар лавҳлар ичра номларни ўқиб, қўллари билан силаб йиғлашади, маҳзун тортадилар. Хотира майдонини айланаркансиз, беихтиёр кўз ўнгингизда уруш хотиралари жонланаверади.

Шу атрофда безанглаб юрган бир киши менга савол назари билан тикилди: “Ота-бобонгиз, яқинларингиз ҳам ёзилгандир, қидириб кўрдингизми?”.

Бош силкидим.

Суҳбатдошимнинг ундаши менга бир воқеани эслатди.

 

***

Мактабда ўқиб юрган кезларим Зарфулло деган гапга чечан муаллим бўларди, ҳар йиғилишда бор «масъулият» унинг зиммасига тушарди. Ўша куни ҳам тўрт-беш уруш қатнашчисини айтмаса, йиғилишнинг бошидан охиригача у гапирди. Муаллимнинг гапини эшитганда Файзулло бобо кўзини уқалаб-уқалаб қўйди, Тошпўлат бобо ёғоч оёғида оғриниб ўрнидан туриб, яна ўтирди, лабларини тишлаб аччиғи чиқди.

Ҳамма жим уни тингларди:

— Ўзбек шаъни, халқи, ота-онаси, синглиси, ёри номуси учун жонини тиккан мард йигитлар сизу бизнинг юрагимизда яшайди.

Файзулло бобо соқолини тутамлаб деди:

— Бу ерда ҳамиятли йигитлар улғаяди. Нонни бир тишлаб урушга кириб, номи тилларда достон ўғлонлар қанча? Ҳали-ҳануз бир тишланган нон осиғлиқ уйлар қишлоғимизда ҳам кўп...

Бир тишланган нон дедими, бобо? Бизникида ҳам бор-ку! Дераза устидаги токчада осилган тугунда сақланади. Бувим ҳеч кимга кўрсатмайди. У кимники? Катта отам урушдан қайтиб, кейин вафот этган. Аммо энам бу ҳақда бировга тил ёрмаган. Ўзим ҳам сўрамаганман! Балки, сўрасам айтар.

Йиғилиш тугагунча, зўрға сабр сақлаб турдим. Фикру зикрим менга ҳозирча сир бўлиб турган шу масаланинг тагига етишда эди.

Уйга етгунча ўйлаб бордим. Эллик-олтмиш йил бировга чурқ этмаган бувимдан гап олиш мушкул эди.

 

***

...Энам айвонда кўрпа қавиб ўтирар, аҳён-аҳён ён-атрофга қараб қўяр, яна боягидек, бошмалдоғига кийгизилган ангишвонани игнага қадаб, қалин кўрпача орасидан ўтказарди.

Салом бериб, портфелимни бурчакка қўйдим-да, кунгайга тўшалган кўрпачага чўзилдим.

—  Бунча кеч келдинг, болам? — бувим игнадан кўзини узмай сўради.

—  Мактабда йиғилиш бўлди, шунга...

—  Нон еб ол!

Хонтахта ёнига ўтдим. Дастурхонни очиб, совиган чойдан пиёлага тўлдирдим-да, сипқордим. Кейин иссиқ патирдан ушатиб, едим.

Шу пайт қўшни ҳовлидан ҳофизнинг мунгли овози эшитилди:

 

Токчада бир тишланган нон,

Зор ҳамон сизни кутар.

Келмадингиз, мард йигитлар,

Гулшанимга ранг бўлиб.

 

Бояги гап яна мияни ачита бошлади. Энди оғиз жуфтлаган эдимки, тағин ҳар хил хаёллар қуршовида мум тишладим.

Энам бошини енгил кўтариб қаради-да, игнани кўрпачага қадаб, деди:

— Уста худой, Абдуғани акамнинг ўзисан! Қилиғинг ҳам, юриш-туришинг ҳам. Тақдиринг ўхшамаган бўлсин, илоё!

Дарров бувимни саволга тутдим.

— Акангизга нима қилган?

— Каттарсанг, тушуниб оласан!

Индамадим. Аммо бир йўл топиб, ҳалиги масалага ечим излардим.

Бувим ишини давом эттирди. Бироз ўтмай, ғалтак ипи тугаб, игнага ип ўтказмоқчи бўлди. Хўп, уринди, бироз кўзи ўтмай қолгани боис эплолмади.

Мен чой ҳўплардим.

— Болам, кел манавини ўтказиб бер!

Шумлигим келди.

— Акангиз ҳақида айтсангиз...

Бувим бошини тебратиб, мийиғида кулди.

— Тоғанг ҳам сенга ўхшаб, бир иш қилса, дарров ҳақини сўрарди. Айтаман, ма, ўткизиб бер!

Бувимнинг юмушини битказдим. Кейин у хўрсинганнамо сўзлай кетди. Мен ёстиққа ёнбошлаб, энамни жон қулоғим билан тинглай бошладим.

— Эсимда, навқирон, қайсар, ориятли, қарори ўткир йигит эди. Отам “Бу тишлаган жойини узмасдан қўймайди”, деб куларди. Ўша овулдаги Мисрабой деган қизга бешик кертти қилиниб, патўқир тўйи ўтганди, бир-икки ойдан кейин катта тўй деб ўтирувдик. Тўсатдан отам бозордан негадир эгар, жабдуқ, жилов, узанги кўтариб келди. Ҳайрон эдик, айғирнинг ашқол-дашқоли кўп эди. Кўнгил душман, шубҳа уйғонди. Кейинроқ дадамнинг тилидан Абдуғани акам отлиқ қўшинлар сафига юборилаётганини билдик. Оғамни қишнинг изғиринли кунларида кузатдик. Қишлоқ, ҳамма йиғилиб, эсон-омон қайт, деб дуо қилганди. Онам уввос солиб йиғлади, отам “Қўй йиғлама, сену менинг, мана шу қоракўз сингиллари, укасининг тинчлиги учун кетаяпти”, деб юпатди. Узоқ қучоқлашиб, ҳўнг-ҳўнг йиғлаб хайр­лашдим.

Бувим негадир ҳикоясини мана шу ерга етказиб тўхтатди-да, дераза токчаси тепасига осиғлиқ тугунга ишоралади.

— Ҳов, тугундаги нонни ўша куни тишлаганди. Бир тишланган нон ўша-да! Акамдан қолган ёдгорлик. Отам ва акам Булунғурга қараб кетишди. Отам ёлғиз қайтди. Кунлар, ойлар ўтаверди. Бу орада қишлоқдан талай йигитлар урушга жўнатилди. Уруш йиллаб давом этди. Тинч куннинг ўзи йўқ, бировнинг ўғлидан қора хат келса, бутун қишлоқ аза тутади. Бари бир-бирига жигар, қариндош. Айни пишиқчилик маҳали отам бирдан мунғайди. Тағин ичидаги гапни бировга сездирмаслик феъли уй ичини ҳам роса ташвишга қўйди, отам ҳиссиётларини ташқарига чиқармасди. Кўча-ўйдан акамдан қора хат келганини эшитдиг-у, бу ҳақда уйбошидан сўрашга ботинолмадик.

Орадан йиллар ўтди. Уруш тугади. Онам оғрий-оғрий ўтиб кетди. Бир-икки йилдан сўнг отам ҳам қазо қилди. Отам ўлар чоғида Ортиғой опамга: “У ўлмаган, ким айтса, бекор айтибди. У тегирмондан бутун чиқадиган йигит, изланглар!” деб тайинлаган.

Мен ҳам ишонмайман, акамнинг ўлганига. У тирик...

Энам ип тугадими ё қўли толдими, кўрпача қавишни тўхтатиб, менга тугунни ол, деб буюрди. Оёғим остига стул қўйиб, чўзилиб, эски тугунга узалдим. У шундай енгил эдики, ичидаги ноннинг юки билинмасди.

— Ноннинг сули қочган! Олтмиш йил, чаканами. Акам ҳам чол бўлгандир. Бола-чақали... қарилик гаштини сураётгандир. Дунё кенг-да, ҳамма сиғади.

Тугунчани энамнинг қўлига тутдим. У боғични еча бошлади.

— Қариб йўлга ярамайман. Даданг Тошкенга бориб келди. Хотира майдонига тоғангнинг исмини ёзиб қўйганмиш, ўзи айтди. Ўз кўзим билан кўрдим, деди. Буни акамнинг ўзи кўрса бормиди?!

Тўғриси, йиғлаб юборишдан ўзимни зўрға тийиб турардим.

Тугунда бир тишланган, қотган — кўмач, уваланиб бораётган нон бор эди. Бувим нонда акасининг ризқини кўрар, унинг тириклигига умиди шугина...

 

***

Халқимиз характери қизиқ, улар ўлмаган, дейишади. Бу гапда жон бор. Чунки мард йигитлар номи ҳали-ҳануз қалбларда яшаяпти. «Сен доим қалбимиздасан, жигарим!» деган тушунча замирида ҳам тириклик наъшаси бордек, назаримда.

Энамнинг ўша гапларини хотирлаб, аста Жиззах вилояти деган ёзув томон одимладим. Дарҳол ота томондан тоғамнинг номини топдим: Худойқулов А-1919-***

Этим жимирлаб кетди. Менинг тоғам-ку! У бугунги тинч, осойишта ва фаровон кунлар орзуси йўлида урушга кўксини тутган. Бу ерда юзлаб кишиларнинг ота-боболари, ака-укалари, тоғалари исми тирик.

Бу ерда ўйчан кишиларни кўп учратасиз, деб ўзини таништирган амаки шошиб гапира бошлади:

— Тоғам Садриддин Ҳасанов хизмат сафари тугашига бир ой қолганида уруш бошланади, — дейди Файзулло Чунабоев. — Хат-хабарсиз кетгани учунми, қариндошлар унинг тириклигига ишониб яшадик. Орадан 70 йил ўтди. Эшик таққилласа, тоғамми, деб шунча вақт кутдик. Ҳозир мана шу битикларни кўздан кечира туриб, унинг исмини кўрдим. Номи ортида гўё қиёфаси кўринди. Уни бир оила кута-кута армон билан ўтди. Аммо ҳозир руҳимда бир енгиллик туғилди.

Амакининг нигоҳида аллақандай бир тушуниб бўлмас туйғу ифодаси намоён.

Аста атрофга разм ташлайман: қизил, заъфарон, нимпушти, оқ-сариқ гулларнинг муаттар иси димоққа урилиб, ўтмиш хотиралари сари етаклайверади. Арча, чинор, каштан, тут ўлмас, боқий тимсол — мард йигитлар қисмати аксидек, яшил майсалар эса бахмал гиламдек уларнинг пойига тўшалган, пешайвонга қўнган мусичалар, кабутарлар, чумчуқ ва қалдирғочлар чуғурлашиб жаннатқиёс юртнинг ҳамияти улуғ йигитлари шавкату шони, истиқболи ва иқболидан сўзлаётгандек, янада баландроқ отилаётган фаввора эса номи тилларда достон ўғлонлар номини улуғламоқчидек...

Ҳақиқатан, Иккинчи жаҳон урушининг дастлабки кунларидаёқ Ўзбекистондан 14 минг киши ўз хоҳиши билан жанг майдонларига бориш учун ариза берди. Қарийб қирқ давлат ҳудудида ўтган ушбу урушда минглаб аждодларимиз хоки қолиб кетди. Бу ҳам ўзбек халқининг тинчликпарвар, орияти баландлигидан далолатдир. Халқимизнинг уруш йиллари юксак инсонпарварлик наъмунасини кўрсатганини дунё эътироф этади. Ўша йиллари Ўзбекистонга 1 миллиондан ортиқ киши олиб келинган бўлса, уларнинг 200 минги болалар эди. Уларни ўз фарзандидек қабул қилиб, кафтида ўстирган, эртаю кеч шу болалар учун тер тўккан бобо-момолар жасорати ҳам ҳали-ҳануз тилларда юради. 14 нафар турли халқлар фарзандларини вояга етказган Шомаҳмудовлар оиласи меҳри ила миллионлаб юракларни эритиб юборган.       

Олимжон ЖУМАБОЕВ,

“XXI asr”   мухбири