Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Ўн йилга чўзилган оқлов ёхуд Нурулла Қаюмов бошидан кечган ажаб савдолар хусусида

Ўн йилга чўзилган оқлов ёхуд Нурулла Қаюмов бошидан кечган ажаб савдолар хусусида

         Оқлов – оқланмоқ, покланмоқ демак, ғараз ва чиркин мақсадларда елкангга қўйилган туҳмат тошларидан халос бўлиш, қонун тили билан айтганда, айбсизликнинг суд қарори билан исботланиши дегани!

             Биргина жумладан иборат бу сўзнинг ортида нафақат бир инсоннинг, балки у орқали бир оила, бир авлоднинг туҳмат ва маломатдан эгилган бошлари кўтарилиши ётади. Аёз чекиниб, майсалар бош кўтарганидек, оқлов ҳукми ҳам аслида беайб айбдорни, беайб инсонни халқи олдида “Сен айбдор эмассан!” дея исботлаб беради. Бош қомусимизда дахлсизлиги эътироф этилган инсон ҳуқуқларининг қадрланиши, ҳимояланишининг амалдаги исботи аслида шу эмасми?

      Эсингизда бўлса, 2016 йил 19 октябрда Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг VIII съездида Шавкат Мирзиёев мамлакат Президентлигига номзод сифатида ўз сайлов­олди дастурини эълон қилар экан, шундай деган эди: “Энг ачинарлиси, кейинги йилларда судлар томонидан оқлов ҳукмлари чиқарилмаган, бундан биз, барча тергов органлари хатосиз ва жуда сифатли ишлаяпти, деган хулосага келишимиз мумкинми? Йўқ, албатта. Суд ёки оқлов ёки айблов ҳукмини чиқариши керак”.

         Бу мардона гаплар бежиз айтилмаганди, ахир ўша йилнинг тўққиз ойида Бош прокуратурага 137 минг, Олий судга 67 минг, Адлия вазирлигига 52 мингдан зиёд келиб тушган мурожаатларнинг салкам 30 фоизи бевосита тергов-суд фаолияти ва суд қарорлари ижроси соҳасидаги масалалар билан боғлиқ эди-да.

        Съездан атиги икки кун ўтиб, “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон имзоландики, ушбу ҳужжат қонун устуворлигини таъминлаш мақсадида қўйилган энг муҳим қадамлардан бўлди.

           2017 йил 13 июнда суд органларида одил судловни таъминлаш масалалари юзасидан судьялар ҳамжамияти билан ўтказилган мулоқотда Президент виртуал қабулхонасига судлар билан боғлиқ 50 мингдан кўпроқ мурожаат тушгани кескин танқид остига олинган эди: “Одамлар тизимдаги камчиликлардан нажот излаб порталга мурожаат қилмоқда. Судья бу чин маънода адолат қалқони бўлмоғи лозим. Чинакам суд ҳокимияти мустақиллигининг бугунги ҳолати замон талабига мос эмас!”.

        Юқоридаги фармон талабларининг самарали ижро этилиши ва ҳаётбахшлиги, тизимга муносиб кадрларнинг жалб этилаётгани натижаси ўлароқ, орадан роппа-роса бир йил ўтиб (!), судларимиз томонидан 191 нафар шахсга нисбатан оқлов ҳукмлари чиқарилди! (2017 йилнинг 10 ойи ҳолатига кўра). Ҳолбуки, илгари битта оқлов ҳукми чиқариш ҳам судлар фаолиятида ўта кам учрайдиган ҳодиса эди. Айни кунгача эса бундай суд қарори 252 нафар шахсга қўлланилди. Аслида айбсиз бўлса-да, дастлабки тергов ва суднинг адолатсиз ҳукми билан ЖИНОЯТЧИ тамғаси босилиб, жавобгарликка тортилган ана шунча инсонларнинг хонадонларида бу йилги Наврўзи олам ўзгача кутиб олинди, қўшалоқ байрам – ОҚЛАНИШ ВА ПОКЛАНИШ АЙЁМИ кенг нишонланяпти!

      Оқланганлар орасида Чироқчи тумани собиқ ҳокими (2004–2007 йиллар) Нурулла Қаюмов ҳам борлиги барчамизни қувонтиради. Нурулла Қаюмов Жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилоят судининг 2008 йил 29 февралдаги ҳукми билан Жиноят кодексининг бир қатор моддаларида қайд этилган жиноят – масъул мансабдор шахс бўлган ҳолда, бир гуруҳ шахслар бўлишиб, олдиндан тил бириктириб, ўзига ишониб топширилган ва ихтиёрида бўлган ўзга мулкни мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш йўли билан жуда кўп миқдорда ўзлаштириш ва растарата қилиш йўллари билан талон-торож этганликда асоссиз айбланиб, нақ 12 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган эди...

         Яқинда қўшалоқ байрам билан муборакбод этиш мақсадида у кишининг хонадонига бордик. Ҳовли қариндош-уруғ, дўсту ёронлар билан гавжум. Дошқозонларда сумалак осилган, ўйин-кулгу авжида.

      Маълумот учун: Нурулла Қаюмов 2004 йилдан Қашқадарё вилояти Чироқчи туманига ҳоким этиб тайинланган. Унгача Ички ишлар вазирлиги ва унинг ҳудудий бош­қармаларида юқори лавозимларда ишлаб, Ватанимиз хавфсизлигига таҳдид солмоқчи бўлган ва солиб турган оғир жиноят ва жиноятчиларга қарши аёвсиз курашган. Бу иллатларга барҳам беришда фаол иштирок этгани учун Биринчи Президентимизнинг 2004 йил 26 апрелдаги фармонига кўра “Жасорат” медали билан тақдирланган. Туман ҳокими сифатида эътироф этишга арзирли меҳнатлари учун 2006 йили “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигига 15 йил” кўкрак нишони билан мукофотланган эди!..

 

“ХАЛҚУММАС, ХАЛҚИМ
ДЕБ КЕЛГАНДИМ...”

Бу умр – ўтар кўчадир. Ғофил ётма, туриб ўт! 

Ётганлар бор, ҳолин сўра, кулбасига кириб ўт.

     Нурулла Қаюмов воҳанинг энг йирик туманларидан бири – Чироқчига ҳоким этиб тайинлангач, шу ҳикматга амал қилди. Кабинетда ўтиришдан кўра одамлар орасида бўлиш, уларнинг қалбига қулоқ солишга интилди. Қисқа вақтда ҳудудда катта ижобий ўзгариш­лар амалга оширилганини кўпчилик ҳозиргача эслайди. Оқсоқолу кайвониларнинг айтишларича, уни доим халқнинг ҳузуридан, маҳаллаю қишлоқ оралаб одамлар билан суҳбатлашиб юрган ҳолида топишарди. “Давлатимиз раҳбари мамлакат ишларини бошқаришда бизни ўзига ёрдамчи этиб, ушбу вазифага тайинлабдими, шунга муносиб бўлишимиз, у кишининг номидан халқдан хабар олишимиз лозим”, дерди ва ҳаракатлариям шунга монанд эди.

        – Ишни илк бошлаган пайтларим ҳокимликнинг 600 ўринли мажлислар залига кирсам, ичкари одамга лиқ тўла, – дейди Нурулла Қаюмов ўтмишни эслаб. – Билсам, шунча халқ муаммо ва таклифи билан қабулимга келибди. Улар билан дилдан суҳбатлашдим. Чунки ҳар бир туман аҳлининг ўзига яраша феъл-атвори, яшаш тарзи, муаммо ва орзулари бўлади. Ана шу орзуларига эришишларида кўмаклаша олсанг, демак, сен уларга муносибсан! Акс ҳолда, халқ эмас, халқум учун келган бўласан бу ерга! Халқ учун ишлаган ҳоким бахтини шу одамларнинг тақдирида кўради.

    Арзларини тинглаб, енгилроқ муаммоси борларига дарҳол ёрдам бердик, қолганларини ўрганиш учун назоратга олиб, қисқа вақтда ҳал этдик. Илк учрашувдаёқ чироқчиликлар мендан нима кутишаётганини англадим. Бу эса намунали раҳбар сифатида бажаришим лозим бўлган ишларни белгилаб олишимга туртки бўлди. Ишонасизми-йўқми, келганларга асосан амалий кўмак берилгани боис бир ойдан сўнг мурожаатчиларнинг сони сезиларли даражада камайди.

        Халқимиз ориятли, танти. Унча-бунча сабаб билан эшик қоқмайди: “Бекор ўтирмай, менга ер бер”, дейди, “Тадбиркорлик қиламан менга жой бер”, дейди. Энди айтинг-чи, ишлайман деган одамни елкасидан итариб бўладими? Нон бер, ётиб ейман, демаяпти-ку! Демак, бундай кишиларни шикоятчи эмас, ташаббускор, меҳнатсевар деб аташимиз керак.

         Хуллас, ўша кезлар мен ҳам ана шундай оқкўнгил ва ташаббускор халқим билан ҳавас қилса арзигулик марраларга эришаётганимдан ўзимда йўқ бахтиёр эдим. Уларнинг меҳнати билан ғалла режасини  100 фоизга, пахтани 115 фоизга, ортиғи билан бажардик. Ишлаб чиқаришни 100 минг тоннага етказдик.

       Лафзи ҳалол элнинг роҳат-фароғатда яшашини таъминлаш учун уларга маданий ҳордиқ керак, ўйин-кулги керак. Биласиз, вилоятлик­лар уйим-жойим, далам, қўй-қўзим деб 500 чақирим йўл босиб, пойтахтга келиб юрмайди. Шу боис Наврўзни кўтаринки, ҳақиқий халқ сайли даражасига ўтказишга ҳаракат қилдик: дошқозонларда 50 минг кишини тўйдирадиган баҳорий таомлар осилди, пойтахтдан ташриф буюрган эл севган театр ва эстрада юлдузларининг ажойиб саҳна кўриниши ва куй-қўшиқларидан  селдек   тебранаётган 70-80 минг кишининг кўзидаги қувончни кўрсангиз эди. “Бахшили эл – яхшили эл” республика кўрик-танлови ўтказишни ўйлаб юрар эдим. Чунки воҳаликлар дўмбира овозини она алласидек муқаддас билишади, уни тингласа юрак­лари сел бўлиб тебранишади. Ана шуларни ҳисобга олиб, нафақат воҳалик бахшилар, балки Қорақалпоғистондан жировлар, Жиззах ва водийдан оқинлар таклиф этилиб, илк танловни ҳам шу куни ўтказдик. Бундан менинг бошим осмонга етар, элнинг қувончи менга ҳам кўчган эди...

     Шу ишларимизнинг давоми сифатида туман марказига 5 000 кишилик стадион қурдириб, атрофига манзарали дарахтлар экдик. Болаларни ҳимоя қилиш кунида ушбу масканни халққа тақдим этиб, баҳонада 100 нафар боланинг суннат тўйини нишонладик. Уларга спорт кийимлари жамланмаси берганимизда суюнганини бир кўрсангиз эди. Янги тузилган “Чироқчи” футбол жамоамиз “Пахтакор” ва “Машъал” билан шундай чиройли ўйинлар намойиш қилишдики...

 

“КЎЧАТЛАРНИ ЎЗ ВАҚТИДА
СУҒОРМАГАН ҲОКИМ”

        Нурулла Қаюмов халқига қанчалик меҳрибон бўлса, адолатсизликка шунчалик шафқатсиз эди. Ҳуқуқшунос бўлгани, яхши оилада туғилиб, тарбия олгани ва узоқ йиллар жиноятчиликка қарши курашгани боис қон-қонига сингиб кетган фазилат – ҳақсизликка қарши курашишдан асло чекинмади. Ўз ишига номуносибларни курсисидан туширарди-қўярди. Уларнинг ўрнига тажрибали, ҳалол кадрларни лавозимга тайинларди. Мана, унинг асосий “айб”и.

        Айниқса, тадбиркорларнинг ҳуқуқларини поймол этиб, дўконларни ишбилармонлар, оддий халқ қолиб, таниш-билишларига пуллаб, чўнтагини қаппайтираётган туман марказий деҳқон бозори масъулларидан бирининг хурмача қилиқларидан хабардор бўлганида чидаб туролмади. Халқнинг кўп қисми шу ерда ишлаб қозонини қайнатади, тадбиркорларга эркинлик яратиш ва уларни қўллаб-қувватлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилиб турган пайтда бундай кўзбўямачиликни кўриб кўрмасликка олишга ҳокимнинг виждони йўл бермади. Қонунбузарнинг бошқа қилғиликларидан ҳам хабар топгач, унинг кавушини тўғрилаб қўйди... Шу пайтгача мушугини биров “пишт” демаган, узоқ йиллардан бери бозорда маҳкам ўрнашиб олган кимса мансабига қайтиш учун “бақувват” идораларда ишлайдиган акахонларини ўртага солди, устма-уст қўнғироқ қилдирди, сўнг илтимосга ўтилди, ҳатто “ғўдайган”лар буйруқ беришдиямки, бир сўзли ҳоким қарорини ўзгартирмади. Бу ҳам етмагандай, ҳокимдан ўша масъулнинг ўғлини туманда янги очилган нефть базасига омбор мудирлигига тайинлашни  ҳам қўшиб талаб этишди. Бу топшириқни ҳам туман раҳбари қабул қилмади...  

      Ҳаммаси ана шундан кейин бошланди... Тегишли идоралар билан “келишиб” ишламаган туман ҳокимининг попугини пасайтириб қўйиш учун бор “билим ва тажриба” ишга солинди. Президент таъбири билан айтганда, “столбани қамашга асос топган”ларга ҳокимга айб тиркаш муаммо бўлибдими? Сохта жабрланувчи “ясалди” (тазйиқ остида): “Мендан ҳоким бува савдо дўкони қуришимга ер ажратиши учун 3 500 000 сўм пора олган”, деди бири. Яна бошқа кўплаб сохта далиллар йиғилди...

        Энг қизиғи, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “аслида адолат ҳиди таралиб туриши керак бўлган судья” дастлабки тергов органи тақдим этган далилларнинг сохталигига ақалли “пора бергич” шикоятчининг руҳий касаллигига эътибор қаратмади ва жиддий хатога йўл қўйди. 

      Мана бу айбловга эътибор қаратинг:
Н. Қаюмов ўз вазифасига лоқайдлик ва виж­донсизларча муносабатда бўлиши ва уларни бажармаслиги оқибатида тумандаги марказий сайилгоҳга, ҳокимият атрофига, ўйингоҳ орқасидаги кўчага, ўйингоҳларга экилган моржавина ва сосна дарахт кўчатларини суғориш ва бошқа қаров ишларини тегишли тартибда амалга оширилишини назорат қилмаган ва таъминлаш чораларини кўрмаган. Бунинг оқибатида 3 148 000 сўмлик 200 дона моржавина ва 562 дона сосна дарахт кўчатининг қуриб йўқолиб кетишига сабабчи бўлиб, ободонлаштириш бўлимининг қонун билан қўриқланадиган манфаатларига кўп миқдорда зарар етказилишига сабабчи бўлган (суд ҳукмидан кўчирилди).

      Бу ҳолатда, дастлабки тергов органи ҳам, биринчи инстанция суди ҳам мустақил хўжалик юритувчи субъект – ободонлаштириш бўлими томонидан экилган дарахт кўчатларини суғориш ва бошқа қаров ишларини бажариш туман ҳокимининг хизмат вазифасига кириш-кирмаслиги масаласини ҳал этмасдан туриб, уни асоссиз равишда айбли деб топ­ган (шу эпизод бўйича Нурулла Қаюмовни Жиноят кодексининг 207-моддаси биринчи қисмида назарда тутилган жиноятни содир этишда айблаган).

    Салкам 100 бетлик суд ҳукмининг ҳар бир бандини келтириб, таҳлил қилишга имконимиз етмайди. Қолаверса, қолган айбловлар ҳам юқоридагилардан баттар кулгили бўлса борки, асло адолатли эмас! Дарвоқе, Биринчи Президентимизнинг қарори билан ҳомийлар кўмаги асосида ҳоким томонидан ногиронлар интернатига совға қилинган “Дамас”дан ҳам хато “топилиб”, “дело”га киритилган.

      Яна бир мисол: Нурулла Қаюмов 2004 йил бўлиб ўтган сайловларда 10-“Зарбдор” сайлов округидан халқ депутатлари Чироқчи тумани Кенгаши ва 49-“Кўкдала” сайлов округидан халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлигига сайланган эди. Амалдаги “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида”ги қонуннинг 12-моддасида депутатни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тартиби белгиланган. Унга кўра, депутатни жиноий жавобгарликка тортишга, ушлаб туришга, қамоққа олишга ёки унга нисбатан суд тартибида маъмурий жазони қўллашга розилик бериш ҳақидаги масала сессия муҳокамасига қўйилиб, тегишли тартибда кўриб чиқилиши керак. Бироқ депутат Нурулла Қаюмов 2007 йил 5 сентябрь куни дастлаб гумонланувчи тариқасида эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинишига қадар ҳам, ундан сўнг ҳам туман ва вилоятнинг бирорта сессиясига бу масала киритилмаган ва кўриб чиқилмаган (бу ҳақда туман ва вилоят депутатлари ҳам суд мажлисида маълумотнома ва кўргазмалар беришган). Демак, номи зикр этилган қонун талаблари қўпол равишда бузилганини англаш қийин эмас.

 

ЧИРОҚЧИНИНГ ЧИРОҒИ ЭДИ

       Нурулла Қаюмов меҳрибон, саховатли, хушмуомала инсон эди, – дейди Чироқчи тумани Янгиобод кўчаси 49-уйда истиқомат қилувчи Рўзигул ая Норқобилова. – Беш фарзандимдан уч нафари ногирон: оёқлари ишламай, ётарди. Ўша пайтда ёши 15, 17 ва 27 га етган ногиронларга қараш, вақти-вақти билан даволатиш ҳам осонмас. Шундай кунларнинг бирида бир киши эшикдан кириб, туман раҳбари эканини ва биздан хабар олгани келганини айтди. Аввалига ишонмадим, ҳеч замонда ҳоким ўз оёғи билан келиб, хабар олармиди, дедим-да! У киши шароитимиз, фарзандларимнинг аҳволи билан танишгач, кўзи қизарди. Сўнг бизга ёрдам беришни шахсан ўз зиммасига олишини айтди. Сал ўтмай, юмшоқ диван ва кароватлар, ун, мой, гўштга тўлди уйимиз. Ерда, кўрпачада бежол ётган ўғил-қизларимни совға келтирганлар диванга ўтқазишди. Шундан сўнг ҳафта ўтиб, баъзида йўли тушганида ўзлари хабар олар, болаларим билан суҳбатлашарди. Фарзандларим томоша қилиб, овунадигани мана шу телевизор ва гиламлар, музлатгич, ноутбук, ҳатто бир соғин сигир – ҳаммаси у кишининг ҳадялари (эшитишимча, хайриянинг аксариятини ўз ҳисобидан қилар экан). 

     Ҳокимнинг саховатидан кўплаб мискинлар баҳраманд бўлган. Бозор, касалхоналарга тушиб қолсам, бу ҳақда кўп эшитганман. Яхши одамнинг юзида аломати бўлади-ку, савобли ишларни кўп қилганидан юзидан нур таралиб турарди. Нуруллажонга дардимизни бемалол айтардик, чунки одамни тингларди-да. У киши қамалганидан кейин кетма-кет икки ногиронимни ерга қўйгач, ҳокимимизнинг нақадар меҳрибон бўлганини яна бир бор англадим.

      Яратгандан эртаю кеч сўрардим, олдимизга юзи ёруғ бўлиб келсин, деб. Шукрки, Нуруллажон оқланибди...

 

БУ КУННИ ЎН ЙИЛ КУТДИМ!

Нурулла Қаюмов ҳикояси:

         – Кўпни кўрган қарияларимиз дуо қилаётганида ўт балоси, сув балоси, туҳмат балосидан асрасин, деб бекорга айтишмас экан. Бироқ... ўт ва сув балоси туҳматники олдида ҳеч нарса экан. Сабаби, икки талофот туфайли бой берилган мол-мулкни тикласа бўлар экан-у, ноҳақ қўйилган айб нафақат сени, ортингда турган оиланг ва авлодингни, яқинларингни ҳар куни, ҳар сонияда ўтга ташлар, оташда қовурар экан, юрагингни пармалар экан. Айниқса, асл ҳақиқатни билмаган халқинг ва сайловчиларинг “Биз сенга ишонардик-ку?!” деган савол билан ортингдан тикилиб қолса!

         Туҳматнинг нечоғлик аччиқлигини 2007 йил 5 сентябрда Миллий хавфсизлик хизмати вилоят бошқармаси тергов бўлими бошлиғи томонидан қамоққа олинганимда, уч ой тергов ҳибсхонасида сақланганимда, биринчи инстанция ва апелляция инстанция суд мажлислари олти ой давом этганида, онамдан ажралиб маъракаларида туролмаганимда, ноҳақ қамалганимда суянган акаларимдан бири руҳий тушкунлик исканжасида инфарктга чалинганида, яна бири вафот этганида билдим. Суд ҳукми ўқилганидан сўнг аёлим ва фарзандимнинг оғир автоҳалокатга учрагани, жазони ижро этиш муассасасида қаттиқ дардга чалиниб, олтмиш кун ўзимга келолмаганим, сўнг юрагим устида катта жарроҳлик амалиёти ўтказилганида, ноқонуний суд ҳукмидан тайёрланган нохолис мақолалар хорижий сайтлар (“Regnum” ахборот агентлиги ва “Проза.ру сайти”)да босилиб, менинг номимни обрўсизлаштиришганида билдим туҳмат тоши нақадар оғирлигини...

       Хато қилсанг-у, жазолансанг, айбимга яраша-да, деб ўзингга таскин берасан, аммо айбсиз айбдор бўлиш ҳаммасидан ёмон экан. Ишонасизми-йўқми, мени терговчилар умуман сўроқ қилишмаган, гувоҳлар билан юзлаштиришмаган, ҳужжатларни кўрсатишмаган. Нега? Чунки уларнинг қалбакилигини ва менинг имзом йўқлигини билиб қолишимдан қўрқишган. Мен ҳақимда тўқиб-бичилган барча эпизод бўйича айбловлардан фақат судда хабар топганман. 

       Бу айбларнинг нотўғрилиги, асоссизлигини исботлашга менда етарлича маълумот ва билим бор эди. Аммо мени эшитишмади. Афсуски, адолат қўрғони бўлиши лозим бўлган судья ҳамтовоқлари – терговчи ва прокурорлар тақдим этган маълумотларни ҳар томонлама текшириши, суд тергови ўтказиши ўрнига асосли далилларимдан бирортасиниям инобатга олмасдан, бир чақалоқ мучал ёшига етадиган муддатга халқим, фарзандларимдан узоқда, панжара ортида умр ўтказишга мажбур қилди.

        Шундаям умидимни узмадим, апелляция шикояти билан мурожаат қилдим. Биринчи босқич суди йўл қўйган хато ва камчиликларни тузатиш, одил судлов сифатига эришиш, шахснинг бузилган ҳуқуқ ва манфаатларини тиклаш асосий тамойили бўлган ушбу инстанция босқичи ҳам мени эмас, дастлабки босқич судини ҳимоя қилди...

      Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга ёзган барча мурожаатларим бесамар кетди. Мен туфайли оила аъзоларимнинг боши эгилгани етмагандек, олий юридик маълумотга эга ўғилларим ўзлари орзу қилган идораларда ишга кириш юзасидан мурожаат этганда “отанг судланган”, деган важ билан орқага қайтарилди. Энди ўйлаб кўринг, ҳуқуқ ва адолатнинг виждонсиз посбонлари мен каби узоқ йиллар ишлаб, ҳуқуқдан бохабар бўлган инсонга шунча азоб берди, оддий халқнинг бошига не кўйларни солиши мумкинлигини тасаввур қилаверинг.

   Ана шундай пайтларда, муҳтарам юртбошимиз Шавкат Мирзиёев мен ва менга ўхшаган ҳуқуқлари поймол этилган фуқароларни ҳимоя қилиш истагида 2016 йилнинг 21 октяб­рида “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади. Ўшандаги қувончимни тасаввур этолмайсиз. Бу ҳужжат бир кун келиб менинг айбсизлигим исботланиши ва оқланишимга ишора бериб, қалбимда йиллар давомида топталган тақдиримни тиклашга умид уйғотди. Жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилоят суди апелляция судлов ҳайъатининг 2017 йил 23 ноябрдаги ажрими билан мен барча айб эпизодлари бўйи­ча айбсиз деб топилдим ва реабилитация қилиш йўли билан оқландим!

        Мана, орадан роппа-роса ўн йил ўтиб, оёғи ердан узилган тоифалар чиркин мақсадда туҳмат ҳалқаларидан ясаб бўйнимга осган занжир, тумандошларимнинг олдига боришга тўсқинлик қилаётган кишанлар узилди. Энди мен учун ҳаётнинг янги бир саҳифаси, чинакам янги куни бошланяпти. Буларнинг бари халқпарвар Президентимизнинг одил сиёсати, мард ва жасорат билан халқи учун ёниб яшаётгани туфайлидир.

   Сиз, азиз газетхон, бу инсон бошидан кечирган воқеаларнинг мингдан биридан хабар топдингиз, холос. Ҳаммасини баён этишга вақт ҳам, имкон ҳам чегараланган. Қаҳрамонимизнинг мард ва жасоратлилиги шундаки, унга турли тазйиқлар, зўрликлар ўтказишга ҳаракат қилинса-да, ўзига қўйилган асоссиз айбловларнинг бирортасига иқрор бўлмади, имзо чекмади. Собиқ ҳокимни қамоққа тиқишга эришганлар унинг қанчалик иродали, кучли эътиқод эгаси эканига яна бир бор тан беришган бўлса, ажаб эмас.

 

ЖИНОЯТГА ЖАЗО МУҚАРРАР!

      Қонунларимизнинг талаби шу. Демак, Нурулла Қаюмовга туҳмат қилиб қамашда иштирок этганлар қонун олдида жавоб бериши аниқ.

        Яна бир масала. Жиноят-процессуал кодексида реабилитация этилган шахсга етказилган зиённи қоплаш ва унинг бошқа ҳуқуқларини тиклаш тартиби белгилаб қўйилган. Хусусан, ушбу кодекснинг 310-моддасига асосан: “Қонунга хилоф равишда ҳукм қилингани, қонунга хилоф равишда тиббий муассасага жойлаштирилгани, эҳтиёт чораси тариқасида қонунга хилоф равишда қамоққа олингани ёки уй қамоғига жойлаштирилгани, қонунга хилоф равишда ушлаб турилгани туфайли ишдан (лавозимидан) озод қилинган ёки ишда айбланувчи, судланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиниши муносабати билан лавозимидан қонунга хилоф равишда четлаштирилган шахс олдин ишлаган ишига (лавозимига) тикланиши лозим”.

      Ўйлаймизки, тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларимиз юқоридагиларни ўз назоратига олади ва бу муаммолар тегишли муддатда ўз ечимини топади.

Нурхон ЭЛМИРЗАЕВА,

 “XXI asr” мухбири