Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Она Ватанимизга етук кадрлар бўлиб қайтиш – асосий мақсадимиз!

Она Ватанимизга етук кадрлар бўлиб қайтиш – асосий мақсадимиз!

2017 йил мамлакатимиз тарихида ниҳоятда қизғин ислоҳотлар, халқ билан яқин мулоқотлар, энг муҳими, янгича давлат бошқаруви йили бўлиб эсда қолди. Ана шу жараёнларнинг мантиқий якуни эса, ҳеч шубҳасиз, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг миллий парламентимиз – Олий Мажлисга тақдим этган тарихий Мурожаатномасидир. Мустақил Ўзбекистон тарихида илк марта кузатилган мазкур муҳим ҳодиса акс садоси ҳатто бир йиллик ўзгаришларга ишониб-ишонмай турган хорижлик кузатувчилар, сиёсатчилар ва етакчи корпорация вакилларини ҳам ҳайратлантириб юборгани айни ҳақиқатдир. 

             Орадан роппа-роса бир ой ўтиб, шу йил 22 январда қабул қилинган “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармоннинг мазмун-моҳияти мамлакатимиз ички ва ташқи сиёсатда маррани янада баландроқ олаётганини, чорловлар тобора ишончга йўғрилиб бораётганини намоён этди.

           O‘zLiDePнинг “Ёшлар қаноти” бугун ўқиш ёки бошқа сабаблар туфайли хорижда бўлган ёш юртдошларимизни ҳам ушбу жараёнларга дахлдорлигини таъминлашга интилмоқда. “Ёшлар қаноти” қошида ташкил этилган хориждаги ёш ватандошларимиз билан контакт гуруҳи фаоллари томонидан турли давлатларда, дунёнинг нуфузли олий ўқув юртларида таҳсил олаётган 200дан ортиқ ўзбекистонлик йигит-қизлар билан мунтазам мулоқот ўрнатилган. Муҳими, уларнинг сафи кундан-кунга кенгайиб бормоқда. Кечагина давлатимиз раҳбарининг “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармон эълон қилинганидан сўнг чет элдаги ёш юртдошларимизнинг айримлари билан боғланиб, ушбу тарихий аҳамиятга молик ҳужжат ҳамда парламентга Мурожаатнинг мазмун-моҳияти хусусидаги ўй-фикрлари билан қизиқдик. 

       Биз бугун газетамиз саҳифаларида Ватандан олисда бўлса-да, қалбида она юртга меҳр-муҳаббат, соғинч туйғуси жўш ураётган, эрта-индин ўқишни тезроқ тугатиб, мамлакатимизда янги, замонавий лойиҳаларни жорий этмоқни ният қилган салоҳиятли ёшларимиздан бир гуруҳининг фикр-мулоҳазаларини эълон қилишга жазм этдик.

 

Умида РЎЗУМБЕТОВА,

Бристоль университетининг давлат бошқаруви йўналиши бўйича магистранти
(Буюк Британия):

          – Айни пайтда нафақат Буюк Британияда, балки жаҳон таълим муассасалари орасида ҳам катта нуфузга эга университетда давлат бошқаруви йўналиши бўйича таҳсил олаяпман. Дарсларда турли мамлакатлар мисолида ҳукуматларнинг иш услубларини таҳлил қиламиз. Ҳокимиятнинг халққа яқинлик даражаси, мавжуд ресурслардан келиб чиқиб, аҳоли муаммоларини еча олиш қобилияти нақадар муҳимлигини ўрганамиз.

Кейинги пайтда бошқарувга фуқаролик жамияти институтларининг қанчалик жалб қилингани ҳукуматлар фаолиятини баҳоловчи асосий мезонга айланаётганини кўриш мумкин. Шу маънода Президентимиз ташаббуси билан давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак деган тамойил жорий этилгани жуда катта тарихий қадам бўлди. Айниқса, Парламентга йўлланган Мурожаатномада Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича маслаҳат кенгашини тузиш кўзда тутилгани ҳам қувонарли. 2018 йилда режалаштирилаётган “Давлат хизмати тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши эса республикамиз ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлайди. Ушбу қутлуғ қадамлар Ўзбекистондаги давлат бошқаруви тизимини жаҳон андозалари даражасига олиб чиқади, албатта.

Ўқишни тамомлагач, Ўзбекистондаги фаол ёшлар қаторида туриб, билим ва тажрибамни мени тарбиялаб, улғайтирган халқимиз, давлатимиз равнақи йўлида сарфламоқчиман. Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномаси ҳамда “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Рес­публикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида”ги фармонидан ўрин олган улуғвор мақсадлар мени шунга даъват этмоқда.

Нуруллоҳ КАМОЛХЎЖАЕВ,

Вусонг университети талабаси (Жанубий Корея):

        – Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг иқтисодиётни ривожлантиришга тааллуқли қисми илғор қарашлар кўплиги билан, айниқса, эътиборимни тортди.

         Тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолиятини текширишга икки йилгача мораторий қўйилаётгани, инновацион ло­йиҳаларни молиялаштириш учун венчур фондлар имкониятларини жалб қилиш кўзда тутилаётгани, инвесторлар учун солиқ тизими аниқ ва тушунарли бўлишига алоҳида эътибор қаратилаётгани бугун Ўзбекистонда иқтисодиётга энг замонавий механизмлар жорий этилаётганидан далолат беради. Худди шундай ижобий қадамлардан бири маҳаллий ва хорижий инвесторларни керакли статистик ахборотлар билан таъминлайдиган, бизнес юритиш учун яратилган шароитлар ҳақида маълумот берадиган “Инвестиция портали” очиш таклифининг илгари сурилгани бўлди. Бундай янгиланишлар яқин келажакда мамлакатимизни дунёдаги энг инвестицион жозибадор давлатлардан бирига айлантириши шубҳасиз.

        Таҳсилим давомида аксарият ривожланган давлатлар айнан мана шундай илғор усулларни қўллаш орқали катта ютуқларга эришганини кўплаб мисолларда кўрганман. Хусусан, мен таълим олаётган Вусонг университети Жанубий Кореянинг Дайжонг шаҳрида жойлашган бўлиб, ушбу шаҳарни АҚШнинг “Силикон водийси”га қиёслашади. Бу ерда иқтисодиёт учун янги ёндашувлар, инновацион технологиялар яратиладики, уларнинг фурсатни бой бермасдан тўхтовсиз амалиётга тезда жорий этилаётгани бугун Жанубий Кореядаги кескин ижобий ўзгаришларда алоҳида ўрин тутади.

         Ўйлайманки, Президентимиз ташаббуси билан иқтисодиётга татбиқ этилаётган янгича ёндашувлар юртимизни ҳам яқин йилларда мана шундай замонавий иқтисодиётга эга давлатлар қаторига қўшади.

Азиза ЗОИРОВА,

Деҳли университети сиёсатшунослик факультети талабаси (Ҳиндистон):

       – Бўлажак сиёсатшунос сифатида мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар, давлат бошқарувига доир янгиликларни доим кузатиб боришга интиламан. Куни кеча Президентимиз томонидан имзоланган “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида”ги фармонни ўқиб чиқдим.

         Мамлакатимизда фуқароларнинг давлатни бошқаришда иштирок этишга бўлган ҳуқуқини рўёбга чиқаришнинг янги механизми сифатида электрон жамоавий мурожаат қилиш  петиция йўллаш тизими жорий этилишини фақат олқишлаш керак. Ушбу тизим фуқароларга давлат ҳокимиятининг вакиллик органлари олдига аниқ саволлар қўйиш имконини беради, ушбу органлар эса фуқароларнинг маълум сони томонидан маъқулланган мурожаатлар юзасидан чора кўриши шарт бўлади. Петиция йўллаш орқали фаол фуқаролар ва жамоат ташкилотлари турли муаммолар ечими бўйича ташаб­бус кўрсатишлари мумкин. Шу тарзда мамлакат ҳаётига алоқадор энг муҳим қарорлар бевосита мулоқот асосида қабул қилинади. 

Ҳамид КАМОЛОВ,

Сежонг университетининг давлат қурилиши йўналиши магистранти (Жанубий Корея):

       – Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурини қабул қилиш бўйича Президентимиз фармонини диққат билан ўқиб чиқдим. Ҳар битта йўналиш бўйича ўнлаб янги ғоя ва режаларни кўриб, тўғриси, ниҳоятда ҳайратга тушдим. Камдан кам давлатлар қисқа муддатга – бир йилга тузилаётган режаларида бу қадар кенг миқёсли вазифаларни қўяди. Эътиборлиси, барча режалаштирилаётган ишларда халқ манфаатларининг устувор бўлиб ўтаётганидир. Айниқса, ҳар бир ҳудудда Давлат хизматлари марказлари ташкил қилинаётгани, аҳоли ўзини ўйлантирган барча масалаларни оворагарчиликсиз шу жойнинг ўзида ҳал қила олиши мени ниҳоятда ўзига тортди. Бундай ишни ўз халқи тўғрисида қайғурадиган давлатгина амалга ошириши мумкин.

       Жанубий Кореяда ўқишим давомида айнан шунга яқин тизимнинг анча йиллардан бери фаолият кўрсатаётганига гувоҳ бўлганман. Унинг самарали ишлаши нафақат турли ташкилотлар ўртасидаги алоқаларнинг талаб даражасида бўлиши, балки информацион-коммуникацион технологияларнинг ҳам юқори босқичда бўлишини талаб қилади. Демак, бундай марказларнинг очилиши локомотив сифатида бир қанча бошқа соҳаларнинг ҳам ривожланиши учун асос яратади. Янгидан ҳаётга татбиқ этилаётган илғор ғоялар жонажон Ўзбекистонимизнинг қиёфасини тубдан ўзгартиради, халқаро миқёсдаги жозибадорлигини кучайтиради. Мазкур жараёнда ўзим ҳам қўлдан келганча фаол бўлишга ҳаракат қиламан.

Жасур ЖЎРАЕВ,

Солбриж университети талабаси (Жанубий Корея):

 

Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномасидан кейин туғилган фикрларим билан ўртоқлашиш имкониятини яратиб берган O‘zLiDePнинг “Ёшлар қаноти” фаолларига алоҳида миннатдорлик билдираман.

Аввало шуни таъкидлашим керакки, Президентимиз Мурожаатномасини тинг­лаб, юртбошимизнинг оддий одамлар ҳаётини қанчалик яхши билишига қайта-қайта тасанно айтдим.  Шу маънода ушбу маърузани халқимиз хоҳиш-иродасини инобатга олиб, чуқур таҳлиллар ва ўрганишлар асосида ишлаб чиқилган стратегик ҳужжат дейишга асос бор. Бунда, албатта, давлат раҳбарининг Виртуал ва Халқ қабулхоналари муҳим аҳамият касб этади. Ўтган бир йиллик муддат ушбу тизимнинг йўлга қўйилиши нақадар тўғри қарор бўлганини яққол кўрсатди.

Илгари ўқишни тугатиб, шу ерда ишлаб қолиш, кўпроқ даромад топиш ғамини чекардим. Буни яширмайман. Лекин энди фикрим бутунлай ўзгарди. Президентимизнинг “Мана, бугунги кунда қанча-қанча ёшларимиз чет элларда таълим олмоқда, меҳнат қилмоқда. Албатта, уларнинг орасида ўз йўлини топиб, бегона юртда ҳеч кимдан кам бўлмай яшаётганлари ҳам кўп. Лекин Ватан соғинчи ҳар қандай одамни ҳам қийнайди. Шунинг учун улар билан доимий алоқа ўрнатиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, юртимизга қайтиш истагида бўлганларни қўллаб-қувватлаш бўйича ишларни кучайтиришимиз зарур”, деган гапи мени ана шундай қатъий қарор қилишга ундади. Ўзбекистонда туғилдим, ўсиб-улғайдим, шу юртда ўзимни ва оламни танидим. Ватан олдида қарздорман. Ушбу қарзни бор билимим, салоҳиятимни ишга солган ҳолда имкон қадар узишга ҳаракат қиламан
.

Достонбек НУРАЛИЕВ,

Эдинбургдаги Ҳериот Ватт университетининг нанотехнологиялар йўналиши бўйича магистранти (Буюк Британия):

      – Ҳериот Ватт университети техника ва инженерия бўйича энг илғор олий ўқув юртларидан ҳисобланиб, инновацион йўналишлардаги тадқиқотларга катта аҳамият қаратилади. Бугун бутун дунёда нанотехнологияларни ривож­лантиришга саноат ва ишлаб чиқариш соҳасининг келажаги сифатида қаралмоқда. Амалий машғулотларда кўплаб давлатларнинг тараққиёт дастурларини таҳлил қилиб, бу фикр нақадар тўғрилигига амин бўламиз.

       Президентимиз парламентга Мурожаатномасида дунёда инновацион тараққиёт моделларини жорий этиш, илғор ғоялар, “нау-хау” ва “ақлли” технологияларни экспорт қилиш ҳисобидан тез суръатлар билан ривожланаётган давлатлар сони тобора ортиб бораётгани таъкидланди. Бизда ҳам бу борада жуда катта ресурс борлигини, имкониятлар жуда кенглигини инобатга олсак,  биз ёшлар олдида ҳали қилинадиган ишлар миқёси катталигини кўрсатади.

       Ҳозир нанотехнологиялар йўналишдаги билимларимни оширяпман. Дунё тажрибаси билан танишаяпман. Ниятим – мамлакатимиз иқтисодиётида ушбу инновацион тармоқни ривожлантиришга ҳисса қўшиб, бор билим ва ғайратимни бу борада янги лойиҳалар ишлаб чиқишга йўналтиришдир. Шу боис O‘zLiDePнинг “Ёшлар қаноти” билан ҳамкорликни янада кучайтиришга, партия­нинг турли лойиҳаларида қатнашиб, фикр ва таклифлар бериб боришга ҳаракат қилмоқдаман.

     – Мамлакатимизда барча соҳада эркинлаштириш, либераллаштириш жараёни мутлақо янги босқичга олиб чиқилаётир. Ҳар қандай тараққиётнинг асосида эркинлаштириш туришини тарих кўп марталаб исботлаган. Шу ёндашув, албатта, иқтисодиётга ҳам тааллуқли. Қаердаки, иқтисодиётнинг эркинлик даражаси юқори бўлса, ўша ерда ўсиш бўлиши аниқ. Биз назарий дарсларда ўрганаётган бу қарашларнинг бугун Ўзбекистонда амалиётга татбиқ этилаётгани мени жуда қувонтирди. Иқтисодий назарияда бундай ислоҳотларнинг авангардида ҳар доим кучли лидер, прагматик раҳбар тургани таъкидланади. Бугун мамлакатимизга етакчилик қилаётган Президентимиз ана шундай инсон.

       АҚШнинг бизнес таълим йўналишидаги ушбу нуфузли олий ўқув муассасасига киришдан олдин O‘zLiDePнинг Чирчиқ шаҳар Кенгашида бош консультант бўлиб ишлаганман. 2016 йил сентябрда партиянинг Тошкент вилоят Кенгаши қошида халқ билан мулоқот учун махсус қабулхоналар очилиб, одамлар тўғридан-тўғри Шавкат Мирзиёевга мурожаат ёзиш имкониятига эга бўлганини, энг асосийси, ушбу аризаларнинг ҳар бирига жавоб келганида юртдошларимиз юзида жилваланган табассум, кўзида чақнаган ўтни кўрганман ва бу таассурот бир умрга хотирамда муҳрланиб қолди. Иқтисодчилар яхши билишадики, бирор давлатга инвестиция киритмоқчи бўлганлар нафақат иқтисодий омилларга, балки мана шундай реал ҳолатни аниқ баҳоловчи факторларга ҳам катта эътибор қаратишади.

       Магистратурани Жанубий Кореяда Сеул миллий университетида ўқиган эдим. Ўша пайтда ҳам жонажон Ўзбекис­тоним билан ғурурланиб юрардим ва бир ният қилган эдим: вақти келиб Ўзбекистоннинг Жанубий Кореядаги элчиси бўламан ва давлатимнинг байроғини тарихий юртимда баланд кўтаришга хизмат қиламан. Бугун мамлакатимизда юз бераётган оламшумул ўзгаришларни кўриб эса, тезроқ ўқишни тугатиб, ҳар соҳада бунёдкор халқимиз сафига қўшилиш орзусидаман. Ўзбек халқида “Интилганга толе ёр”, деган ҳикматли мақол бор. Мен ҳам ёруғ келажак сари интилмоқдаман ва, албатта, ўз мақсадларимга эришаман, Ўзбекистонимга садоқат билан хизмат қиламан! 

Муқаддам АҲМЕДОВА,

халқаро муносабатлар магистри,

Цукуба университети докторанти (Япония):

       – Ҳозирда бошқа давлатларда кузатилгани каби Японияда ҳам Ўзбекистондаги, хусусан, мамлакатимиз ташқи сиёсатидаги ўзгаришларга қизиқиш бениҳоя ортган. Соҳа мутахассислари томонидан кейинги бир йил ичида Ўзбекис­тонга қизиқиш кучайиб, турли саволлар билан мурожаат қиладиганлар ҳам кўпайган. Ҳамкасбларимни юртимизда давом этаётган ташқи ва ички сиёсатдаги ўзига хос ўзгаришлардан бохабар қилишга интилар эканман, аввало, халқимизнинг бой ўтмиши, қолаверса, мус­тақиллик даврида эришган тарихий ютуқлари, бунёдкорликлар ҳақида чин дилдан фахрланиб гапираман. Ўзим ҳам бугун очиқлик, ташаббус­корлик, жаҳон айвонида миллий манфаатларни илгари суришдаги прагматизм Ўзбекистон ташқи сиёсатининг кейинги бир йилдаги ажралмас қисмига айланганига гувоҳи бўлмоқдаман.

      Президентимиз томонидан Марказий Осиё давлатлари ўртасида кўп йиллардан бери мавжуд бўлган  бир қатор муаммоли ҳолатларнинг қисқа вақтда бартараф этилиб, мутлақо ўзгача тарздаги, аниқроғи, бир-бирига ишонч, очиқлик руҳидаги муносабатларнинг шакллантирилгани, бу эса нафақат Ўзбекистоннинг, балки қўшни давлатларнинг ҳам ижтимоий-иқтисодий ривожига, аҳолининг ҳаётига ижобий таъсир кўрсатаётганини таниқли экспертлар, мутахассислар кейинги йилда Марказий Осиё­даги энг муҳим, ҳал қилувчи ўзгариш сифатида баҳолашмоқда.

       Юртимиз ташқи сиёсати тўғрисида гап борар экан, Президентимизнинг БМТ сессиясидаги чиқишини эслаб ўтмасдан бўлмайди. Ушбу тарихий маърузани Кунчиқар юртда туриб, ўзгача ҳаяжон билан кузатдик. Нутқда кўтарилган ҳар бир йўналиш нафақат минтақамиз, балки жаҳон миқёсида ҳам муҳим аҳамиятга эгалиги билан ажралиб туришини теран ҳис қилдик.

       2018 йилда амалга ошириладиган асосий йўналишларни қамраб олган Давлат дастурида ташқи сиёсат бобида ҳам бир қатор муҳим вазифалар белгилангани билан ажралиб туради. Айниқса, дипломатик ваколатхоналар фаолиятини тубдан ислоҳ қилиш, ўзаро манфаатли ташқи сиёсатни изчил давом эттириш, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш вазифаларига устувор аҳамият қаратилгани, Президентимиз раҳбарлигидаги прагматик ташқи сиёсат бу йил янги марраларга кўтарилишидан дарак беради.

         Минтақамиздаги геосиёсий вазиятни таҳлил қилаётган мутахассис сифатида ишонч билан айта оламанки, 2017 йилда ташқи сиёсат бобида бошланган хайрли ишларнинг изчил давом эттирилиши мамлакатимизнинг халқаро имижидаги ижобий ўзгаришларни янада мус­таҳкамлайди. Япония мисолидаги кузатишларим бу тўғрида ишонч билан гапиришга асос бўла олади. Докторлик диссертациямни ҳимоя қилганимдан кейин она юртимга қайтиб, амалга ошаётган ажойиб ўзгаришларга ўз ҳиссамни қўшаман.

        Фурсатдан фойдаланиб, Ватандан узоқда эканимизни сездирмай, бизларни ўз юртимиздаги оламшумул ўзгаришларга дахлдор эканлигимизни ҳар лаҳза ҳис этиб туришга руҳлантириб келаётган O‘zLiDePнинг “Ёшлар қаноти” фаолларига самимий миннатдорлик билдираман!

Камолиддин МАНСУРОВ,

Рур университети филология факультети магистранти (Германия):

        – Президентимиз Шавкат Мирзиёев­нинг Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасида, қолаверса, “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегия­сини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида”ги фармонида ижтимоий соҳа, жумладан, таълим соҳасини ривожлантириш ва ёшларга оид давлат сиёсатини такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилгани бизни келажакка ишонч кўзи билан қарашга ундади.

       Шахсан мен, ўқишни тамомлаганимдан сўнг юртимизда таржимонлик мактабини очмоқчиман. Бу мен учун нафақат ўз севган машғулотим билан мунтазам шуғулланишим, айни пайтда тадбиркорликни бошлашим учун ҳам имкониятдир. Мамлакатимизда хусусий таълимни ривожлантиришга муҳим аҳамият берилаётганидан яхши хабардорман.

         O‘zLiDePнинг “Ёшлар қаноти” фаоллари билан онлайн мулоқотларимиз чоғида ушбу мақсадимни айтганимда, улар меним ғоямни тўла қўллаб-қувватладилар ва ёрдамга доим тайёр эканликларини билдирдилар.

        Мамлакатимизда биз ёшларга яратиб берилаётган шарт-шароитлардан унумли фойдаланиб, таълим тизимини жаҳон талаблари даражасига кўтаришга озгина бўлса-да ҳисса қўшолсам, ўзимни беҳад бахтиёр сезаман.

Абдулаҳад ШАРОПОВ,

Йель-Сингапур миллий университети талабаси (Сингапур):

        – Тарихий аҳамиятга эга бўлган Мурожаатномани, ишонинг, видеоёзувда қайта-қайта кўриб чиқдим, “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида”ги фармон билан яқиндан танишиб чиқдим.

         Ҳозирги кунда мен АҚШнинг Йель университети ўз давлатидан ташқарида очган илк ўқув муассасасида таълим оляпман. Соҳам бевосита иқтисодий сиёсат билан боғлиқлиги боис ташқи иқтисодий соҳада амалга оширилиши керак бўлган муҳим ислоҳотлар эътиборимни тортди. Мамлакатимизнинг ташқи савдо юкларини жаҳондаги ва минтақадаги асосий бозорларга олиб чиқадиган ишончли транспорт ва транзит йўлакларини изчил шакллантириш вазифаси илгари сурилмоқда. Бу денгиз йўлларидан анча олисда жойлашган юртимиз иқтисодиёти учун катта аҳамиятга эга бўлиш баробарида, минтақамиз мамлакатларининг дунё иқтисодий тизимига интеграциялашувини ҳам тезлаштиради. Демоқчиманки, Ўзбекистон Президентининг ушбу ташаббуси нафақат соф иқтисодий, балки геосиёсий, глобал аҳамиятга ҳам эгалиги билан ғоят қадрлидир.

       Ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйишда давлатимиз раҳбари Марказий Осиёнинг нафақат географик ва геосиёсий, балки қадриятлари муштарак ягона маданий макон эканини ҳам инобатга олганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Албатта, кўпчиликка яхши маълум, минтақада истиқомат қилаётган халқларни умумий маънавий қадриятлар, ўхшаш миллий анъана ва урф-одатлар бирлаштириб туради. Ушбу муштараклик минтақавий ҳамкорлик учун мустаҳкам ва ишончли пойдевордир. Юртбошимизнинг ушбу ташаббуси минтақада барқарорликни таъминлаш билан бирга, албатта, ҳудудимизга инвестициялар, технологияларнинг дадил кириб келишига ҳам мустаҳкам замин яратади.

        Кейинги вақтда мамлакатимизда амалга оширилаётган кўплаб тарихий ўзгаришлар, мавжуд муаммоларни ҳал қилишга ўзига хос ёндашувлар Президентимиздаги янгиликка интилувчанлик, масъулиятни зиммасига олиш, муаммолардан қўрқмасликдан яққол далолат беради. Бу хислатлар билан муҳтарам Президентимиз биз ёшларга ўрнак бўлмоқдалар, албатта. Биз ҳам Ўзбекистондек улуғ юртнинг фарзандлари сифатида шундай юртбошидан ўрнак олишимиз, халқимизга лойиқ ва садоқатли инсонлар бўлиб етишишимиз керак. Бунинг учун бугун бор кучимизни ўрганаётган илмимизни эгаллашга сарфлаб, Ватанимизга етук кадрлар бўлиб боришимиз асосий мақсадимизга айланиши лозим. Мен барча талаба юртдошларимни ана шундай эзгу мақсадларга чорлаб қоламан.

Саҳобиддин РАҲМАТУЛЛАЕВ,

Люблин иқтисодиёт ва инновация

олий мактаби талабаси (Польша):

        – 2018 йилнинг Ўзбекистонда “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилингани ҳамда куни кеча ушбу йўналишда Давлат дастури қабул қилингани юртимиз келажагини ўйлаб ташланган ниҳоятда муҳим қадамдир. Бугун Европа ва Осиёнинг етакчи давлатлари иқтисодиётида инновацион йўналиш асосий ўрин эгалламоқда.

       Мен таълим олаётган олий ўқув юртида инновация йўналишига устувор эътибор қаратилади. Кўплаб давлатлардан келган талабалар сафида 30 га яқин юртдошимиз ҳам таҳсил кўряпти. Шу ҳафтада мен юртдошим Сардор Азизов билан курсдошларимизга Ўзбекистон ҳақида тақдимот ўтказдик, юртимизда бўлаётган ислоҳотлар ҳақида гапириб бердик. Бизнинг ўлкамизда ҳар бир йилга муайян ном берилиши анъанага айлангани, 2018 йилнинг айнан инновацион ғоя ва лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга бағишлангани ўқитувчиларимизда ҳам, курсдошларимизда ҳам катта қизиқиш уйғотди. Ватанимизда бу йўналишга бежиз эътибор берилмаётгани, ота-бобларимиз ҳам ўз даврининг инноватори бўлганини Ал-Хоразмий бобомизнинг бугунги информацион технологияларга тамалтошини қўйганини ҳаётий мисоллар ёрдамида ҳикоя қилиб бердим. Очиғи, кечагина Ўзбекистон тўғрисида унчалик тасаввурга эга бўлмаган курсдошларимиз кўнглида жуда кўплаб саволлар туғилди...

        Тақдимотимиз тугаганидан кейин профессоримиз шундай қадим маданий тамаддунга эга юрт вакиллари билан суратга тушамиз, деб қолди.  Биз Ватанимиз билан, унинг бой тарихи, бугун инновацион ривожланиш сари юз тутаётган ҳалқимиз билан жуда-жуда фахрланамиз. Замонавий билимлар соҳасида чуқур изланиб, етук мутахассис бўлиб, келажакда  Ўзбекис­тон равнақига хизмат қиламиз.

 Нодир ТОШОВ,

Калифорния университетининг

ахборот-коммуникация

технологиялари йўналиши

магистранти (АҚШ):

          – Президентимиз таъкидлаганидек, инновация  бу – келажак деганидир. Иқтисодиётни айнан илғор инновацион ёндашув ва ғоялар, “нау-хау” ва “ақлли” технологиялар асосида ривожлантириш бугунги кунда энг тўғри йўлдир.

          Инновацион ривожланишни эса замонавий ахборот-коммуникация технология­ларисиз тасаввур этиб бўлмайди. Таъкидлаш керакки, АКТнинг тараққий этиши мамлакатнинг рақобатбардошлигини оширади. Иқтисодиётга тушумлар кўпаяди. Мутахассисларнинг фикрига кўра, мазкур соҳа ҳатто глобал инқироз шароитида ҳам фаол ривожланди. Хусусан, ўша даврда АҚШда ўтказилган тадқиқотлар натижаси интернетни тараққий эттиришга йўналтирилган бир доллар мамлакат иқтисодиётига 10 доллар бўлиб қайтганини кўрсатган.

         Яқинда яна бир маълумотга кўзим тушди. Жаҳон миқёсидаги ялпи ички маҳсулотнинг тахминан 5,5 фоизи ахборот-коммуникация технологиялари соҳасига тўғри келмоқда. Нуфузли халқаро экспертларнинг фикрича, 2020 йилда бу кўрсаткич 9 фоиздан ошиши кутилмоқда. 

         Ушбу мисоллардан ҳам кўриниб турибдики, ташаббускор, узоқни кўра оладиган, фидойи Президентимиз бошчилигида Ўзбекистон танлаган инновацион тараққиёт йўли, бу борада қабул қилиниши кутилаётган аниқ манзилли дастурлар, олий ўқув юртларида ушбу йўналишда юқори малакали кадрлар тайёрлаш, қисқача айтганда, соҳани янада тараққий эттириш учун зарур ресурс ва имкониятлардан фойдаланишнинг аниқ чора-тадбирлари ишлаб чиқилаётгани вақти келиб кутилганидан ҳам ортиқ самара беради. Ҳозирги пайтда ривожланган мамлакатларнинг иқтисодий ўсиши, авваламбор, билимлар ва интеллектуал салоҳият ҳисобига таъминланаётгани кундек равшан.

        Ўзбекистонга қайтганимдан кейин олис океан ортида олган назарий билимларимни амалиётга жорий этиб, мамлакатимизда ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшмоқчиман.

Шахина ИСКАНДАРОВА,
Гамбург университети 3-босқич талабаси (Германия):

         – Германияда, хусусан, Гамбург университетида Шарқ халқлари тили ва маданиятини ўрганиш борасида узоқ тарихга эга илмий мактаб мавжуд. Айни пайтда ушбу университетда шарқшунослик йўналишида ўқияпман. Яқин йилларда юртимизга қайтиб, соҳам бўйича илмий изланиш олиб бормоқчиман. Аждодларимиздан қолган маънавий меросни ўрганиш, хориж тилларига таржима қилиш – асосий мақсадим.

          Германияда ҳам Имом ал-Бухорий, Муҳаммад ал-Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино ва Алишер Навоий каби алломаларимизни яхши билишади. Уларнинг дунё тамаддунига қўшган улуғ ҳиссасини юксак қадрлашади.

           Президентимиз парламентга Мурожаатномасида айни масалага алоҳида тўхталиб, “Маълумки, қадимий маданият ва цивилизациялар чорраҳаси бўлган юртимиз заминидан ўрта асрларда минглаб олиму уламолар, буюк мутафаккир ва шоирлар, азиз-авлиёлар етишиб чиққан. Уларнинг аниқ фанлар ва диний илмлар соҳасида қолдирган бебаҳо мероси бутун инсониятнинг маънавий мулки ҳисобланади. Ҳозирги кунда Ўзбекистонимизнинг китоб фондларида 100 мингдан зиёд қўлёзма асарлар сақланмоқда. Афсуски, бу нодир китоблар ҳали тўлиқ ўрганилмаган, улар олимлар ва ўз ўқувчиларини кутиб турибди. Ушбу ноёб асарларда бугунги давр ўртага қўяётган жуда кўп долзарб муаммоларга жавоб топиш мумкин”, деганини эшитиб, руҳланиб кетдим ва бу борадаги иштиёқим янада ортди.

       Ана шу ниятни дилимга тугиб, бугун инглиз, немис, турк ва форс тилларини ўрганяпман, буюк аждодларимизнинг асарларини асл тилида ўқиб, таҳлил қиляпман. Мақсадим – улуғ зотларнинг бебаҳо меросини кенг тарғиб қилиш, ўзбек маданияти, бой тарихини бутун дунёга кўз-кўз этишдир.

Суҳроб ТОШПЎЛАТОВ,

Чикагодаги Конкордия университети

психология факультети магистранти (АҚШ):

         – Президентимизнинг ўтган йили декабрда Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасини онлайн орқали кузатар эканман, токи учрашув тугагунга қадар ҳаяжоним босилмади. Нега деганда, давлатимиз раҳбари юритаётган сиёсат моҳиятида “Энг олий ҳакам – қонун ва у ҳаммага бир”, деган адолатли мезон ётибди.

       Айниқса, бу ислоҳотларни одамлар ўз ҳаётида ҳис этаётгани жуда қувонарли. Буни сен қаердан биласан, деган савол туғилиши табиий. Шу юртда ота-онам, яқинларим, дўстларим яшайди. Улар билан гаплашганимда давлат миқёсидаги ўзгаришлар, янгиланишлар ўз кундалик ҳаётларида тўла акс этаётганини тўлқинланиб гапириб беришяпти.

         Ватанимиз тарихида биринчи марта кузатилган Олий Мажлисга Мурожаатномани эшитганимдан сўнг бу борадаги АҚШ тажрибаси билан қизиқдим. Америка Қўшма Штатларида ҳам Президентнинг Конгресс ҳузурида ҳар йили Мурожаатнома билан чиқиши анъанаси мавжуд. Бу анъанага 1790 йил АҚШнинг биринчи Президенти Жорж Вашингтон Нью-Йоркда, парламент минбаридан сўзлаган батафсил нутқи билан асос солган ва ҳозирда ушбу ҳодиса давлат сиёсий ҳаётида алоҳида ўрин тутади.

           Мамлакатимиз раҳбарининг Мурожаатномаси ўз кўлами, кўтарилган масалалар ҳамда илгари сурилган янгича руҳдаги ғоялари, ташаббуслари жиҳатидан Ўзбекис­тон сиёсий ҳаётида алоҳида ўрин тутувчи институтга айланишига имоним комил. Айниқса, Мурожаатномадаги халқимиз учун муҳим бўлган ғояларнинг аниқ амалга ошириладиган ишлар сифатида Давлат дастурида акс этгани мени янада руҳлантирди. Хусусан, ижтимоий соҳада илгари сурилган вазифаларни ҳаётга жорий этиш эртага халқимиз руҳиятига, ҳаётга, келажакка ишончига янада ижобий таъсир кўрсатиши шубҳасиз.

         Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон дунёнинг етакчи мамлакатлари қаторидан муносиб ўрин эгаллаш учун дадил қадамлар ташлади. Бошланган хайрли ишлар эса яқин йилларда ўз мевасини беради, биз ёшлар бунга ишонамиз!