Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Biz tarmoqlarda:

Онлайн-кредит хизмати йўлга қўйилади

 Онлайн-кредит хизмати йўлга қўйилади

Пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Марказий банки АТБ “Қишлоққурилишбанк” билан ҳамкорликда оммавий ахборот воситалари вакиллари учун матбуот анжумани ташкил этди.

Тадбирда асосан молия муассасаларининг мижозларга хизмат кўрсатиш самарадорлигини ошириш борасида олиб бораётган ишларига эътибор қаратилди.

– Айни пайтда банкимиз тизимда фаолият кўрсатаётган 313 инфратузилмалар орқали 715 мингдан ортиқ мижозларга хизмат кўрсатмоқда, – дейди АТБ “Қишлоққурилишбанк” коммуникациялар ва жамоатчилик билан ишлаш бошқармаси бош­лиғи Шуҳрат Орипов. – Устувор вазифамиз – мижозларга қулайлик яратиш ҳамда хизмат турлари кўламини кенгайтиришдир. Айниқса, қишлоқ жойларда аҳолини сифатли банк хизматлари билан таъминлашга алоҳида эътибор бераяпмиз. Хусусан, яқинда Чироқчи туманида “Қишлоққурилишбанк” Кўкдала филиалининг янги биноси фойдаланишга топширилгани бунга ёрқин мисол.

Мутасаддининг таъкидлашича, аҳоли мушкулини осон қилиш мақсадида 24\7  (ҳафтада етти кун, 24 соат) режимида, кечаю кундуз, ўз-ўзига хизмат кўрсатиш шохобчалари тармоғини кенгайтиришга алоҳида урғу берилмоқда. Шундай тармоқлардан бири Тошкент шаҳридаги Миробод деҳқон бозори ҳудудида йўлга қўйилган бўлиб, уларда банкоматлар, инфомонитор ва “Интернет банкинг” хизмати ҳамда юридик, якка тартибдаги тадбиркорлар учун клавиатурали инфокиоск қурилмалари ўрнатилган. Аҳамиятлиси, эндиликда мижозлар банк филиалига бормасдан туриб, шохобчанинг ўзида нақд пулсиз тўлов амалиётини бажаришмоқда.

Яна муҳим икки янгилик: АТБ “Қишлоққурилишбанк” фу­­қа­­роларга микроқарз бериш тартибини жорий этган. У нақд ёки пластик картага пул тушириш орқали 12 ой муддатга, 1 ойлик имтиёзли давр билан, кейинги 11 ойда тенг тақсимланган графикда қайтариш ва ойлик 3 фоиз устама тўлаш шарти билан берилмоқда. 

Шунингдек, якка тартибдаги тадбиркорлар учун банк хорижий валютада янги микрокредитлар бериш тизимини ҳам йўлга қўйган. Мазкур микрокредит энг кам ойлик иш ҳақининг 1 000 бараваридан ошмайдиган сўм эквиваленти миқдорида халқаро тўлов пластик карталарига ўтказиб берилади. Мик­рокредит тадбиркорликнинг барча соҳалари учун 18 ой муддатгача ажратилмоқда.

Тадбирда масофадан туриб кўрсатилаётган хизмат турлари кенгайиб бораётгани ҳам қайд этилди. Шу муносабат билан яқин вақтларда АТБ “Қишлоққурилишбанк” “онлайн-кредит” хизматини йўлга қўйиши маълум қилинди.    

Муҳаммаджон ХЎЖАЕВ,

“XXI asr” мухбири