Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

ОАВ соҳасида миллий қонунчилик янада такомиллашади

ОАВ соҳасида миллий қонунчилик янада такомиллашади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрация­си ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ташкил этган “ОАВ соҳасида миллий қонунчиликни янада такомиллаштиришнинг долзарб масалалари” мавзусидаги республика конференциясида шу ҳақда хабар берилди.

Пойтахтимиздаги “Hyatt Regency Tashkent” меҳмонхонасида бўлиб ўтган мазкур анжуманда таъкидландики, Президентимиз раҳбарлигида жамиятни демократлаштириш ва бу жараёнда оммавий ахборот воситаларининг ролини ошириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистонда сўз эркинлиги ва матбуот мустақиллигини таъминлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар халқаро ташкилотлар томонидан ҳам юксак баҳоланмоқда. Жумладан, яқинда ЕХҲТнинг ОАВ эркинлиги масалалари бўйича вакили Арлем Дезир Ўзбекистонда оммавий ахборот воситаларининг эркин фаолият юритиши учун зарур шароит яратиш, журналистлар нуфузини мус­таҳкамлаш йўлида олиб борилаётган ҳаракатлар, шунингдек, янгилик тарқатувчи хорижий сайтлардан ва инсон ҳуқуқлари бўйича веб-ресурс­лардан тўлақонли фойдаланиш имкони тикланганини алоҳида эътироф этди.

Маълумки, жорий йилнинг 2 февралида давлатимиз раҳбари имзолаган иккита муҳим ҳужжат – “Ахборот соҳаси ва оммавий коммуникацияларни янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармон ҳамда “Ўзбекистон Респуб­ликаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорда ахборот соҳасида ягона давлат сиёсатини юритиш бўйича мақсад ва вазифалар аниқ кўрсатиб ўтилган.

– Агентлик томонидан мазкур ҳужжатларда белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, ахборот соҳасини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш, мамлакат медиа-бозорини жадал ривожлантириш бўйича бир қатор амалий ишлар қилинмоқда, – деди Ўзбекистон Рес­публикаси Президенти Админис­трацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Комил Алламжонов. – Шунингдек, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, соҳанинг меъёрий-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш, юзага келган муаммоларни ҳал қилишга жиддий эътибор қаратилмоқда. Ушбу республика конференциясидан кўзланган мақсад – депутат ва сенаторлар, давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг раҳбар ва масъул ходимлари, халқаро ва хорижий ташкилотлар, дипломатик корпус вакиллари, шунингдек, журналист ва блогерларнинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлигини таъминлаш, ОАВ, журналистларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, оммавий ахборот воситаларининг ўзини-ўзи бошқаришида демократик механизмларни шакллантириш билан боғлиқ фикр-мулоҳазалар, таклиф ва тавсияларини ўрганиш, уларни ишлаб чиқилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларига киритишдан иборатдир.

– Бугунги кунда оммавий ахборот воситаларини ривожлантиришни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ҳамда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг матбуот хизматлари фаолияти самарадорлигини ошириш соҳасида бир қатор муаммолар мавжуд бўлиб, уларни ҳал этиш юзасидан долзарб вазифалар белгилаб олинган, – деди Ўзбекистон Рес­публикаси Президенти Админис­трацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори ўринбосари Саида
Мирзиёева.
– Жумладан, Президент қарори билан тасдиқланган 2019-2020 йилларда Ўзбекистон Респуб­ликаси ахборот соҳаси ва оммавий коммуникацияларни янада ривож­лантириш дастурига асосан агентлик томонидан манфаатдор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда халқаро тажрибани ўрганган ҳолда, сўз эркинлиги ва ОАВ фаолияти бў­йича халқаро рейтингларда мамлакатнинг мавқеини юксалтириш, Медиа-омбудс­ман лавозимини жорий этиш, давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг жамотчилик билан алоқаларини тубдан яхшилаш, Журналистларнинг Касб этикаси кодекси лойиҳасини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш, нодавлат теле ва радиоканаллар учун медиа-бозорда тенг шароитлар яратиш бўйича зарур чоралар кўрилмоқда. Хусусан, соҳага доир тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ишлаб чиқилмоқда.

Республика конференциясида қайд этилганидек, билдирилган фикр-­мулоҳазалар, таклиф ва тавсиялар мамлакатда сўз ва ахборот эркинлигини таъминлаш, ОАВ ва фуқаролик журналистикасини ривож­лантириш, журналистлар мавқеи ва давлат органлари очиқлик даражасини оширишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга хизмат қилади.

Нурхон ЭЛМИРЗАЕВА,

“XXI asr” мухбири