Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Очиқ Осмон Остида...

Очиқ Осмон Остида...

Табиатнинг сержило оҳанглари...
Ёз кириб келгандан буён деярли шамол эсмай қўйган, қуёш ўзининг иссиқ ва синиқ нурлари ила кунни оловдай қиздирар, табиатни тинмай терлатар эди. Шундай бўлишига қарамасдан, табиат гўёки рассомнинг энг ёрқин ва сержило бўёқлари билан бўялган гўзал бир сурати каби товланади. Атрофда унинг қўшиғига рақс тушаётгандай тебранаётган баргларнинг шитир-шитири, осмон-у фалак бағрини қучиб учаётган қушларнинг чуғур-чуғури дилларга ўзгача завқ бағишлайди.

Тонг отди...
Шаҳрисабзнинг гўзал тонги...

        Кечаги чарчоқ ҳали тарқамаганидан бўлса керак, Саида ҳар кунгидан кечроқ уйғонди. Қовоқлари шишиб қолган, юзида аллақандай ҳорғинлик белгиси сезилиб турарди. У эринибгина юмшоқ пар болишдан бошини кўтарар экан, севимли оқ шиппагини судраб ювиниш хонаси томон борди.  Қизил лоладек ловуллаб турган юзларини муздаккина сувга чайдида, туннинг рангидан ҳам қора сочларини йиғиб, ташқарига чиқди. Унинг юрагидан бутун вужудини қуршаб олган соғинч ҳисси вулқондек отила бошлади. Оҳу мисол кўзларини бир юмган эди ҳам найзадек узун киприкларини махкам қучоқлаб олган соғинч ёшлари ёмғир томчилари каби томчилаб, оёғи остидаги иссиқ тупроқ бағрига сингиб кетди.

         Бу ерларга  келганига бор йўғи олти кун бўлган бўлсада, Саида ўзининг гўзал қишлоғи, яқинлари ва ота-онасини дилдан қўмсади. Сўнг бир оз юрдида, атрофини сўлим боғлар қуршаб олган, икки ёни тоғ билан қопланган “Лочин” оромгоҳининг баландгина чинори остидан ўтиб тақдирнинг ҳукмига бош эккандек, “сочлар”и ерни супураётган мажнунтолнинг остига бориб ўтирди. Қоғоз ва қалам олиб, алланималарни ёзган бўлди-ю, деворга “қулоқ”лари осилган радиода барчани тушликка чорлаётган овозни эшитиб, ҳаёллар денгизида сузиб юрган қиз бирданига чўчиб тушди. Иссиқ ўрнидан қўзғалар экан, атрофга яна бир назар солди. Эсида,”Лочин”га ўтган ёзда ҳам келган эди. Бироқ бу йил оромгоҳда анчагина ўзгаришлар бўлган. Саида ҳаводан тўйиб нафас олар экан, “Шаҳрисабз ҳавоси бошқачада” деди ўзига ўзи, жилмайиб...

          Тушликдан сўнг...

          Сукунат қамраб олган, иҳчамгина хонасига қайтган Саида бир оз тин олган бўлиб, дераза олдидаги ётоғига аста ёнбошлади ва ҳаёл сурди. Эртага оромгоҳдаги сўнги кун. Саида уйга қайтади. Бироқ қиз бу жойларга анчагина кўникиб қолганди. Шунинг учунми, унинг жилвакор табиатини яхши кўрар, Шаҳрисабзнинг мехмондўст ва самимий одамлари билан бамисоли қариндош бўлиб кетганди.

       Ўйлар гирдоби...

       Ниҳоят у юрагини зилдек босиб турган бир соғинчдан ҳалос бўлади. Аммо яна бир соғинч гирдоби ҳам бор. Бу лаҳзаларга мухрланган ишқ. Оромгоҳга қўйган меҳр. Саида буюмларини жойлар экан, ойнадан энтикибгина ён атрофга кўз қирини ташлади. Гўёки, оромгоҳнинг барча гўзалликларини бир умрга кўзларига мухрлаб олмоқчи бўлгандай... Соат 10. Ўша хайрлашув лаҳзалари ҳам етиб келди. Қалбида улкан орзулар қасрини яратган Саидани Шаҳрисабзнинг чанг кўчаларини чангитиб келган “учар” автобус ўз манзили томон олиб кетди. Шу-шу “Лочин” оромгоҳи унинг учун дўстлик ва дийдорлашув бекатига айланиб, кўз олдида ҳануз гавдаланаверади.

        Ёмғирлар...

        У кетгач табиат ҳам яқинини кузатишга чиққан боланинг фурсат ўтиб қилган ҳарҳашасидай хўнг хўнг “йиғлаб” берди... Тупроққа сингиб бораётган ёмғир томчилари атрофга нафис ифорини таратди. Гулларнинг “кўйлаги” ҳам шалаббо бўлди. Қуёшбобо ўз ўрнини  хазонларга бўшатди.

        Сўнг сап-сариқ рўмолини ўраганча, қўлида хазон билан шошилиб куз кириб келди...

       Унинг ортидан аёзбобо мўралаб турарди...

Мохинур ҚОДИРОВА
ҳикоя қилди.