Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Олдини Олган Осон

Олдини Олган Осон

Куз-қиш мавсумининг оғриқли томонлари бор. Гоҳо илиқ, кўпинча этни жунжиктирувчи совуқ. Ана шундай кунларда аҳолининг табиий газга эҳтиёжи ортса ортадики, камаймайди. Бу эса...

Ҳатто мунтазам равишда соҳа ходимлари аҳоли билан тушунтириш тадбирлари ўтказаётганига қарамай, баъзи истеъмолчиларнинг белгиланган тартиб-қоидаларга  амал қилмаслиги, қўлбола иситиш печларидан фойдаланиши, дудбўрон ва ҳаво ютиш қурилмасига эътиборсизлиги турли кўнгилсизликлар, хусусан, ис газидан заҳарланиш ва ёнғинга сабаб бўлмоқда.

Натижада фуқаролар тан жароҳати олмоқда, ҳатто ҳалок бўлмоқда, тураржойлар ёниб кулга айланмоқда... Ўтган тўққиз ярим ойда Самарқанд вилоятида 12 нафар, Сурхондарё вилоятида 7 нафар, Тошкент вилоятида 6 нафар фуқаро газдан нотўғри фойдаланиш оқибатида вафот этган. Бу кимдир отасидан, кимдир норасида гўдагидан, кимдир бош­панасидан айрилди деганидир.

– Нохуш ҳолатларнинг келгусида яна такрорланишига йўл қўймаслик учун тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтиришни даврнинг ўзи тақозо этмоқда, – дейди “Ўзтрансгаз” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси ўринбосари Отабек Омонов. – Вазирлар Маҳкамаси 2017 йил 24 октябрда тасдиқлаган Аҳоли ўртасида ис газидан заҳарланиш ҳамда ҳаво-газ аралашмаси чақнаши билан боғлиқ фавқулодда вазиятларнинг олдини олишга қаратилган профилактик тадбирларни кучайтириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурида муҳим вазифалар белгиланган. Уларнинг ижросини таъминлаш мақсадида “Ўзтрансгаз” акциядорлик жамияти 2018 йилнинг 20 октябридан кейинги йилнинг 20 январига қадар турмушда газдан хавфсиз фойдаланиш ойлигини ўтказиш борасидаги чора-тадбирларни ишлаб чиқиб, эълон қилган эди. Ушбу ойлик доирасида Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳрида  мазкур жамият ва вилоят ҳокимлиги тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда ўтказган “Газдан тўғри фойдаланиш ­– хавфсизлигимиз кафолати” мавзусидаги семинар ҳам шу мақсадда ташкил этилди.

Мавсумда аҳолига 206 372 тонна суюлтирилган газ етказиб бериш кузда тутилган. Республика аҳолисини маиший газ баллонлари билан таъминланиш даражаси 135 фоизни ташкил этса-да, яна 642 800 дона газ баллони етказиляпти. Хавфли ишлаб чиқариш объектлари тўлиқ идентификациядан ўтказилган,  декларация ва суғурта қилинган.

Шу куни соҳа ходимлари Гулистон шаҳридаги Болалар шаҳарчасида ва вилоят Маънавият-маърифат марказида газдан тўғри фойдаланиш қоидалари ва нотўғри фойдаланиш оқибатларини тушунтиришди. Кўп қаватли уйларда, хонадонларга боришиб, мурожаатчиларнинг муаммоларини ҳал этишди.

Ғулом ПРИМОВ,
“XXIasr” мухбири