Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

“Обод қишлоқ”лик мамнун одамлар

“Обод қишлоқ”лик мамнун одамлар

– Овулимиз туман марказидан олисда, деб ҳеч уй-жойга қарамаган эканмиз.

– Нимасини айтасиз, марказдан йилда бир ёки икки марта меҳмон келади, деб эътиборсизлик қилганмиз-да.

– Фақат чорвани ўйлаб, бола-чақа учун қулайлик яратиш ҳақида қайғурмаганмиз, овулнинг ободлигига қарамаганмиз.

– Чанг-тупроқ кўчалар, тартибсиз қурилган иморатлар...

– Шундай яшашга ўрганиб қолганимизни айтмайсизми?

– Ана қаранг, ҳамма жой озода, уйдан чиқдингизки, асфальт ётқизилган, замонавий шифохона, мактаб, маҳалла гузари, ўзимиз яшайдиган уйларнинг чиройлилигини қаранг.

– Қишлоғимизга тоза ичимлик суви келганини айтмайсизми. Келгуси баҳордан насиб бўлса, чўл шароитига мос ўрик ва бошқа ниҳолларни ўтқазамиз. Қарабсизки, соя-салқин-да.

– Ҳа, давлатимиз шунча ша­роит қилиб бергандан кейин ўзимиз ҳам ҳаракат қилишимиз керак-ку!

– Энди овулга келган киши чўл ўртасида бўстон яратилганини кўриб, ҳаваси келади.

Туман марказидан 50 километр олисда жойлашган Қулқудуқ овули аҳли билан учрашсангиз, қалбингиз қувончга тўлади. Ҳа, айни пайтда 706 нафар фуқаро яшаётган ушбу овул Президентимизнинг 2018 йил 29 мартдаги “Обод қишлоқ” дастури тўғрисида”ги қарорига асосан комплекс ободонлаштирилиб, хонадонлар ва ижтимоий соҳа объектларида капитал таъмирлаш ишлари олиб борилди.

Овул 1930 йили ташкил этилган бўлиб, шунча вақтдан бери эътибордан четда қолиб келаётган эди. Аҳоли ҳам тадбиркорлик қилиш, янгилик яратиш ҳақида ўйламасди. Ободлик кўнгилдан бош­ланади, дегани рост экан. Ҳозир бу ерда яшаётган одамларнинг ўзи овулини ободонлаштириш, қандайдир ўзгаришлар қилишни режалаштираётганини кўриб, қувонасан киши. Ҳудуддаги боғча, мактаб, қишлоқ врачлик пункти, овул фуқаролар йиғини бинолари ва 134 та хонадонда олиб борилган таъмирлаш ишларига 14 минг дона шифер, 54 тонна сувоқ қоришмаси, 10 тонна водоэмульсия, 8 тонна лок-бўёқ маҳсулотлари, 140 тонна цемент ишлатилди.

Овулда ҳаммом, маҳалла гузари ва замонавий мини-футбол майдончаси бунёд этилгани барчани қувонтирмоқда. Аҳоли ўртасида тадбиркорлик билан шуғулланиш оилавий шароитларни яхшилашда бош омил эканлиги тушунтирилгани ўз самарасини бермоқда. Айни пайтда бу ерда 5 та тадбиркорлик субъекти ва 25 та фермер хўжалиги фаолият кўрсатмоқда.

– “Мурод Есен” фермер хўжалигида бугун уч киши иш билан таъминланган, – дейди овул фуқаролар йиғини посбони Молдағали Давлетов. – Хўжаликда айни пайтда 626 бош майда шохли мол боқилмоқда. Шартномавий режаларни ўз вақтида бажариб, қоракўл тери, гўшт маҳсулотлари етиштирилаётгани ортидан овул ободлигига ҳисса қўшилмоқда. Бундан ташқари, “Майрамбек Рахметов” фермер хўжалигида эса 30 бош туядан олинаётган шифобахш шубат аҳоли саломатлигига хизмат қилмоқда.

Ҳа, Қулқудуққа борган киши шу тобда одамлар энг улуғ, энг азиз байрам – Мустақиллигимизнинг 27 йиллигини мамнуният билан кутиб олаётганининг гувоҳи бўлади.

Бахтиёр ТОШНАЗАРОВ,

“XXI asr” мухбири