Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

So`ngi habarlar:
Biz tarmoqlarda:

Нурободнинг ўркач-ўркач йўллари

Нурободнинг ўркач-ўркач йўллари

Самарқанд шаҳридан Нуробод тумани марказигача йўл қарийб саксон километр. Аслида, текис ва равон йўлдан манзилга 35-40 дақиқа атрофида етиб бориш мумкин. Аммо, киши йўлдаги катта-кичик чуқурлар, асфальти кўчиб кетган жойлар, катта-катта тошларни оралаб ўтиб, то манзилга етгунча бир ярим соатдан ҳам кўпроқ вақт йўқотади. Шу боисми, вилоят туманлари ичида айнан Нурободга боришдан аввал кўпчилик ҳайдовчилар бир сесканиб, бироз ўйга толади. Автоуловига раҳми келганиданми, юрагига ғулғула тушади.

              Туманга икки томондан, яъни 25 км узунликдаги “Сарикул қ. – Нуробод ш.” ҳамда 31 км узунликдаги “Нуробод ш. – Нурбулоқ ш. – Иштихон ш.” автомобиль йўллари орқали кириб бориш мумкин. Аммо, ҳар иккиси ҳам яроқсиз йўллардан иборат. Кенг далалар ва қишлоқларни кесиб ўтувчи йўлларнинг айрим қисмларида қачонлардир асфальт бўлганини эслатувчи бўлаклар, уч юз-беш юз метр шағал, баъзи жойларида туя ўркачидек эгилиб-букилган, кенг ва кетма-кет чуқурликлардан ўтиш давомида ҳар қандай автомобил-техника шикастланиши аниқ.

          – Бу йўллар қурилиши 1975 йилларда бош­ланиб, 1983-1984 йилларда тугатилган, – дейди Нуробод туман йўл пудрат таъмирлаш-фойдаланиш корхонаси бўлим бошлиғи Акбар Қувондиқов. – Шундан бери бирор марта капитал таъмирланмаган. Фақатгина йўлни сақлаб қолиш мақсадида жорий таъмирланган, катта-кичик чуқурлар ямалган. Аслида, бу йўллар аллақачон ўз хизматини ўтаб бўлган. Агар Сазағон қишлоғидан туман марказигача 45 километр бўлса, бу масофани 10-15 дақиқада босиб ўтиш мумкин. Лекин, Сарикул қишлоғидан Нуробод туманига бурилгандан сўнг йўлнинг ўта яроқсизлиги сабабли, бир соатдан кўпроқ юришга тўғри келади. Умуман олганда, Нуробод туман марказига олиб келадиган ҳар икки йўлнинг жами 56 километрини таъмирлаш зарур. Бунинг учун 70,0 миллиард сўм маблағ талаб этилади. Аммо бунча маб­лағ йўқлиги сабабли мутасадди идораларга таклифлар тайёрлаб бердик.

            Туманда 35 та маҳалла фуқаролар йиғини мавжуд бўлиб, 143 800 нафар аҳоли яшайди. Ҳар куни одамлар турли манзилларга отланаркан, ана шу ўйдим-чуқур йўллардан юришга мажбур.

         Нурободга элтувчи асосий йўлларнинг аҳволи шу даражада харобки, энди ички йўллар ҳақида гапирмаса ҳам бўлади.

               – Йўлларимиз ҳақиқатан таъмирталаб, – дейди туман ҳокимлиги Ободонлаштириш бошқармаси бош муҳандиси Обид Ҳожиев. – Ички хўжалик йўлларини жорий таъмирлаш асосий вазифаларимиздан. Бугун 1039,9 километр ички йўллар мавжуд бўлса, шундан 20,7 километри асфальт, 61 километри шағал, 958,2 километри тупроқ  йўллардир. Ўтган йили 13,9 километр йўлда маҳаллий бюджетдан ажратилган 758 млн. 206 минг сўмлик маблағ асосида шағал ётқизиш ишлари бажарилди. Шундан туман марказий шифохонасига олиб борувчи йўлнинг 400 метрига асфальт ётқизилди.  Бу йилга келиб жорий таъмирлаш ишлари учун 758 млн. 206 минг сўм маблағ ажратилиши кўзда тутилган. Асфальт қилиш учун битум маҳсулотининг етишмаслиги энг катта муаммоларимиздан. Қолаверса, шағал тўкилган йўлларда оғир юк транспортлари қатнови кўплиги туфайли бу йўллар ҳам тез орада яроқсиз аҳволга келиб қолаяпти.

           Нурободда Нурбулоқ шаҳарчаси бор. У ернинг шифобахш суви одамлар орасида машҳур. Бу ерда даволаниш учун ҳар куни юзлаб одамлар келади. Аммо йўлнинг ёмонлигидан кўпчиликнинг дили хуфтон бўлади.

            Бу йўллар яқин йиллар орасида носоз бўлиб қолмаган. Туман ҳокимлиги, мутасадди ташкилотлар раҳбарлари негадир бу масалага панжа ортидан қарашмоқда. Хўш, шу ўринда яна бир ҳақли савол туғилади: бу йўлларни таъмирлаш ёки жорий таъмирлашни амалга ошириш бўйича бирор сиёсий партия депутатлик гуруҳи ўйлаб кўрганмикан?

             – Айнан йўлларни созлаш ва таъмирлаш бўйича Халқ депутатлари туман Кенгаши сессиясига сиёсий партиялар депутатлари томонидан бирор марта масала киритилмаган, – дей­ди туман ҳокимлиги ташкилий-назорат гуруҳи раҳбари Лазиз Муқимов. – Чунончи, айни пайтда фаолият юритаётган депутатлар томонидан ҳам мазкур масала сессияга олиб чиқилмади. 2014 йилдан жорий йил биринчи февралигача ўттизта сессия ташкил этган бўлсак, уларда доимий комиссиялар иш режаси, туман ҳокими ҳисоботи, қишлоқ хўжалиги, тиббиёт соҳаси каби қатор мавзуларда юзта масала кенгаш муҳокамасида кўриб чиқилган. Аммо, туман ҳудудидаги асосий йўлларни таъмирлаш масаласини ҳал этиш сессия мажлисларида муҳокама қилинмаган...

            Қизиқ, халқ депутатлари туман кенгашида ўтган уч йил давомида юзта масала ҳал этиш учун сессия кун тартибига киритилса-ю, бутун эл-улусни қийнаётган муаммони бартараф этиш наҳот ҳеч кимнинг хаёлига келмаса?

           – Аҳоли билан ўтказилаётган учрашувларда мурожаатларнинг асосий қисмини йўл масаласи ташкил этмоқда, – дейди Халқ депутатлари Нуробод туман Кенгаши депутати, O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи раҳбари Холмурод Сориев. – Хусусан, Ағрон, Тим, Олға, Булоқбоши, Қўрғонча қишлоқлари республика аҳамиятидаги йўлларда жойлашган бўлиб, йўлларнинг яроқсизлиги одамларнинг норозилигини келтириб чиқармоқда. Депутатлик гуруҳимизнинг Қонунийлик, ҳуқуқ тартибот ва фуқаро хавфсизлиги масалалари доимий комиссияси билан ўтказган қўшма йиғилишида йўл масаласи алоҳида пункт қилиб олиниб, бир қатор қишлоқлардан ўтувчи йўлларнинг яроқсизлиги масаласини кўтардик. Тадбирда тегишли мутасаддилар иштирок этди. Уларга таклиф ва тавсиялар бердик. Лекин, амалда ҳеч қандай натижа бўлмади.

            “Нурбулоқ” маҳалла фуқаролар йиғини раи­си Шерхон Явқочов ҳам ушбу масалада шундай фикр билдиради:

            – Маҳалламиз “Нуробод ш. – Нурбулоқ ш. – Иштихон ш.” автомобиль йўлида жойлашган. Билганим, йигирма йиллардан бери аҳвол шундай. Юриб бўлмайдиган даражага келиб қолганда тадбиркорларимиз билан биргаликда йўлнинг маҳалламиздан ўтувчи қисмига 30-40 машина тош тўкиб текислагандай бўламиз. Лекин, ёмғир, жала ёққан пайтида тошлар жойидан чиқиб қолиб, аҳвол янада ёмонлашади. Бу ёғи ҳар биримиз иссиқ жонмиз ахир, маҳаллада бирор кишининг тоби қочиб қолса туман марказий шифохонасига етказиб бориш учун 23 км йўлни бир соатдан кўпроқ вақтда босиб ўтишимизга тўғри келади. Энди яроқсиз йўлда кетаётган автомашинадаги беморнинг аҳволини тасаввур қилаверинг...

            Туман ҳокимлиги ва депутатлик гуруҳи вакиллари, ҳатто йўл таъмирлашга мутасадди ташкилотлар раҳбарлари ҳам фақат “таклиф бериш” билан чекланмоқда. Бу кетишда қачон амалий ишларга ўтилади?

            Нуробод Самарқанд вилоятининг саноати деярли ривожланмаган, тадбиркорлик субъектлари нисбатан кам ташкил этилган туманларидан бири. Тумандаги аҳволни ўрганиб, аҳолининг энг кўп мурожаати қайси масала эканига амин бўлгач, йўлларнинг носозлиги ривожланишга тўсиқ бўлаётган омиллардан эмасмикан, деган хулосага келамиз. Мақсадга, манзилларга тез элтувчи восита йўлдир. Зеро, ҳар қандай маънода инсоннинг йўли равон бўлса, ҳаёти мазмунли ва файзли бўлади.

                                                                                                                          Муҳаббат РАВШАНОВА,

“XXI asr” мухбири