Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Одамлар орасидаги унутилмас учрашувлар

Одамлар орасидаги унутилмас учрашувлар

Партиямиз халқ билан бевосита учрашувларни ўз фаолиятининг энг муҳим йўналиши, деб билмоқда. Барча сафдошларимиз халқ ичига янада чуқурроқ кириб боришга, одамлар билан ҳамдард, ҳамнафас бўлишга астойдил интиляпти.

Яқинда O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Актам Хаитов Қорақалпоғистон Республикасининг Амударё, Шуманай, Чимбой, Хўжайли, Элликқалъа туманлари ҳамда Нукус шаҳрида фаолият кўрсатаётган бир қанча тадбиркорлик субъектлари, фермер хўжаликларида бўлиб, электорат вакиллари билан мулоқотлар ўтказди. Юзма-юз учрашувлар мобайнида хусусий сектор манфаатини ҳар томонлама ҳимоялаш, партиянинг янада қулай ишбилармонлик муҳитини вужудга келтиришга йўналтирилган саъй-ҳаракатлари, тадбиркорлик ривожига халал бераётган муаммолар ечимини ҳамжиҳатликда бартараф этиш, партия аъзолари сафини янада кенгайтириш сингари масалалар хусусида атрофлича сўз юритилди.

Самимий суҳбатлар Амударё туман ҳокимлигида маҳаллий кенгаш депутатлари, партия фаоллари, тадбиркор ва фермерлар билан учрашувдан бошланди. Қизғин мулоқот чоғида депутатлар фаолиятини кучайтириш, жойларда тадбиркорлик, хусусан, томорқачиликни ривожлантиришга оид ишлар атрофлича муҳокама қилинди. Сўнгра партиямиз раҳбари туман ҳокими С. Йўлдошев билан биргаликда “Чойкўл” овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги пахта далаларига бориб, теримчилар билан учрашди, уларга партиянинг эсдалик совғаларини топширди.

O‘zLiDeP вакиллари тумандаги “Amudaryotex” қўшма корхонаси фаолияти билан ҳам танишдилар. Энг замонавий дастгоҳлар воситасида пахта толасидан ип-калава ҳамда мато ишлаб чиқарувчи ушбу корхонанинг йиллик қуввати
4 500 тоннага тенг. Бу ерда 440 нафар ишчи-хизматчи, асосан коллеж битирувчилари меҳнат қилмоқда. Тайёрланаётган маҳсулотлар Россия, Туркия ва Хитойга экспорт қилинмоқда. Учрашувдан кейин корхонанинг 45 ходими партиямизга аъзо бўлгани эътиборга молик.

Сафдошларимизнинг навбатдаги манзили Шуманай туманидаги чорвачиликка ихтисослашган “Досмурза шаруа” фермер хўжалиги бўлди. Партия раҳбари сутни қайта ишлаш корхонаси ва маиший хизмат кўрсатувчи шохобчаларни кўздан кечирди. Фаолиятни янада кенгайтириш, маҳсулотларни экспортга чиқариш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирди. Шу тумандаги “Матирзаева Розалия” тикувчилик цехи раҳбари, якка тартибдаги тадбиркор, ҳунарманд Алтинай Наубетова меҳмонларга кичик корхонанинг вужудга келиши, тайёрланаётган маҳсулотлар, келгуси режалар хусусида гапириб берди. Қайд этиш зарурки, қарийб 20 йилдан буён иш юритиб, миллий ва замонавий кийим-кечаклар, ўтовлар учун гиламлар, “ақ басқур”, “кереге танғиш”, “упшин”, “жан бау” каби ноёб матолар тикиш билан шуғулланаётган ушбу цех республика миқёсидаги турли танловлар, кўргазмаларда фаол қатнашиб, совринли ўринларни эгаллаб келмоқда. Учрашувдан сўнг корхонада ишлаётган 14 нафар хотин-қиз партиямиз сафига ўтиш истагини билдирди. “Қарабайли инвест”, “Махмудов Бекполат” ва “Мирзабеков Марқабай” фермер хўжаликлари далаларидаги учрашувлар ҳам қизиқарли кечди. Илғор теримчиларни рағбатлантириш мақсадида уларга қимматли совғалар туҳфа этилди.

 O‘zLiDeP вакиллари Чимбой туманида дастлаб қорақалпоқ мумтоз адабиёти намояндалари Кунхўжа ва Бердақ Қарғабой ўғли мақбараларини зиёрат қилдилар. Сўнгра туман ҳокимлигида хусусий сектор вакиллари билан мулоқот ташкил этилди. Учрашувда партиямизнинг асосий вазифаси тадбиркорлар учун қулай шарт-шароит яратиш, эркин фаолият учун янада кенг йўл очиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш, одамларнинг куч-ғайрати, интеллектуал салоҳиятини тўлиқ намоён этишларига кўмаклашиш эканлиги таъкидланди. Ишбилармонлар жамиятимизда кечаётган жараёнларда янада фаолроқ қатнашиши зарурлиги қайд этилди.

Актам Хаитов тумандаги “Ланэкстракт” Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонасини бориб кўрди. Корхонада тузилган бошланғич партия ташкилоти фаолияти билан танишди. Янги аъзоларга гувоҳнома топширилди.  “Кийикбай Мамутов” фермер хўжалиги дала шийпонида бўлиб ўтган учрашув ниҳоясида сидқидилдан ишлаётганларга, хўжалик аъзоларига партия томонидан совғалар берилди. Концерт дастури намойиш этилди.

Партия раисининг Нукус шаҳридаги учрашувлари ҳам электоратимиз вакиллари ҳамда тарафдорларимиз диққат марказида бўлди. Дастлаб вакилларимиз “Кардар” МЧЖга бордилар. Корхона раҳбари Мурат Шимбергенов ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар, иш жараёнлари билан яқиндан таништирди. Мазкур корхонада темир дарвоза ва эшиклар, турли хил темир буюмлар тайёрланяпти. Шунингдек, меҳмонлар “Кардар” МЧЖ қошида фаолият юритаётган “Hamkor pro export” корхонасини ҳам кўздан кечиришди. Мазкур корхона Европа стандартларига мос маҳсулот ишлаб чиқарувчи “Imzo” компаниясининг Қорақалпоғистондаги илк расмий дилери ҳисобланади. Корхонада уй ва идоралар учун алюмин, пластик дераза ва эшиклар, ташқи девор учун махсус ойналар, МДФ эшиклари ишлаб чиқариляпти. Актам Хаитов Нукус шаҳридаги “Nukus Evro Stroy” МЧЖ фаолияти билан ҳам яқиндан танишди. Корхона ишчи-ходимларининг аксариятини ёшлар ташкил қилади. Бу ерда турли қурилиш материаллари ишлаб чиқарилмоқда. Партия раҳбари мазкур корхоналардаги бошланғич партия ташкилотлари фаолиятига алоҳида эътибор қаратди. Депутатлар билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, жойлардаги муаммолар ҳал қилинишига кўмаклашиш, маслакдошларимиз сафини янада кенгайтириш борасида тавсиялар берилди.

Нукус давлат педагогика институтида ёшлар билан ўтказилган учрашув ҳам мазмундорлиги билан кўпчилик ёдида қолгани шубҳасиз. Партия навқирон авлодни қўллаб-қувватлаб, салоҳиятини тўла рўёбга чиқариш, хусусан, тадбиркорликка жалб қилишга интилмоқда. Мулоқот мобайнида ўз бизнесини йўлга қўймоқчи бўлган талаба ёшлар мутахассислардан ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар олишди.

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Актам Хаитов, шунингдек, Хўжайли ва Элликқалъа туманларида ҳам бўлиб, барпо этилаётган агросаноат маркази, “Мега-текстиль” хусусий корхонаси ҳамда фермер хўжаликларида учрашувлар ўтказди.

Гулжан ХАЛМУРАТОВА,
O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши
Ижроия қўмитаси масъул ходими,
Беҳзод ИСРОИЛОВ,
“XXI asr” мухбири