Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

ОДАМЛАР НИМА ДЕЙДИ?

ОДАМЛАР НИМА ДЕЙДИ?

Ушбу рукн остида мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётига оид янгилик ва воқеалар, ижтимоий тармоқларда кўпчиликнинг муҳокамасига сабаб бўлган мавзулар, шунингдек, таҳририятимизга юртдошларимиздан турфа шаклда (мактуб, электрон, телефон ва ҳоказо) келаётган шикоят, таклиф ва мулоҳазалар мунтазам чоп этиб борилади.

Аввалдан айтиб қўяйлик, таҳририят ҳар қандай масалада холислик тарафдоридир, томонлар ўртасида ҳакамлик даъвосини қилмайди. Табиийки, билдирилаётган фикр, қарашлар бизнинг нуқтаи назаримиздан фарқланиши мумкин. Бу, бор-йўғи, МУНОСАБАТ МАЙДОНИдаги кузатувларимиз, холос.

Эркин Аъзам эътирофи

“...Дарвоқе, асли раиснинг боласи эмасмиди, Ошно катталик йўлини тутиб, неча йиллар турли мансабу лавозимларда юрди. Билсангиз, бундай “гулилола, гулилола” дея пишқириб тоққа чиқаётганингизда пастда қолганларнинг ҳол-аҳволи кўзингизга кўринмайди; агар шоир-ёзувчи бўлсангиз-ку, адабиёт деганлари назарингизда жуда аҳамиятсиз бўлмаса-да, ҳарқалай, резароқ бир машғулотга айланиб қолади. Оғир қалам меҳнатидан кўра оғизнинг ҳовури билан битадиган амаллар кўп чандон афзалдек туюлади. Худолиғини айтсак, Ошномиз ўшал отда юрган кезлари асар ёзмаган бўлса ёзмагандир-у, лекин одатда оқ қўлқоп кийиб қилинадиган кўп ғаддорликлардан ўзини мардона четда тутабилди. Чалғимоққа бошқа эрмак топ­ди. Ҳарнечук, жигар андак азият тортганини айтмаса, имон басаломат қолди. Мана, энди эл-юрт олдида юз ёруғ!

Ошномизнинг “истеъдоди сўнганидан каромат қилгувчи”ларга эса жавобимиз бундай: тан олайлик, у бир ёзувчининг чекидаги вазифани ўн баробарга етказиб адо этди! Йигирманчи аср ўзбек адабиётининг беш дурдонасидан бирини яратиб улгурди. Том-томлаб асар ёзиб эмас, “Лолазор”дек биттагина роман билан ҳам адабиётни забт этиш мумкинлигини исботлади. Воқеан, ҳарқанча кўламдор бўлмасин, “Лолазор”дан сўнг у нега каттароқ нарса ёзмади? Бироқ биттагина асар билан адабиёт тарихидан жой олиб, кейин шунинг тафтида яшаб ўтган ёзувчилар кам дейсизми?! “Тинчоқар Дон” муаллифини мисол келтириб балога қолиш ниятимиз йўқ. Бизнингча, Ошно “Лолазор”дек асар битароқ қулочни катта отган-у, энди ўшал маррадан ўтмоққа чоғи келмаётгандек. Мард, танти кўнгил мудом янги сўз, янги оҳанг ахтариш билан банд, шундан бошқасини тан олмайди”.

(Таниқли адибимизнинг яқиндагина, кўп эмас, кам эмас, нақ 70 ёшни тўлдирган ўзбек миллий адабиёти дарғаларидан бири Мурод Муҳаммад Дўст шахсияти, ижоди хусусидаги “Ошно” деб номланган митти эссесидан парча)

Тадбиркор яна 19 йил “ўтириш”га рози

Тадбиркорлик билан шуғулланиш мақсадида 1990 йил 6 июнь куни Ургут шаҳрида биринчилардан бўлиб “Рисола” кўп тармоқли, савдо, ишлаб чиқариш фирмасини давлат рўйхатидан ўтказиб, йиллар давомида аҳолига кўплаб иш ўринлари яратдик.

Жумладан, макарон, музқаймоқ, қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, эшик-ромлар, металл панжаралар, иситиш қозонларини ясаш, тикув цехи ва шу каби бошқа ҳунармандлик цехлари – жами 15 та ишлаб чиқариш корхонаси фаолият юритар эди.

1990-2008 йиллар давомидаги фаолиятим натижасида “Ташаб­бус–1999” кўрик-танловининг рес­публика босқичида фахрий биринчи ўринни эгалладим.

“Рисола” фирмамизда 2007 йил 10 сентябрь куни давлат солиқ инспекцияси буйруғи билан асоссиз равишда навбатдан ташқари координацион текширув ўтказилди. 2007 йил сентябрь ойидан 2008 йилнинг июль ойига қадар ушбу фирма ва ишчи хизматчилари, менинг ўзимга нисбатан ўйлаб топилган туҳматлардан иборат айблар билан 7 марта жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилди.

Бўйнимга қўйилиши режалаштирилган айблар ўз тасдиғини топмаган бўлса-да, 2008 йил 17 июль куни такрорий сўроқсиз мени ҳибсга олишди. Менга сўроқсиз, тегишли юзлаштириш-тергов ҳаракатларини олиб бормасдан, “хуфёна раҳбар” деган тамға қўйилди. 2009 йил 10 февраль куни мол-мулким мусодара қилинди. Давлатга 1.723.638 минг сўм етказилган зарарни солидар тартибда бошқа судланувчилар билан бирга ундириш, ўзимни 19 йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида судья М.Шерйигитов томонидан мутлақо қонунга хилоф ҳукм чиқарилди.

Ҳибсдалигимда суд ҳукмидан норози бўлиб, Ўзбекистон Респуб­ликаси ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарларига мурожаат қила бошладим. 2016 йил 31 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий суди ЖИБ судлов ҳайъати очиқ суд мажлисида раислик қилган судья У.Расулбердиев Ўзбекистон Респуб­ликаси Олий суди раиси ўринбосари томонидан назорат тартибида келтирилган протестини кўриб чиқиб қуйидагиларни аниқлади:

“Ҳукмнинг Ўзбекистон Респуб­ликаси Жиноят кодексининг 1852- моддаси 2-қисми бўйича Х.Муртазоев айбли деб топилган қисми бекор қилиниб, шу қисми Ўзбекис­тон Рес­публикаси Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 2-қисмига кўра тугатилган.

Жиноят кодексининг 210-моддаси 3-қисми “б” бандидан ЖКнинг 168-моддасининг 1-қисмига ҳамда 28-моддаси ва 210-моддасининг 1-қисмига қайта квалификация қилинган.

ЖКнинг (эски таҳрирдаги) 188-моддасининг 3-қисми “а”, “б” бандларидан ЖКнинг (янги таҳрирдаги) 188-моддасига 189-моддасининг 3-қисмидан 189-моддасига қайта квалификация қилиб, 18 йилу 6 ой белгиланган жазони 2016 йил 31 март куни ЖКнинг 59-61-моддалари таркибида қайд қилинган жазо қўшиш йўли билан узил-кесил 13 йилу 4 ойга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган (яъни жазо 5 йилу 2 ой муддатга қисқартирилган)”.

Бундан ташқари, 2016 йил 18 апрель № 1-ЖЮМ/168-16-сонли Самарқанд вилоят судининг жавоб хатида 2009 йил 10 февралдаги ҳукмига кўра Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 167-моддаси 3-қисмининг “а”, “б” бандлари билан судланган Ҳалим Муртазоевга нисбатан ҳукмга асосан “Ургутшаробсавдо” унитар корхонасига Ҳ.Муртазоевнинг ҳисобидан моддий зарар ундириш белгиланган”и кўрсатилган.

Мен 2017 йил 31 март куни озодликка чиқиб, тадбиркорлик фаолиятимни давом эттириш мақсадида ўзимга тегишли бўлган “Рисолатбегим” ва “Бинни Фарҳод” ишлаб чиқариш корхоналарининг ҳужжатларини қонуний расмийлаштириш учун Ургут тумани ва Самарқанд вилоятининг тадбиркорликка оид тегишли мутасадди раҳбарларига ўрнатилган тартибда мурожаат қилдим. Улар “отангга бор, онангга бор” қабилида иш тутиб, икки йилдан буён тадбиркорлик билан шуғулланишимга йўл бермайди. Агар менга имкон берилганда 150 кишини мунтазам иш билан таъминлаган бўлардим.

Агар Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 15 та моддаси бўйича қўйилган айбларнинг бирортаси бўйича менинг айбим тасдиқланса, такроран яна 19 йилга озодликдан маҳрум этишларига розиман.

Ҳалим Муртазоев, тадбиркор
Самарқанд вилояти.

(“ЎзА минбари” рукни остида эълон қилинган самарқандлик  тадбиркорнинг “Агар айбим тасдиқланса, яна 19 йил озодликдан маҳрум этишларига розиман” деб номланган шикоятидан парча)

ТВдаги пулли шоулар миллатни зомбига айлантиряпти(ми?)

Хусусий телеканалларда ўзбек ТВ тарихидаги шов-шувли шоулар даври бошланди. “Зўр ТВ”нинг “Борига барака”си бошлаб берган ана шу юришни ҳозир бошқа каналлар ҳам давом эттирмоқда.

Тан олиш керак, “Борига барака” қисқа муддат ичида катта аудиторияга эга бўлди. Халқимиз бир неча усуллар билан тўловлар қилиб, ўйинда қатнашишни истамоқда. Кейинроқ унга тақлидан “Омад шоу” (“Менинг юртим”) чиқди. “Борига барака”да кнопка босишса, “Омад шоу”да барабан айлантирилади. Хуллас, таваккал.

Анонсларга қулоқ тутсак, яқин орада бошқа каналлардаям шундай шоулар чиқиши кутиляпти: “Миллионер шоу”, “Бойвачча шоу” ва ҳоказо. Биз уларни ёмонламоқчи эмасмиз, ғайирлигимиз ҳам йўқ. Лекин баъзи фикрларни айтиб ўтсак.

Дунё тан олган ўйинларни олайлик. “Ким миллионер бўлишни истайди?” ўйини, масалан. Иштирокчилар билими эвазига пул ютишади. Ёки “Поле чудес”ни олинг, ундаям барабан айлантирилади, аммо савол-жавоби бор.

Биздаям бундай ўйинлар бор, йўқ эмас. Масалан, “Омадли такси” (“Менинг юртим”), “Бинго” (“Севимли”) теледастурларида иштирокчиларга саволлар бериларкан, жавоби тўғри бўлса, пул ютуғи тақдим этилади. Мана, иложи бор экан-ку!

Халқни шунчаки мақсадсиз кнопка бостириб ёки барабан айлантириб, пул билан алдаш ислом динига ҳам тўғри келмаслигини бизгача айтишган. Майли, қандини уришсин, бироқ шуни ақллироқ қилса бўлади-ку! Одамларнинг кўзини пул билан шамғалат қилиб, зомбига айлантиришдан нима фойда бор?

Ў, фойдаси жуда катта бўляпти, фойдаси бўлмаганда аллақачон ёпилиб кетарди, дейсиз-да. Кимўзарга шоу қилиш авж оляпти, бу миллатни саводсизликка, боқимандаликка, осон пул топишга ва дангасаликка ўргатади. ОАВ (ТВ ҳам) бунга йўл қўймаслиги лозим.

Манба: телеграмдаги
“Zednews” канали

Қалбимиз очилсин!

Бугун жанозада қатнашдим. Синф­дошим, ёшликдан қадрдон дўстимнинг 48 ёшли рафиқаси вафот этди. Улар Учтепа туман ҳокимлиги яқинида истиқомат қилишади. Марҳума Чўпон ота қабристонига дафн қилинди.

...Жаноза ўқиб бўлингач, тобутни ҳозир русумга кирган машинада, ҳассакашларни эса автобусда олиб кетмоқчи эдик. Иккала машинага ҳам буюртма қилинганди. Орамиздаги қадрдонлардан бирининг “Келинглар, ўзимизнинг қадим одатимизга кўра тобутни қабристонгача елкамизда олиб борайлик, масофа узоқмас-ку, савоби каттароқ бўлади” деган таклифи кўпчиликка маъқул тушди. Светофорнинг яшил чироғи ёниб турган бўлса-да, инсофли, иймонли ҳайдовчилар бизларни ўтказиб юбориб, ўзлари ҳам сафимизга қўшилиб кетганини кўриб, кўзларимга ёш келди. Эътиборлиси, “Учтепа” савдо маж­муасидан ўтаётганимизда овқатланиб ўтирган хўрандалар, хизматчи ва сотувчиларнинг ҳам ўринларидан туриб, тобутни кўтармоққа шошилгани, йўл чеккасида бир зумгина тўхтаб турган автобус, маршрутка ва машиналар ичидаги юртдошларимизнинг қўллари фотиҳага очилгани... ҳар қандай инсоннинг қалбини титроқ ва ҳаяжонга солиши табиий. Кўрдингизми, бизнинг қанчалар улуғ қадриятларимиз бор. Демак, шундай ибратли урф-одатларимизни кўрсата билишимиз (тўғрироғи, англай билишимиз) керак.

Шарофиддин ТЎЛАГАНОВ,
журналист

(Муаллифнинг “Фейсбук”даги профилидан олинди.)

ТўртТА маймун

Ҳайкаллар сиғиниш учун ясалмайди. Ҳарқалай, бизнинг жамиятда. Биров сиғинаётганиям йўқ. УчТА (нафар эмас) пайтавақулоқ Темур ҳайкали бошига чиқиб олди. Тўғри, тош­данми, олмосданми, бронзаданми – у ҳайкал! Бу билан шунчаки, миллат қалбида у кишига нисбатан шаклланган ҳурматга, жамоат ва жамият тан олган қоидаларга оёқ артди. Улар буни диний нуқтаи назардан, атай ҳайкалларга қарши исён сифатида қилди, дея бонг урманг, илтимос! Улар бор-йўғи оддий бефаҳм. На диний, на дунёвий жамиятда ўз ўрнига эгалигига шубҳам бор. Одамзод қўли билан яратилган ҳар нарсага ҳурмат кўрсатилса, сиғиниляпти, деб қаралмаслигини истардим.

Изоҳ: Бир юртдошимиз тўртТА маймунни топиб, жамоат тартибини тушунтириб қўйиш керак, деган фикр билдирди. Унга қарши отилган тош ва Амир Темур сиймосига нописанд қарашганлари таъбимни хира қилди.

Исомиддин ПЎЛАТОВ,
журналист

(Муаллифнинг “Фейсбук”даги профилидан олинди.)

Дарвоқе:

Яқиндагина Президентимиз ташаббуси билан “Халқлар дўстлиги” саройи ёнида қайтадан қад ростлаган афсонавий Шомаҳмудовлар  оиласининг уруш йилларидаги тенгсиз қаҳрамонликлари шарафига ўрнатилган ҳайкалга бемаъни қилиқлар кўрсатиб, инсонийлик шаънига тўғри келмайдиган сўзларни айтган қиз ҳақида интернетда қанча шов-шувлар бўлганди. Бундай хурмача қилиқлар “намойиш” этаётганларга Яратгандан инсоф тилаш билан бирга, амалдаги қонунчилигимизда бундай шахсларга нисбатан жавобгарлик ҳам белгиланганлигини эслатиб қўймоқчимиз.

Рукнни Жавҳарбек ҚОДИРОВ
тайёрлади.