Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Biz tarmoqlarda:

ОНЛАЙН МУЛОҚОТ: муаммоларга ечим топилди

ОНЛАЙН МУЛОҚОТ:  муаммоларга ечим топилди
Президентимизнинг жорий йил 12 июлдаги “Парламентимиз ҳақиқий демократия мактабига айланиши, ислоҳотларнинг ташаббус­кори ва асосий ижрочиси бўлиши керак” номли маърузасида сиёсий партияларнинг иш услубини тубдан ўзгартириш, аҳоли билан самарали мулоқотни йўлга қўйиш вазифаси белгилаб берилган эди.  Бугунги давр талабидан келиб чиқиб, O‘zLiDeP “Facebook” ижтимоий тармоғидаги “O‘zLiDeP муҳокамага чорлайди” гуруҳига асос солинди.
Яқинда ушбу мулоқотга тайёргарлик жараёнида партия вилоят Кенгаши томонидан Андижон вилоят телерадиокомпаниясида
(телевидение ва радио ) ҳамда “Андижоннома” ижтимоий-сиёсий газетасида эълонлар берилганлиги онлайн мулоқотнинг янада жонли, муҳокамаларга бой тарзда ўтишига хизмат қилди. Партия Кенгашидан кўрсатилган депутат, халқ депутатлари вилоят Кенгаши аграр ва сув хўжалиги, экология масалалари доимий комиссияси раиси Абдурауф Абдуллаев  “Ғacebook” ижтимоий тармоғида 10-“Оразий” сайлов округи сайловчилари ва бошқа округлар аҳолиси вакилларидан келиб тушган турли мазмундаги саволларга жавоб берди.
Халқ депутатлари Андижон вилоят Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи раҳбари Абдурауф Абдуллаев билан кечган онлайн мулоқотдан айрим лавҳалар
 
Салимахон Бўтаева:
Андижон шаҳрида аҳолига хизмат кўрсатувчи хусусий  автотранспорт воситаларида сунъий равишда йўлкира ҳақи айрим йўналишларда ўзбошимчалик билан ошиб кетаётганини кўряпмиз. Бунинг олдини олиш мумкинми?
 
– Бу масалани шаҳар ҳокимлигига депутатлик сўрови сифатида киритаман. Бу воқеага шахсан ўзим ҳам гувоҳман. Андижон давлат университети йўналишида қатновчи “Дамас”ларда 500 сўм ўрнига 800-1000 сўмдан юраётганлар бор. Эски шаҳардан Янги бозоргача ҳам аҳвол шундай. Бобуршоҳ кўчасидан қатнайдиган йўналишдаги хусусий транспорт воситалари манзилини охиригача етказмай, “Биокимё” корхонаси атрофидан қайтиб кетади. Айрим туманлардан ҳам эътирозлар тушган. “Ўздарётранс” агентлиги ҳудудий бошқармаси, солиқ ва йўл ҳаракати хавфсизлиги тизимлари томонидан рейдлар ўтказиляпти. Нарх масаласида шаҳар ва туман ҳокимликларининг эътиборини қаратиш ўринли, деб ҳисоблайман.
 
Мухторали Кенжаев,
 “Шарқ юлдузи” МФЙ раиси:
 
Мутасаддилар фуқароларимизни суюлтирилган газ таъминоти масаласида сарсон қилишмоқда. Муаммони ҳал этишда ёрдам берсангиз.
– Олтинкўл туманида 170 мингдан зиёд аҳоли яшайди. Суюлтирилган газ Избоскан туманидаги корхонадан олинади. Ваҳоланки, Қўштепасарой қишлоғида суюлтирилган газ қуйиш шохобчаси бор. Вилоят “Андижонгаз” ҳудудий таъминоти филиали туманга ажратилган фондни шу жойга ўтказиб бериши керак. Депутатлик сўрови билан чиқиб, муаммонинг ҳал қилинишини назоратга оламиз.
 
Фарҳод Алиев,
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи аъзоси:
 
Коллежни битиргач, ўз бизнесимни йўлга қўйдим. Фаолиятимни кенгайтиришим учун O‘zLiDeP  менга партия маблағлари ҳисобидан фоизсиз кредит ажрата оладими?
 
– Қонунчиликда кредит бериш ҳуқуқига эга ташкилотлар аниқ белгилаб қўйилган. Сиёсий партиялар улар сирасига кирмайди. Сиз тижорат банкларига мурожаат қилинг. Агар кредит олиш билан боғлиқ муаммолар юзага келса, партиямиз амалий кўмак беришга тайёр.
 
Манзурахон Ражабова,
Жалақудуқ тумани, Бойчеки маҳалласи:
 
Куз-қиш мавсумида аҳолини арзон нархдаги кўмир ёқилғиси билан таъминлашда бу йил ҳам муаммолар бўладими?
 
–  2017-2018 йиллар куз-қиш мавсуми  учун вилоят аҳолисига режа бўйича 197 минг 967 тонна кўмир етказиб берилиши керак. Шундан 168 минг тоннадан зиёди Ангрендан келтирилади. Аҳоли учун 1 тонна кўмирнинг нархи - 156 минг 600 сўм, 1 тонна брикет нархи – 238 минг сўм қилиб белгиланган. Юк машиналари ҳар тоннасига 15 минг 300 сўм эвазига манзилингизга етказиб беради. Шунингдек, тадбиркорлар томонидан ҳам кўмир келтирилиши мумкин. Вилоят бўйича 7 та кўмир омбори мавжуд.  Жалақудуқ тумани омборидан маҳалла фуқаролар йиғинининг маълумотномаси асосида сизга хизмат кўрсатилади.
 
Ҳанифахон Нишонова,
Жалақудуқ тумани,  Қадақсин маҳалласи:
 
Кўчамиз асфальтланмаган.
Уни дастурга киритса бўладими?
 
(Олтинкўл тумани, Оразий ва Қўштепасарой қиш­лоғи аҳолиси вакилларидан, Андижон тумани, Бунёдкор маҳалласида яшовчи Омадхон Раҳимовадан ҳам шундай савол тушди.)
– Вилоятимизда 2017 йилда 160 километр узунликдаги ички хўжалик автомобиль йўлларини таъмирлаш учун 19,7 миллиард сўм маблағ ажратилган бўлиб, манзилли рўйхат шакллантирилган ва йил дастури якунланяпти. Ҳозир 160 километр ўрнига 291 километр йўл таъмирланиш арафасида. Вилоят автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармаси тизимидаги туман бўлинмалари аниқланган таъмирталаб кўчаларни лойиҳалаш асосида 2018 йил учун манзилли дастур рўйхатини шакллантирди. Сизларнинг ҳудудингиздаги ички йўллар масаласини депутатлик сўрови орқали назоратга оламан.
 
***
Шу куни онлайн мулоқотда депутатга Хўжаобод тумани, Дилкушод маҳалласида яшовчи Шерзодбек Карамхўжаевдан савдо дўконларидаги озиқ-овқат маҳсулотларига яроқлилик муддатлари доим ҳам қўйилмаётганлиги, шу туманнинг Баҳрин маҳалласидан Тўтиёхон Турсунова томонидан бандликка кўмаклашувчи ташкилотлардаги кўзбўямачиликлар хусусида, шунингдек, бошқа ҳудудлардаги фуқаролардан ҳам ижтимоий, маиший мавзуларда мурожаатлар тушди ҳамда уларга ҳам қониқарли жавоблар берилди. Ёзма мурожаатлар назоратга олинди.
 
“XXI asr” мухбири
Зилола РАҲМОНОВА
ёзиб олди.