Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Оға-инилар хайрлашмайди

Оға-инилар хайрлашмайди

Адабиёт чегара билмайди

Ижодкор дўстлар икки ҳафтача аввал хабар қилишди: “Қозоғистонлик зиёлилар ташаббус кўрсатиб, Қозоғистонда Ўзбекистон ҳамда Ўзбекистонда Қозоғистон йили анжуманлари доирасида Туркистон фарзанди, машҳур адиб ва таржимон Носир Фозиловнинг 90 йиллик тўйини ўтказишяпти, шу баҳонада тасаввуфнинг машҳур намояндаларидан бири, донишманд шоир Аҳмад Яссавий ҳазратлари мақбараларини ҳам зиёрат қилмоқ бахтига муяссар бўламиз”, дейишди. Тонг саҳарда ҳамроҳлар билан чегарада кўришдик. Бизни мамнун этган жиҳати, бир йил аввал ҳам айнан шу ҳудудда жойлашган “Ғишткўприк” постидан ўтгандик ва баъзи ноқулайликлардан кўнглимиз ўксиганди. Лекин бу гал ўтишдаям, қайтишдаям деярли ҳеч қандай дилранжитар ҳолатлар учрамагани учунми, руҳимиз қушдай енгил бўлди. Нега десангиз, журналист халқи кузатувчан бўлади: кўргани ва эшитганидан ҳикмат излайди; ноҳақликка дуч келганда эса чидолмайди. Ўтган сафар икки давлат чегарасидаги тирбандликлар, мўмай даромад топиш илинжида ўзини ўтга, чўққа ураётган айрим одамларнинг касридан оддий йўловчи ё меҳмон сифатида ўтиб-қайтаётганлар жабр тортаётганидан ранжигандик. Хайриятки, ҳукуматимиз томонидан бу каби нохуш ҳолатларга ўз вақтида чек қўйилди ва энди бу борада, ўйлаймизки, камчилик­лар учрамаса керак.

Энг қизиғи, ҳар икки давлат чегараларида ўз бурчини садоқат билан ўтаётган йигитларнинг хушмуомалалик билан бизларни кутиб олиб, кузатиб қўйишганини айтмайсиз. Эслайлик, яқин йилларда чегара хизматчиларини қўяверинг, ҳатто Тошкент аэропорти ва темир йўл вокзалларида ҳам кимлигидан қатъи назар, шу мамлакат фуқаросими, хорижлик сайёҳми, барибир, гўёки бирор хавфли шахсни кутиб олаётгандек истеҳзо билан қаршилар эдилар. Энди-чи, бўлар экан-ку, деворгингиз келади!

Ўша куни бизнинг ижодкорлигимизни билган, таниган чегарачилар ҳам пас­портларимизни қўлимизга тутқазиб, “Сафарларингиз бехатар бўлсин!” ёки “Хуш кўрдик, бовурлар!” деганини эшитиб, қондош ва қардош халқларнинг адабий алоқалари ҳамиша чегарасиз, очиқ эканлигига амин бўлдик.

“Тулпорлар туғилган, шунқорлар қўнган макон”

Бу, жаннатмонанд гўша Қоратов ва Олатов туташ манзилда жойлашган Тулкибош тумани, аслида Туркибош деб номланмиш макон (айтишларича, бу ерда Аҳмад Яссавийнинг улуғ боболари зиёратгоҳи ҳам бор экан) ҳақида таниқли қозоқ адиби, Носир Фозиловнинг қадр­дон оғаси Шерхон Муртазо айтган таъриф.

Мархабат Байғут, Қозоғистонда хизмат кўрсатган маданият арбоби, ёзувчи:

– Ҳеч эсимдан чиқмайди, бизнинг овулда 1995 йили эллик ёшга тўлишим муносабати билан ўтказилган тадбирда бутун Қозоғистондан таниқли олим ва ёзувчилар, жумладан, Ўзбекистондан Носир оғам ҳам қатнашган эди. Туман ҳокимлиги ўшанда менга боғ учун ер ажратиб берди. Ўзбек-қозоқ адабиёти ўртасидаги адабий-маданий алоқалар бардавом бўлишини чин дилдан истаган икки улуғ адиб Носир ака ва Шерхон оғам шу мўъжазгина боққа олма, ўрик ва бошқа мевали дарахт ниҳолларини экди.

Ҳокимлар мақтангиси келиб: “Бу ерда муҳтарам ёзувчимизга икки қаватли уй ҳам қуриб берамиз. Қани, қадрли меҳмонлар шу уйнинг тамал тошини ўз қўллари билан қўйишсин”, деб ваъда беришди. Носир ака ҳақиқатгўй одам эмасми, ҳазил-чин аралаш: “Ҳой, айланайин, ҳокимлар, мен сенларнинг бу гап­ларингга ишониш-ишонмаслигимни билмай турибман. Чиндан ҳам, уй қуриб берасизларми?” деб сўроққа тутиб қолса денг. Улар бўлса ваъдани қуюқ берворишди-ю, лекин Носир оғам башорат қилганидек, беш йил, ўн йилдаям уй қурилмади. Олтмиш ёшим нишонланганда оқсоқол бир гуруҳ ўзбек адиблари билан келиб, яна киноя билан эслатди шу гапни. Охири етмиш ёшимда болаларим чорбоғли боғ, шинамгина уй барпо қилиб беришди. Афсуски, қадрдон бовурим Носир Фозилов бемор бўлиб ётгани учун Туркибошга, етмиш йиллик тўйимга келолмади. Дийдор қиёматга қолди...

Ўша куни ана шу сўлим ва гўзал боғда ўзбек адабиёти устунларидан бири Носир Фозиловнинг тантанали 90 йиллик тўйига ўзига хос старт берилди, десак янглишмаймиз. Унутилмас хотиралар, ёш ижодкорларнинг чиқиш­лари, бир сўз билан айтганда, шу вақтгача бетакрор адибимизнинг бизлар билмаган ноёб фазилатлари мезбонлардан кўра бизларни кўпроқ ҳайратга солди. Негалигини айтайлик, шу вақтгача Носир оғани ўзбек адабиёти ривожида муҳим ўрин тутган деб ҳисоблардик, тўғрими, аслида ушбу улкан анжуманда қозоқ зиёлилари ва оқин-адиблари эътироф этганидек, унинг ён қўшни-жон қўшниларимиз адабий муҳитида ҳам ҳазилакам хизмати синг­ган эмас экан. Бу самимий баҳони қозоқ-ўзбек адиблари орасидаги асрий алоқаларни мус­таҳкам боғлашда фидойилик кўрсатаётган инсон Мархабат Байғутга ҳамоҳанг равишда ушбу тадбирда қатнашган қирғиз ва турк қондошларимиз ҳам ўз сўзларида қайта-қайта таъкидлашди.

Эътиборли томони, умрларининг охирига қадар борди-келдиси узилмаган икки қадрдон адибнинг Таупистели (Тоғпистали)да қадаган ниҳоллари бугун ҳосилга кириб, одамларга ризқ улашяпти, демак, уларнинг пок руҳларига саловату дуолар ўқиляпти...

Қайтаётиб, энг баланд тепаликда бир зум тўхтаб, тўрт тарафни кузатамиз. Она Ватаннинг ҳеч қандай таърифу тавсифларига сиғмайдиган ажиб манзараларидан кўзлар толади. Бир маҳал Қоратов этакларидаги қиш­лоқ-овулларга ишора қиларкан, ушбу сафарга бизни чорлаган таниқли ёзувчи, “Алаш” (Қозоғистон) Халқаро мукофоти совриндори, қозоқ адабиёти намуналарини маҳорат билан ўзбекчага ўгираётган таржимон Меҳмонқул Исломқулов бугун Ўзбекистондаги хусусий телеканалларидан бири “ZO‘RTV” орқали намойиш этилаётган “Элтуғрул” тарихий сериалидаги қаҳрамонларнинг авлод-аждодлари ҳам аслида ўзимизнинг Туркистон тупроғидан ул ёқларга кетганини тарихий фактлар исботлашига шубҳаси йўқлигини айтди...

Туркистоннинг тоғлари эди

Тонгда Оқсув шаҳарчасидан Туркистон сари отландик. Кеча кун бўйи бамайлихотир гурунглашиб юрган Абдураҳим оға энди жонсарак, қулоғидан телефон тушмайди: “Узоқ йўл Тўлан акани толиқтириб қўймадими, Янгибой иним? Яхшиямки, кеча тўғри Коризга (Носир Фозилов туғилиб ўсган қишлоқ – Н.Ж.) ўтибсизлар, бўлмаса бугун қийналиб қоларди оқсоқол”, “Муборак опа (адибнинг умр йўлдоши), овулдагилар омон-эсонмикан, бизми, ҳозир бир соатларда етамиз, насиб этса”, “Хондамир (Носир аканинг ўғли), Чимкентдан ўтдингларми, меҳмонлар саҳарда чиққанди, очқаб қолгандир, катта йўлда тўхтанглар, Абдужалил ўғлим, тезлат машинани!..”

Сўнг ўзи изоҳ беради: “Яна ўн чоғли меҳмон келяпти, Муратбой Низанов, Турсун Али, Қўчқор Норқобил, Сафо Матчонов ва бошқалар, ҳозир йўлда кўришиб, нонушта қилиб оламиз”.

Хуллас, катта трасса устидаги махсус тўхташ майдончасида (яқин орада бизникилар ҳам шунақасидан қуришни режалаштираётгани ҳақида ёзишяпти) қадрдонлар билан қучоқ очиб кўришамиз. Мезбон ҳаммани бир зумда тайёрланган “қўлбола дастурхон”га чорлайди. “Йўловчига йўл яхши! Қани, кетдикми?” дейди кимдир орамиздан. Манзил аниқ – Аҳмад Яссавий бобомиз мақбараси!

Жаҳон андозаларига монанд қурилган равон, теп-текис йўлда кетяпмиз-у, ҳамроҳларим хавотир аралаш ҳайдовчини саволга тутади: “Тезлик юздан ошяпти-ку, оғайни, радар-падарга тушиб юрманг тағин?” Абжир Абдужалил бўлса кулиб қўяди: “Бу трасса ахир, кўзи очиқ шофёр яхши билади, қаерда радар бўлса белги қўйилган, бизда тўғри келган жойда ГАИлар турмайди!” Меҳмон хижолат тортганча: “Узр-а, эҳтиёт шарт сўрадим-да, бизда ҳар қадамда радар, масалан, Самарқандга мошиндан кўра тезюрар поездда борган қулай бўпқолди ҳозир...”

Туркистон шаҳрига етиб келдик! Биздагидек катта бунёдкорликлар бошланибди бу ёқдаям. Энг қизиғи, муборак зиёратгоҳга кириб келяпмиз-у, рўпарамиздаги светофорлар тепасида қўшимча тарзда ҳайдовчиларга кўринарли қилиб электрон табло ўрнатилган. Шу ёқдаям ўзимизнинг Тошкент шаҳри ва вилоят марказларидаги рақамли, зўрға кўзга ташланадиган светофорлар эсимизга тушиб қолса денг. Ажабланарлиси, шундай катта шаҳардаги турфа хил техникалар ҳаракатини биздагидек беҳисоб ЙПХ ходимлари эмас, аксинча, тилсиз-жонсиз тип-тиниқ светофорлар бошқариб турибди! Майли, бу каби қулайликлар, насиб этса, бизда ҳам яқин йилларда амалга ошар...

Ногаҳонда хаёлимизни яна мезбонларнинг ҳайқириғи бузди: “Илтимос, тадбир бошланишига бир соатча вақт бор, зиёратга шошилайлик!”

“Ассалому алайкум, Яссавий бобо, Сизга Ўзбекистондан бир дунё саломлар олиб келдик!” Шоирона хитоб янграйди, Аҳмад Яссавий ҳикматларидан парчалар ўқий бошлаймиз:

Гуноҳимни баён қилсам, ерга сиғмас,
Сандин ўзга кимга борай, қўлум олмас,
Ҳодий ўзунг, сансиз ҳеч ким йўлға солмас,
Гуноҳимдин йиғлаб санга келдим мано...

Улкан зиёратгоҳни айланиб чиқиш учун бир соат эмас, бир кун етармикан?! Сафардошларнинг қай бирига бундай саодат насиб этди, билмадим-у, лекин мен ич-ичимдан ғойибона қадим Туркистон заминида таваллуд топиб, Ўзбекистон аталмиш жаннатмонанд юрт адабиёти бешигини тебрата олиш бахтига муяссар бўлган Миртемир домла, Одил Ёқубов ва шу кунлари 90 йиллиги нишонланаётган Носир Фозилов руҳларига раҳмату дуоларимни айтдим. Негаки, шул зотларнинг ўлмас номлари, абадиятга дахлдор асарлари бизни Туркистон тупроғига етаклаб келди.

 “Икки халқнинг фарзанди”

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби, “Тинч­лик ва маънавий ҳамжиҳатлик учун” халқаро мукофоти (Қозоғистон) совриндори Носир Фозиловнинг таваллудига 90 йил тўлиши муносабати билан адиб туғилган замин – Туркистон шаҳрида ўтказилган тантанали кечада, аввало, ўзбекистонлик, қолаверса, қозоғистонлик ижодкорлар бу иборани бежиз қайта-қайта таъкидлашмади. Боиси, ҳассос ва беназир адибнинг номи, муболағасиз айтиш керакки, туркий халқлар адабиётида ўзига хос ўринга эга. 

Туркистон вилояти ва Туркистон, Кентов шаҳарлари, Тулкибош туман ҳокимликлари, “Жанубий Қозоғистон” вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси, шунингдек, Қарноқ ҳамда Эски Иқон қишлоқ ўзбек этномаданият бирлашмалари, Қозоғистон Республикаси ўзбек этномаданият бирлашмалари “Дўстлик” ҳамжамияти қошидаги “Ижодкор” адабий бирлашмаси ташаббуси билан нишонланган байрам тадбири ниҳоятда кўтаринки руҳда ўтди.

 Тўлан Низом, Ўзбекистон халқ шоири:

– Носир ака икки қондош халқ ўртасидаги адабий алоқаларни мустаҳкам боғлаб турувчи бамисоли бир кўприк эди. Шунинг учун икки давлат томонидан унинг бебаҳо ижоди ҳаётлик пайтидаёқ муносиб тақдирланди ва бугун ҳам номи, ажойиб асарлари шарафланмоқда, эъзозланмоқда. Бир гуруҳ ўзбекистонлик ижодкорларнинг ушбу кечада бевосита қатнашаётгани у кишининг хотирасига халқимизнинг юксак эҳтироми рамзидир.

Сабит Дусанов, Қозоғистонда хизмат кўрсатган маданият арбоби, Давлат мукофоти ҳамда Шолохов номидаги Халқаро адабий мукофот соҳиби, адиб:

– Қадрли бовурларим, тақдирнинг менга берган мукофотларидан бири Носир ака билан оға-­инилигим деб биламан. Қирғизнинг Чингиз Айтматови, ўзбекнинг Носир Фозили, Доғистоннинг Расул Ҳамзатови билан баб-баравар дўст эдик, қадрдон эдик. Улардан кўп нарса ўргандим. Салгина тобим бўлмаса-да, бу тўй ҳақидаги хабарни эшитиб учиб келдим. Вақт ўтади, тоғлар қулайди, денгизлар қурийди, лекин Носир оғанинг ижоди осмондаги ойдайин ўзидан нур таратиб туради.

 Муратбой Низанов, Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси:

 – Носир оғанинг шарофати билан шу муқаддас манзилларга келдик. Бизнинг қорақалпоқлар Туркистонни ота маконим дейди. 1984 йилдан бошлаб Носир Фозилов билан ота-боладай эдик. Борди-келдимиз ҳеч қачон узилмаган. Иккимиз Қозоғистонга кўп марта бирга келганмиз. Бир гал Ғабитдин Мусреповнинг юз йиллик юбилейи­га “Ўтрор-Олмаота” поездида йўлга тушдик. Оға пастда, мен тепадаман. “Чой ичмаймизми”, деб сўраб қолдим. Кулимсираб нима деди денг: “Бизнинг мусулмонларда ота ўтирган уйнинг устига бола чиқмайди, чироғим. Сени қара-я, баландда турволиб, яна менга иш буюрмоқчимисан”. Аччиққина чой дамлаб кўнглини олганман.

Абдураҳим Пратов, Қозоғистон Республикаси ўзбек этномаданият бирлашмалари “Дўстлик” ҳамжамияти қошидаги “Ижодкор” адабий бирлашмаси раҳбари:

– Биз устозлардан “Ўзбек ўз оғам, қозоқ кўз оғам” деган иборани кўп эшитганмиз. Бу тарихий эътироф исботини Ойбек, Мухтор Авезов, Чўлпон, Мағжан Жумабой, Собит Муқонов ва Ғафур Ғулом, Миртемир ҳамда Абдулла Тожибоев, Носир Фозилов, Ўлжас Сулаймон, Абдулла Ориф, Эркин Воҳидлардан кейин Сабит Дусанов, Отаули, Муҳаммад Хайруллаев, Меҳмонқул Исломқул, Мархабат Байғут, Мирпўлат Мирзо, Музаффар Аҳмад, Есенғали Равшан ва бошқа ажойиб ижодкорлар ҳамкорлиги мисолида кўриш мумкин. Бу анъана кейин ҳам давом этди-ю, лекин орадаги 20-25 йиллик танаффус ижодий дўстликка катта таъсир кўрсатди. Мана, энди яна адабий алоқалар қайтадан тикланиб, ўзаро борди-келдилар бошланиб кетганини кўриб суюняпмиз.

Дарвоқе, даврабоши, академик, филология фанлари доктори, профессор Қулбек Ергабекнинг нотиқлик санъатига ҳар қанча тасанно айтсак арзийди. Боиси, адабий-бадиий кечаларни олиб бориш, табиийки, осон иш эмас. Лекин Қулбек аканинг ҳазил-ҳузул гап­лари, ҳеч кимнинг кўнглига озор бермайдиган нозик лутфларидан ҳайратга тушасан киши. Анжуманда иштирок этган ўзбек ижодкорлари Сирожиддин Рауф, Шодмон Отабек, Адҳамбек Алимбеков, Янгибой Қўчқоров ва бошқалар ҳам атоқли адибимиз ҳақидаги ёруғ хотираларини сўзлаб беришди. Сал кам уч соат давом этган адабий-бадиий тадбир ниҳоялаб қолди. Ўйлаб ўтирибмиз, охирги сўзни ким айтаркин, деб. Бир маҳал даврабоши ўртага чиқиб, Туркистон шаҳар маданият уйининг муҳташам саҳнасига қўйилган Носир Фозиловнинг улкан портретига қараб таъзим қилди ва навбатни адибнинг умр йўлдоши Муборак Солижон қизига берди. Аянинг ҳаяжонли сўзлари тугамасиданоқ қозоғистонлик ижодкорлар, мухлислар гулдасталар, эсдалик совға-саломлар билан сийлашди. Бу унутилмас манзараларни кўзларида ёш билан кузатиб турган инсон Қулбек Ергабек давра аҳлига қарата шундай деди:
“8 март арафасида Тошкентда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг машҳур ўзбек шоир-адиблари, менинг қадрдон оғаларим Одил Ёқубов, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Ўткир Ҳошимовлар аёлларини қадрлаб, ардоқлаб уларни юксак мукофотлар билан тақдирлаганини кўриб бошим осмонга етди. Ана, элбоши қандай бўлмоғи керак, бу бошқаларга ҳам ибрат аслида. Насиб этса, Носир Фозиловдай улуғ ёзувчига суянч бўлган, иродали Муборак опамиз ҳам ана шундай ҳурмат-эҳтиромга лойиқ кўрилишига ишонаман. Мен сизларга ваъда қиламанки, худойим умр берса, ўзимнинг 20 сотихлик еримда Носир Фозиловга атаб уй-музей қурдираман. Сизлардан илтимосим, бу савоб ишга ҳаммамиз бош қўшайлик”. 

Сўнгги нафасига қадар икки дилдош халқ адабиёти равнақи йўлида ҳалол хизмат қилган Носир Фозилов ҳақидаги ёрқин хотиралар ҳаммамизнинг қалбимизда муҳрланиб қолди. Адибнинг Туркистонда бошланган 90 йиллик муборак тўйи баҳонасида мезбонлар бизни Одил Ёқубов туғилган Қарноқ қишлоғидаги Маҳмуд Кошғарий номли мактаб ҳамда Носир оғага отадек меҳрибонлик кўрсатган Миртемир домланинг Эски Иқон қишлоғидаги ажойиб уй-музейига чорлашди.

Икки кунлик сафаримиз дўппимиз бир айлангунича фурсатда ўтиб кетганини сезмай қолдик. Тошкент ҳам оҳанрабодек ўзига чорлаётир. Суюкли адибимизнинг кўп бора суҳбатларида бўлиб, ўзиям адабиёт муҳибига айланиб қолган тадбиркор Дониш оға Маннотов эса: “Энди танишиб, дийдорлашганда кетаманга тушяпсизларми, сизларда ош еганидан кейин меҳмонга оқ йўл тиланади ахир, бешбармоқ икки кунда ҳазм бўлади”, дейди ҳазиллашиб. Оқсоқолимиз Тўлан Низом эса кулимсираб дуога қўл очади: “Дўстлар хайрлашади, оға-инилар эса хайрлашмайди, яна омонликда кўришгунча...”

Норқобил ЖАЛИЛ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист,
Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

Тошкент — Туркистон — Тошкент