Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

ОЛТИНГА ТЕНГ КУНЛАР

ОЛТИНГА ТЕНГ КУНЛАР

Чустдан чиқаверишда, Қўқон-­Наманган йўлининг ўнг томонида катта кўл офтоб тиғида кумушдек товланади. Жимирлайди, жилмаяди, жилва қилади... Бу, таъбир жоиз бўлса, Наманганнинг “кумуш косаси” ­– Резаксой сув омбори.

Бу йил қишда ёғингарчилик мўл бўлди. Сув омборида ҳам керагидан кўп сув захираси тўпланди. Об-ҳаёт ҳар йилгидан сероб. Ариқ, анҳорлар тўлиб-тошиб оқди. Боғлар, экин-тикинлар яшнади. Томорқачининг куни туғди. Пахтакору ғаллакорлар, боғбону соҳибкорларнинг ҳосили ҳар қачонгидан кўп бўлди.

Сув омборидан салгина ўтсангиз, катта йўлнинг шундоқ бўйидаги адоқсиз интенсив боғларга кўзингиз тушади. Бу ёғи энди то Наманган шаҳрига кириб боргунча боғ. Тўрақўрғон боғлари. Ўша машҳур Олтиариғу Паркент боғлари билан бемалол беллаша оладиган, бўйлаша оладиган боғлар...

 

...O‘zLiDeP Тўрақўрғон тумани Кенгаши аппарат раҳбари Нигора Назаровани икки қўлида нималарнидир кўтариб, қаёққадир шошиб турган ҳолатда учратдик.

– Йўл бўлсин, синглим? – Нигорахонни саволга тутамиз. – Вилоят Кенгашидаги мутасаддилар тавсиясига кўра сизни излаб келяпмиз-ку?..

– Хабарим бор, – садафдек тишларини кўз-кўзлагандек чиройли жилмаяди Нигорахон. – Партиямизнинг бир эмас, учта аъзоси – фермерларимиз аллақачон пахта тайёрлаш режасини бажарибди. Ҳозиргина штабдан хабар қилишди. Бундай пайтда идорада ўтириб бўладими?! Меҳмонлар билан телефонда топишиб олармиз, дедим-у, совға-салом олиб йўлга тушаётган жойим. Яна томорқачи деҳқонларга ажойиб хушхабарим бор. Қани, сизлар ҳам юринглар, биргаликда табриклаб келамиз...

Ҳадемай қишлоқ йўлига тушиб олдик. Бу ерларни эндиликда қишлоқ дейиш ҳам сал эриш туюлади. Дов-дарахтларга бурканган маҳалла марказлари, ошхона-чойхоналар, супермаркетлар, бир-биридан шинам тураржойлар, мўъжаз спорт майдонлари...

­– Қаранг, қанчалар чиройли, – дейди ҳамроҳимиз хаёлимизни уққандек. – Одамларимизнинг яшаш тарзи бошқача, дунёқараши ўзгаряпти. Қурсам, яратсам деган тадбиркорлар, ишбилармонлар, бунёдкор инсонлар сафи кенгайяпти...

Бу ёғини сўрасангиз, икки мингга яқин партиямиз аъзолари бор. Улар бугун ҳар жабҳада илғор, пешқадам. Таъбир жоиз бўлса, партиядошларимиз аллақачон туманимизнинг етакчи кучига айланган. Кўзларингиз тушгандир, туманимизга кираверишда 482 гектар майдонда интенсив боғ яратилди. Ҳозир бу ерда уч юздан ошиқ киши меҳнат қиляпти. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев Наманганга ташрифи чоғи ана шу янги боғимизни оралаб кўриб, боғбон-соҳибкорларимиз меҳнатига юқори баҳо бердилар. Бундай эзгу ишларни яна ҳам давом эттириш зарурлигини таъкидладилар. Шундан руҳланиб, келгуси йил кўкламида яна 400 гектардан ортиқ майдонда янгича усулда гилосзор боғлар яратишни режалаштирганмиз. Бу ишнинг бориши партиямиз фаоллари, депутатларимизнинг доимий эътиборида турибди.

Бугун туманда икки мингдан ошиқ тадбиркор фаолият кўрсатяпти. Қишлоқ, маҳаллаларда мингга яқин оилавий тадбиркор бор. Улар ўз бизнес-режаларини тузиб, тижорат банкларидан кредит олиб, боғдорчилик, балиқчилик, асаларичилик, паррандачилик, чорвачилик соҳаларида ўз имкониятларини синаб кўришяпти.

Партиямиз фаоли Маъсудахон Содиқова “Дилрабо СДА” хусусий кўп тармоқли корхонасини очган. Катталар ва болалар учун трикотаж кийим-кечаклари ишлаб чиқаради. Маҳсулотларининг асосий қисмини четга экспорт қилади. Яқинда тадбиркор опамиз эски мактаб биносини ноль қийматда сотиб олиб, мукаммал таъмирлатди, янги ускуналар олиб келиб ўрнатиб, фаолиятини кенгайтирди. Натижада икки юз нафар қишлоқ ёшларининг бандлиги таъминланди. Яна бир партиядошимиз Исроил Фазлиддинов раҳбарлик қилаётган Оқтошдаги 4-қурилиш масъулияти чекланган жамиятида ҳам икки юздан ошиқ ёшлар меҳнат қилишаётир...

­ Тўрақўрғонда томорқачилик ҳам анча ривож­ланган дейишади?..

Нигорахон жавобни ажойиб ўхшатиш билан бошлади:

– Томорқа шахсий бўлса-да, манфаати умумий. Бугун бозорларимизни тўлдириб турган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг асосий қисмини томорқачи деҳқонларимиз етказиб беришмоқда. Шу жиҳатдан олиб қараганда, куни кеча бўлиб ўтган республика фермерлари қурултойида Фермерлар уюшмасининг мақоми ўзгартирилиб, Ўзбекистон фермерлар, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ташкил этилгани миллионлаб шахсий томорқачиларнинг, қишлоқ аҳлининг айни дилидаги иш бўлди. Энди томорқачининг ҳам борадиган, йиллар мобайнида йиғилиб қолган жуда кўплаб муаммоларига ечим топадиган идораси бор.

– Мана, энди юкимиз ерда қолмайдиган бўлди, – дейди “Шарқ” маҳалласида яшовчи туман партия Кенгаши аъзоси, томорқа хўжалиги бошлиғи Дилоромхон Мамажонова. – Ўн сотих томорқам бор. Бурунги йили банкдан кредит олиб, тўрт сотих ерда иссиқхона ташкил этганман. Яна мўъжазгина боғим ҳам бор. Ҳар йили кузакда шу бир парча еримни ҳайдатишни ўйлаб, юрагим безиллайди. Қишлоқдаги машина-техника паркига борсангиз, “Биз фақат фермерларга хизмат кўрсатамиз”, деб трактор бермайди. Бор тракторлар ҳам хусусий бўлиб, эгалари зарур пайтида “тарозига солиб”, нархларини осмонга чиқаришади. Шу арзимаган еримни ҳайдатишга бир ҳафта югураман. Мен беш-олти сотих томорқамни ҳайдатишга шунчалик қийналаман. Энди ярим гектар-бир гектар ери бор деҳқон хўжаликларини қўяверинг! Маҳаллий ўғитни ҳам асосан қўлдан ялиниб-ёлвориб, отнинг баҳосида оламиз. Бунинг устига, кўчат, уруғ масалалари... Янги ташкил этилган фермерлар, деҳқон хўжаликлари ҳамда томорқачилар кенгаши эндиликда бу муаммоларга барҳам беради, биз томорқачи деҳқонларни ҳар томонлама қўллаб- қувватлайди, кўмакчимизга, суянчимизга айланади, деб суюниб ўтирибмиз.

Нигорахон гапни қолган жойидан улайди:

­– Туманимиз миқёсида 73 та бошланғич партия ташкилотимиз бўлиб, ҳар бири бештадан деҳқон оилаларини, томорқачиларни оталиққа олган. Э, ана! Шу ерда бир зумга тўхтайлик...

Шундоқ йўл ёқасида ўзаро гаплашиб турган бир гуруҳ эркак-аёлларни кўриб, машинадан тушиб сўрашдик.

– Хизрни йўқласак бўларкан, – дейди давра ўртасида турган ўрта бўйли, қорамағиздан келган, қирқ ёшлар чамасидаги қорувли йигитга юзланиб Нигора Назарова. – Ҳозиргина меҳмонларга сиз ҳақингизда гапириб бермоқчи бўлиб тургандим. – Сўнг бизга юзланади. – Танишинглар, партиямизнинг туман Кенгашидаги депутатлик гуруҳи фаол аъзоси, энг яхши тадбиркорларимиздан “Тўрақўрғонмедузафрукти” хусусий фирмаси раҳбари Алимардон Бозоров. Булар эса шу маҳалла фаоллари...

Тадбиркор гапни узоқдан бошламай, индаллосига кўчиб қўяқолди:

­– Фирмамиз асосан деҳқон хўжаликлари ҳамда аҳоли томорқаларида етиштирилган мева, сабзавот маҳсулотларини четга экспорт қилиш билан шуғулланади, – дейди Алимардон. – Россия, Украина каби давлатлардаги савдо ташкилотлари билан шартномаларимиз бор. Шу мавсумнинг ўзида хорижга камида 10 минг тонна олма, узум, нок, хурмо каби меваларни экспорт қилишни режалаштирганмиз. Бугунгача 1,5 минг тонна гилос, 2 минг тонна хурмони четга чиқардик. Қишлоғимиздаги беш юзга яқин ёшларни мавсумий иш билан таъминлаганмиз.

– Алимардон туман Кенгаши депутати сифатида ҳам ҳар доим оддий одамлар орасида, халқнинг дарду ташвиши билан яшайди, – дейди “Гулистон” маҳалла фуқаролар йиғини маслаҳатчиси Гулчеҳра Жўраева.

– Унинг саъй-ҳаракатлари билан қишлоғимизда учта кўприк қурилди, – суюнчилайди маҳалла фаолларидан яна бири Зиёвиддин Асқаров. – Аҳолининг узоғи яқин бўлди. Гулис­тон, Шоҳидон, Ободон, Озод маҳаллаларидаги хонадонларга тўрт километрлик тоза ичимлик суви тармоғи тортилиб, ишга туширилди. Шу кеча-кундузда Шоҳидон қишлоғига янгитдан газ қувури тортиляпти. Алимардонни ҳақиқий халқпарвар депутат десак арзийди...

– Кўп мақтаб юборманглар, – дейди хиёл ўзини ўнғайсиз сезиб Алимардон. – Нимаики қилсак, ўзимиз учун, ҳамқишлоқларимиз учун-да...

Тағин йўлдамиз. Нигорахон бизни яна бир фаол аёл, туман Кенгашидаги депутатлик гуруҳи раҳбари Самидахон Каримова билан таништиради.

– Яшириб нетайлик, – дейди Самидахон. – Авваллари баъзан юзакичиликка, қоғозбозликка йўл қўярдик. Кўпроқ идора ишлари билан ўралашиб қолган пайтларимиз бўларди. Энди вазият бошқача, талаблар ўзгарди. Депутатлик юкини ҳис қилиш даври келди. Шу маънода баъзи партиядошларимизни дўстона огоҳлантиришимизга, ўз сайловчиларига берган ваъдаларини унутиб қўйган айрим депутатларимизни эса “уйқудан уйғотишимиз”га ҳам тўғри келмоқда. Партиямиздан туман ва вилоят Кенгашига сайланган ҳар бир депутатнинг ўзи сайланган ҳудудда қабулхонасини ташкил этдик. Халқ вакиллари эндиликда ўз сайловчилари ҳузурида тез-тез бўлиб, амалга ошираётган ишлари ҳақида одамларга ҳисоб бермоқдалар. Шу билан бирга, халқ ичига кириб, оддий одамлар фикр-мулоҳазаларини тинглаб, таклифларини ўрганиб, умумишимизга халал бераётган камчилик ва муаммоларни ҳал этиш бўйича тумандаги, вилоятдаги тегишли ташкилотларга депутатлик сўровлари юбормоқдалар. Масалан, Тўрақўрғон шаҳри аҳолиси шу ердан туман Кенгашига сайланган Ботирали Мамадалиевга туман марказини марказий шифохона билан боғловчи ер ости йўли беркитиб қўйилгани, бу эса кўплаб қийинчиликлар келтириб чиқараётгани юзасидан мурожаат қилган эди. Депутат муаммони ўрганиб чиқиб, туман ички ишлар бўлими йўл патруль хизматига сўров юборди. Шу тариқа масала ижобий ҳал этилди. Ер ости йўли таъмирланиб, ишга туширилди. Зарур жойларга светофорлар ўрнатилди. Яна бир мисол, Тўрақўрғон шаҳрининг “Тошкент” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Муҳайё Сотволдиева ўзи бир неча йилдан бери деҳқончилик қилаётган ярим гектарлик ерни ўз номига расмийлаштириб олишда бюрократик тўсиқларга дуч келаётгани, шунингдек, “Агробанк” туман филиалига кредит беришларини сўраб ёзган аризаси пайсалга солинаётгани ҳақида мурожаат қилган эди. Масала депутатлик гуруҳимиз томонидан ўрганиб чиқилди ва ижобий ҳал этилди...

Ҳар ойнинг охирги ўн кунлигида депутатлик гуруҳимизнинг йиғилишини ўтказиб, тумандаги корхона, ташкилот ва муассасалар раҳбарларининг, ҳоким ўринбосарларининг ҳисоботларини эшитамиз. Бу галги йиғилишимизда туман электр тармоқлари корхонаси раҳбари Асрорбек Дедамирзаевнинг кузги-қишки мавсумга тайёргарлик, совуқ тушиши билан электр узилиш­ларига йўл қўймаслик юзасидан кўраётган чора-тадбирлари учун ҳисоботини эшитдик. Аҳоли талаб-эҳтиёжлари асосида иш ташкил этиш борасида ўз тавсияларимизни бердик.

...Нигорахон Назарова билан пахта даласида режани бажарган партиядош фермерларимиз, ҳаммаслакларимизни бир-бир қўлларини қисиб, совға-салому фахрий ёрлиқларимизни топшириб, “ҳорманглар-ов!” деб чиқдик. Тер тўкиб ишлаётган одамга рағбат ҳам керак-да.

Яна бир нарса эътиборимиздан четда қолмади. Пахта йиғим-терими авж палласига чиққанига қарамай, томорқаларда ҳам бир зум бўлса-да, иш тўхтагани йўқ. Даладаги мош, ловия, маккажўхори, ерёнғоқ каби экинлар йиғиштириб олиняпти. Олдингидек “Нега пахтага чиқмадинг, нега шахсий ишингни қиляпсан?” деган дағдағалар йўқ. Деҳқоннинг қозони қайнаса, томорқасидан даромад олса, кўнгли хотиржам тортади, иши юришади. Бозорларимиз ҳам шунга яраша сероб, арзон бўлади. Оилаларимизга қут-барака киради.

 

Ортиқали НОМОЗОВ,

“XXI asr” мухбири.