Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

ОИЛАДА ҲАМ, ЖАМИЯТДА ҲАМ ФАОЛ

ОИЛАДА ҲАМ, ЖАМИЯТДА ҲАМ ФАОЛ
Бугунги ўзбек аёли нафақат оилада, балки жамиятда ҳам ўз муносиб ўрнини топишга интилмоқда. Зеро, мамлакатимизда бу борада улкан имконият ва имтиёзлар яратилган. Партиямизнинг сайловолди дастурида аёлларни қўллаб-қувватлаш, уларни тадбиркорликка жалб қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилганки, бу каби амалий кўмак ва шарт-шароитлар ҳам ўзига хос кўприк вазифасини ўтаётир.
– Бугун мен ўзим етиштирган тўртбурчак шаклидаги тарвузларимни кўргазмага олиб келдим, – дейди ҳазорасплик “Рўзигул, Шаҳина, Ихлосбек” фермер хўжалиги раҳбари Ҳамида Сапаева “Ишбилармон аёл” кўрик танловининг вилоят босқичида иштирок этаркан. – Оила аъзоларимиз билан бир овоздан партияга аъзо бўлганмиз. Хўжалигимизда полиз экинлари, пахта, буғдой,  шоли ва маккажўхори қаторида қўзиқорин  етиштиришни ҳам йўлга қўйдик.
Танлов иштирокчилари ўзлари ясаган буюм, етиштирган маҳсулотларидан чиройли гулдастани эслатадиган кўргазма яратишдики, кўрган кўзлар қувонади. Танлов баҳонасида иштирокчилар бир-биридан тажрибалар ўрганишга ҳам улгуришди.
– Мазкур тадбирнинг  ўтказилишидан кўзланган асосий мақсад, мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни аёллар орасида кенгроқ тарғиб этишдир. Биламизки, ўзбек аёли тиниб-тинчимас, уйда ўтирса ҳам, албатта, бирор юмуш билан машғул бўлади. Кимдир кашта тикади, яна кимдир мазали егулик пишириб, бозорга олиб чиқсам, шу орқали оиламга нафим,  тегса дейди-да. Бундай аёллар орамизда жуда кўп. Ана шундай фидойиларни биз партиямизга аъзо қилиб, уларни оммага танитиб, жамиятда тадбиркор аёл деб ном қозонишига ёрдам берамиз, – дейди Халқ депутатлари Урганч шаҳар Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси Нигора Қўшчонова.
Ниҳоят, ҳамма орзиқиб кутган ҳаяжонли лаҳзалар етиб келди: ҳакамлар ҳайъати қарорига кўра олий ўрин ҳазорасплик фермер Ҳамида Сапаевага насиб этди.
Мафтуна РЎЗИМАТОВА