Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Одам савдосига қарши кураш аср муаммоси

Одам савдосига қарши кураш аср муаммоси

             Афсуски, ноқонуний меҳнат миграцияси муаммолари мамлакатимизни ҳам четлаб ўтаётгани йўқ. Айрим шахслар ишлаш учун норасмий равишда бошқа мамлакатларга йўл олмоқдалар. Бу эса одам савдоси билан шуғулланиб, бойлик орттириш умидида юрган кимсаларга қўл келмоқда...






Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари бўйича 60 дан ортиқ халқаро ҳужжатга қўшилган ва БМТ томонидан мазкур соҳада қабул қилинган 6 та асосий халқаро шартнома иштирокчисига айланган. Хорижий давлатлар билан уюшган жиноятчилик, шу жумладан, одам савдосига қарши курашишга қаратилган 29 та шартнома ва келишув имзоланган. Мамлакатимизда­ «Одам савдосига қарши ку­рашиш тўғрисида»ги қонун ҳамда давлатимиз раҳбарининг «Одам савдосига қарши курашиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорининг қабул қилиниши, Одам савдосига қарши кура­шиш бўйича республика идо­ралараро комиссияси таш­кил этилиши ушбу трансмиллий жиноятчиликнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш самарадорлигини янада оширди.


Маълумотларга қараганда, одам савдосидан энг кўп жабрланаётганлар вояга етмаганлар ва аёллардир. Айниқса, аёлларни шаҳвоний мақсадларда четга олиб чиқиб кетишга уриниш ҳолатлари кўп учрайди. Одам савдосига қарши кураш бўйича республика идоралараро комиссияси томонидан ташкил қилинаётган тарғибот тадбирларида ҳам ушбу масалага жиддий эътибор қаратилаётир. Бунда жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлик катта ўрин тутмоқда. Зеро, бу иллатга қарши курашиш фақат суд-ҳуқуқ органлари ходимларининг вазифаси деб қараш нотўғри. Барча бирдек ҳаракат қилиб, суд-ҳуқуқ органларига яқиндан ёрдам беришса, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Мисол учун, ҳу­дуддан узоқ муддатга чиқиб­ кетган фуқароларнинг аниқ ҳисобини маҳалла фуқаролар йиғинлари ёки хотин-қизлар қўмиталари ёрдамисиз юритиб бўлмайди. Ёки узоқ муддат хорижда бўлиб қайтган, одам савдосидан жабрланган, депортация бўлган фуқароларни тиббий кўрикдан ўтказиш, ишга жойлаштириш масалаларини бир идора кучи билан ҳал этиш мумкинми? Албатта йўқ! Ички ишлар идоралари, тиббиёт муассасалари, бандликка кўмаклашиш марказлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари, хотин-қизлар қўмиталари, маҳаллий ҳокимликлар ва бошқа идоралар биргаликда ишлашлари кутилган натижани беради.

Равшан БОЙСАФАРОВ,

Ўзбекистон Республикаси ИИВ академияси курсанти