Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Обрў-эътибор осмондан тушмайди

Обрў-эътибор осмондан тушмайди

Халқ депутатлари Фарғона вилоят Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси, тадбиркор Мўминжон Йўлдошев фаолиятига бир назар
Фарғона тумани ҳудудининг катталиги жиҳатидан вилоятдаги энг йирик ҳудудлардан биридир. Қолаверса, унинг кўпгина қисми қўшни Қирғизистон Республикаси билан чегарадош. Бу эса тадбиркорлик ва фермерлик ҳаракатини ривожлантириш, аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш, туманнинг экспорт салоҳиятини юксалтириш, иқтисодиётга хорижий ва маҳаллий инвестицияларни жалб қилиш ҳамда шу орқали янги иш ўринларини яратиш, бир сўз билан айтганда, аҳоли учун фаровон турмуш тарзини яратиш борасида қулай имкониятдир.

Халқ депутатлари Фарғона вилоят Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси, тадбиркор Мўминжон Йўлдошев 2018 йилнинг иккинчи ярмида партиянинг Фарғона туман Кенгашига раис этиб тайинлангач, Кенгаш фаолиятида кўнгилни чоғ қиладиган ижобий ўзгаришлар юз бера бошлади. Энг муҳими, янги раҳбар партия фаоллари ва депутатларнинг ташаббус ва саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаб, туман аҳлини эътиборига тушди. Хусусан, раис ишни туман Кенгаши биносини капитал реконструкция қилиб, жиҳозлашдан бошлади. Шу билан бирга, туманда партия аъзолари сони аввалги 923 нафардан 1 679 нафарга ўсди. Эътиборлиси, O‘zLiDeP ташкил топганининг 15 йиллиги тантаналари ҳам ҳудудда намунали тарзда ташкил этилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан 2017 йил 7 февралда имзоланган “Ўзбекис­тон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги фармон, айниқса, унинг учинчи – Иқтисодиётни янада ривожлантириш ва либераллаштириш йўналишида кўзда тутилган вазифалар рўёби борасида қилинаётган ишларга алоҳида тўхталиш лозим. Биргина мисол, 2018 йил якунлари бўйича Мўминжон Йўлдошев Фарғона вилоят ҳокимлиги томонидан “Йилнинг энг яхши маҳаллий инвестори” деб топилди. Қолаверса, унинг амалий ёрдами туфайли 7 нафар тадбиркорга ўз фаолиятини ривожлантириши учун туман ҳудудида бўш турган бинолар “ноль” қийматда олиб берилди. Ҳадемай улар томонидан юзлаб янги иш ўринлари яратилади.

Ҳаётда кексаларнинг, пиру бадавлат инсонларнинг дуосини олиб яшашдан ортиқ бахт бўлмаса керак. Бинобарин, Мўминжон ака туманда истиқомат қилаётган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, нуронийлар ва меҳнат фахрийлари ҳолидан хабар олиш, уларнинг ҳаётий тажрибаларидан унумли фойдаланиш ҳамда бамаслаҳат иш юритишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Туманнинг Чимён қишлоғида яшовчи, яқинда ўзининг 119 баҳорини қарши олган Бойдада бобо Хўжаев ана шулардан биридир. М. Йўлдошев бошчилигидаги партия фаоллари йўқлаб боришганда боши осмонга етди мўйсафиднинг. Шу боис уларни ҳам ўзи каби узоқ умр кўришларини тилаб, дуо қилди.

Бундан ташқари, Кенгаш раиси ҳар бир депутатга халқ билан янада яқинроқ мулоқот қилиш, мамлакатимиз ҳаётида юз бераётган ўзгариш ҳамда янгиланишларни амалга оширишда шахсий намуна кўрсатиши лозимлигини қайта-қайта уқтириб бормоқда. Шу маънода айтганда, у нафақат ўзи сайланган 56-Аввал сайлов округи аҳлининг, балки бирор масалада мурожаат қилган ёки ёрдам сўраган жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини ҳал этишда бошқаларга ўрнак бўлаётир. Айниқса, тадбиркорнинг молиявий кўмаги туфайли “Обод қишлоқ” дастури доирасида Миндонобод қишлоғидаги Мустақиллик шукронаси кўчасида электр таъминоти яхшиланди. Шунингдек, 2 километр масофага тоза ичимлик суви қувури тортилди. Қишлоқда яшовчи, кам таъминланган оила ҳисобланган ва ногиронлиги бўлган М. Ҳошимованинг уйи учун 160 дона шифер олиб берилди. Гулпиён маҳалласи қабристони ободонлаштирилган бўлса, маҳалла фуқаролар йиғини биноси ва гузари ҳудуди асфальтлаштирилди. Энг эътиборлиси, давлатимиз раҳбарининг O‘zLiDePнинг сайловолди VIII-съездидаги маърузасида “Ёшларнинг китоб ўқишга бўлган қизиқишини оширишга, уларни китоб билан дўст бўлишга, аҳолининг китобхонлик савиясини янада оширишга алоҳида эътибор қаратиш лозим” дея таъкидлаган фикрлари ижросини таъминлаш мақсадида Лоғон, Машъал, Шоҳимардон ва Ёрдон маҳалла фуқаролар йиғинлари бинолари таъмирланиб, кутубхоналар ташкил қилинди. Ҳозир ушбу маънавият ўчоқлари турли адабиётлар билан бойитилмоқда. Шу билан бирга, Ёрдон маҳалласи аҳлига қўшни Қирғизистон Респуб­ликаси яйловларидан фойдаланишга рухсат олиб берилди.

Дарвоқе, айни пайтда Шоҳимардонда 1998 йилда юз берган табиий офат (сув тошқини) оқибатида қурбон бўлган 28 нафар фуқаронинг хотирасига ёдгорлик монументи ўрнатилиб, Хотира хиёбони ҳам барпо этил­япти. Мазкур хиёбон қурилиши мустақиллигимизнинг 28 йиллиги арафасида ниҳоясига етади.

Албатта, бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин. Умуман  олганда, туманда юқоридаги сингари хайрли ишларни амалга оширишда туман Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзолари Илҳомжон Абдураҳмонов, Рустамжон Холиқов, Мамасоли Зокиров ва Рустамжон Каримовлар жонбоз­лик кўрсатишмоқда.

Бир сўз билан айтганда, қаҳрамонимиз етакчилигидаги O‘zLiDeP фидойилари бугун Президентимизнинг халқимизга садоқат билан хизмат қилиш хусусидаги фикрларини ўзининг кундалик шиорига айлантирган ҳолда меҳнат қилишмоқда. Зеро, инсон учун эл корига ярашдан ҳам ортиқроқ бахт бўлмаса керак.

Хуршид СУЛТОНОВ,
журналист