Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Оқ туя кўрдингми? Йўқ — 160 миллион сўм маблағ қаерга сарфланди?

Оқ туя кўрдингми? Йўқ — 160 миллион сўм маблағ қаерга сарфланди?

     Режада белгиланган ишлар тугатилгач, уни қабул қилиб олишга масъул бўлган Навоий вилоят ҳокимлиги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компаниясининг “Лойиҳаларни бошқариш ва қурилишни техник кузатиш” бўлими мутахассисининг ҳаракатлари  ҳаммасидан ошиб тушди. Умуман бажарилмаган 149 миллион 169 минг 322 сўмлик ишни бажарилди, сифатсиз қилинган 11 миллион 832 минг 654 сўмлик ишни эса ниҳоятда мукаммал деб қабул қилиб олди. Бу ҳақда Sensorika.uz ёзди.
   
    Нурота туманида яшовчи А.Намозова (мақоладаги исм-фамилиялар ўзгартирилган)  Мустақиллик яратган имкониятлар сабаб ўзини тадбиркорликка урди.
 Изланувчанлиги ва тиниб-тинчимаслиги туфайли тезда одамлар орасида тадбиркор қурувчи сифатида танилди. 

         Натижада вилоят миқёсидаги катта-катта бино ва иншоотларни қуриш бўйича ҳам унга буюртмалар кела бошлади. Жарақ-жар
ақ пул, ҳурмат-эътибордан доимо ишлари беш. Ўйлаб қараса қурилишда гап кўп экан. Бажарилмаган ишларни ҳам бажарилди деб ҳужжат қилса ва қабул қилувчи ташкилотларни “рози” қилса бўлгани мўмайгина пул топди. Шундай ишларни бир неча бор амалга оширди. Ҳеч ким, ҳеч нарса сезмади, гўё. Қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилда ҳам чиқади. У қурилишдаги қинғирликлари сабаб 5 марта Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан судланди.

        Букрини гўр тузатади, деганларидек, бу қилмишларидан тегишли хулоса чиқармади. 2010 йилда Нурота туманида қурилиш ишларини бажаришга ихтисослашган яна бир хусусий корхона ташкил этиб, ҳам таъсисчи, ҳам раҳбар сифатида яна эски “қилиқ”ларини давом эттира бошлади. Ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан ўтказилган текширишларда унинг жиноятлари фош этилиб, жиноят ишлари бўйича Нурота туман судининг 2015 йил 4 февралдаги ҳукмига кўра, жарима жазоси ва 3 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ ишларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилди. Шунга қарамасдан у ўғли С.Жовлиевни корхона раҳбари сифатида кўрсатиб, қалбаки ҳужжатлар асосида раҳбарлик қилиб юраверди. Узоқ йиллар давомида қалбаки ҳужжатлар тайёрлаш ва ундан фойдаланишни ҳадисини олган опа 2015-2016 йиллар давомида Навоий вилоят ҳокимлиги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси буюртмаси асосида Навоий шаҳридаги сил касалликлари диспансерида қурилиш ва таъмирлаш ишларини бажараман деб 160 миллион сўмдан зиёд маблағни ўзи раҳбарлик қилаётган корхона ҳисоб-рақамига ўтказишга эришди. Лекин ўтган давр мобайнида диспансерда деярли ҳеч иш бажармади. Бажарилган ишларни қабул қилиб олишга масъул бўлган Навоий вилоят ҳокимлиги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компаниясининг “Лойиҳаларни бошқариш ва қурилишни техник кузатиш” бўлими мутахассисининг ҳаракатлари эса ҳаммасидан ошиб тушди. Умуман бажарилмаган 149 миллион 169 минг 322 сўмлик ишни бажарилди, сифатсиз қилинган 11 миллион 832 минг 654 сўмлик ишни эса ниҳоятда мукаммал деб қабул қилиб олди. Оқ туя кўрдингми? Йўқ. Давлат бюджетидан ажратилган маблағларнинг мақсадли сарфланишига масъул бўлган инжиниринг компания ходими ўз манфаатини давлат манфаатидан устун қўйганидан кейин бошқалардан нима умид, нима хайр!

             Бузоқнинг югургани сомонхонагача! Давлат мулкини “туя” қилганлар тергов-суриштирув давомида ўзлаштирган суммаларини тўлашди. Жиноят ишлари бўйича Навоий вилоят судининг қарорига асосан  судланувчилар А.Намозова  ва С.Жовлиев қонунда белгиланган тартибда жазосини олди. Лекин, вилоят соғлиқни сақлаш тизимидаги муҳим объектнинг шундай аҳволга солинганини наҳотки соҳага алоқадор мутасаддилар билишмади. Ўз вақтида соғлиқни сақлаш ходимлари бу ҳақда тегишли органларга хабар берганида балки оғир аҳволда келган беморлар бу даражада азият чекмасмиди?

Бахтиёр Тошназаров,

журналист