Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Олий таълим муассасаларини битириб Мажбурий ижро бюросига ишга кирмоқчи бўлган ёшларга қандай талаблар қўйилади?

Олий таълим муассасаларини битириб Мажбурий ижро бюросига ишга кирмоқчи бўлган ёшларга қандай талаблар қўйилади?

         Олий таълим муассасалари, касб-ҳунар коллежларини битираётган кўпчилик ёшлар орасида Мажбурий ижро бюросига ишга киришга қизиқаётганлар кўп. Хўш, уларга қандай талаблар қўйилади? Мухбиримиз ушбу савол билан Мажбурий ижро бюросининг Тошкент шаҳар бошқармаси бошлиғи, адлия маслаҳатчиси Улуғбек Анваровга мурожаат қилди.

         – Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросида хизматни ўташ тўғрисидаги низомда тизимда ишлаш учун юриспруденция, молия, иқтисодиёт ва бошқа соҳаларда олий ёки ўрта махсус маълумотли, соғлиғига кўра хизмат мажбуриятларини бажаришга қодир бўлган, зарур касб-ҳунар ва маънавий фазилатларга эга Ўзбекистон Республикаси фуқаролари қабул қилиниши белгиланган. Бюронинг давлат ижрочилари лавозимларига олий ёки ўрта махсус юридик маълумотга эга, айрим ҳолларда бошқа мутахассисликдаги олий маълумотга эга шахслар, Бюронинг бошқа лавозимларига – олий ёки ўрта махсус маълумотли бошқа мутахассисликка, хусусан, иқтисодчи, молиячи, муҳандислар ва бошқа касбга эга шахслар ҳам тайинланади. Низомда аниқ белгилаб қўйилганидек, ходимлар илмий, педагогик ва ижодий фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган фаолиятнинг бирор-бир тури билан шуғулланишлари мумкин эмас. Улар бундай фаолият билан ҳам фақат асосий иш вақтидан бўш пайтда шуғулланишлари мумкин. Ходим биринчи маротаба хизматга олинаётганда прокуратура ходимларининг қасамёдини қабул қилади. Бюронинг молия-хўжалик тузилмаларидан ташқари унинг марказий аппарати ва ҳудудий бошқармаларининг бошқарув ходимлари туман (шаҳар) бўлимлари бошлиқлари, уларнинг ўринбосарлари, давлат ижрочилари, суриштирувчилар, шунингдек, Бюронинг электр ва газ таъминоти соҳасида ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш бўйича тузилмалари ходимлари ўзининг мақоми бўйича прокуратура органлари ходимлари ҳисобланади. Ушбу ходимларга даражали унвонлар берилади ва улар Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланадиган Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросида хизматни ўташ тўғрисидаги низомга мувофиқ хизматни ўтайдилар. Бюронинг бошқа ходимлари фаолиятни меҳнат шартномаларига асосан, прокуратура органларига қабул қилишда қўйиладиган талаблар ҳисобга олинган ҳолда амалга оширадилар. Бюронинг туман (шаҳар) бўлимлари электр энергия ва табиий газдан фойдаланиш тартибини назорат қилиш гуруҳлари (шўъбалари)нинг давлат инспектори лавозимига ходимлар қоида тариқасида олти ой муддатга тузиладиган меҳнат шартномасига асосан ишга қабул қилинади. Ушбу ходимлар билан меҳнат муносабатларини давом эттиришнинг асосий шарти – бириктирилган ҳудудда энергия ресурсларидан қарздорликнинг камида 80 фоиздан кам бўлмаган миқдорда ундирилишини таъминлаш ҳисобланади. Энг асосийси, қачонки, Бюро фаолиятидан, унинг ходимлари ишидан одамлар рози бўлса, ана шундагина бизнинг фаолиятимизда ривож, самара бўлади. Давлатимиз бюджети истеъмол қилинган газ, электр энергиясидан, ичимлик сувидан камомад кўрмайди.

                                                                                                                                 “XXI asr” мухбири

Зиёдулла МЎМИНОВ
суҳбатлашди.